close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бухорийни Бухородан қайси абгорлар қувган?

Бугун мусулмонлар яшайдиган қайси бир мамлакатга бормайлик, сўзимизни буюк муҳаддис имом Бухорийнинг юртидан эканлигимизни айтиш билан бошлаймиз. У зотнинг ислом оламида қанчалик обрў-мартабага эга эканлиги, қилиб ўтган ишлари ҳақида сўзлаш мавриди эмас.

Аммо айримлар киноя билан “Сизлар мақтанаётган зотни сизлардан бўлганлар ўз она шиҳридан қувиб чиқарган”, дейишади. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Чиндан ҳам бухороликлар буюк Бухорийни шаҳридан қувиб солишганми?
Буюк муҳаддис, бутун ислом оламида танилган ва тан олинган имом Бухорий ҳазратларини халқ етарлича суйган, эъзозлаган эди. Жуда кўп шаҳарларда умр кечириб, илму маърифат, зиё тарқатиш билан шуғулланган имом Бухорий кейинчалик ўз она юртларини соғиниб, Бухорога қайтиб келганида у зотни Бухоро аҳли жуда яхши кутиб олади, бошларидан олтин  сочишади.
Имом Бухорий масжидда ҳадис айтиб, дарс берадиган бўлса, масжид тўлиб-тошар, одамлар сони 10 минг, баъзан 20 мингдан ошиб кетар эди. У вақтлар бугунгидек колонка, микрофонлар бўлмаган. Овозлари энг орқа сафларга етиб ҳам бормас эди. Шу боис уч-тўрт жойда овози баланд ва ёқимли бўлган кишилар (мубаллиғлар) уларнинг сўзларини баланд товушда такрорлаб турган. Бироқ у зотнинг халқ орасидаги обрў-эътибори, мақейи ҳаммага ҳам ёқавермас эди. Маломатгўйлар, ҳасадчи-фитначилар минг ёлғон, иғволар тўқиб, ўша вақтдаги Бухоро волийси Холид ибн Аҳмадни ўзларига оғдириб олишади. Халқни волийдан юз ўгиришини айтиб, Бухорийга нисбатан зудлик билан чора кўришга гиж-гижлашади. Қарабсизки, улкан фитна келиб чиқади. Холид Бухорийни халқдан ажратиб олиш мақсадида у зотга одам юбориб, саройга келиб амир ва амалдорларнинг фарзандларига дарс беришга таклиф этади. Бухорий бунга рози бўлмайдилар. Холид яна элчи юбориб, китоблари билан тезда Амир ҳузурига келишини буюради. Бухорий эса: «Илмга келинади, илм ҳеч қачон бормайди», деб жавоб беради. Бу гапларга чидай олмаган амир Бухорийга бу ердан тезлик билан чиқиб кетишини буюради. Бухорий Самарқандга қараб йўл олади. Самарқанддан икки чақирим узоқликдаги Хартанг қишлоғидаги қариндошлариникига келиб тушади. Бу ерда уч кун туради. Самарқанд аҳли Бухорийнинг ҳузурига келиб ана шу ерда яшашини илтимос қилишади. Бухорий бунга рози бўлиб, сафарга отланади. Бироқ ўша куниёқ тўсатдан ҳолдан тойиб, хасталаниб қолади ва кўп ўтмай вафот этади. Эртасига жанозаси ўқилиб, қабрга қўйилади.
Бу хабар ўша пайтдаги халифа Ибн Тоҳирга етиб борганга халифа амир Холид ибн Аҳмаднинг юзига қора суриб, эшакка тескари ўтқазиб, шаҳар айлантиришга, сўнг чўлга қўйиб юборишга амр қилди. Чўлда уни йиртқич ҳайвонлар еб кетди.
Кўриниб турибдики, Бухорийни халқ эмас, айрим ғаламислар юртидан чиқиб кетишга мажбурлаган. Бугунги кун Бухорийлари, Беруний ва Ибн Синоларини-чи, уларни ҳам ўзимиз ишлашга, меҳнат қилишга, илм-фан билан машғул қилишга қўймай, ҳар тарафга бош олиб кетишларига сабаб бўлаяпмизми?  Менимча йўқ, халқ ўз буюкларини етарлича ардоқлаб, ҳурматини жойига қўя олади. Буни марҳум Шайх ҳазратларининг дафн маросимларида ҳам кўрдик, гувоҳи бўлган эдик. Минглаб эмас, юз минглаб кишилар маросимда бевосита қатнашган бўлса, миллионлар унга етиб боришга имкон топа олмай қалбда маҳзунлик билан қўлларини дуога очдилар... Бу ҳол ҳануз давом этмоқда.
Мол-дунё, мансаб, обрў-эътиборга муккасидан кетган, уларсиз дунё кўзига тор кўринадиган хасадгўй, ғаламис, иғвогар, салла олиб кел, деб буйруқ берилса калласи билан қўшиб олиб келадиган ялоқхўрлар бунга асосий сабабчи. Афсуски, эл суйган, давлат йиллар давомида катта маблағ тикиб тарбиялаган, ўқиши, билим олиши учун тинчлик-хотиржамлигини таъминлаган, боғча, мактаб, униерситет қуриб, ўқитувчиларига маош тўлаб уларнинг илмли, тажрибали бўлиб етишишига хизмат қилган халқ ва ватанига катта фойдаси тегиши мумкин бўлган кўплаб кишилар шу юртда қадр топмагани, майда-чуйда ғаразгўйлар томонидан ўйлаб топилган турли-туман тўсиқ ва ғовлар сабабли ғоялари, кашфиётларини юзага чиқара олмагани учун бошқа давлатларга кетишга, ўша юртларда узоқ йиллик изланишлари, меҳнатлари самарасини кўришга интилмоқда, шунга мажбур бўлмоқда…

Замонамизнинг Бухорийлари, Хоразмий-Берунийларини ардоқлаб, улар қадрига етиб юриш ҳаммамизга насиб қилсин.

Санжар Сайид (с)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase