close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қабрларни зиёрат қилиш одоби ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига фуқаролар тарафидан келаётган савол-истаклар ва айрим шахслар тарафидан қабрларни зиёрат қилишда йўл қўйилаётган камчиликларни инобатга олиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабристонни зиёрат қилиш одоби ҳақидаги ушбу фатвони қабул қилади.
Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало қабристонга кирилганда “Алайкумус салам ё аҳлал қубур”, яъни: “Сизга салом эй, қабристон аҳллари”, -деб салом бериб кирилади.
   - Қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Сизларга қабрлар зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана, энди қабларни зиёрат этаверингиз, зеро у сизларга охиратни эслатади”.(Имом ат-Термизий ривояти).
Демак қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим. Зеро улар ҳам бизлардек бу дунёда яшаганлар, турли аммалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда ўша қилмишларига яраша бир қадар Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига дохил бўлган ҳолда ётурлар. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди.
Қабристон зиёрат қилинган пайтда марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуои хайрлар қилинади.
Маълумки, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, шунингдек, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобла ишлардан саналади. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Масалан, азиз-авлиёларнинг мазорига борилганда Каъба атрофини тавоф қилгандек атрофини айланмасдан, одоб билан бориб тиловат ва дуо қилиб савобини шу қабр соҳибининг руҳига бағишлаб, биздан ва авлодларимиздан шу зотлар қабр тошлари каби улуғ инсонлар чиқаргин, деб Яратганга илтижо қилинади. Шуни унитмаслигимиз керакки, ҳар бир зиёрат этувчи киши қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўраб, ундан ҳожатини раво қилинишини талаб қилмайди. Ҳар қандай ҳожатларни раво этишни бевосита фақат Парвордигорнинг ўзидан сўралади.
Шунингдек имкони бўлса қабристоннинг қибла томонига ўтиб, орқани қиблага қилиб қабр аҳлига юзма-юз туриб тиловат ва дуо қилиш лозим бўлади.
Қабрларга шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш, унинг устида ўтриш, босиб юриш, қабр рўпарасида намоз ўқиш солиҳ амаллардан эмас.
Қабр йўқолмаслиги учун бир белги сифатида тош ёки тахта қўйиш, уларга номларини ёзиш жоиз, аммо ҳозирги кунимиздек чиқими кўп ва дабдабали қилиб ўрнатиш исроф саналади.                                         
Маълумки, қабристон зиёрати учун белгиланган муайян бир вақт йўқ, исталган вақтда зиёрат қилиш мумкин.
Шариатимизда қабрларга гул ва шунга ўхшаш ўсимликлар экиш яхши аммаллардан саналади. Лекин мевали дарахтлар экиш, уларнинг мевасини истеъмол қилиш, қабристонда чорва молларини ўтлатиш лозим эмас.
Маййит руҳини шод этадиган амаллар: Қуръон ўқиб савобини унинг руҳига бағишлаш, дуои хайрлар қилиш, эҳсон ва садақалар улашиш кабилардир.
Аллоҳ таоло ўтганларимизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий: Абдурашид қори Баҳромов
 
04.06.2000.



Мақола жойлаштирилган бўлим: Фатво
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase