close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бадабер қамоқхонасида исён кўтарган совет аскарларининг ўлиб кетиши

1985 йил 26-27 апрел кунлари Покистонда Пешовар яқинида содир бўлган воқеалар ҳақида СССР аҳолисидан ташқари бутун дунё билиб олди. Аммо Ғарб оммавий ахборот воситалари КГБ Бадабердаги махфий қамоқхонада исён кўтарган совет ҳарбий асирларининг ўлими учун энг шафқатсиз тарзда қасос олганига ишончи комил.

Бадабер – яширин жангарилар

Бадабер мустаҳкамланган ҳудуди америкаликлар томонидан «совуқ уруш» бошида ЦРУ нинг Покистондаги резидентураси Пешовар филиали сифатида ташкил қилинган.
Афғон уруши пайтида Бадабер қишлоғида гуманитар ёрдам маркази жойлашган бўлиб, у гўёки қочқинлар орасида очарчиликнинг олдини олиши керак эди. Аммо аслида у ўз ватанларида бедарак йўқолган деб ҳисобланган совет ҳарбий асирлари яширинча сақланадиган аксилинқилобий афғон партияси, Афғонистон Ислом жамияти жангарилари мактабига ниқоб бўлиб хизмат қилган.

Исён

Бундан 30 йил муқаддам, 1985 йил 26 апрелда, бутун Совет Иттифоқи яқинлашиб келаётган Ғалаба кунининг 40 йиллигига тайёргарлик кўраётган пайтда, соат 18:00 атрофида Бадабер қалъасида ўқ овозлари эшитилди. Лагернинг деярли барча қўриқчилари шом намозини ўқиш учун кетганидан фойдаланиб, бир гуруҳ совет ҳарбий асирлари артиллерия омборларида иккита қўриқчини йўқ қилиб, қуролланиб, асирларни озод қилишди ва қочишга ҳаракат қилишди.
ИОА раҳбари, Афғонистоннинг собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний кейинроқ эслаганидек, совет аскарларидан бирининг ҳаракатлари қўзғолон учун сигнал бўлиб хизмат қилган. Йигит егулик олиб келган қўриқчини қуролсизлантиришга муваффақ бўлди.
Шундан сўнг у маҳбусларни озод қилди ва улар қамоқхона қўриқчиларидан қолган қуролларни ўз қўлига олган. Кейинги ҳаракатар вариантари фарқ қилади. Баъзи маълумотларга кўра, улар яшириниш учун дарвозани ёриб ўтишга ҳаракат қилишган. Бошқаларнинг фикрига кўра, уларнинг мақсади радио минораси бўлиб, унинг ёрдамида СССР элчихонаси билан боғланмоқчи бўлишган. Покистон ҳудудида совет ҳарбий асирларининг ушлаб турилиши Покистоннинг афғон ишларига аралашганлиги ҳақида муҳим далил бўлар эди.

Қамоққа ҳужум

Нима бўлганда ҳам, исёнчилар бор қуролларни қўлга киритиб, қўриқчилар бўлинмаларини йўқ қилиш учун кулай позицияларни эгаллаб олдилар.
Совет аскарлари катта калибрли пулемётлар, М-62 миномётлари ва танкга қарши қўл гранатометлари билан қуролланган эди.
Базанинг бутун шахсий таркиби - 3000 га яқин киши, АҚШ, Покистон ва Мисрдан келган инструкторлар билан биргаликда тревога бўйича кўтарилди. Аммо уларнинг қўзғолончиларнинг позицияларини босиб олишга бўлган барча уринишлари мағлубиятга учради.
Соат 23.00да Афғонистон Ислом жамияти раҳбари Бурҳониддин Раббоний мужоҳидлар Холид ибн Валид полкини кўтариб, қалъани қуршаб олди ва исёнчиларга ўз жонлари эвазига таслим бўлишни таклиф қилди. Қўзғолончилар жавоб тариқасида талаб қўйдилар - СССР, ДРА, Қизил Хоч ва БМТ элчихоналари вакиллари билан боғланиш. Рад жавобини эшитган Раббоний қамоқхонага ҳужум қилишга буюрди.

Ҳал қилувчи зарба

Тун бўйи давом этган шиддатли жанг ва мужоҳидларнинг йўқотишлари руслар таслим бўлмоқчи эмаслигини кўрсатди. Қолаверса, ИОА раҳбари Бурҳониддин Раббонийнинг ўзи ҳам гранаталар ёмғири остида бир ўлимдан қолди. Қўзғолончиларга барча мавжуд кучларни ташлашга қарор қилинди. «Град», танклар ва ҳатто Покистон ҳаво кучларининг бирваракайига зарбаси берилди.
Шундан кейин нима содир бўлганлиги, афтидан, абадий сир бўлиб қолади. Покистонлик учувчилардан бирининг хабарини қўлга туширган 40-армиянинг махфийлиги ошкор этилган радио разведка маълумотларига кўра, исёнчиларга бомбали ҳужум уюштирилган ва бомбалардан бири патронлар, замонавий ракеталар ва снарядлар сақланадиган ҳарбий омборга тушган.
Бадабернинг маҳбусларидан бири Рустамов Носиржон Умматқулович кейинроқ шундай ҳикоя қилади:
"Раббоний қаёққадир кетиб қолди, орадан кўп ўтмай пушка пайдо бўлди. У ўқ отишни буюрди. Пушкадан отилган снаряд омборга келиб тушди ва кучли портлаш содир бўлди. Ҳамма нарса осмону-фалакка кўтарилди. На одамлар, на бинолар – ҳеч нарса омон қолмади. Ҳаммаси ер билан битта бўлди ва қора тутун қоплаб олди".
Деярли ҳеч ким омон қолмади. Портлаш пайтида ҳалок бўлмаганлар душманлар томонидан ўлдирилган. Тўғри, агар Пешовардаги Америка консуллигининг АҚШ Давлат департаментига юорган ва қўлга туширилган хабарига ишонадиган бўлсак: "Уч совет аскари қўзғолон бостирилгандан кейин омон қолишга муваффақ бўлди".
Мужоҳидларнинг йўқотишлари қуйидагича бўлди: 100 мужоҳид, 90 покистон аскари, шу жумладан 28 зобит, 13 Покистон ҳукумати аъзоси ва 6 америкалик инструктор ҳалок бўлди. Портлаш маҳбуслар ҳақидаги маълумотлар сақланадиган қамоқхона архивини ҳам йўқ қилди.
Воқеа такрорланмаслиги учун қўзғолондан бир неча кун ўтиб Афғонистон Ислом партияси раҳбари Гулбиддин Ҳикматёр “Русларни асирга олманглар” деган буйруқ чиқарди.

Реакция

Покистон воқеани яшириш учун барча зарур чораларни кўрганига - ўлим  таҳдиди остида сукут сақлаш, рухсат этилмаган шахсларнинг ҳудудига киришни тақиқлашга қарамай, совет ҳарбий асирлари ва қўзғолонни шафқатсизларча бостириш ҳақидаги маълумотлар матбуотда пайдо бўлди. Бу ҳақида биринчи бўлиб Пешовардаги "Сапфир" журнали ёзган, аммо нашри мусодара қилинган ва йўқ қилинган. Орадан кўп ўтмай, Покистон «Мусулмон газетаси» бу хабарни эълон қилди ва бу хабар дарҳол асосий оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилди.
Эски ва Янги дунё содир бўлган воқеаларни турлича изоҳлади. Европаликлар россиялик ҳарбий асирларнинг ўз озодлиги учун тенгсиз жанги ҳақида ёзган бўлса, "Америка Овози" ўндан ортиқ рус асирлари ва шунча афғон ҳукумати аскарларини ўлдирган кучли портлаш ҳақида гапирди. АҚШ Давлат департаменти 1985 йил 28 апрелда қуйидаги мазмунда «тўлиқ» маълумотни эълон қилди: "Гуманитар лагернинг тахминан бир квадрат милялик майдони снарядлар, ракеталар ва миналар, шунингдек, инсон қолдиқларининг зич қатлами остида қолганди. Портлаш кучи шу даражада эдики, маҳаллий аҳоли 14 нафар десантчи ҳам ушлаб турилган лагердан тўрт миль масофада ҳам қолдиқларни топишган, қўзғолон бостирилгандан кейин фақат икки киши омон қолганди"
Аммо қўзғолон бўлганлигини 1985 йил 9 майда Исломбоддаги Совет элчихонасига ташриф буюрган Халқаро Қизил Хоч вакили Девид Деланранц тасдиқлади. Бироқ, СССР ташқи ишлар вазирлигининг норозилик нотаси билан чекланиб, содир бўлган воқеалар учун тўлиқ жавобгарликни Покистон ҳукуматига юклади ва давлатнинг ДРА ва СССРга қарши тажовузда иштирок этиши нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқаришга чақирди. Шу баёнотни эълон қилиш билан чекланилди. Охир-оқибат, совет ҳарбий асирлари Афғонистон ҳудудида "бўлиши мумкин эмас" эди.

КГБ қасоси

Бироқ, СССРнинг норасмий жавоби ҳам бўлди. Журналистлар Карлана (Kaplan) ва Бурки (Burki S) маълумотларига кўра, совет махсус хизматлари бир қатор қасос операцияларни амалга оширган. СССР бу воқеани жавобсиз қолдирмаслиги ҳақида 1985 йил 11 май куни Совет Иттифоқиниг Покистондаги элчиси Виталий Смирнов ҳам баёнот берди.
"Бадаберда рўй берган воқеалар учун жавобгарлик тўлалигича Исломобод зиммасида", - деб огоҳлантирди Смирнов Покистон президенти Муҳаммад Зиё-ул-Ҳақни.
1987 йилда Совет қўшинларининг Покистон ҳудудига босқинлари натижасида 234 мужоҳид ва Покистон аскари ҳалок бўлди. 1988 йил 10 апрелда Исломобод ва Равалпинди ўртасида жойлашган Ожҳри лагерида ўқ-дорилар омборида кучли портлаш содир бўлиб, 1000 дан 1300 гача одам ҳалок бўлди. Терговчилар қўпорувчилик содир этилган деган хулосага келишди. Орадан бироз вақт ўтиб, 1988 йил 17 -августда Президент Зиё-ул-Ҳақнинг самолёти ҳалокатга учради. Покистон разведка хизматлари ҳам бу воқеани Бадабер учун жазо сифатида КГБ фаолияти билан бевосита боғлаган. Шундай бўлсада, СССРнинг ўзида бу воқеалар ошкор этилмади.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase