close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Яқин Шарқдаги террор тарихи

Эрамиздан аввалги 44 йилнинг 15 мартида Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарь сенат биносида эди. Сенаторлардан бири, Луций Тиллий, унга укасини авф этиш ҳақида илтимос билан мурожаат қилди. Рад жавобини олгач, у диктатор либосининг бир четидан ушлаб тортди. Бу эса унинг атрофида турган сенаторлардан иборат фитначилар учун белги бўлиб хизмат қилди.

Улар ўзлари билан олиб келган ханжарлар билан Цезарга кўп сонли зарбалар бердилар. Олинган жароҳатлар оқибатида Цезарь ҳалок бўлди. Юлий Цезарнинг ўлдирилиши тарихда сиёсий террорга илк мисоллардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда терроризм тобора кўпроқ Ислом дини билан боғланмоқда. ОАВда ҳаттоки «ислом терроризми» атамаси ҳам пайдо бўлган. Бундай ёндашувнинг адолатлилиги кучли шубҳа уйғотади, ахир тарихий фактлар шундан далолат берадики, ижтимоий-сиёсий ҳаяжонлар, урушлар ва инқилоблар даврида терроризм ҳаттоки унинг вужудга келиши учун ҳеч қандай асос бўлмаган мамлакатларда ҳам пайдо бўлади.
Эрамизнинг I асрида Фаластин ҳудудида сикарийлар террорчи гуруҳлари мавжуд бўлиб, улар Рим маъмурияти ва яҳудий зодагонлари вакилларини ўлдирарди, босқинчилар билан ҳамкорлик қиларди. Сикарийлар мустақил яҳудийлар давлати тузиш учун курашарди. Уларнинг фаолияти Биринчи яҳудийлар уруши бошланишига замин яратди. Сикарийлар томонидан қўлланган оммавий террор кутилган натижа келтирмади. Римликлар террорга террор билан жавоб бериб, нафақат бу гуруҳнинг ўзини, балки яҳудий халқининг қатта қисмини ҳам қириб ташладилар.
XI асрда Европада ассасинлар номи билан кўпроқ машҳур бўлган исмоилийларнинг ассасинлар сектаси Форсдан тортиб Сурия ва Ливангача чўзилган ҳудудда махсус террорчи давлат ташкил қилдилар. Унинг асосчиси Ибн Ас-Саббаҳ босиб олиган ерларда шариат қонунларини бекор қилди ва мисли кўрилмаган террор уюштирди, мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам бу террорнниг қурбонлари бўлди. Тарихчи Л.Гумилев ёзадики:
«Саббаҳ жуда истеъдодли жиноятчи эди. У ўзига хос геноцид шаклини ихтиро қилган. Фақат иқтидорли одамлар – жасур амирлар, оқил ва донишманд муллалар, тақводор зоҳидлар, серғайрат салбчилар ва халифлар йўқ қилинарди. Исмоилийлар қурбонлари орасида Низом-ул-Мульк, Конрад Монферратский, халиф Мустансир ва бошқа кўплаб кишилар бор эди. Лекин қўрқоқлар, ахмоқлар, сотқинликка мойил кишилар, бузғунчилар ва пиёнисталар ўзларини хотиржам ҳис қиларди. Уларга бу ҳатто фойдали ҳам эди, чунки хизмат пиллапояси бўйлаб бўш ўринлар пайдо бўларди ёки рақиблар йўқ қилинарди».
Ассасинлар давлати XIII асрнинг ўрталарида, мўғулларнинг Яқин Шарқни истило қилиши давомида йўқ қилинди, уларнинг таянчи бўлган Аламут қалъаси эса вайрон қилинди.
Ассасинларнинг айрим амалиётчилари ўз фаолиятида салбчилар ҳарбий-диний орденидан фойдаланган. Улар, хусусан, айғоқчилик усулларини ўзлаштириб олган. Бундан ташқари, рамзий ифодалар, бағишлов маросимлари ҳам кўп жиҳатдан Ибн Ас-Саббаҳ тарафдорларидан олинган.
Қоҳирада насронийлар томонидан уюштирилган ёнғинлар фақат мусулмонларга қарши қаратилган диний терроризмга учанлик машҳур бўлмаган мисоллардан бири ҳисобланади. 1291 йил Аккра – салбчиларнинг Фаластиндаги сўнгги таянчи мисрлик мамлуклар зарбаларига таслим бўлди. гўёки салбчилар юришлари шу билан батамом ўтмишда қолгандай бўлиб туюларди. Лекин аслида бундай эмас экан. Орадан бир йил ҳам ўтмасдан Римда ва Европанинг бошқа мамлакатлари пойтахтларида навбатдаги салб юриши тайёргарлик ҳақида гап-сўзлар бошланарди. Бу ҳақида миш-мишлар мунтазам равишда Қоҳирага – султон ан-Насир Муҳаммад қароргоҳига ҳам етиб келарди. Султон маъмуриятида энг масъул лавозимларни эгаллаб турган насроний-қибтийлар хизмат қилиши каби айрим мусулмонлар учун ёқимсиз бўлган ҳолат оловга мой қуйгандан бўларди.
Бундан ташқари, давлат мулки вазирлиги тепасида яқинда қибтийлардан ислом динини қабул қилган Карим ад-Дин турарди. Айнан у насронийлар камчилигига солиқ юкини пасайтириш ва шу тариқа тез бойиб кетиш имконини берган молиявий-маъмурий ислоҳотни амалга оширди. Буларнинг барчаси мусулмонлар норозилигининг кучайиши учун шароит яратарди.
1321 йилнинг май ойида иғвогар ва фитначилдар гижгижлаб турган оломон аз-Заҳра черковини вайрон қилди. Бир қатор тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, оломоннинг катта қисми маст ҳолатда бўлган. Кейинги кунлар бутун Миср бўйлаб қирғин тарқалди. Султон ан-Насир Муҳаммад исёнчиларни тўхтатиш учун бир қатор чоралар кўрди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади. У қибтийларнинг мамлакат иқтисодий ва сиёсий ҳаётига таъсиридан норози бўлган амирлар тартибсизликлар ташкилотчиси деб шубҳа қилишига асослар йўқ эмасди.
Қутурган оломон қандай тўсатдан кўтарилган бўлса, худди шу тарзда босилди ҳам. Бироқ орадан атиги бир ой ўтиб, Қоҳиранинг бир нечта туманида кучли ёнғинлар бошланди. Кўтарилган шамол оловни дарҳол ўчиришга имкон бермади ва ёнғин шаҳарнинг бутун бошли даҳаларини қамраб олди.
Бу фоижа ҳақида эслар экан, Ибн ад-Давадарий қуйидагиларни ёзган:
«Машъум кунлар келди, ҳамма ўз ҳаёти ва мол-мулки учун қўрқарди… Насронийлар эса бу олов уларнинг черковлари вайрон қилингани учун Парвардигор томонидан жазо сифатида йўлланган деб таъкидлай бошладилар».
Ёнғин катта куч сарфлаган ҳолда базўр ўчирилди, лекин орадан бир кун ўтиб султон Бейбарс даҳасида ёнғин авж олди. Олов юздан ортиқ биноларни қамраб олди. Унинг тарқалишини тўхтатиш учун мумлуклар яқин атрофдаги барча уйларни бузиб ташлашга мажбур бўлди. Лекин ёнғин энди ўчирилиши билан амир Саллярнинг уйига ўт кетди.
Шу он Қоҳира бўйлаб бу ёнғинларга одамлар сабабчи бўлмоқда деган гаплар тарқалди. Кулфатнинг эҳтимолий айбдорлари сифатида насронийлар айтиларди. Ҳукумат аҳолини ҳар бир уй олдида сув ҳавзаси қазиб сувга тўлдиришга мажбур қилган ҳолда мисли кўрилмаган даражада ёнғинга қарши чоралар кўрди. Бироқ янги олов ўчоқлари деярли ҳар куни пайдо бўларди. Шаҳар аҳли энди яшириб ҳам ўтирмасдан, насронийлар ўт қўймоқда деб ошкора айблай бошлади. Ёнғинлар бошланган кундан бошлаб беш кун ўтгач, уч нафар насроний қўлга олинди ва улар қийноқлар остида уйларга ўт қўйганликни тан олди.
Шубҳа билан қараган султон уларнинг айбдорлигига ишонмади. У қасддан ўт қўйганларни яқин атрофдагилар орасидан излаш керак деб ҳисобларди. Насронийларни ўша куниёқ озод килиб юборди. Бироқ эртаси кун қўлга олинган бир гуруҳ роҳиблар қийноққа солишларини ҳам кутиб ўтирмасдан террорчилар гуруҳларини бошқариб турган махфий насронийлар ташкилоти мавжудлигини хабар қилди. Қўлга олинганларнинг хабарига кўра, бутун Қоҳира секторларга бўлинган бўлиб, ҳар бир секторда махсус ўқитилган ва яхши қуролланган отрядлар ҳаракат қилган экан.
Султоннинг буйруғи билан қўлга олинган роҳиблар ўтда куйдирилди. Лекин шундан кейин ҳам ёнғинлар тўхтагани йўқ. Айниқса, савдогарлар келтирган турли мой захиралари сақланган Турунтой карвонсаройидаги ёнғин кучли бўлди. Аҳоли ўт қўйганларни тутиб олишнинг уддасидан чиқди, уларнинг уйларидан ўт олдируви махсус чилвилар топилди. Қўлга олинган террорчилар қийноқ остида султон маъмуриятида хизмат қилган қибтийлар, савдогарлар ва православ монастири роҳиблари жалб қилинган фитначилар тармоғини фош қилдилар.
Ўт қўйишни ташкиллаштириш учун террорчилар нефть, мой ва олтингугуртдан фойдаланган. Бу аралашмадан улар узун чилвирли ёндирувчи бомбалар тайёрлаганлар ва Қоҳирадаги биноларнинг ясси томларига ташлаганлар. Ҳукумат фитначларнинг катта қисмини ҳибсга олди ва қатл этди, лекин бу фитнага умуман алоқаси бўлмаган насронийларнинг уйларини яксон қилишга тайёр турган оломоннинг қаҳр-ғазабини жиловлай олмади ёки буни истамади.
Террорчиларнинг ҳаракатлари Мисрдаги икки дин вакиллари ўртасидаги муносабатларнинг узоқ муддатга жиддий ёмонлашшувига олиб келди. Қоҳирага келадиган бўлсак, ёнғин асоратлари, тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, шаҳарда юз йилдан кейин ҳам сезилиб турган.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase