Яқинлари иложи борича излаб, қаердалигини, ўлик-тириклигини билиб бўлмаган киши йўқолган ҳисобланади. Бундай кишининг хотини бировга тегмайди, моли фарзандларига тақсимлаб берилмайди ва тузган ижара каби шартномалари бекор қилинмайди. Чунки ўлими ноаниқ бўлгани учун ўз мол-мулкига нисбатан тирик одамнинг ҳукмида бўлади.
Агар йўқолган одамнинг вакили бўлмаса, қози унинг бировлардаги ҳақларини оладиган, молларини сақлаб берадиган бир вакилни белгилайди. Қози йўқолган одамнинг боласига, ота-онасига, хотинига унинг молидан нафақа беради.
Йўқолган одам бошқаларнинг мол-мулкига нисбатан ўлик ҳукмидадир. Яъни, бировдан мерос ололмайди. Бошқалардан, яъни ота-она, ака-ука, фарзанд каби йўқолган одамга тегадиган мерос унинг туғилган кунидан бошлаб тўқсон йилгача музлатиб сақлаб қўйилади. Агар тирик бўлса, меросдаги ўша ҳақини олади.
Тўқсон йил тугагач, унинг ўлгани ҳақида қози ҳукм чиқаради. Аёли тирик бўлса, ўлим иддасини бошлайди ва мол-мулки шу пайтда мавжуд бўлган меросхўрларига бўлиб берилади. Унга бериш учун музлатиб қўйилган меросга нисбатан эса қуйидагича ҳисоб-китоб юритилади. Мисол учун, йўқолган одам 1910 йилда туғилган ва 1950 йилда йўқолиб қолган дейлик. Унинг отаси 1960 йилда вафот этган бўлсин. Унинг йўқолган шахсдан бошқа яна тўрт ўғли бўлиб, улар ўз оталаридан мерос оладилар ва унинг бир қисми йўқолган ўғил учун сақлаб қўйилади. Йўқолган ўғил топилмаса, у туғилган 1910 йилдан 90 йил ўтиб, яъни, 2000 йили унинг ўлими ҳақида ҳукм чиқарилади. Шундай экан, ота ўлган йили (1960 й.) йўқолган одамни тирик деб ҳисоблашга ҳожат қолмайди ва уни йўқолган кунидан бошлаб ўлган деб ҳисоб қилаверамиз. Шундан келиб чиқиб, унинг учун музлатиб қўйилган меросни, ота вафоти чоғи мавжуд бўлган меросхўрлар (тўрт ўғил), агар улар мавжуд бўлмасалар, уларнинг меросхўрлари бўлишиб оладилар.
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан