Ҳоким биамриллоҳ - Абул Аббос Аҳмад Ибн Абу Али ал-Ҳасан ибн Абу Бакр ибн ал-Ҳасан ибн Али ал-Қуббий ибн ал-халифа ал-Мустаршид биллоҳ ибн ал-Мустазҳир биллоҳ.
Бағдод олинганда беркиниб омон қолди. Кейин бир жамоа ҳамроҳлигида Бағдоддан чиқиб Бани Хафожа амири Ҳусайн ибн Фалоҳ ҳузурига боради. Бир муддат тургач, Арабий баъзи бошқа манбаларда араблар) билан Дамашққа етиб олади ва у ерда амир Исо ибн Муҳанна ҳузурида яшайди. Дамашқ ҳукмдори Носир бундан хабар топиб уни чақиртириб одам юборади. Шу орада бирдан татарлар юриши бошланади. Малик Музаффар Дамашққа келганида уни излатиб Қилич Бағдодийни юборади. У бориб халифа билан учрашиб унга байъат беради. Халифанинг хизматига бир гуруҳ араб амирлари ҳам кирадилар. Ҳоким улар билан Ғона, Ҳадиса, Ҳайт ва Анборни фатҳ этади. Татарлар билан бўлган жангда ғалаба қозонади. Сўнг ўша вақтдаги Дамашқ ҳокими Алоуддин Тойбарс Ҳокимга хат ёзиб, малик Зоҳир уни таклиф этаётганини маълум қилади. Шундан кейин у сафар ойида Дамашққа келади, ноиб уни султон ҳузурига юборади. Мустансир биллоҳ Қоҳирага ундан уч кун олдин келган бўлади. Шунинг учун ҳибсга олинишидан қўрқиб, Қоҳирага киришни маъқул кўрмайди ва Ҳалабга қайтиб кетади. У ернинг ҳокими ва бошлиқлари, жумладан, Абдулҳалим ибн Таймийя унга байъат берадилар. Кўп одам йиғиб Ғонага қараб юради. . Мустансир қайтаётиб Ғонада унга етиб олади. Ҳоким Мустансирга бўйин суниб, унинг итоати остига киради. Мазкур жангда Мустансир йўқолиб қолгач, Ҳоким Раҳба тарафга Исо ибн Муҳанна олдига боради. У бўлса бу ҳақда малик Зоҳир Бойбарсга хат ёзиб, унинг келишини сўрайди. Қоҳирага Ҳоким ўз ўғли ва бир жамоа билан етиб келади. Малик Зоҳир унга иззат-икром кўрсатади ва улар халифалик байъатини беришади. Узоқ муддат: қирқ йилдан ошиқ халифа бўлади. Малик Зоҳир унга Қалъадаги Катта Бурждан (сарой) жой беради. Унинг ўзи Қалъа жомесида бир неча бор хутба айтган.Шайх Қутбиддин деди: Пайшанба куни саккизинчи муҳаррам 661 йилда султон катта оммавий мажлис ўтказди. Ҳоким би-амриллоҳ Жабал қалъасидаги катта айвонда ҳозир бўлди ва султон билан ўтирди. Бундан аввал унинг насаби тасдиқлатилди ва султон унинг амиралмўминин эканлигига байъат беради. Сўнгра у ҳам султонни ҳукмронликка расман тайинлайди (“тақлид” дейилйди). Кейин одамлар ўз мавқеларига қараб Ҳокимга байъат бердилар. Эртаси жума куни бир хутба айтиб унда жиҳод, имомат (бошлиқлар) ҳақида гапирди. Халифаликнинг ҳурматига путур етказган нарсалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Сўнг деди, имоматнинг (халифанинг) дўстлари озайган бир вақтда унга кўмакка келган ва мамлакатни оёқости қилган куфр лашкарларини қувиб солган мана бу султон малик Зоҳир бўлади. Хутбанинг бошланиши шундай эди: “Аббос авлодига таянч ва кўмакчи ато этган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.
Шу ва кейинги йилларда татар жамоалари мусулмон бўлишиб, омонлик сўраб кетма-кет кела бошладилар ва уларга нон хамда пул берилди. Уларнинг жабру жафолари тўхташи ана шундан бошланди.
662-йилда икки Қаср оралиғидаги мадрасаи Зоҳириянинг қурилиши тугалланди. Унда шофеъий мазҳабидан Тақий ибн Разин, ҳадисдан эса Шараф Думётий мударрис қилиб тайинланди.
Шу йили Мисрда катта зилзила рўй берди.
663 йилда Андалусдаги мусулмонлар султони Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмар фаранглар устидан ғалабага эришди. Улардан 32 та шаҳарни қайтариб олди. Шу жумладан, Ишбилия ва Марсияни.
Шу йили Қоҳирада ўт кетиши кўпайиб кетди. Томлардан олов ва гугурт (кибрит олтингугурт) солинган ўрамлар топилди. Шу йили султон Ашмун (Мисрдаги шаҳарча) денгизини (сув омборини) қазиди. Унда ўзи ва амирлар ишладилар.
Татарларнинг золим ҳукмдори Ҳалаку ўша йили ўлди. Ўрнига ўғли Абғо бўлди.
Ўша йили султон ўзининг 4 ёшлик ўғли Саидни султонликка ўтказди. Жабал қалъасида подшоҳона тантаналар билан отга миндирди. Унинг ўзи ўғлининг олдига тушиб пардани
Бобуссирдан Бобусилсилагача кўтариб борди. Кейин ўзи отда, амирлар пиёда Қоҳирага қайтдилар.
Шу йили Миср диёри бўйича тўрт қози тайинланди, ҳар мазҳабданбирқози.БунгақозиТожиддинибнбинтАъазтарафидан (бошқа мазҳаблардаги?) кўплаб аҳкомларни юргизмай қўйгани сабаб бўлди. Ишлар тўхтаб қолди. Шофеъийга етимларнинг мулклари ва байтул молга тааллуқли ишларга қараш (кўриб чиқиш) қолдирилди. Кейин Дамашқда ҳам шундай қилинди. Ўша йилнинг рамазонида султон халифани чиқармай, одамларни ҳам кирғазмай қўйди. Халифанинг дўстлари шаҳарга чиқиб давлат ишлари хақида гапириб юрганлари учун шундай қилди.
Султон 665 (1267-66) йили Ҳасанияда жоме масжид қуришга фармон берди ва у 667 йилда қурилиб битди. Унга ҳанафий хатиб тайинланди.
674(1275-76) йили Султон Нуба ва Д анқалъага лашкар жўнатди. (Жанубий Миср ва Шимолий Суданда, Нил бўйларида). Улар ғалаба қозониб, Нуба подшоҳини асир олдилар. Нуба подшоҳини малик Зоҳирга юбордилар. Данқала аҳлига жизъя тайинланди. Валиллоҳил ҳамд.
Заҳабий бундай ёзади: “Нубага биринчи марта ҳижратнинг 31 (652-51) йили ғазот қилинди. Ғазотни Абдуллоҳ ибн Абиссурҳ бешминг отлиқ аскар билан олиб борди. Фатҳ этолмади. Муроса билан орқага қайтди. Кейин Ҳишомнинг даврида ғазот қилинди, фатҳ этилмади. Кейин Мансурнинг даврида, кейин Такан Зангий даврида, кейин Кофур Ихшидий, кейин Носир ад-Давла ибн Ҳамдон, сўнг 568 (1173-72) йилда Султон Салоҳиддиннинг биродари (ака ё укаси) Турон шоҳ у ерга ғазот қилди. Лекин у ер фақат ўша йили (яъни 674 йили) фатҳ этилди. Бу ҳакда Ибн Абдуззоҳир шундай деган:
Фатҳ деган мана шунаҳа бўлади,
Бунақасини на эшитганман, на ўқиганман”.
676 (1277-78) йил муҳаррамида Дамашкда малик Зоҳир қазо қилди. Тахт малик Саид Муҳаммадга қолди. Унинг ёши 18 да эди. Шу йили Тақий ибн Разин Миср ва Қоҳира қозилигини бирлаштирди. Илгари Миср қозилиги Қоҳира қозилигидан алоҳида эди. Бундан кейин бу икки қозилик бўлинмади.
678 йилда Малик Саид салтанатдан четлатилди ва Каркка султон қилиб юборилди, кейин ўша йили оламдан ўтди. Мисрда унинг ўрнига укаси 7 ёшли Бадриддин Саломишни ўтказдилар ва унга “малик Одил” лақабини қўйдилар. Унга Сайфиддин Қаловунни “отабек” қилиб тайинладилар ва танганинг бир юзига унингисмини ёздилар. Хутбани иккисигаўқидилар. Ражаб ойида эса Саломиш ҳеч қандай низосиз султонликдан тушди. Қаловун султон бўлиб “малик Мансур” лақабини олди.
679 йили арафа куни Миср диёрида катта дўл ёғди, яшинлар тушди.
680 йили татар аскарлари Шомга етиб келдилар. Султон уларга қарши жангга чиқди. Сафлар тортилди, қаттиқ жанг бўлди ва мусулмонлар нусрат қозондилар. Аллоҳга шукур.
688 (1289) йилда султон уруш билан Тараблусни олди. 503 (1110-09) йилдан то ўша кунгача у насоролар қўлида эди. Бу шаҳар илк бор Муовия замонида фатҳ этилганди. Тож ибн Асир Яман ҳукмдорига бу ҳақида башорат этиб, бир китоб ёзган эди. Унда, жумладан, шундай дейди: “Ўша вақтдаги халифа ва подшоҳларнинг бари фақат ўзи билан ўзи овора, маишатга муккасидан кетган, ўзининг тинчлигиниёқ ўйлайдиган ва уруш ҳақида эшитишга тўгри келса, фақат қочиш йўлларини сўрайдиган, мансаб ҳақидаги орзусига эришиб бўлган, тангадаги номи ва хутбаси билан қаноатланиб юраверадиган бўладилар. Таланган бойликлар, тўнтарилган давлатлари! Улар шундайларга ўхшашади:
урушсалар ўлдирилурлар, қувилсалар қочурлар
жангда мағлуб бўлурлар, енгай деб туриб енгилурлар
токи Аллоҳ ўз динига нусрат бериб куфр ва унинг шайтонларини забун этгувчи зотни бермас экан.
Баъзиларнинг айтишича, Рум тилида Тароблуснинг маъноси уч қалъадур.689 йил зулқаъдасида Султон Қаловун дунёдан ўтди. Унинг ўғли Ашраф Салоҳиддин Халил султон бўлгач, у халифанинг мавқеини кўтарди. Отасининг даврида халифа четга чиқариб қўйилган эди. Ҳатто у халифадан подшоҳликка расман тайинлаш ҳақида фармон (тақлид) ҳам сўрамаган эди. Шундай қилиб, жума куни халифа одамларга хутба ўқиди. Унда ислом ҳокимиятини подшоҳ (малик) Ашрафга топширганини айтиб ўтди. Намозда имомликка Бадриддин ибн Жамоа ўтди. Кейин халифа жиҳодга чорловчи бир хутба (маъруза) айтиб унда Бағдодни эслатди ва уни қайтариб олишга даъват этди.
691 (1292—91) йили султон Рум қалъасини қамал қилди.
693 йили Тарважада султон ўлдирилди. Ўрнига ўша вақтда 9 ёшда бўлган укаси Муҳаммад Мансурни султон қилдилар. Унга “малик Носир” лақаби қўйилди. Кейин 694 йил у четлатилди ва Катбуғо Мансурий султонликни олди ва “малик Одил” номини олди.
Шу йили татарларнинг подшоҳи Қозон ибн Арғун ибн Абғо ибн Ҳулагу исломга кирди. Халқ хурсанд бўлди, лашкарлари орасида ҳам ислом тарқалди.
696 йили султон Дамашкда бўлган вақтида Лочин исён кўтарди. Амирлар унга қасамёд этишди. Унга ҳеч ким қарши чиқмади ва “малик Мансур” лақаби берилди. Шунда сафар ойи эди. Халифа унга қора сарпо (тўн) кийдирди ва унинг фойдасига фармон чиқарди. Одил Сархадга (Сурияда) ноиб қилиб юборилди. Сўнг 698 йил жумадул охирда Лочин ўлдирилди. Ўрнига малик Носир Муҳаммад ибн Мансур Қаловун қайтариб келинди. У Карқца сургунда эди. Халифа унга фармон ёзди. Одил бўлса Ҳамага ноиб қилиб жўнатилди. Ўша ерда 702 (1303-02) йилда ўлгунга қадар турди.
18-жумодул увло жума кечаси 701-санада халифа Ҳоким вафот этди. Унинг жанозаси Қалъа яқинидаги от бозорда, аср номозида ўқилди. Жанозада давлат одамлари ва аёнлар ҳозир бўлдилар. Ҳаммалари пиёда эдилар. У саййида Нафиса қабри яқинида дафн этилди. Уларнинг ичида у ерда дафн этилганларнинг биринчиси бўлди. Уларни (халифаларни) ҳозиргачаўша ерга кўмиб келиняпти. Халифаликни ўғли Абуррабеъ Сулаймонга васият қилган эди.Ҳоким даврида ўлган машҳур одамлар: шайх Иззиддин ибн Абдуссалом, ал-Алам ал-Лаврақий, зоҳид Абулқосим Қаборий, Зайн Холид Нобулисий, ҳофиз Абу Бакр ибн Судо, имом Абу Шома, Тож ибн бинт Ааъз, Абул Ҳасан ибн Адлон, Маждиддин ибн Дақиқ ал-Ийд, наҳвшунос Абул Ҳасан ибн Усфур, Камол Салор Ирбилий, “ат-Таъжиз” муаллифи Абдурраҳим ибн Юнус, тафсир ва “Тазкира” муаллифи Қуртубий, шайх Жамолиддин ибн Молик ва унинг ўғли Бадриддин, файласуфлар каттаси ва татарларнинг хос одамларидан Насир Тусий, “ал-Мустансирия” (мадраса) хазинабони Тож ибн Сабоий, Бурҳон ибн Жамоа, мантиқшунос Нажм Котибий, шайх Муҳ(й)иддин Нававий, ҳанафийлик имоми, садр Сулаймон, тарихчи Тож ибн Муяссар, муфассир Кавоший, Тақий ибн Разин, “Вафийётул аъён” соҳиби Ибн Халликон, нахвшунос Ибн Иёз, Абдулҳалим ибн Таймия, Ибн Жаъвон, Носириддин ибн Мунир, Нажм ибн Боризий, хилоф (ихтилоф) ва калом ҳақидаги асарлар муаллифи Бурҳон Насафий, тилшунос Ризо Шотибий, Жамол Шурайший, табиблар шайхи Нафисий, наҳвшунос Абул Ҳусайн ибн Абуррабе, “ал-Маҳсул” шарҳчиси Исфаҳоний, худосизликда айбланган шоир Афиф Тилмисоний, Тож ибн Фиркоҳ, Зайн ибн Мураҳҳал, Шамс Жавний, Из Форуқий, Муҳиб Табарий, Тақий ибн Бинт Ааъз, Ризо Қастантиний, наҳвшунос Баҳо ибн Наҳҳос, “ал-Хат” соҳиби Ёқут Мустаъсимий ва бошқалар.
Жалолиддин Суютий
"Тарих ал-хулафо"китобидан