Ҳозирги кунда зардуштийлар жамоаси Эрон ва Ҳиндистонда, хусусан Мумбай шаҳрида истиқомат қилади. Шунингдек, улар Покистон ва Шри-Ланка давлатларида ҳам учрайдилар. Зардуштийликка эътиқод қиладиганларнинг кўпчилиги ўзини парслар деб атайди. Улар орасида машҳур санъат вакиллари ҳам мавжуд. Америкалик “Queen” рок гуруҳининг лидери Фредди Меркьюри ҳам келиб чиқишига кўра парс бўлиб, умрининг охиригача зардуштийлик динига эътиқод қилган. Унинг рок гуруҳи рамзи ҳам зардуштийлик динида муқаддас қуш саналган Семурғ эди.
Таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда тадқиқотчи олимларнинг фикрига кўра “Авесто” ёзма ёдгорлигининг мазмуни билан Зардушт илгари сурган таълимот айни бир нарса эмас. Зардушт илгари сурган таълимот ўзининг изчиллиги ва мукаммаллиги билан ажралиб туради. “Авесто” эса инсон ҳаётининг турли қирраларини ва соҳаларини ўз ичига оладиган қонунлар ҳамда дуолар мажмуидир.
Ғарблик тадқиқотчи Лоуренц Миллзнинг таъкидлашига кўра: “Авесто” маънавиятнинг энг қадимий тарғиботчисидир”. Шу ўринда зардуштийлик борасида олимларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлаётган бир қанча саволлар туғилади: “Авесто” китоби ва зардуштийликни ҳақиқатан ҳам маънавият тарғиботчиси дея оламизми? У ҳозирги кун талабларига жавоб берадиган мукаммал таълимотми? Ушбу таълимот ва унинг муқаддас китоби етарлича ўрганилганми? Ундаги ижобий ғоялардан ташқари салбий ғоялар ҳам мавжудми?
Дарҳақиқат, Зардушт таълимоти ўз даври учун дунёнинг яратилишини, ривожланиш жараёни ва дунёнинг охири тўғрисидаги тасаввурларни яхлит, мукаммал тизимига айланган диний-фалсафий дунёқарашдир. Шу билан бирга у турмушнинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатларини ўз ичига қамраб олган. Шундай ижтимоий масалалардан бири оила ва никоҳ масаласи ҳисобланади. Ҳозирда энг баҳсли масалалардан бири зардуштийликдаги хваэтвадата одати, яъни зардуштий инцестидир. Инцест сўзи “яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ” деган маънони англатади. Тарихий манбаларнинг келтиришича, Эронда эр.ав. V аср бошларида зардуштийлар орасида ота-оналар ва болалар, шунингдек ака-ука ва опа-сингиллар ўртасидаги никоҳ рағбатлантирилган. Айнан ушбу одат хваэтвадата деб номланган ва “Авесто”да ҳам келтирилган.
Зардуштийларга зоҳидлик доим бегона туйғу бўлган. Улар эзгулик ибтидоси Ахурамазда жангчиларини кўпайтиришга хизмат қиладиган авлодни етиштирмоқликка аҳамият билан эътибор қаратишган. Замонавий нуқтаи назардан ахлоқсиз бўлган зардуштийларнинг хусусияти - бу уларнинг яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга ишқибозлиги саналади. Юнон тарихчиси Геродот ва бошқа қадимгидунё тарихчиларининг хабар беришича, зардуштийларда ота ва қиз, ака ва сингил ўртасидаги никоҳ одат бўлган. Геродотнинг замондоши Лидиялик Ксанф (эр.ав. 484-425 йиллар) шундай ёзади: “Эркак коҳинлар (яъни зардуштийлар) ўз оналари билан жинсий яқинлик қиладилар. Улар шунингдек ўз сингиллари ва қизлари билан ҳам алоқага киришишлари мумкин” [1.67-68].
Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашича, мидияликларнинг ўзи зардуштийликни қабул қилгунга қадар қон қўшилиши одатига риоя қилмаганлар. Зардуштийликни чуқур ўрганган машҳур тадқиқотчи Мэри Бойс яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг сабабини илк зардуштийларнинг камсонлигида кўради. Улар бошида бир неча оиладан иборат бўлган. Шу бир қисм зардуштийлар ўзларининг диндошлари билан қариндошлик алоқаларини ўрнатишга ҳаракат қилганлар, шунинг учун яқин қариндошлар ўзаро никоҳга киришган. Кейинчалик яқин қариндошлар ўртасидаги ўзаро никоҳ, яъни хваэтвадата одатий ҳол бўлиб, ҳатто оташпарастларнинг муқаддас урфига айланди. Бундай никоҳ тури, хусусан агар бир оила ичидаги яқин қариндошлар – ота ва қиз, ака ва сингил ёки она ва ўғил никоҳланадиган бўлса мақтовга сазовор амал саналган. Хваэтвадата атамаси зардуштийликнинг рамзи Фраваранада (Ясна.12,9) келтирилади: “Мен ўзимни Маздага эътиқод қилувчи, душманларни қуролини туширишга мажбур этадиган, солиҳ амал ҳисобланмиш хваэтвадата одатини қўллайдиган диннинг издоши деб эълон қиламан” [1.67].
Шунингдек, тадқиқотчи М. Бойснинг “Зардуштийлар: эътиқод ва урф-одатлар” китобининг “Камбиз” бўлимида қуйидаги маълумотлар келтирилади:“...Агар Геродотнинг келтирган хабарларига ишонадиган бўлсак, Камбизгача ғарбий эронликларга хваэтвадата никоҳ одати маълум бўлмаган. Бироқ битта шоҳнинг истаги билан пайдо бўлган одатнинг барча диндорларга диний бурч сифатида жорий этилиши жуда ҳам қизиқ...”. Эҳтимол зардуштийлар жамоасининг илк ривожланиш босқичида хваэтвадата одати уларнинг яшаш учун курашишлари сабабидан пайдо бўлган. Улар кам сонли бўлганликлари учун яқин қариндошлар ўртасида ўзаро никоҳ қурганлар. Натижада, ўтмишдаги урф ва анъаналарни эъзозлашга жиддий эътибор берадиган зардуштий коҳинлари қариндошлар орасидаги бундай никоҳлар динни мустаҳкамлашга ёрдам беради деган хулосага келганлар ва бу одат мақтовга лойиқ ҳисобланган. Айнан шу сабабли Камбиз бу солиҳ амални қабул қилган биринчи Эрон шоҳи бўлган. Бадиий адабиётлар, тарихий ҳужжатлар ва манбаларда бу ҳақда маълумотлар келтирилган. Хваэтвадата одатига аслзодалар, диний арбоблар ва жамоанинг оддий аъзолари ҳам эр.ав. VI асрдан то эрамизнинг X асрига қадар риоя қилиб келганлар. Эронда ҳозир ҳам амакиваччалар ўртасидаги никоҳ мақбул ҳисобланади.
Геродотнинг келтиришича, Эрон шоҳи Камбиз (эр.ав. 522 й.в.э.) ўзининг икки синглисига уйланган. Аҳоманийлар, Парфия ва сосоний шоҳлари ҳам бу одатга амал қилганлар. Парфия давридаги ҳужжатда шундай дейилади: “Шаҳаншоҳ Арсаг...ва унинг қондош синглиси ҳамда хотини, малика Сиас ҳукмдорлиги даврида...”. Сосоний шаҳаншоҳи Ардашер ҳам (226-239 й) ўз синглиси Денакка уйланган, Шопур I (239-272 й) эса ўз қизи Адур-Анахидни Маликалар маликаси, яъни рафиқаси қилган [1.67].
Яҳудий тарихчиси Иосиф Флавий (37 й.) Парфия шаҳзодаси Фраатак ўзаро ишқий муносабатлари бўлган онаси билан жиноий фитна уюштириб, ўз отаси Фраата V ни ўлдирганлигини ёзади. XI асрда келтирилган паҳлавий манбаларида ака ва сингил ўртасидаги бузилган никоҳ ҳақида келтирилади (Ривайат Адурфарнбаг CXLIII) [2.35].
Хваэтвадата авесто тилида “қариндошга узатилган”, яъни “яқин инсон учун ўзини қурбонликка келтириш” деган маънони англатади. Паҳлавий тилида “хведода” – ватанпарварлик, ўзини қурбон қилиш деганидир. Шунингдек, ўз ярми билан холи қолиш маъносини ҳам беради. Аҳоманийлар даврида, яъни зардуштийликнинг сўнги даврларида хваэтвадата ўша пайтда рағбатлантирилган яқин қон қариндошлар ўртасидаги никоҳни билдирган. Зардушт даврида ушбу атама бундай маънони англатмаган. На Зардушт ва на унинг фарзандлари қондошлари билан ўзаро никоҳга киришмаганлар. Замонавий зардуштийлар ҳам бундай никоҳни қатъиян рад этадилар [3.378].
Зардуштийларнинг “Солиҳ Вираз ҳақидаги китоб” асарида ҳам яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга далил бўладиган ривоят келтирилади: “Виразнинг етти синглиси бор эди ва еттови ҳам Виразга хотин эди. Улар муқаддас дуоларни ёд билиб, ибодат қилардилар. Акаларининг бошига тушган мусибатни эшитиб, сингиллари жуда қайғу-андуҳга тушдилар, йиғлаб оҳу-фиғон этдилар. Улар зардуштийлар кенгашига келиб, таъзим қилдилар ва шундай дедилар:“Эй зардуштийлар, ўтинамиз, бундай қилманглар, чунки биз етти опа-сингилмиз, у эса битта ака ва еттимиздан ҳар биримиз унга хотинмиз. Биз бамисоли бир устунга таянган томнинг етти тўсинимиз. Агар устун олиб ташланса,тўсинлар қулайди. Биз, етти опа-сингил учун акамиз Тангри ёрдамида ҳаёт кечирмоғимизни, рўзғоримизни таъминлайдиган ва бизга эзгулик олиб келадиган ягона инсондир. Сизлар уни муддатидан олдин тириклар салтанатидан ўликлар салтанатига жўнатмоқдасиз ҳамда бирор сабабсиз бизга жабр қилмоқдасиз”. Зардуштийлар орасидаги яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ оиладаги тотувликни мустаҳкамлайди, демак, бундай иш Тангрига ҳам ёқади деб ҳисобланган.
Машҳур сиёсатшунос ва давлат арбоби Абу Али Низомул-мулк XI асрда зардуштийларнинг одатларини тадқиқ этиб, шундай ёзади: “Агар эркак киши ўз уйига йигирмата ошнасини таклиф этса, улар нон, гўшт ва ширинликларни еб-ичгач, мусиқачи ва ашулачиларни тинглагач, навбат билан унинг хотини билан ишқий алоқага киришишлари керак эди. Бу уятли иш саналмасди”. V асрга келиб зардуштийликдаги аввалги одатларни янгилашга ва ислоҳ этишга ҳаракат қилинди. Эронда Маздак ҳаракати кенг ёйилди. У ўзини Зардуштдан кейинги пайғамбар деб эълон қилди. Маздак аёлларнинг умумий бўлиши лозимлигини ёқлаб чиқди: “Хотинлар сизларнинг хусусий мулкингиздир ва улар ҳам умумий бўлиши зарур, чунки ҳеч ким шаҳвоний лаззат ва роҳатдан маҳрум бўлмаслиги керак, майл ва истаклар дарвозаси ҳар бир киши олдида очилсин”. Маздакнинг ўзи чексиз ҳокимиятдан фойдаланарди ва юксак таъсир кучига эга эди. У зардуштийларнинг олий коҳини – маъбадан маъбад деб эълон қилинди. Ушбу ҳаракатни тўлиқ йўқотиб бўлмади, чунки унинг умумий тенглик, мол-мулкнинг тенг тақсимланиши ва аёллардан умумий фойдаланишҳақидаги ғоялари халққа манзур келганди. Ҳатто XII асрда ҳам Эроннинг бир қисм аҳолиси маздакийлар таълимотига мансуб эди.
Ислом динининг тарқалиши хваэтвадата одатига қарши мусулмон уламоларининг кескин кураш олиб боришига олиб келди. Уларнинг босими остида XIV асрдан бошлаб, зардуштий коҳинлари яқин қариндошлар орасидаги никоҳни тўхтатишни талаб эта бошладилар. Бироқ никоҳда бироз эркинлик сақланди, яъни бир аканинг ўғли иккинчи биродарининг қизига уйланиши сақлаб қолинди. Ҳозир ҳам зардуштийларда бундай никоҳ мавжуд. Оташпарастлар ўртасидаги яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ушбу мамлакатларда ислом динининг тарқалиши сабабли барҳам топди. Қуръоннинг Нисо сурасида шундай дейилади: “Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир! Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди” (Нисо сураси, 22-23). Ҳозирда парслар ушбу хваэтвадата одатидан бутунлай воз кечганлар ва ҳатто бундай одат ўтмишда бўлганлигини инкор қиладилар.
Исломда шариатга мувофиқ уч авлоддан яқин қариндошлар орасида никоҳ бўлмаслиги керак. Машҳур уламо Абу Ҳомид ал-Ғаззолий (1058-1111 й) хотин яқин қариндошлардан, яъни амакиваччаларнинг қизи ва сингиллари бўлмаслиги лозим деб айтади [4.56]. Ҳадисларда келтирилишича, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом: “Нимжон авлод туғилмаслиги учун қариндошларга уйланмангиз” деган. Саҳоба Умар ҳам ўз уруғи орасида никоҳга киришадиган ас-Соиб қавмига шундай деганлиги ёзилади: “Сизларнинг фарзандларингиз касалманд ва нимжондир, шунинг учун бошқа уруғлар билан никоҳланишингиз лозим”. Замонавий тиббиёт фанининг ҳам аниқлашича, яқин қон-қариндошлар билан оила қурганда турли касаллик билан болалар туғилиши хавфи сезиларли даражада ошаркан [5.43].
Шубҳасиз, ўқувчи хаёлида ўринли савол туғилади: қандай қилиб бундай зардуштийлик каби донишманд ғоя инцест, яъни қон-қариндошлар ўртасидаги никоҳни қувватлаши мумкин? Қандай қилиб ёруғлик ва эзгулик дини бунақа хайрли бўлмаган амални рағбатлантириши мумкин?
Аввало, хваэтвадата атамаси юқорида келтирилган таржимадан кўриниб турибдики, том маънода англанадиган ва оддий инсон табиатига хос маъно-мазмунни билдиради. Агар одамлар оила қурадиган бўлишса, улар бамисоли қариндошлар каби, ўзаро бир-бирларини тушунадиган, қалбан ва маънан яқин бўлишлари керак. Бунда қонга кўра яқинлик маъноси йўқ, яъни айнан қариндошлик назарда тутилмаган. Зардуштнинг хотин сингил каби бўлиши лозим деган сўзи маънавий қариндошликни англатган. Бироқ кейинчалик буни айнан қабул қилиб, ўзга маънода тушунганлар. Яъни “сингил каби” сўзидаги “каби” боғловчиси тушиб қолдирилган.
Шубҳасиз, зардуштийлар қон-қариндошлик никоҳига ёппасига берилган дейиш нотўғри бўларди. Замонавий илм-фан, хусусан авлодлар ўртасидаги қон-қариндошлик таъсирини ва генетикани ўрганиш қадимдан маълум бўлган қонуниятни, яъни бундай никоҳда авлоднинг йўқолиб кетишини аниқлади.
Генетик олимлар бундай никоҳдан носоғлом фарзанд туғилиши хавфини ҳисоблаб чиқдилар. Қариндош бўлган кишилар ҳар хил қариндошлик даражасига эга ва шунга мувофиқ ҳолда уларда носоғлом бола туғилишининг турлича хавфи мавжуд. Генетиклар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни қуйидаги тартибда таснифлайдилар:
1. Биринчи тартибдаги қариндошлар – бу ака ва сингиллар, турли уруғдаги эгизаклар, ота-она ва болалар. Бундай қариндошлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар инцест деб аталади ва нуқсонли саналади. Бундай қаридошлар ўртасида носоғлом фарзанд туғилиш хавфи қарийб 60%ни ташкил этади.
2. Иккинчи тартибдаги қариндошлар – бу амаки-тоға, амма-хола, жиян, бобо, буви, шунингдек, қондош ака ёки сингил. Бундай қариндошлардан касал бола туғилиши хавфи қарийб 25%.
3. Учинчи тартибдаги қариндошлар – амакивачча, амакини қизи, ўгай амаки, ўгай жиян. Бундай никоҳдан касал бола туғилиши хавфи 4-6%га тенг.
Бинобарин, бундай авлодда руҳий ва ақлий заифлар, жисмоний нуқсонли кишилар дунёга келади. Илм-фан сочнинг малла қизғиш ранги аждодларнинг ўзаро қариндошлик алоқаларига эга бўлганлигига далолат беришини исботлаган. Маълумки, шотландлар, викингларда ҳамда узоқда ва изоляцияда жойлашган аҳоли масканларида қизғиш оловранг сочли болалар туғилиши кўп қайд қилинади. Миср фиръавни Рамсес II ҳам қизғиш сочи билан қора сочли мисрликлардан ажралиб турганлиги маълум. Қадимги Миср фиръавнлари ўз сингилларига уйланиши одатий бўлган. Натижада, уларда турли нуқсонли болалар туғилган. Ҳамма вақт дунё халқлари бу қонуниятдан хабардор бўлишган ва агар уни унутсалар авлод қирилиб кетишини билганлар.
Эрон билан қўшни бўлган Византия давлатида никоҳ борасида жуда қаттиқ қоидаларга амал қилинган. Никоҳга кирадиганлар учун қонун ёш чегарасини белгилашдан ташқари, олтинчи бўғинга қадар қариндош бўлган шахслар учун никоҳ қуриш таъқиқланган. Ҳатто XI-XII асрларда еттинчи бўғиндагиларнинг ўзаро турмуш қуриши ман этилган. Никоҳ қуришдаги асосий тўсиқ маънавий яқинлик саналган: чўқинтирган ота-оналар ва уларнинг фарзандлари руҳан қариндош ҳисобланган. Масалан, чўқинтирган ота билан чўқинтирилган қиз ўртасидаги никоҳ қурганлар қон қўшишганлиги учун жазога тортилган ва бурни кесилган [6.199].
Шу ўринда айтиш жоизки, зардуштийларнинг ўзи аксинча, бундай қариндошлар ўртасидаги никоҳга қарши бўлганликларини эътироф этадилар. Барча даврларда зардуштийлар ўз гўзаллиги, соғлиги ва фаровонлиги билан машҳур бўлганлар. Демак, тадқиқотчилар нотўғри хулоса чиқарган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас. Зардуштийлар ҳам қон қўшилиши ҳеч қачон бўлмаган деб исботлашга ҳаракат қиладилар. Кирнинг ўғли Камбизга келадиган бўлсак, бу ерда у фиръавнларга ўхшамоқликни истаб ўз синглисига уйланган дейилади. Эр. ав. 530 йилда Кирнинг ўлимидан сўнг унинг катта ўғли Камбиз II Эрон шоҳи бўлади. У 525 йилда Мисрни эгаллайди ва Миср подшоси деб эълон қилинади. У янги XXVII фиръавнлар сулоласига асос солади. Расмий Миср манбаларининг хабар беришича, Камбиз мисрликлар муҳаббатини қозониш учун Миср урф-одатларига мувофиқ тахтга ўтиради ва уларнинг санасини қўллай бошлайди ҳамда “Миср подшоси, мамлакатлар подшоси”, фиръавнларнинг анъанавий унвони “Ра ва Осирис худоларининг авлоди” деган номни олади [7.210].
Зардуштийлар “Солиҳ Вираз ҳақидаги китоб” асаридаги Виразнинг етти хотини ҳақида гапирганда, унинг матни бузилган дейдилар ва зардуштийлар моногам бўлганлигини даъво қиладилар. Улар ҳатто мусулмонларда ҳам 4 та хотиндан кўпига уйланиш мумкинмаслигини важ этиб кўрсатадилар. Яъни бу асардаги Виразнинг сингил-хотинлари рамзий маънога эга деб айтадилар. Зардуштийлар доим илм ва фанни эъзозлаганликлари ва Авесто Даэнанинг барча мадҳияларида доим Пок илм эслатилиши бежизмаслигини таъкидлайдилар. Эрон ва Ҳиндистондаги бугунги зардуштийлар бундай айбларни рад этадилар ҳамда Зардушт васиятига амал қилган ҳолда хотинликка руҳан яқин суюкли аёлни сингил каби ўз никоҳларига олишларини таъкидлайдилар. Олимларнинг қон-қариндошлар ўртасидаги никоҳ борасидаги айтган гапларини ўзларининг ёруғ ва эзгу анъаналарини бадном қилиш деб биладилар [8].
Зардуштийларнинг хваэтвадата тўғрисида яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сифатида тасаввурнинг пайдо бўлиши мерос қонуни ва никоҳ турларида талқин этилади. Зардуштийларда айук зан ва сатор зан деган тушунчалар мавжуд бўлиб, улардаги мерос ҳуқуқи ҳам шу асосда шакллантирилган. Агар бирор кишининг ўғли бўлмаса ва унинг бир ёки бир неча қизи бўлса, ўша ягона қиз ёки қизларидан кенжаси турмушга чиқса, у “айук зан” деб аталади. Бу айук заннинг биринчи ўғли она тарафидан бўлган бобоси томонидан ўғил қилиб олинади, яъни унга уруғнинг сақланиши учун бобосининг фамилияси берилади. Натижада отанинг қизи томонидан фарзанд қабул қилиб олиши, оила бобо ва набирани бир хил номлаганини англатади. Бу одат зардуштийлар фикрича, бошқа халқларнинг ота ва қиз ўртасидаги никоҳ ҳақидаги нотўғри фикрнинг шаклланишига сабаб бўлган. Агар вояга етган киши уйлангунга қадар дунёдан ўтган бўлса, унинг қариндошлари ўша одамнинг синглиси тўй харажатларини бир шарт билан тўлашлари мумкин бўлади. Бу шартга кўра ўша марҳумнинг синглиси туғилажак фарзандларининг бирига акасининг исмини бериши лозим бўлган. Ўша аёл “сатор зан” деб аталган. Сатор заннинг ўғли марҳум мулкининг меросхўри бўлишга, унинг фамилиясини олишга ҳақли бўлган. Демак, марҳум ака ушбу фарзандга ота каби саналган. Бу одат ҳам ака ва сингил орасида умумий фарзанд борлиги ҳақида турли уйдирмаларнинг тарқалишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Шу сабабли зардуштийлар хваэтвадатани қариндошлар ўртасидаги никоҳ эмас, балки ўзини фидо этишни англатадиган сифат дейдилар. Авесто ва Зардушт яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни ҳеч қачон ёқламаган. Агар зардуштийлар ҳақиқатан ҳам ёппасига инцестни қўллаганида, улар 150-200 йил ичида қирилиб кетган бўларди, деб таъкидлайдилар [9].
Кўриниб турибдики, зардуштийликдаги оила масаласи ва хваэтвадата одати ҳозирда ҳам мунозарали ва ўз ечимини топмаган муаммони ўртага қўймоқда. Хулоса қилиб айтганда, Авесто ва зардуштийликни ўрганганда ундаги ғояларни, хусусан оила ва хваэтвадата масаласини танқидий ёндашган ҳолатда тушунтириш, керак бўлса изчил ва чуқур таҳлил этиш лозим. Таълим жараёнида ҳам зардуштийликдаги оила муносабатлари ва хваэтвадата одатини холисона тушунтириш ҳамда салбий жиҳатларини айтиб ўтмоқ зарур. Албатта, ушбу масала келгусида олимлар манбаларни тадқиқ қилган ҳолда ўз ечимини топади ва асрлар давомидаги баҳсларга ойдинлик киритилади деган умиддамиз.
АДАБИЁТЛАР
1. Zoroastrians: Their Religious Beliefs and Practices (Library of religious beliefs and practices). London:Routledge/Kegan Paul; Corrected repr. 1984; repr.with new foreword 2001.-67-68 Б.
2. Алиев Кемал. Античные источники по истории Азербайджана. Баку, Элм, 1987.-35 Б.
3. “Хордэ Авеста”, пер. Михаила Чистякова, СПб, 2005.- 378 Б.
4. Абу Ҳомид Ғаззолий. Иҳёу улумид-дин. Қўлёзма.2-жилд.- 56 Б.
5. Abdel Rahim Omran.Family Planning In the Legacy of Islam.UNPF edition. London and New York, Routledge, 1998.- 43 Б.
6. Литаврин Г.Г. Как жили византийцы. Семья и брак. СПб., Алетейя, 1999.- 199 Б.
7. Бойс М. “Зороастрийцы. Верования и обычаи”. Перевод с английского и примечания И.М. Стеблин-Каменского. М., Главная редакция восточной литературы издательства “Наука”, 1988.- 210 Б.
8. http://blagoverie.org/world/faq/index.
9. www.zoroastrian.ru
Қодиров Давронбек