close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Зулқарнайн қурдирган девор қаерда?

Қуръони каримда: «Искандар Зулқарнайн қурдирган девор қиёматдан олдин чиқади», дейилади. Ўша девор қаерда? Буни ҳозир билиш мумкинми?

ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аввало, Қуръонда мазкур девор – «сад», яъни «тўғон»ни қурган инсон Зулқарнайн экани айтилган, лекин у ерда «Искандар» деган сўз йўқ. Бу, адабиётларда, айрим диний манбаъларда келган тахминий гап, холос.
Тафсир ва таржималарда «девор» деб таржима қилинган сўз Қуръони Каримда «радм» деб келган. Бу сўз икки нарсанинг орасига қуриладиган, тўғон-тўсиқдан кўра кучли ва каттароқ алоҳида бир иншоот маъносини англатади.
Зулқарнайн деворни ўзи қурган, қурдирган эмас. Уни қуриш чоғида ўша ерда яшайдиган мусулмонларни ҳашарга чақириб, ёрдам сўраган.
Ўша девор қиёматдан олдин чиқади, деган гапга келсак, девор қиёматдан олдин чиқмайди, балки ўша сад, яъни тўғонни Залқарнайн Аллоҳнинг амри билан Яъжуж-Маъжуж деб аталган ўта бузғунчи қавмларнинг йўлини тўсиш учун қуриб қўйган бўлиб, у Яъжуж-Маъжужни дунёга тарқалишдан тўсиб туради ва қиёмат қоим бўлиши яқинлашганда, унинг аломатларидан бири ўлароқ, тўғон бузилиб, Яъжуж-Маъжужлар ер юзига тарқалади. Девор ўзи чиқмайди.
Тўғон машриқ тарафда экани Қуръонда зикр қилинган, лекин у машриқнинг қаерида, қайси ўлкасидаю, қайси кенгликда экани ҳақида маълумот йўқ. Одамлар – ўзларича, шунақа нарса бор экан, тўғон бор экан, деган гаплардан хулоса қилиб, ҳар хил тахминларни айтганлар. Жумладан, буюк Хитой деворини ўша тўғон деган хаёлга бориб қолганлар ҳам бор. Лекин бу гап тўғри эмас. Шунингдек, баъзи кишилар уни Хитой ортида, деса, бошқалар Кавказ тоғларида, дейди. Айрим уламолар уни денгиз остида ёки ер қатламларида яширинган бўлиши ҳам мумкин, ахир, тадқиқотлар натижасида кўплаб йўқ бўлиб кетган иншоотлар топилмоқда-ку, дейдилар. Аммо буларнинг барчаси тахминдан ўзга нарса эмас.
Мазкур тўғон ҳозирда мавжуд ва то Аллоҳ таолонинг ваъдаси келиб, Яъжуж-Маъжужлар чиққунича туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида ўша тўғондан бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқни ҳалқа қилинганда ҳосил бўладиган оралиқчалик тешик очилганининг хабарини берганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагича ривоят қилганлар:
Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида: «Ла илаҳа иллаллоҳ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми – тўғонидан мана шунча очилди», деб турдилар ва бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб ҳалок бўламизми?» – дедим. У зот:
«Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», – дедилар».
Хулоса қилиб айтганда, тўғоннинг қаердалигини, ҳажмини, қачон бузилиб, унинг ортидан Яъжуж-Маъжужлар чиқишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Иккинчидан, бундай нарсаларни қидириб топиб аниқлашни Аллоҳ таоло бизга амр қилмаган. Уларни билмаслик айб ёки кишининг дунё ва охиратига зарар ҳам эмас. Шу боис, биз бу ҳақда Қуръон ва ҳадисларда келган ҳақиқатни билишнинг ўзи билан кифоялансак, яхши бўлади. Валлоҳу аълам.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фатво
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase