close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

АСҲОБИ КАҲФ ИЗИДАН

  • Чоршанба, Апр 28 2021
  • Муаллиф  Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУН

Қуръони каримнинг ўн саккизинчи сураси “Каҳф” — “ғор” деб аталади. Унда даҳрий ҳукмдор таъқибидан қочиб ғорга яширинган йигитлар, яъни, “ғор эгалари” ҳақидаги қисса баён этилган.

“Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат-марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни ¤зинг ўнглагин!” деганлар. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, ухлатиб) қўйдик. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билишлари учун уларни уйғотдик. (Эй Муҳаммад,) Биз сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўйи-рост сўйламоқдамиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир” (10—13, мазмуни).

Муфассирлар айтишича, Исо, алайҳиссалом, замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида Дақёнус номли золим шоҳ одамларни бутларга сиғинишга мажбурлар, амрига бўйсунмаганларни ўлдирар экан. (Турк олими Ҳорун Яҳёнинг “Ҳалок бўлган қавмлар” китобида бу золим шоҳ Рум императори Детсий (Decius) деб келтирилади.)
Пайти келиб фуқаролардан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортиб, бутларга сиғинишни рад этгани ҳақидаги хабар унга етказилди. Улар саройда сўроқ қилинганида: “Бизлар ёлғиз Аллоҳдан ўзгага сиғинмаймиз”, деб жавоб қилишади. Подшоҳ уларга эрталабгача ўйлаб кўришга муҳлат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб: “Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра, бу диёрни ташлаб кетганимиз маъқул”, деб тун қоронғусида шаҳарни тарк этишади. Тонгга яқин тоғдаги бир ғорга яширинишади. Эрталаб бундан хабардор бўлган шоҳ аскарлари билан ғор оғзига етиб келади, аммо аскарлар ичкари киришга қўрқишади. Шунда Дақёнус қочоқлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетсин деб ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Аммо Аллоҳ таоло бу солиҳ ва содиқ бандаларини ҳалокатдан сақлаб, узоқ уйқуга чўмдиради. Улар уйғонганларида орадан уч юз йил вақт ўтган эди. Йигитлардан бири егулик излаб яширинча шаҳарга тушади. Бозорда хариди учун танга узатганида уларни билиб қоладилар. Одамлар Дақёнус анча олдин ўлиб кетганини, ҳозир мўмин, солиҳ бир одам подшолик қилаётганини айтишади.
Бу қисса Аллоҳ таолонинг бандаларни қиёмат куни ҳисоб-китоб учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир далилдир.
Тарих китобларидан маълум бўлишича, ана шу “асҳоби каҳф” — ғор эгалари Исога, алайҳиссалом, эргашган, унинг ҳали одамлар бузиб юборишмаган шариатига амал қилувчи илк насронийлар бўлишган. Шимоли-ғарбий Онадўли (ҳозирги Туркия ҳудуди)даги Рум ҳукмдори Плиний (69—113 йиллар) император Троянга ёзган мактубида “Императорнинг ҳайкалига сиғинишни рад қилган пайғамбар Исонинг, алайҳиссалом, издошлари қандай жазолангани” ҳақида сўз боради. Худди шундай ҳолатда Аллоҳдан юз ўгириб, “қудратли император”га сиғиниш талаб этилганида имонли йигитлар буйруқни бажаришдан бош тортишади ва шундай дейишади:
“Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Биз Ундан ўзга бирон “илоҳ”га ҳаргиз илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзгаларни “илоҳ” қилиб олдилар. Улар ўзлари учун (ўша бутларнинг илоҳ экани ҳақида) бирон ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?” (14—15, мазмуни).
Илк насронийлар яширинган ғорнинг қаердалиги ҳақида бир неча тахмин-фаразлар бор. Бу ғор ҳозирги Туркиянинг Эфес ва Тарсус шаҳарларида деган фикр ишонарлидир, дейилади.
Ҳорун Яҳёнинг қайд этишича, насронийликнинг деярли барча манбаларида Эфес шаҳри тилга олинади. Бир қатор мусулмон олимлар ва муфассирлар ҳам бу фикрга қўшилишган. Айримлари эса ғор Эфесда эмас, балки Тарсусда деб тасдиқлашади. Барча тадқиқотчилар бир нарсада якдиллар: ана шу воқеа 250 йили Рум императори Детсий (Детсиан ёхуд Дақёнус) ҳукмдорлиги даврида содир бўлган.
Дақёнус ҳам Нерон каби жуда шафқатсиз бўлган ва Рум “худо”ларига атаб қурбонлик қилиш ҳақида фармон чиқарган, бунинг бажарилгани ҳақида ёзма ҳужжат талаб этган, қурбонлик қилмаганларни ўлимга ҳукм қилган. Исога, алайҳиссалом, эргашган илк насронийлар эса унинг таъқибидан қочиб, шаҳарма-шаҳар, ғорма-ғор яшириниб юришган. Нас-роний ва мусулмон тарихчилари тилга олган бу воқеа, кейинчалик унга турли уйдирма ва тафсилотлар қўшиб талқин қилинганига қарамай, тарихий ҳақиқатдир.
Эфес шаҳри насронийлар учун муқаддас жой мақомидадир. Ривоятларга кўра, Исонинг, алайҳиссалом, оналари Биби Марям яшаган уй шу шаҳарда бўлган экан.
Суриялик роҳиб Жеймс Серукнинг (452 йилда туғилган) ана шу воқеага оид ёзма маълумотларидан машҳур инглиз тарихчиси Эдуард Гиббон ўз китобида фойдаланган. Монахнинг ёзувларига кўра 249—251 йилларда Рум империясини бошқарган Детсий етти нафар насроний йигитни таъқиб қилган. Мусулмон олимларининг фикрига кўра, воқеа жойи Афесус ёки Афесос шаҳридир. Гиббоннинг фаразига кўра, воқеа йирик порт шаҳри, Онадўлининг ғарбида, денгиз бўйида жойлашган Эфесос ёки Эфесда содир бўлган.
Кўплаб мусулмон илоҳиётчилари илк нас-ронийлар яширинган ғор Туркия жанубидаги Тарсус шаҳри яқинидаги Энжалус (ёки Бенжалус) тоғида бўлган деб ҳисоблашади. Атоқли муфассирлардан Ат-Табарий ҳам “Тарих ул-умам” китобида шуни тасдиқлаган. Муфассир олим Муҳаммад Амин ғорни Пенжилусда деб ёзса, Фахриддин ар-Розий Эфсус номи “Тарсус” сўзнинг бошқачароқ айтилиши холос, дейди. Бундан ташқари ал-Байзовий, ан-Насафий, Жалолайн, ат-Тибян каби йирик олимлар ҳам ғор Тарсусда деб ҳисоблашади.
Ушбу сатрлар муаллифи 1992 йили Туркияга сафар чоғида Тарсус шаҳрида бўлиб, ана шу тарихий ғорга боришга муяссар бўлган эди. Тоғ бағридаги тор илонизи йўл ғорга олиб боради. Узоқдан икки минора кўзга ташланади. Уларнинг узунроғи 105 метр бўлиб, Туркиядаги энг баланд минора ҳисобланади ва ҳар икки томонга ярим метрдан оғиб туради.
Етиб боргач, таҳорат олиб, аста ичкарига кирдик. ўор ичи электр чироқлари билан ёритилган, хийла узун, бир неча бурилишлари бор. Кираверишдаги улкан тош одамлар ушлаб-сийпалайверганидан силлиқ бўлиб қолган. Ривоятларга кўра аслида бу туя экан, йўлни кўрсатмаслик учун ғор оғзига ётиб, тошга айланиб қолган экан. Шундоққина ғор олдида масжид тикланган, у ерда Қуръон тиловати, диний суҳбатлар бир зум ҳам тинмайди.
Мўмин йигитлар яширинган ана шу ғор ва унинг соҳиблари шахси ҳамма даврда тадқиқотчилар, муаррихлар, олим ва ҳукмдорларни баравар қизиқтириб келяпти.

Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУН

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар

Ўхшаш мақолалар (калит сўз бўйича)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase