close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шайбонийхоннинг мағлубияти

Шайбонийхон Самарқанду Бухоро, Тошкенту Андижон, Ҳисору Бадахшонларни босиб олиш билан қанот қилмайди. Энди Эрону Арабистонларни ҳам фатҳ этиб, зафар байроғини Каъбагача етказиб боришни истайди. Атрофидагилар уни афсонавий Искандар каби жаҳонгир деб улуғлайдилар, яна уни бугун мусулмон оламининг бош диний раҳбари — Аллоҳнинг ердаги халифаси деб ишонтирадилар.

Шайбонийхон Самарқанду Бухоро, Тошкенту Андижон, Ҳисору Бадахшонларни босиб олиш билан қанот қилмайди. Энди Эрону Арабистонларни ҳам фатҳ этиб, зафар байроғини Каъбагача етказиб боришни истайди. Атрофидагилар уни афсонавий Искандар каби жаҳонгир деб улуғлайдилар, яна уни бугун мусулмон оламининг бош диний раҳбари — Аллоҳнинг ердаги халифаси деб ишонтирадилар. Раҳмон — Аллоҳнинг номларидан биридир «Халифайи раҳмон» деган иборанинг маъноси — Аллоҳнинг ердаги халифаси деганидир. Аллоҳнинг халифаси деган унвон Шайбонийхонга атрофидаги лаганбардорлар томонидан берилган. Бу ҳаммаси уни ҳовлиқтиради, бутун мусулмон оламига ягона диний раҳбар ва оламшумул тождор бўлиш иштиёқини аланга олдиради.
Муҳаммад Солиҳ ҳам ўз достонида Шайбонийхоннинг бу иштиёқини авж олдирадиган байтлар битади. Достоннинг охирида шоир Аллоҳга шундай муножот қилади:

Эй, зафар йўлини очқон Тенгрим!
Андижон кишварини ҳам бердинг,
Эмди Хоразмни ҳам бердинг анго,
Мени девона не дей эмди санго.
Караминг бирла Хуросонни ҳам,
Язду Бағдоду Исфахонни ҳам,
Миср билан Шомни ҳам бергил анго!
Ўфкалармен йўқ эрса банда санго.

Ана катта кетиш! «Ф» билан ёзилган «ўпкалармен» сўзи Худога қарата айтилади! Агар Аллоҳ Эронни ҳам, Мисрни ҳам, Шомни ҳам Шайбонийхонга бермаса, Муҳаммад Солиҳ Яратгандан ўпкалар эмиш, хафа бўлар эмиш!
Бу ўринда шоир ҳам жуда осмондан келади. Бу катта кетишлар ва ҳовлиқишлар Шайбонийхонни ҳалокат жарининг ёқасига олиб борган омиллардан эмасмикин?
М. Солиҳнинг бир тилаги ижобат бўлади — Аллоҳ таоло Хуросонни ҳам Шайбонийхонга беради. Лекин хон ва унинг атрофидагилар бу билан қаноатланмайдилар ва Эронга ҳужум қиладилар.
Эрон шоҳи Исмоил Сафавий Ғарбда турк султонлари билан жанг қилмоқда эди. Шу фурсатдан фойдаланиб, Шайбонийхон Машҳад ва унинг атрофларини босиб олади, шиаларни кофир деб эълон қилади, уларнинг масжидларини буздиради. Исмоил Сафавий ўзини вазмин тутиб, Шайбонийхонга элчи ва совға-салом юборади, сулҳ таклиф қилади. Хоннинг ўғли Темур Султон, жияни Убайдулла Султон, амирларидан Ҳамза Султон шоҳ элчисига яхши муомала қилишни, ҳозирча сулҳ тузиб, вазият етилгунча алдаб туришни, кейин вазият етилганда Эронни ҳам Хуросон каби бир зарб билан эгаллашни таклиф қиладилар. Шайбонийхон «шиалар билан сулҳ тузсам, пок сунний эътиқодларимга доғ тушади», деб бу таклифни қабул қилмайди. Шоҳ элчисини беҳурмат қилиб жўнатади. Баъзи султонлар Шайбонийхоннинг қалтис сиёсат юргизаётганидан норози эканини хуфиялар унга етказадилар. Орага бошқа сабаблар ҳам қўшилади-ю, Шайбонийхон Убайдулла Султонни Бухоро ҳокимлигидан, Кўчкинчихонни Туркистон ҳокимлигидан, Ҳамза Султонни Ҳисор ҳокимлигидан олиб ташлайди, уларнинг ўрнига бошқа итоаткор, хушомадгўй султонларни қўяди.
Шайбонийхон Марв қўрғонида Исмоил Сафавий томонидан қамал қилинганда Мовароуннаҳрдан ёрдамга етиб келиши керак бўлган ўттиз минг қўшин атайлаб келмайди. Убайдулла Султон ва Кўчкинчихонлар Шайбонийхондан аразлайдилар.
Ўз кучига ортиқ даражада ишонадиган ва мақтовларга учиб ўрганган Шайбонийхон Исмоил Сафавий устидан ёлғиз ўзи ғалаба қилишга ишониб қиш кунида Марв қўрғонидан қўшин тортиб чиқади. Ёлғондакам қочиб кетаётган Шоҳ Исмоилни қувиб бориб, Мурғоб дарёси бўйида пистирмада турган 20 минг ёв қўшини томонидан қуршовга олинади. Қуршовда қўлда қилич билан ҳалок бўлган Шайбонийхоннинг бошини кесиб, терисига сомон тиқадилар. Бош суягига тилла қоплатиб, май ичадиган косага айлантирадилар. (Тарихий манбаларга кўра, Муҳаммад Шайбонийхоннинг хотинларидан бири Мўғул хоним номи билан машҳур бўлган Айша Султон хонимнинг саройда таъсири катта бўлган. Манбаларда айтилишича, Марв мудофааси бўйича бўлаётган кенгашда қизилбоши Исмоил шохга қарши кураш муҳокама қилинган эди.  Ўшанда кенгашда Мўғул хоним хонга: "Ўзбек бўлатуриб, қизилбошлардан қурқяпсизлар! Агар сизлар қўрқаётган бўлсангизлар, мен аскарларни олиб ўзим улар билан жангга чиқаман. Ҳозир, уларга қарши чиқишнинг айни вақтидир" деб айтади. Мўғул хонимнинг бу гапларидан кўпчилик уялади ва ўзбек қўшинлари қалъадан чиқиб жангга чиқади. Бу жанг мағулбият билан тугайди, Шайбонихон ҳам калласидан айрилади).
Албатта, ҳеч бир инсон зоти бунчалик ваҳшиёна қасос олишга муносиб эмас. Исмоил Сафавийнинг бундай қасоскорлиги барча маданий кишилар томонидан қораланади.
Аммо Шайбонийхоннинг ўзи ҳам мақтовларга бу даражада ўч, мадҳияларга бу қадар тўймас ва ишонувчан бўлмаганда, эҳтимол унга жўяли танқидий фикрлар билдирган Кўчкинчихон каби султонларнинг маслаҳатига қулоқ солган бўлар эди.
Иттифоқо, Кўчкинчихон она томондан Улуғбек Мирзонинг невараси эди. Унинг онаси Робия Султонбегим Абулхайрхоннинг энг оқила хотини ҳисобланарди. Шайбонийхоннинг ўлимидан кейин унинг ўрнига Кўчкинчихон қурултойда хон бўлиб сайланади.
Бобур Мирзо Ҳиндистонда ўз давлатини тузганидан кейин ана шу Кўчкинчихон орқали шайбонийзодалар билан дипломатик алоқа ўрнатади. Икки орада карвон йўллари очилади, элчилар бориб-келиб туради, савдо-сотиқ йўлга қўйилади.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase