close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Лира қулаётган шароитларда Туркия иқтисодиётини нималар кутяпти?

Туркия молиявий инқироз домига тушиб қолди. Бу йил турк лираси долларга нисбатан қийматининг 70 фоизини йўқотди. Фақат ноябрнинг ўзида турк валютаси 25 фоиздан кўпроққа пасайди. Нархлар ўсишидан ғазабга минган одамлар Эрдўған ҳукумати истеъфо беришини талаб қилиб, кўчаларга чиқа бошлади, президент эса Туркиянинг иқтисодий қийинчиликларида ташқи кучларни айблади. Турк лираси нима саабдан қулаяпти? Мамлакат иқтисодиётининг келажаги нима бўлади?

18 ноябр куни Туркия Марказий банки йил давомида учинчи марта кредитлар бўйича ставкаларни пасатирди. Кейинги пасайтириш декабрда кутиляпти. Кредитлар бўйича ставкалар тушганда қарз олиш арзонлашади ва оқибатда миллий пул хорижий валюталарга нисбатан қийматини йўқотади.
Иқтисодчилар нуқтаи назаридан, миллий валюта заифлашуви ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатларга эга. У мамлакат тез иқтисодий ўсишга интилаётганда зарур. Паст ставкалар тадбиркорларни кўпроқ кредит олиш ва ўз бизнесига кўпроқ инвестиция киритишга, кўпроқ товарлар сотиб олишга, кўпроқ ходимлар ёллашга, айланмани кучайтиришга ундайди. Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарлар чет элликлар учун арзонлашади, бу эса экспортни рағбатлантиради.
Лекин бунинг тескари томони ҳам бор – инфляция. Импорт товарлар қимматлашади. Туркияда эса импорт экспортдан кўра кўпроқ. Турк ишлаб чиқарувчилари ўз ишлаб чиқариши учун хом ашёни чет элдан сотиб олади, шу сабабли турк товарларнинг нархи ҳам ортади. Фақат октябрнинг ўзида Туркияда нархлар 20 фоизга ўсди.
Бироқ президент Эрдўған ставкаларни пасайтириш иқтисодиётнинг ривожланишига хизмат қилиши, экспортни рағбатлантириши ва янги иш ўринлари яратишига ишончи комил бўлиб қолавермоқда. Бундай сиёсат ўзини оқлаяпти: бир йил давомида Туркия иқтисодиёти 7,4 фоизга ўсди, экспорт ҳам ортди.
Лиранинг заифлашувидан аниқ фойда кўрган тармоқлар орасида туризм ва озиқ-овқат экспортини аниқ ажратиб кўрсатиш мумкин. Аммо туризм фаоллигининг сезиларли ўсиши билан бирга, ушбу соҳанинг мамлакат ЯИМдаги ҳиссаси 10 фоизга, озиқ-овқат экспорти эса атиги 7,3 фоизга тенг. Бу, албатта, муҳим, аммо ҳал қилувчи кўрсаткичлар эмас.
Иқтисодиётни рағбатлантиришнинг салбий томони инфляция бўлиб, бу нархларнинг ошиши ва турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Лиранинг қадрсизланиши туфайли чет элда хом ашё, электр ёки тайёр маҳсулот сотиб олувчи маҳаллий компаниялар таъминотчилар билан ҳисоб-китоб қила олмайдилар ва импортнинг ошган қийматини харидорларга юклайдилар.
“Гап шундаки, Туркияда ширкат тармоқлар жуда кўп, бу ерда ишлаб чиқариш Европанинг йирик корхоналари билан бирга катта занжирнинг бўғинларидан бир қисми ҳисобланади. Масалан, йиғув корхоналари, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ва ҳ.к. Бу қурилиш, автомобиллар, текстил ва бошқалар – Туркияда бундай тамойил бўйича ишлайдиган корхоналар жуда кўп. Ва бу маънода лира курсининг пасайишидан олинадиган ижобий самара йўқ бўлиб кетиши мумкин”, – изоҳ беради НИУ ВШЭ етакчи илмий ходими, профессор Андрей Казанцев.
Турк иқтисодчиси Барис Сойданнинг фикрига кўра, «долларнинг юқори қиймати озиқ-овқат нархларини ҳам юқорига тортади, чунки асосан хориждан келтирилган дизел ёнилғиси ва ўғитлар нархи ошиб бормоқда. Натижада далаларда экинлар ҳосилдорлиги пасаяди, қишлоқлар йўқолади, чунки фермерлар қишлоқ хўжалигини фойдасиз».
“Лиранинг қулаши, биринчи навбатда, асосий ставканинг кескин ва энг муҳими, кутилмаганда пасайиши билан боғлиқ. Қоидага кўра, Марказий Банк кутилаётган инфляцияни бошқариш имкониятига эга бўлса, курсларнинг ҳеч қандай кескин ўзгариши рўй бермайди. Ушбу ҳолатда эса, бозор тахминлари Туркия банки ҳаракатларидан жуда фарқ қилди ва бу кўчкисимон реакцияга олиб келди”, – изоҳ беради «Иволга Капитал» ИК бошқарувчи директори Дмитрий Александров.
Кредит ставкалари учун масъул ташкилот - Марказий Банк директорини Президент тайинлайди. Ўтган икки йил ичида Эрдўған Марказий Банк бошлиғини уч марта ўзгартирди. Март ойида олиб ташланган унинг сўнгги раҳбари Нажи Агбал ўз лавозимида атиги тўрт ой ишлади ва шу вақт ичида лира курсини барқарорлаштирган ҳолда курсни бир неча марта кўтарди, аммо мамлакат раҳбариятини қониқтирмади.
Эрдўған таъкидлаган хорижий давлатлар сиёсати Туркиядаги инқирознинг асосий сабаби эмас. Бироқ, Президентнинг ташқи аралашув ҳақидаги сўзлари асоссиз ҳам эмас. Анқара ва Вашингтон ўртасидаги сиёсий зиддиятлар кучайиб бормоқда. АҚШ босим воситаси сифатида давлатлараро қарзлардан фойдаланади. Коронавирус пандемияси пайтида ривожланаётган мамлакатлар учун ставкаларни пасайтирган Федерал захира раҳбари Жером Пауэлл Туркияга қарз беришдан бош тортиб, буни "мамлакатнинг кучли иқтисодиёти ва инфляция хавфи юқорилиги" билан изоҳлади. Бу бошқа мамлакатдан хорижий валютадаги кредит инқирозни сезиларли даражада енгиллаштириши мумкин бўлган пайтда содир бўлди.
«Бундай вазиятдан чиқиб кетишнинг йўли, менимча, битта. Эрдўған бирор жойда чет эл валютасида катта миқдорда пул қарз олиши ёки кимдандир кредит линияси олиши ҳамда валюта курсини тузатиши ва узоқ вақт давомида қўллаб-қувватлаши керак. Акс ҳолда, бўлмайди. Менимча, у ерда вазият аллақачон назоратдан чиқкан», – деб ҳисоблайди россиялик иқтисодчи Дмитрий Голубковский. Эрдўған кредитларга муқобил вариант топишга ва инвестициялар жалб қилишга уринади. Ноябрнинг охирида Абу Даби шаҳзодаси Муҳаммад бен Зайд ал-Нахайяннинг Анқарага ташрифи бўлиб ўтди, ташриф якунларига кўра яқиндагина минтақада муросасиз рақиб бўлиб турган мамлакатлар раҳбарлари зиддиятларни бартараф қилишди ва Абу Даби Туркия иқтисодиётига 10 миллиард доллар сармоя киритиши ҳақида келишиб олишди. Ўтган дам олиш кунлари Туркия етакчиси Яқин Шарқ минтақасининг бошқа нуфузли давлатлари – Исроил ва Миср билан ҳам алоқаларни нормаллаштиришга тайёр эканлигини айтди.
Туркиядаги иқтисодий вазият қандай ривожланиши ҳақида аралаш фикрлар мавжуд. Эрдўғаннинг молиявий сиёсати жуда хавфли, аммо етакчи мутахассислар ҳозирда оптимистик кайфиятда. Хусусан, Standard & Poor's (S&P) халқаро рейтинг агентлиги Туркия иқтисодиётининг ўсиши учун прогнозини яхшилади. Саммити 28-29 ноябр кунлари Туркманистонда ўтказилган иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик Ташкилотининг баҳолашича, жорий йил охирига бориб Туркия ЯИМ 9 фоизга ўсади. Лиранинг курси ҳам абадий тушиб боравермайди. «Мамлакат пул базаси Туркия захира банки ҳажмига қисқаргач, лира барқарорлашади. Аммо бу фоиз ставкаси паст ёки юқори бўлгани учун эмас, балки мамлакатдаги ҳар бир лира Туркия банкининг валюта захиралари билан таъминланганлиги учун барқарорлашади. Сўнгра Туркия банки валюта интервенцияси билан валюта курсини ушлаб туради», – ҳисоблайди Дмитрий Голубковский.
Шундай қилиб, Эрдўғаннинг жасур ва ноаниқ ҳаракатлари инқироз, инфляция ва турмуш даражасининг пасайишига олиб келди, деб айтиш мумкин. Шу билан бирга, Туркиянинг қийин иқтисодий вазиятни бартараф этиш ва уни ўз фойдасига айлантириш учун ресурсларни топа олишига ишониш учун асос бор.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase