Сотиб олувчи сотиб олган маҳсулотда бирор айб борлигидан хабардор бўлиб қолса, у (савдони айб сабабли бекор қилишга) ихтиёрлидир. У, хоҳласа, маҳсулотни келишилган нархга олади (яъни уни айби сабабли нархини камайтирмайди), хоҳласа, уни қайтаради. Чунки мутлақ (ҳеч қандай шарт киритилмаган савдо) битими (сотилган нарсанинг) айбсиз (нуқсонсиз) бўлишини тақозо қилади. Агар сотилган нарса (айбдан) саломат бўлмаса, сотиб олувчи рози бўлмайдиган савдо битими (унинг) зиммасига лозим (бир томонлама бекор қилиш имкони бўлмаган мажбурият) бўлиб қолиши натижасида зарар кўрмаслиги учун унга ихтиёр берилади.
Сотиб олувчи олган (айбли) маҳсулотни ўзида олиб қолиб, нуқсон (эвазини) олиб қолмайди (яъни нуқсон сабабли келишилган нархдан кам бермайди). Чунки савдо битимининг ўзида сифатларга нарх белгиланмайди (нарх сотилаётган молнинг ўзига белгиланади). Шунингдек, сотувчи маҳсулотининг келишилган нархдан кам бўлган нархга ўз мулкидан чиқиб кетишига рози бўлмайди. Чунки у бундай ҳолда зарар кўриб қолади (негаки маҳсулотни қайтариб бўлмайди). Сотиб олувчига келадиган зарарни (эса, сотувчига) зарар етказмаган ҳолда (маҳсулотни унга) қайтариб бериш орқали бартараф этиш мумкин.
Қудурий раҳимаҳуллоҳ «Сотиб олувчи сотилган маҳсулотда бирор айб борлигидан хабардор бўлиб қолса, деган гапидаги) айбдан мурод, маҳсулот сотувчининг қўлида турганида юзага келган, сотиб олувчи битим тузилаётган ва (маҳсулотни) қўлга олаётган вақтида кўрмай қолган айбдир. Чунки бу нарса (яъни битим тузилаётган ва маҳсулотни қўлга олаётган вақтда айбни кўрган бўлиши) шунга (яъни шу нархга олишга) рози эканининг (аломатидир).
Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: Савдогарлар одатига кўра, маҳсулотнинг нарҳини камайтирадиган ҳар бир нарса айбдир. Чунки кўриладиган зарар молиявий нуқсон сабабли юзага келади. Бу эса, (маҳсулот) қийматининг пасайиши билан бўлади. (Маҳсулот) қийматининг пасайганини билишда эса савдо аҳлининг урфига мурожаат қилинади.
(Қулнинг) қочиб кетиши, тўшакда сийиб қўйиши, кичик ёшдаги (қулнинг) балоғатга етгунига қадар ўғрилик (содир этиб қўйиши) айбдир. Агар (қул) балоғатга етса, мазкур ишлар айб саналмайди, то қул ўша ишларни балоғатга етганидан кейин ҳам (сотиб олувчининг қўлида) қайта қилмагунича. Бунинг маъноси, (ушбу айблар) қул сотувчининг қўлида турган вақтида ёшлик чоғида юзага келиб, сўнг балоғатга етишидан олдин сотиб олувчининг ҳузурида яна содир бўлса, сотиб олувчи уни қайтариб беришга ҳақли, деганидир. Чунки бу айб (сотиб олувчи ҳузурида содир бўлган айбнинг) айнан ўзидир. Агар ушбу айблар (сотиб олувчи қўлига ўтгач) қул балоғатга етгандан сўнг юзага келса, сотиб олувчи уни қайтариб беришга ҳақли бўлмайди. Чунки (қул сотиб олувчининг қўлига ўтган вақтда содир бўлган) айб бошқа айбдир (негаки қул сотиб олувчининг қўлида балоғатга етган). Ушбу (уч) нарсаларнинг (юзага келиш) сабаби (кишининг) кичик ёшда ва катта ёшда бўлишига қараб бир-биридан фарқ қилади. Кичикликда тўшакка сийиб қўйиш қовуқнинг заифлигидан, катта бўлгандан кейингиси эса ички аъзолардаги касаллик сабабидан юз беради. Ёшликдаги (уйдан) қочиб кетиш ўйинқароқлик сабабидан, ўғрилик эса бола эътиборсиз қолдирилганидан рўй беради. Ҳар икки ишни катта бўлгандан кейин содир этилиши эса ички бузуқлик сабабидан рўй беради. (Балоғатга етмаган) кичик ёшдаги қулдан мурод ақл юрита оладиган қулдир. Ақл юрита олмайдиган қул эса қочиб кетган эмас, балки адашиб қолган қул ҳисобланади. Шунинг учун, ақли йўқ қулнинг қочиб кетиши айб саналмайди.
Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтади: Қулнинг ёшликдаги мажнунлиги доимий айбдир. Бунинг маъноси шуки, агар қул ёшлигида сотувчининг қўлида эканида жинни бўлиб қолса, сўнг сотиб олувчининг қўлига ўтганидан кейин балоғатга етмай туриб ёки катта бўлгани кейин қайта жинни бўлиб қолса, сотиб олувчи уни қайтариб беришга ҳақли бўлади. Чунки (ҳар икки ҳолатда ҳам) ушбу айб аввалги айбининг айнан ўзидир. Негаки, иккала ҳолатда ҳам (яъни қул сотувчининг қўлида эканида ҳам ёки сотиб олувчининг қўли эканида ҳам) сабаб (айб) биттадир. У ҳам бўлса (қулдаги) ички бузуқликдир (яъни руҳий ҳасталикдир).
Бунинг (яъни Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Қулнинг ёшликдаги мажнунлиги доимий айбдир», деган гапининг) маъноси: (қул) сотиб олувчининг қўлига ўтганидан кейин ҳам (жиннилик) қайта такрорланиши шарт қилинмайди, дегани эмас (яъни қулни сотиб олувчига кайтариб бера олиш учун жиннилик қайта такрорланиши шарт, деганидир). Чунки Аллоҳ таоло - бу айбни, гарчи камдан-кам ҳолатларда йўқ бўлгани кузатилса ҳам, йўқ қилишга қодирдир. Шундай экан, (қулни жиннилик сабабли сотувчига) қайтариб бериш учун ўша айб (сотиб олувчининг қўлида) яна такрорланиши лозим бўлади.
Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: Оғиздан ва қўлтиқ остидан келадиган бадбўй ҳидлар чўридаги айб саналади. Чунки (чўрини сотиб олишдан) мақсад, баъзида, у билан бирга ётиш ва ундан фарзанд кўриш бўлади. Булар (яъни оғиздан ва қўлтиқ остидан келадиган бадбўй ҳидлар) эса мақсадга эришишга халал беради. (Лекин) мазкур айблар қулда бўлса, айб ҳисобланмайди. Чунки (қул болани сотиб олишдан) мақсад (уни) ишлатишдир. Мазкур айблар (қул болани сотиб олишдан кўзланган) мақсадга эришишга халал бермайди. Бироқ мазкур айблар касаллик сабабидан бўлса (улар айб саналади). Чунки касаллик қулга нисбатан айб ҳисобланади.
Зино қилганлик ва зинодан туғилган бўлиш чўридаги айб ҳисобланади, (лекин) қул болада (булар) айб саналмайди. Чунки мазкур айблар чўрини сотиб олишдан кўзланган мақсадга халал беради. У ҳам бўлса, тўшакда бирга бўлиш ва ундан фарзанд кўришдир. Қул болани (сотиб олишдан кўзланган) мақсадга эришишга эса (мазкур айблар) халал бермайди. У ҳам бўлса, (уни) ишлатишдир. Бироқ зино қилиш қулнинг одати бўлса, айтишларича, (бу иш қулга нисабатан айб саналади). Чунки аёллар ортидан эргашиб юриш қулнинг (эгасига) хизматкорлик вазифасини адо этишига халал беради.
Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтади: Кофирлик чўрида ҳам қул болада ҳам айб саналади. Чунки мусулмон кишининг табиати кофир билан суҳбатлашишни истамайди. Шунингдек, кофир қулни баъзи каффоратларда (яъни қасам каффорати, зиҳор каффорати, ноқасддан содир этилган қотиллик каффоратида) озод қилиш мумкин бўлмайди (яъни уларни озод қилса, каффорот ўрнига ўтмайди). Шунинг учун (уларни сотиб олишга) рағбат бўлмайди (бу эса уларнинг нархи паст бўлишига сабаб бўлади). Агар (бир киши) қулни кофир деб сотиб олса, лекин у мусулмон чиқиб қолса, қулни қайтариб бермайди. Чунки қулнинг мусулмон чиқиб қолиши айбни йўқ бўлганини англатади. Шофеъий раҳимаҳуллоҳга кўра, (ушбу вазиятда) қулни қайтариб беради. Чунки кофир қулни мусулмон қул ишлатилмайдиган ишларда ишлатилади. Шартнинг йўқлиги эса (яъни қулнинг кофир эмаслиги) айб ўрнидадир (чунки сотиб олувчи мусулмон қулни кофир қул бажарадиган ишларда ишлата олмай қолади).
Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: Агар чўри балоғатга етган (лекин) ҳайз кўрмайдиган бўлса ёки у мустаҳоза (яъни одатидан ташқари ёки ҳайз муддатидан кам ёки ортиқ қон кўрадиган) бўлса, булар айб саналади. Чунки ҳайз кўрмаслик ва давомий қон кўриш (истиҳозалик) касаллик аломатидир. Ҳайз кўрмасликда балоғатга етишнинг энг охирги ёши эътиборга олинади. Бу (ёш), Абу Ҳанифа рахимаҳуллоҳга кўра, ўн етти ёшдир. Бу эса (яъни ҳайз кўрмаслик ёки давомий қон кўриб туриш сотиб олинган) чўрининг сўзи билан билинади (яъни тортишув юзага келган вақтда). Шунда, агар чўрининг гапига сотувчининг (қасам ичишдан) бош тортиши ҳам қўшилса, чўрини (сотиб олувчи) қўлга олишидан олдин ҳам, (олганидан) кейин ҳам (сотувчига) қайтариб бериш мумкин бўлади. Саҳиҳ сўз шудир (Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга кўра эса, агар чўри қўлга олинмаган бўлса, чўрининг сўзига ва бошқа бир аёлнинг гувоҳлигига асосланган ҳолда сотиб олувчи уни қайтариши мумкин бўлади).
Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: Агар (маҳсулот) сотиб олувчининг қўлида (эканида унга) бирор айб етиб қолса, сўнг сотиб олувчи (маҳсулот) сотувчининг қўлида эканида бўлган (бошқа) бир айб (ҳам) борлигидан хабардор бўлиб қолса, сотиб олувчи сотилган маҳсулотдаги айбнинг қийматиини (сотувчидан) қайтариб олади (ундиради). Лекин маҳсулотни қайтариб бермайди. Чунки (маҳсулотни) қайтариб берилса, сотувчига зарар етказилган бўлади. Чунки сотилган маҳсулот сотувчининг мулкидан айбсиз ҳолда чиққан эди. (Қайтариб берилса) айбли бўлиб (нуқсон етган ҳолида) қайтиб келади. Шунинг учун қайтариб бериш мумкин эмас. Шунингдек, сотиб олувчига етадиган зарарни ҳам бартараф қилиш лозим. Шунинг учун (сотувчидан) нуқсоннинг қиймати ундириб олинади. Бироқ сотувчи (сотиб олувчининг қўлида юзага келган янги) айби билан маҳсулотни қайтариб олишга рози бўлса (маҳсулотни унга қайтариб берилади). Чунки сотувчи ўзига етадиган зарарга рози бўлган бўлади (ва шунда у ўзининг ҳаққини соқит қилган бўлади).
Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтади: Бир киши мато сотиб олиб, кесиб қўйса, кейин маҳсулот (сотувчининг қўлида эканида бўлган) бирор айбни кўриб қолса, айбнинг (нуқсоннинг) қийматини ундириб олади. Чунки (мато) кесиб қўйилгани сабабли (уни) қайтариш мумкин бўлмай қолган. Негаки, (кесиш сабабли) матога етган айб янги айбдир.
Агар сотувчи: «Мен матони шундай ҳолида ҳам (яъни кесиш сабабли юзага келган янги айби билан ҳам) қабул қилавераман» деса, сотувчи бунга ҳақлидир. Чунки қайтаришнинг мумкин эмаслиги сотувчининг ҳаққига (риоя қилиш шарт бўлгани) сабабидан эди. У эса бунга (яъни айбли матони қайтариб олишга) рози бўлди.
Агар сотиб олган киши (шу) матони сотиб юборса, бирор нарсани (яъни матодаги аввалги айбнинг қийматини сотувчидан) талаб қила олмайди. Чунки (иккинчи сотувчи мазкур матони сотиб юбориб ундаги айбга) рози бўлгани сабабли (ўша матони аввалги сотувчига) қайтариш имконсиз бўлиб қолди. Шунда (биринчи) сотиб олувчи (матони) сотиб юборгани туфайли (айби чиқиб қолган ва кейин) сотилган маҳсулотни ўзида ушлаб қолган (яъни ўзида қолишига рози бўлган) бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам (биринчи сотиб олган киши) матодаги айбнинг (яъни нуқсоннинг) қийматини (сотувчидан) ундира олмайди.
Агар сотиб олувчи матони кесиб, тиккан бўлса ёки уни қизил рангга бўяган бўлса ёки толқонни (сотиб олиб уни) ёғ билан аралаштириб қўйса, сўнг (мазкур нарсалар сотувчининг қўлида эканида уларда) бирор айб бўлганидан хабардор бўлиб қолса, нуқсонинг қийматини (сотувчидан) ундириб олади. Чунки сотиб олинган маҳсулотга (унинг қийматини оширувчи) зиёдалик киритилгани сабабли (уни сотувчига) қайтариш мумкин бўлмай қолди. Чунки аслида (сотиб олинган маҳсулотга киритилган) зиёдаликсиз ҳам савдони бузишга сабаб йўкдир. Чунки (энди) зиёдалик маҳсулотдан айрилмайди (доим бирга бўлади). (Маҳсулотда) ушбу зиёдалик бор экан (савдо битимини) бузишга сабаб йўқдир. Чунки (сотиб олинган маҳсулотга киритилган) зиёдалик сотилган маҳсулотда аввал бўлмаган. Шундай учун, сотиб олувчи маҳсулотни (сотувчига) умуман қайтариб бера олмайди.
Сотувчи ҳам (зиёдалик киритилган мазкур) маҳсулотни қайтариб олишга ҳаққи йўқдир. Чунки (мазкур маҳсулотни) қайтариб бўлмаслик шариат ҳаққи туфайлидир, унинг ҳаққи сабабли эмас (яъни шариатнинг ҳаққини ҳеч кимса соқит қила олмайди).
Агар сотиб олувчи (ўзи сотиб олиб бўяган ёки кийим қилиб тиккан мазкур) матони (сотувчининг қўлида эканида бор бўлган) айбини кўрганидан кейин ҳам сотиб юборса, (матодаги) нуқсоннинг қийматини (сотувчидан) ундириб олишга ҳақли. Чунки (зиёдалик киритилган маҳсулотни) (бошқа бировга) сотишдан олдин ҳам (сотувчига) асло қайтариш мумкин эмас эди. Шундай экан, (айбли маҳсулотни) сотиб олган киши (уни) сотиб юборгани сабабли (айбли маҳсулотни) ўзида олиб қолишга (рози бўлган) саналмайди. Шундан(Яъни сотиб олувчи қайси ҳолатда айбли маҳсулотни ўзида олиб қолган ва шу айбга рози бўлган саналиши ва натижада нуқсоннинг қийматини ундира олмаслиги ва қайси ҳолатда айбли маҳсулотни ўзида олиб қолмаган ва айбга рози бўлмаган саналиши ва натижада нуқсоннинг қийматини ундиришга ҳақли бўлиши ҳақида айтганимиздан келиб чиқиб...) келиб чиқиб айтганмизки, бир киши мато сотиб олиб, уни ёш боласига кийим қилиб бичиб, тикса, сўнг (матонинг сотувчининг қўлида эканида бўлган) айбини кўриб қолса, нуқсоннинг қийматини (сотувчидан) ундириб ололмайди. Агар боласи катта бўлса, нуқсоннинг қийматини ундириб олишга ҳақли бўлади. Чунки биринчи ҳолатда (яъни кийим ёш болага кийим қилиб бичилган вазиятда) кийимни (ёш болага) мулк қилиб бериш (кийим) тикилишидан олдин амалга ошган. Иккинчи ҳолатда (яъни матони катта боласи учун бичилган вазиятда) эса мулк қилиб бериш (кийим) тикилганидан кейин амалга ошган.(Биринчи вазиятда, мато ёш бола учун кесиб-бичилгани уни ёш болага мулк қилиб берилганини англатади. Чунки ота ёш боланинг номидан тасарруф қила олади. Матонинг мулк қилиб берилгани эса сотиб олувчининг айбли мулкни ўзида қолдиришга рози эканини билдиради. Шунинг учун ҳам ушбу айбли бўлган матони сотиб олган ота нуқсоннинг қийматини ундириб ололмайди. Ушбу вазиятда мато ёш болага мулк қилиб берилган бўлиши учун кийим қилиб тикилган ва ёш болага топширилган бўлиши шарт эмас. Иккинчи ҳолатда эса, матонинг катта ёшли бола учун кесилгани матони унга мулк қилиб берилганини англатмайди. Чунки ота балоғатга етган боласи номидан тасарруф қила олмайди. Бинобарин, кесилган мато кийим қилиб тикилиб, катта болага топширилсагина у мулк қилиб берилган бўлади. Мато кийим қилиб тикилгач, унга зиёдалик киритилгани туфайли сотувчи уни шариат қўйган тақиқ сабабли қайтариб ололмайди. Шунинг учун сотиб олувчи матодаги нуқсоннинг қийматини ундиришга ҳақли бўлади.)
Бир киши (ўзи сотиб олган) кийимни йиртилгунча кийса (кейин кийим сотувчининг қўлида эканида бирор айби бўлганидан хабардор бўлиб қолса), масала (юқоридаги) ихтилофга кўра, ечилади.(Яъни Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра, сотиб олган киши сотувчидан кийимдаги айбнинг қийматини ундириб олади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра, ундириб ололмайди.)
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг далили: сотиб олувчи кийимни сотиб олишдан кўзланадиган ва одатда қилинадиган ишни амалга оширган бўлади (яъни кийимни сотиб олишдан мақсад уни кийиш. Бинобарин, кийимдаги айбнинг қийматини ундириб олиш мумкин бўлади). Сотиб олинган кийимни кийиб қўйиш қулни озод килишга ўхшаб қолади.(Яъни бир киши қул сотиб олиб, уни озод қилиб юборса ёки (ўша) қул унинг қўлида вафот этиб қолса, сўнг (сотиб олувчи) айбдан (яъни қул аввалги эгасининг қўлида эканида айби бўлганидан) хабардор бўлиб қолса, (қулдаги) нуқсоннинг (қийматини сотувчидан) ундириб олади.)
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг далили: сотиб олувчи (кийимни ки-йиб қўйгани учун сотувчига) қайтариб бериши имконсиз бўлиб қолган. Чунки у товони тўланадиган ишни қилиб қўйган (яъни у кийимни кийиб, йиртиб қўйган ва агар кийим бировники бўлганида эди унинг товонини тўлар эди. Шунинг учун у кийимининг айбини сотувчидан ундириб ололмайди). (Сотиб олувчининг қилган) бу иши (сотиб олинган нарса) сотиб юборилган ва (сотиб олинган қулни) ўлдириб қўйилган ҳолатга ўхшаб колган.(Агар сотиб олувчи (ўзи сотиб олган) қулни ўлдириб қўйса ... (ва сотиб олувчи қулнинг сотувчида эканида бир айби бўлганидан хабардор бўлиб қолса) Абу Ҳанифа рахимахуллохга кўра, (сотиб олувчи) ҳеч нарсани (яъни қулдаги айбнинг қийматини сотувчидан) ундириб ололмайди.) (Имомайн раҳимаҳуллоҳ келтирган қиёсга жавобан Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, сотиб олувчининг кийим билан боғлиқ) қилган иши (яъни кийимни кийгани сотиб олишдан) кўзланган мақсад эканига эътибор берилмайди. Сизга маълумки, (сотиб олинган нарсани) сотиш (уни) сотиб олинган (пайтда) мақсад қилинадиган ишдир (яъни кийимни кийиб йиртиб қўйган кишининг иши уни сотиб юборган ҳолатга ўхшайди). Сўнг (сотиб олувчининг қилган бу иши кийимдаги нуқсоннинг қийматини) сотувчидан ундириб олишига монелик қилади.
Агар (таом) сотиб олган киши таомнинг бир қисмини еб қўйган бўлса, сўнг (таом сотувчида эканида унда бир) айб (бўлганини) билиб қолса, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра, жавоб юқоридагидекдир (яъни сотиб олувчи таомдаги айбнинг қийматини сотувчидан ундириб ололмайди). Чунки таом бир бутун нарса кабидир. (Унинг бир қисмини еб қўйиш бир бутун нарсанинг) бир қисмини сотиб қўйиш каби бўлиб колади. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра, сотиб олувчи (таомнинг) ҳаммасининг (еб қўйган ва сўнг таом сотувчининг қўлида эканида бирор айб бўлганидан хабардор бўлиб қолганида ҳам) айбнинг қийматини (сотувчидан) ундириб олиши мумкин (бинобарин, таомнинг бир қисмини еб қўйган бўлса, айбнинг қийматини албатта ундириб олиши мумкин). Имомайн раҳимаҳуллохдан келган яна бир ривоятга кўра, сотиб олувчи таомнинг қолган қисмини (сотувчига) қайтариб беради (ва еб қўйган қисмидаги айбнинг қийматини ундириб олади. Фатво ҳам шунгадир). Чунки (таомни) қисмларга бўлиш (яъни унинг бир қисмини қайтариб олиб, бир қисмидаги айб учун пул тўлаш) сотувчига зарар келтирмайди.
Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: Бир киши тухум ёки қовун ёки тарра ёки бодринг ёки ёнғоқ сотиб олса, сўнг уни синдирганида (ичидаги нарса истеъмолга) яроқсиз эканини кўрса, агар сотиб олган киши (шу) нарсалардан фойдаланмаган бўлса, (тўлаган) пулининг ҳаммасининг қайтариб олишга ҳақли. Чунки (истеъмолга яроқсиз чиққан) нарса, (қийматга эга) мол ҳисобланмайди. Шунга кўра, (савдо) битими бекор бўлади. Бир ривоятда келганига кўра, ёнғоқ пўчоғининг яхши (сифатли) эканига эътиборга қилинмайди. Чунки ёнғоқнинг молиявий қиймати унинг мағзи билан белгиланади.
Агар сотиб олган киши нарсанинг яроқсиз чиққанига қарамай ундан фойдаланаётган бўлса, уни (сотувчига) қайтариб бера олмайди. Чунки (сотиб олинган молни) синдириш янги пайдо бўлган айбдир (яъни бу янги айбни синдирган киши юзага келтирди). Лекин сотиб олувчи айбининг қийматини (сотувчидан) ундириб олади. (Бу иш) имкон қадар (икки томонга келадиган) зарарни бартараф этиш мақсадида қилинади.
Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «(Нуқсоннинг қийматини сотувчидан ундириб олмайди, балки) молни қайтаради. Чунки синдириш сотувчининг бунга имкон бергани натижасида содир бўлган», деган. Биз айтамизки, (сотиб олувчига ёнғоқни) синдиришга имкон бериш (ёнғоқ) сотиб олувчининг мулкига айланганидан сўнг бўлган, сотувчининг мулкидалигида эмас. Шунда (синдирилган ёнғоқ масаласи) сотиб олинган матони сотиб олувчи кесиб қўйган (масаласи каби) бўлиб қолади.(Яъни бир киши мато сотиб олиб, уни кесиб қўйса, сўнг мато сотувчининг қўлида турганида айбли бўлиб қолганидан хабардор бўлиб қолса, фақиҳларнинг ижмосига кўра, сотиб олувчи матони сотувчига қайтариб бермайди, балки матодаги нуқсоннинг қийматини сотувчидан ундириб олади.)
Агар (мазкур нарсаларни сотиб олганидан кейин уларнинг) бир кисмини яроқсиз эканини кўрса ва у озгина бўлса, истеҳсонга кўра, (савдо) битими жоиз бўлади. Чунки (мазкур) нарсаларда оз миқдорда яроқсиз қисмнинг бўлиши мумкин. Ёнғоқнинг ҳам одатда озгина яроқсиз қисми бўлади. Масалан, ҳар юзтадан битта ёки иккитаси ёмон бўлиши мумкин. Агар яроқсизи (ҳар юзтада учтадан) кўп бўлса, (савдо) битими дуруст бўлмайди ва сотиб олувчи ҳамма пулини қайтариб олади. Чунки бунда сотиб олувчи мол саналадиган ва мол саналмайдиган нарсаларни бирга сотиб олган бўлиб қолади. (Бу савдо битими) ҳур билан қулни бирга сотиб олинган савдо битимига ўхшаб қолади (яъни ҳур кишини сотиш ёки сотиб олиш мумкин бўлмагани учун қул устидаги савдо ҳам бекор бўлади).
Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтади: Бир киши кайл(Кайл - ҳажм ўлчови, сочилувчан жисмлар ўлчов бирлигидир. Бир кайл 16,5 л.га тенг. Сочилувчан жисмлар кайл билан ўлчанганида 16,5. л.га тенг бирор идиш ёрдамида ўлчанади) билан ўлчанадиган ёки тарозида тортиладиган нарсани сотиб олса ва унинг бир қисмида айб топса, унинг ҳаммасини қайтаради ёки ҳаммасини олади. (Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг) бундан (яъни «айб топса» деган гапдан кўзлаган) муроди (мазкур сочилувчан ёки тарозида тортиладиган нарсаларни) қўлга олганидан сўнг (айб топса, деганидир). Чунки кайл билан ўлчанадиган нарсалар бир жинсдан бўлса, улар битта нарса ҳисобланади. Сизга маълумки, бундай нарсалар бир ном билан аталади. (Улар) кур15в ва шунга ўхшаш ўлчов бирликлари (билан ўлчанади). Бир ривоятда, бу (яъни сотиб олинган нарсада айб топилса, унинг ҳаммасини олиш ёки ҳаммасини қайтариб бериш ҳолати) ўша нарса бир идишда бўлса (шундай қилинади), дейилган. Агар (сотиб олинган сочилувчан нарса) иккита идишда бўлса, у (икки савдо билан сотиб олинган) икки қул ҳукмида бўлади. (Шунда) айб топилган идишни (яъни ундаги айбли сочилувчан маҳсулотни) қайтаради, айбли бўлмаганини (қайтармайди).
Агар (кайл билан ўлчанадиган ёки тарозида тортиладиган нарса сотиб олиниб, қўлга олинганидан кейин) унинг бир қисмига (биров) ҳақдор экани маълум бўлса (яъни унга қарашли мулк экани исботланса), қолган қисмни (сотувчига) қайтариб беришга сотиб олувчида ихтиёр бўлмайди.(Кур (7 кўп. УЎ) бу Ирокда ишлатилган ўлчов бирлиги бўлиб, бир кур 60 қафизга тенгдир. Бир крфиз эса 8 маккукка тенгдир. Бир маккук эса 1,5 соъга тенг. Бир соъ: 3,250 кг. ёки 4,125 л.)(Яъни сотиб олинган маҳсулотнинг бир қисми бировники экани маълум бўлса, бу ҳолат маҳсулотда топилган айб саналмайди. Шунинг учун сотиб олувчида маҳсулотни қайтариб бериш ихтиёри бўлмайди. Бироқ маҳсулотнинг бир қисмига ҳақли экани маълум бўлган одам маҳсулотнинг сифатлисини саралаб олса, бу ҳолат маҳсулотда пайдо бўлган айб саналади ва сотиб олувчи уни қайтариб беришга ҳақли бўлади. Агар қолган қисмнинг ўзида айб топилса, сотиб олувчида уни қайтариб бериш ихтиёри бўлади. Масалан бир киши 1,5 тонна буғдой сотиб олиб, маҳсулотнинг барча пулини тўлаб, уни қўлга олгач, маҳсулотнинг 500 килоси сотувчи билан шерикчилик асосида бировга ҳам тегишли мулк экани исботланса ва олиб қўйилса, сотиб олувчи қолган қисмни қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Лекин биров ҳакдор чиқиб олиб қўйган қисмнинг пулини сотувчидан ундириб олади.) Чунки (кайлда. ўлчанадиган сотилувчан) нарсаларни бўлиш (тақсимлаш уларга) зарар келтирмайди.(Чунки сочилувчан жисмдан иборат маҳсулотнинг бир қисми бировники экани маълум бўлса, бу ҳолат шу қисмда ҳам қолган қисмда ҳам юзага келган айб ҳисобланмайди. Чунки улар қийматга эгаликда, маҳсулот бўлишда тенгдир. Негаки, қолган қисмдан фойдаланиш мумкин.) Сотиб олинган нарсанинг (бир қисмига кимдир) ҳақли бўлиб чиқиши савдо битимининг мукаммал бўлишига монелик қилмайди. Чунки савдо битмининг мукаммал бўлиши (битимни) тузувчи кишининг розилиги билан бўлади, мулк эгасининг розилиги билан эмас. Ушбу ҳолат (яъни кайл билан тортиладиган маҳсулотнинг бир қисмига кимдир ҳақли эканининг маълум бўлса, сотиб олувчида қолган қисмни қайтариш ихтиёрининг бўлмаслиги маҳсулот) сотиб олувчининг қўлига ўтганидан кейин бўлади.
Агар (ушбу ҳолат сотиб олувчи маҳсулотни) қўлга олишидан олдин бўлса, сотиб олувчи қолган қисмни қайтариб беришга ҳақли бўлади. Чунки (савдо битими) мукаммал бўлишидан олдин битим иккига ажратилган бўлиб қолади (яъни бир савдо битими ичида иккита савдо битими юзага келиб қолади. Бу эса мумкин эмас).
Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: Агар сотиб олинган нарса кийим (мато) бўлса (ва сотиб олувчи уни қўлга олганидан кейин унинг бир қисмига биров ҳақли экани маълум бўлса), сотиб олувчида (қайтариб бериш) ихтиёри бўлади. Чунки матони бўлиш (урфда) айб ҳисобланади. Ҳолбуки, ушбу айб (яъни матодаги бир қисмнинг бировга тегишли экани) савдо битими (тузилаётган) вақтда бор бўлган (яъни ушбу айб мато сотиб олувчининг қўлида эканида юзага келмаган, балки, сотувчининг қўлида эканида бор бўлган). (Бунинг исботи ўлароқ матога) кимдир ҳакдор экани (кейин) маълум бўлган (шунинг учун бу ҳолат маҳсулотни сотувчига қайтаришга монелик қилмайди). Бироқ кайл билан ўлчанадиган ва тарозида тортиладиган нарсаларда ҳукм бундай бўлмайди (уларнинг бир қисмини ҳақдор томонидан бўлиб олиниши айб саналмайди. Бинобарин, қолган қисмни сотиб олувчи қайтариб бера олмайди.(Тўлиқ маълумот учун юқорида масалага оид изоҳ ва ҳаволага қаранг.))
Агар сотиб олувчи уловни сотувчисига қайтариб бериш мақсадида ёки суғориш ёки унга ўт сотиб олиш ниятида минган бўлса, (бу ҳолат сотиб олувчининг молдаги айбга ва савдога) рози эканини билдирмайди. (Сотиб олувчининг уловни) минганига келсак, у (уловни) қайтариб бериш учун минган. Зеро, миниш (уловни) қайтаришга сабабдир.
(Бу ерда «сотиб олувчининг уловни суғориш ва унга ем сотиб олиш учун мингани нега унинг айбга рози эканини билдирмайди?» деган савол юзага келади) Бунга жавобан «сотиб олувчи уловни суғориш ва унга ем сотиб олиш учун миниб боришдан бошқа чораси бўлмаган (шунинг учун минган»), деб айтилади. Масалан, улов (асов бўлиб, уни бошқариш) қийинлиги ёки (қарилик сабабли пиёда юришга) ожизлик қилгани ёки ўтнинг бир хуржунда бўлгани сабабли (уловни мажбуран минган деб, жавоб берилади). Бироқ (сотиб олувчи), уловга минмаслик чорасини топса (ва шунга қарамасдан уловни минса) унинг уловни мингани, биз юқорида айтиб ўтган ҳолатлар бўлмаган сабабли, (уловдаги айбга) розилиги ҳисобланади.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг
"Ҳидоя шарҳ бидоятил мубтади" китобидан