close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қасос ҳаммадан олинади

Бир куни мисрлик бир қибтий Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) ҳузурларига келиб, Миср волийси Амр ибн Оснинг ўғлидан шундай шикоят қилди: «Мен пойгада Амрнинг ўғлидан ўзиб кетсам, у алам  қилиб, мени қамчи билан ноҳақ урди, устингдан халифага шикоят қиламан, десам, «Биз аслзодалармиз, ҳеч ким бизни тергай олмайди, қўлингдан келганини қил», деб мени ҳақоратлади».

Ҳазрати Умар (р.а.) дарҳол Амр ибн Осга хат ёзиб, ўғли билан зудликда Мадинага етиб келишига амр этди. Ота-бола шошилинч етиб келиб, халифанинг ҳузурига кириб боришди. Уларни кўрган халифа бояги мисрлик қибтийни чақиртирди. Қўлига қамчи тутқазиб, волий Амрнинг ўғлини калтаклашга буюрди. Ҳар урганда ҳазрати Умар (р.а.) «Ур аслзоданинг боласини!» деб турдилар. Амрнинг ўғлини уриб, қасосини олган қибтийга энди унинг отасини уришга буюрдилар. Аммо мисрлик «Отасида қасдим йўқ, ўғлидан қасосини олдим», деб халифани хотиржам қилди.
Амр ибн Ос ҳазрати Умарга (р.а.) ушбу воқеадан мутлақо бехабар эканликларини айтиб, узрхоҳлик қилди. Аммо халифа бунинг баҳона бўлмаслигини айтиб, Амрни шундайин таънаомуз сўзлар билан койидилар: «Сизлар қачондан буён халқни ўзингизга қул қилишга бошладингиз. Ҳолбуки, уларни оналари озод, ҳур ҳолда туққан-ку!» Умарнинг (р.а.) адолатларини қарангки, шикоятчи оддий мисрлик бир қибтий бўлса, Амр ибн Ос эса бутун Миср ўлкасининг волийси, янгича таъбир билан айтганда, генерал-губернатори вазифасидаги киши бўлган.
Ҳазрати Умар (р.а.) бир ҳаж мавсумида бутун халқни йиғиб, волийлар иштирокида уларга хутба сўзладилар: «Эй халойиқ, мен ушбу волийларимни сизга ҳақлик билан ҳукм юргизишлари учун юборганман. Асло сизнинг танингизга, молингизга эгалик қилиш учун жўнатмаганман. Ҳозир кимда-ким булардан зарар ёки азият кўрган бўлса, туриб очиқ айтсин!» Шу пайт бир киши ўрнидан туриб, Миср волийси унга ноҳақ равишда юз дарра урганлигини айтиб берди. Буни эшитган ҳазрати Умар (р.а.) хафа бўлиб, ўзларини қўйгани жой тополмай қолдилар ва Миср волийсини саволга тутдилар: «Нима учун юз қамчи урдинг?» Ундан маънилироқ асосни эшитмаган халифа ундан қасос олишга амр этдилар. Бу буйруқни эшитган Амр ибн Ос чидаб туролмай, ўриндан туриб кетди ва халифани бу йўлдан қайтармоқчи бўлди: «Эй амирал-мўминин, агар сиз бундай йўл тутсангиз, волийларга оғир ботади, уларнинг халқ олдидаги обрўсига путур етади. Сиздан кейинги халифаларга ҳам ушбу иш одат бўлиб қолади».
Ҳазрати Умар (р.а.) бунга жавобан: «Нечун қасос олинмаслиги керак? Ҳатто Расулуллоҳ ҳам ўзларидан қасос олдирганлар, олдирар эдилар», дедилар-да, бояги шикоят қилган одамга буюрдилар: «Волийни юз қамчи ур!»
Амр ибн Ос қарасалар, халифа ниятидан қайтадиган ҳолатда эмас. Энди ўзга чора қолмаганини тушунган волий ҳазрати Умарга (р.а.) ялинишга тушди: «Эй мўминлар амири, ҳеч бўлмаса, бизга ҳар қамчи ўрнига пул бериб, ризо қилишга рухсат этинг!» Халифа рози бўлдилар. Волий бояги одамни ҳар қамчи учун икки динордан олишга кўндирди ва икки юз динор баробарига муқаррар қасосдан қутилиб қолди.

"Ҳақ ҳамиша ғолиб" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase