close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Расулуллоҳ саҳобаларига ҳижрат учун рухсат беришлари

Ибн Саъд ўзининг "Табақот" китобида Оиша онамиз розияллоҳу анхудан шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуридан етмиш (байъатчи байъатлашиб) қайтгач, қувондилар. Зеро, Аллоҳ таоло у зот учун ҳимоячиларни, жангчиларни ва қўллаб-қувватловчиларни ҳозирлади.

Ибн Саъд ўзининг "Табақот" китобида Оиша онамиз розияллоҳу анхудан шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуридан етмиш (байъатчи байъатлашиб) қайтгач, қувондилар. Зеро, Аллоҳ таоло у зот учун ҳимоячиларни, жангчиларни ва қўллаб-қувватловчиларни ҳозирлади. Шу билан бирга мусулмонларга мушриклар тарафидан тазйиқлар кучайиб кетди. Аввал етказмаган озор-азиятларни етказа бошлашди. Бас саҳобалар бу ҳақда Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилишиб, ҳижратга изн сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳижрат диёрингиз менга билдирилди. У - Ясрибдир, ким у жойга чиқишни истаса, чиқаверсин", дедилар. Қавм тайёргарлик кўриб, яширин суратда Маккадан чиқиб кета бошладилар. Саҳобалардан Мадинага биринчи бўлиб етиб борган киши Абу Салама ибн Абдул-асад, ундан кейин Омир ибн Робиъа ва унинг аёли Лайло бинти Абу Ҳашамалар бўлишди. Сўнг саҳобалар тўп-тўп бўлиб кела бошладилар. Улар Ансорларнинг уйларига тушдилар. Ансорлар уларга бошпана бердилар, ёрдам қилдилар, ҳамдард бўлдилар".
Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларининг барчаси махфий равишда ҳижрат қилдилар. Фақат биргина саҳоба - Умар розияллоҳу анҳугина ошкора ҳижрат қилганлар. Алий ибн Абу Толиб   розияллоҳу   анҳу   ривоят  қилади:   
Умар розияллоҳу анху ҳижрат қилишни бошлар экан, қилич ва камонини елкасига осиб, Каъбанинг олдига оорди. Курайшликлар унинг саҳнида ўтиришганди. Хотиржамлик ва виқор билан Каъбани тавоф қилди. Сўнг Мақоми Иброҳимнинг олдига келиб, намоз ўқиб бўлгач, шундай деди: "Юзлари курисин, Аллоҳ бурунларини ерга ишқасин. Ким онасини азадор, боласини етим, хотинини тул қилишни хоҳласа, мана бу водийнинг орқасида менга йўлиқсин", деди-да, Мадина томон йўл олди. Мушриклардан эса садо ҳам чиқмади.
Шундай қилиб мусулмонлар бирин-кетин Мадинага ҳижрат қилишда давом этдилар. Бунинг натижасида Маккада Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Алий ҳамда мушриклар томонидан ҳибсга олинганлар ва заиф-беморларгина қолдилар.

Ибратли нукталар:
Маккада Пайғамбаримиз соллАллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бошига тушган синов-азобу азиятлар, мушрикларнинг калака ва масхараларидан иборат бўлса, уларга ҳижрат қилишга изн берилгандан кейинги синов-ватанларини, мол-дунё-ю, жой-жиҳозларини ташлаб кетиш бўлди.
Роббиларига холис, динларига вафодор бўлганликларидан, иккала синов олдида ҳам қийинчиликларни сабру сабот ва азму карор билан қарши олдилар. Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишга ишора қилишлари билан, ортларида ватанларини, мол-дунёларини қолдириб тўппа-тўғри ўша томонга юзландилар. Динларини сақлаб қолиш учун шундай қилдилар. Уларни эса Мадинада бошпана ва ёрдам бериш учун диндош ака-укалари кутиб турар эди.
Мана шу - ўз динини сақлаб қолиш йўлида на ватани, на мол-давлатига парво қилмайдиган, Аллоҳ учун динни холис қилган чин мусулмоннинг олий намунасидир.
Булар Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассаломнинг Маккадаги саҳобалари ҳақидадир. Энди маккаликларни багрига олган, уларга ҳамдард ва ёрдамчи бўлган Мадина аҳли ҳақида гапирадиган бўлсак, улар исломий биродарлик ва Аллоҳ йўлидаги муҳаббатнинг чин намунаси бўлдилар.
Ўзингизга маълум, Аллоҳ таоло диний биродарликни насабий ака-укаликдан устун қўйган. Шу сабабдан Исломнинг дастлабки даврида меросхўрлик диний қариндошлик асосига кўра белгиланган. Насабий қариндошлик асосига кўра эса фақат Мадинада Ислом давлати барпо бўлгандан кейингина белгиланган.
"Албатта иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ Йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни, тириклари бир-бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдирлар). Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни, ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича  сизлар  уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни, бир-бирларингизга   ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар)" (Анфол сураси, 72-оят).

Ҳижрат масаласидан икки шаръий ҳукм олинади.
1. Ҳарб - куфр давлатидан Ислом диёрига ҳижрат қилишнинг вожиблиги.
Аллоҳ таоло деди: "Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: "Қандай ҳолда яшадингиз?", деганларида: "Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик", дедилар. (Шунда фаришталар): "Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг Ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз Йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)", дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, (ҳижрат) йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган (кекса ёки ногирон) кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ афв этса. Зотан, Аллоҳ Афв этгувчи, Мағфират қилгувчи бўлган Зотдир."
2. Мусулмонлар диёрлари, шаҳарлари бошқа-бошқа бўлишига қарамасдан бир-бирларига ёрдам беришлари вожибдир.

Шайх Рамазон Бутийнинг
"Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase