close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Йигирма тўртинчи суҳбат: Иймон озуқаси бўлган қисса

Каҳф ва Рақийм соҳибларини Бизнинг оятларимиз ичида энг таажжублиси деб ўйладингизми?! Эсланг, бир гуруҳ йигитлар ғорга яшириниб, эй Раббимиз, бизга Ўз ҳузурингдан марҳамат ато қил ва бизга бу ишимизда тўғри йўлни осонлаштириб қўй, дедилар. Бас, Биз уларни шу ғорда бир неча йил ухлатиб қўйдик. Кейин уларни уйғотдик, токи, қани кўрайлик-чи, икки гуруҳнинг қайси бири уларнинг ғорда бўлган вақтларини аниқроқ биларкинлар. (Каҳф сураси, 9, 10, 11, 12-оятлар).

Аллоҳ мўмин бандаларининг иймонларига қувват бахш этиш ва Ўз йўлининг ҳақ эканини кўрсатиш учун ҳамма замонларда ҳам Ўзининг мўъжиза, аломатларини кўрсатиб боради.
Ерда одамзод ҳаёт кечиришни бошлаган пайтдан бери унга ҳамроҳ бўлиб келаётган иймон ва Ислом ўзининг неча минг йиллик тарихи давомида жуда кўплаб қаршиликларни, қаттиқ тазйиқларни енгиб ўтишига тўғри келган.
Хар галги қаршилик ва ҳужумлар мўминлар қалбидан жой олган иймонни заифлаштиришга эмас, балки уни кучайтиришга, ягона ҳақиқат шу иймон ва Ислом эканини намойиш этишга, бу йўлда янги-янги дўстларнинг, мўминларнинг пайдо бўлишига хизмат қиларди. Иймонни асраш йўлидаги мехнат-машаққат ва курашлар янги-янги мўъжизалар, ажойиб ва ғаройиб ҳодисалар юз беришига сабаб бўлар эди. Қуръони каримдаги Асҳоби каҳф қиссаси ҳам анча шундай ажиб воқеалардан бири ҳақида ҳикоя қилади.
Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки, Қуръони каримда ҳам, саҳиҳ ҳадисларда ҳам Асҳоби каҳф қиссаси тўлиқ тафсилот билан келмаган. Бу ҳақда тафсир китобларида зикр қилинган ривоятлар асосан Исломга келган аҳли китоблардан ва исроилиёт деб таърифланадиган ҳикоялардан олинган. Табиийки, одамлар Аллоҳ Қуръонда зикр қилган воқеа ҳақида кўпроқ билишни истайдилар. Бундан эса мусулмонлар ўзларининг иймонларини мустаҳкамлаш, Қуръондан янада кўпроқ ибратлар олишни максад қиладилар. Аммо саҳиҳ ривоятлар билан келмаган тафсилотларга чуқур киришиб кетиш тўқима афсоналар пайдо бўлишига ва тарқалишига сабаб бўлади. Бизнинг қиссаларга нисбатан муносабатимиз шундай бўлиши лозимки, бу асарлардан енгил-елпи сакраб ўтиб кетиш ҳам, улар атрофида тарқалган асоссиз ҳикояларга шўнғиб кетиш ҳам нотўғридир. Вазифамиз бирор қиссани ипидан игнасигача майда тафсилотлари билан ўрганиш эмас, балки ундан хосил қилинадиган асосий хулосалар ва ибратларни ўзлаштиришдир. Зеро, Қуръон хиссиз ўқиладиган китоб эмас. Ёки у қиссалар мажмуаси ҳам эмас. Модомики, Аллоҳ: "Қуръон маънолари устида тафаккур қилмайдиларми?" - деган экан, (Нисо сураси, 82-оят) унда келган ибратли қиссаларга алохида эътибор каратиб, динимиз, иймонимиз учун зарур озуқаларни хосил қилишимиз даркор. Биз мана шу ниятлар билан тафсирларда келтирилган қиссалар ичидан баъзиларини танлаб оламиз ва қадимги диндошларимизнинг воқеаларидан бугунимиз учун сабоқ хосил қиламиз.
Энг аввал Асҳоби каҳф қиссасининг зикр этилишига ва Каҳф сурасининг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеа хусусида икки оғиз сўз.
Маълумки, Макка мушриклари илмсиз ва ниҳоятда жоҳил эдилар. Улар ўз қавмлари ичидан чиққан пайғамбар борасида ўзларидан кўра илмлироқ бўлган яҳудийлар билан маслаҳатлашардилар. Яҳудийлар эса Қурайшийларга: "Муҳаммадга фалон денглар, ундан мана буни сўранглар", деб ўргатиб турар эдилар. Шундай қилиб мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, яҳудийлардан эшитган саволларини сўрадилар. Улар учта нарса ҳақида савол бердилар: Кадим замонда ғойиб бўлган йигитлар ким эдилар, Зулқарнайн ким бўлган, руҳ нима? Шу саволлардан бирмунча вакт ўтгач, Аллоҳ Каҳф сурасини нозил қилди. Унда Асҳоби каҳф қиссаси ҳам зикр этилди.
Ҳикоянинг аввалида Аллоҳ таоло кўзга тез ташланадиган ёки кулоққа ғалати эшитиладиган гаройиб воқеаларга бир томонлама ёндошиб, асосий мақсаддан чалғиб кетмаслик кераклигига ишора қилади: "Эй Муҳаммад, сиз Каҳф ва Рақийм соҳибларини бизнинг оятларимиз ичида энг таажжублиси деб ўйладингизми?" "...Яъни, бу иш сизга савол бераётган кофирлар бўрттириб кўрсатгани каби буюк нарса эмас. Чунки Аллоҳнинг бошқа оят-аломатлари буларнинг қиссаларидан кўра буюкроқ ва машхурроқдир..." (Куртубий). Дарҳақиқат, кофирлар агар Муҳаммад шу саволларга тўғри жавоб берса, унинг пайғамбарлигига ишонамиз, бўлмаса йўқ, деган эдилар. Холбуки, Аллоҳ Ўз пайғамбарига бундан кўра кучлироқ ва таажжублироқ оят-аломат ва мўъжизаларни ато қилган эди-ку. Мушриклар ўшаларга ҳам ишонмаган эдилар-ку!
Бу оят тафсирини муфассирлар мана бундай шарҳлайдилар: "...Яъни Асҳоби каҳф қиссаси ва улар атрофида бўлиб ўтган ходисаларни Аллоҳнинг бошқа оятларидан кўра ажойиброғи, хикматлар ичида ўхшаши йўқ бўлгани, қиссалар ичида мислсиз ва бебаҳоси, деб ўйламанг. Балки Аллоҳ таолонинг Асҳоби каҳфдаги ҳаққа даолат қилувчи оятлари каторида ундан-да буюкроқ бўлган ажойиб-ғаройиб оятлари ниҳоятда кўпдир. Аллоҳ бандаларига коинот уфқларида ва уларнинг ўз ичларида бўлган оят-аломатларни, яъни ҳақдан ботилни ажратишга хизмат қиладиган, ҳидоятдан залолатни ажратиб берадиган оятларини давомли суратда кўрсатиб боради. Лекин бу сўзлардан мақсад Асҳоби каҳф қиссасининг ажойиб қиссалардан бири эканини рад этиш эмас. Аксинча, бу қисса Аллоҳнинг ажиб оятларидан биридир. Аммо бунга ўхшаган ҳикоялар, воқеалар жуда ҳам кўп... Мўминларнинг вазифалари Аллоҳ бандаларни тафаккур юритишга чақирган ҳамма оятлари устида фикр қилишдир. Чунки бу иш иймон калити, илм ва ишонч хосил қилиш йўлидир". (Саъдий).
"…Мен яратган осмонлар ва ер, ҳамда ундаги ажойиб нарсалар Асҳоби каҳфнинг ишидан кўра ажойиброқдир. Сизнинг қавмингизга ва Менинг улардан бошқа бандаларим устига ҳужжатим ана шу оятлар билан собит ва қоимдир". (Табарий).
Шундай қилиб бу олам ягона Аллоҳнинг мулки эканига далолат қилувчи, Унинг амр-фармонларини бажо этишимиз йўлида бизга тасалли, мадад ва даъват бўлувчи ажойиб оят-аломатлардан бири - Асҳоби каҳф қиссаси билан танишишга киришамиз.
"Каҳф" сўзи тоғдаги каттакон ғор маъносида келади. Агар оддий, кичкина ғор бўлса, уни араб тилида ҳам "ғор" деб айтилади. "Асҳоби каҳф" ғор сохиблари дегани. "Рақийм" эса ғорга кириб яширинган йигитларнинг исмлари ва қиссалари ёзилган китоб ёки лавҳа. "Саид ибн Жубайр айтдилар: Рақийм тошдан ясалган лавҳа. Унга Асҳоби каҳфнинг қиссасини ёзиб ғорнинг огзига кўйиб кўйилган". (Ибн Касир)
Хўш, ғор сохиблари устида нима воқеалар содир бўлган экан?
Табарий Муҳаммад Ибн Исҳоқдан ривоят қилишларича, Асҳоби каҳф воқеаси Рум мамлакатида содир бўлган. Исо алайхиссаломдан сўнг Инжил аҳлининг ишлари аралаш-қуралаш бўлиб, хатолари кўпайиб кетди. Подшоҳлари Дақёнус тўғри йўлдан озиб, хаддан ошди. У халқ ўртасида бутларга сиғинишни, санамларга қурбонликлар қилишни авж олдирди. Шундай бўлса-да, халқ орасида Исо алайхиссаломнинг динлари Исломда мустаҳкам туриб, ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, Унинг тавҳидини сақлайдиган мўминлар бор эдилар. Дақёнус мамлакатда кимки бутларга сажда қилмаса, Исо алайхиссалом динларида давом этса, уни ўлдирарди. У Рум мамлакатининг кайси шаҳарига келмасин, ўша ердагиларнинг ҳаммасини ибодатхонага тўплаб, санамларга сиғинтирар, бутларга курбонликлар қилдирар эди. Дақёнус ўз одати бўйича бир шаҳарга келади. У шаҳар ахолиси ичидаги мўминлар бундан безовта бўлиб ўзларини четга ола бошладилар. Улар подшоҳнинг зулмидан пана жойларга яширинишга ҳаракат қилдилар. Баъзилари яшириндилар, баъзилар қочдилар.
Дақёнус шаҳарга келганидан сўнг Исо алайҳиссаломга иймон келтирганларнинг кетига тушиб қидиришни, ҳаммаларини топиб, бир ерга тўплашни буюрди. Ўша қишлоқнинг кофирларидан миршаблар тайинлаб иймонли кишиларни уйларидан ва бекинган ерларидан топиб, ўзининг олдига олиб келишни талаб қилди. Келтирилган мусулмонларни ботил худолар учун қурбонлик қилинадиган майдонда турғазиб қўйиб, уларга икки йўлдан бирини танлашни айтди. Ё ўлдирилиш ёки бутларга ибодат қилиб, қурбонлик қилиш. Майдонга келтирилганлардан баъзилари ҳаётдан кўзлари қиймас, ўлдирилишдан қўрқар эдилар. Улар шу сабабли ҳақ динларидан қайтдилар. Баъзилар Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдан бош тортар ва қатл қилинар эдилар. Буни кўрган иймон аҳлидан мустаҳкам иродали кишилар ихтиёрий равишда келиб, ўзларини азоб ва ўлимга топширадиганлари ҳам бўлар эди. Улар ўлдирилиб, таналари бўлакларга ажратилар, кейин шаҳарнинг ҳамма ёқдаги деворларига, дарвозаларига осиб қўйилар эди...
Ахли иймон устидаги фитна мана шундай тарзда кучайиб, оғирлашиб бораверди. Шаҳардаги мўминларнинг ичларида бир гуруҳ ёш йигитлар ҳам бор эдилар. Улар бу қирғинлардан қаттиқ хафа бўлганларидан ранглари сарғайиб, баданлари ориқлаб борар эди. Улар яширинча намоз, рўза, садака, зикр-тасбеҳ, тазарруъ ва йигилар билан Аллоҳга илтижо қилиб хаёт кечириб борардилар. Улар ёш ва озод йигитлар бўлиб, Рум давлатининг мансабдор ва обрўли кишиларининг фарзандлари эдилар.

(Давоми кейинги суҳбатда)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Қуръоний суҳбатлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase