ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Ишораи саббоба» деб ташаҳҳуддаги «ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу» жумласининг «лаа илааҳа» деган жойида ўнг қўлнинг кўрсаткич бар-моғини юқорига кўтаришга айтилади.
Кўрсаткич бармоқ араб тилида «саббоба» дейилади. Мазкур ишора ушбу бармоқ билан бажарилгани учун «ишораи саббоба» деб номланган.
Ишораи саббоба кўпчилик уламоларнинг назди-да суннат ҳисобланади. Чунки, буни Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар.
Ҳанафий уламолардан кўзга кўринганлари – Ибн Ҳумом, Мулла Али Қорий каби алломалар ҳам ишораи саббобани қилиш зарурлиги тўғрисида ҳужжат-далилларни келтирганлар. Лекин баъзи бир ҳанафий олимлар: «Ишораи саббоба қилинмайди», деганлар ва буни китобларда ёзиб қолдирганлар.
Баъзи уламолар «ишораи саббоба қилинмайди» деганларни қаттиқ танқид ҳам қилишган.
Ишораи саббобанинг суннатлигига Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир неча саҳиҳ ҳадислар далил бўлади.
Жумладан, имом Муслим, имом Термизий, Абу Довуд ва Насаий қилган ривоятда Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳъудда ишораи саббоба қилишлари очиқ-ойдин келган. Бу маънода бир қанча ҳадислар бор.
Бизнинг диёримизда ҳозирги берилган саволдаги каби икки хил муносабат ўрнашиб қолган.
Баъзи бир кишилар ишораи саббобани қилишга, баъзилар эса қилмасликка одатланишган. Ораларида тушунмовчилик, бир-бирлари билан тортишув, жанжал, кимники тўғри, кимники нотўғри эканлиги-ни баҳс қилиш кўпайган. Мана шу савол ҳам фикримизнинг далилидир. Бу саволни деярли ҳар жамоада, ҳар сафар сўроқ-савол бўлганда берилаверади.
Биз бу масалага алоҳида ёндошиб, кишиларимизнинг далил-ҳужжат суриштириш имконлари ёки бошқа ҳолатлари чегаралангани эътиборидан, қуйидаги тавсияни қиламиз:
Кимга намоз ўқишни таълим берган устози ишораи саббобани ўргатган бўлса, ўргангандек қилсин ва ишораи саббоба қилмаётганлар билан талашиб тортишмасин, уриш-жанжал қилмасин.
Ким намозни ўрганаётган пайтида устози унга ишораи саббобани таълим бермаган бўлса, у қилмасин, аммо ўша ишорани қилаётганлар билан талашиб-тортишмасин, жанжал қилмасин.
Лекин, ҳужжат-далилга келганда, аввал айтиб ўтганимиздек, ишораи саббоба қилиш бир неча ҳадисларда келган, бошқа мазҳаб аҳлларида бу нарса машҳур. Валлоҳу аълам.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)