СССР Министрлар Совети Дин ишлари бўйича раисининг Биринчи ўринбосари А. Барменков (1969 йил учун Дин ишлари бўйича кенгашлар вакилларининг ҳисоботлари материаллари бўйича) “Мусулмонлар, католиклар, протестантлар, яҳудийлар, буддавийлар динлари, Евангелист баптист христианлари черкови ва секталарининг аҳволи тўғрисидаги ахборот ҳисоботи”да ёзишича: “Ўтмишда Ислом динига эътиқод қилувчи халқлар орасида диний удумларга ёпасига риоя қилиниши натижасида инқилобгача бўлган масжидлар сонининг аттиги 1 фоизини ташкил этувчи рўйхатга олинган масжидлар аҳолининг диний эҳтиёжларини қондира олмаяпти. Шунинг учун Ислом тарқаган ҳудудларда кўплаб рўйхатга олинмаган мусулмонларнинг бирлашмалари ва диний уламолар фаолият юритмоқдалар”.
Бу ҳолат асосан Ўрта Осиё республикалари – Ўзбекистон, Тожикистон ва камроқ Туркманистонга тааллуқли эди. Мазкур республикаларда деярли ҳар бир қишлоқда рўйхатга олинмаган муллалар фаолият юритиб, турли исломий маросимларни ўтказишар ва болаларни Ислом асосларига ўргатишарди. Уларнинг орасида диний эътиқоди учун таъқибга дуч келганлар ҳамда Сталин қамоқхоналарида азият чеккан одамлар оз эмасди. Улар Ислом таълимотига садоқатнинг ёрқин намуналари бўлиб, бу ҳоли ҳаётда уларни Худодан бошқа қўрқитадиган ҳеч нарса қолмаганди.
Бу аҳвол Коммунистик партия ва Советлар давлати раҳбариятини хавотирга солиши табиий эди.
Шу важдан 1971 йилда КПСС Марказий Комитетининг “Аҳолининг атеистик руҳда тарбиясини кучайтириш тўғрисида” қарори чиқди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Дин ишлари бўйича кенгашга маҳаллий ҳокимият органлари томонидан “динга ён босиш ҳамда черковчилар ҳаракатларига била туриб бепарво қолиш ҳолатларини аниқлаш” вазифаси топширилди.
“Рўйхатга олинмаган дин пешволарининг ноқонуний ҳаракатларининг олдини олишга” алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.
Бироқ КПСС Марказий Қўмитасига тақдим этилган “Дин ишлари кенгашининг СССРда 1973 йилда Ислом аҳволи бўйича ахборот ҳисоботида”ги рақамларнинг кўрсатишича, рўйхатга олинмаган муллалар сони пасаймаган (маълумотлар “Ислам и советское государство” (1944-1990) Выпуск 3. М.2011 тўпламидан олинган).
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмитани кўплаб мозорларнинг мавжудлиги ҳам хавотирга солаётганди. Бунақа мозорлардан СССР ҳудудида 612 та бўлиб, уларнинг орасида, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидаги Имом Бухорий (Ҳартанг қишлоғи), имом Термизий (Термиз шаҳри) мақбараларини кўплаб мусулмонлар ёлғиз ҳолда ёки тўп-тўп бўлиб зиёрат қилишар ва бу мозорларда кўп сонли қўлбола муллалар фаолият юритишарди.
Ҳисоботда, шунингдек, аҳоли томонидан рўйхатга олинган мусулмон ташкилотларига келиб тушаётган хайрия пулининг тўхтовсиз ўсаётгани қайд этилган.
Ўша 1973 йил учун ҳисобот маъмулотига кўра, масжидларнинг умумий даромади 3 млн 221 885 сўмни ташкил этган, ҳолбуки ўша пайтда СССРда ўртача иш ҳақи 100 сўм эди.
Ўша ҳисобот маълумотига кўра, ушбу маблағларнинг 28 фоизи “ватанпарварлик мақсади йўлида”: Тинчлик Фонди ҳамда Меъморчилик ва тарихий ёдгорликларни қўриқлаш фондига олиб қўйилди.
Диний қўмита вакиллари, шунингдек, “мусулмон уламоларининг аксарият маърузаларининг мотивлари сифатида социализм ва Ислом бирлигига қаратилгани” қайд этдилар.
Мисол учун, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармасининг муфтийси Зиёвуддин Бобохонов ўз маърузаларидан бирида мусулмонларга қарата “Ислом дини мамлакатимизда социализм ва коммунизм барпо этилишининг фаол тарафдори бўлиб қолмоқда”, деб айтган. “Одамларнинг маънавий юксаклиги борасида қайғуриш, мусулмонларни Ислом ва социализм йўлидан йўналтириш – Мусулмонлар идорасининг олдида турган асосий вазифадир”, деди Бобохонов.
Илмий атеизм соҳаси намояндалари ушбу мавъизаларни ўзига хос тарзда талқин қилишарди: “Замонавий мусулмон даъватчилари жамиятнинг энг мураккаб инқилобий ўзгаришлари масалаларини диний схемага киритишга уринишмоқда. Қаранг, мустабид ва эксплуатация тузумини янги жамият тузумига ўзгартириш бўйича ҳаракатларга раҳбарлик қилиш учун буюк атеистларни танлашни Худонинг ўзи тақдир қилиб қўйган экан. Бу ерда битта гап камлик, иккита гап кўп қилади”. (Аширов Нугман. Эволюция ислама в СССР, М. 1972).
Диний қўмита ходимлари ўз ҳисоботларида расмий уламолар “гарчи мусулмонлар анъаналарига мувофиқ қилиниши мажбурий бўлган, бироқ расмий ижтимоий фикрлар томонидан маъқулланмайдиган ишлардан ўзларини тийишлари лозимлиги ҳақида сўз юритувчи” маърузалардан намуналар келтиришарди. Мисол учун, имом-хатиб Абдураҳим Жамолиддинов Тошкентдаги Чўпон ота масжидида 1973 йил 28 декабрь кунги Қурбонлик ҳайитига бағишланган мавъизасида қуйидагиларни баён қилган: “Бугунги, ҳамма бир хилда тўкин-сочин, фаравон ҳаёт кечираётган пайтда ҳеч ким гўшт билан кўрсатиладиган ёрдамга муҳтож эмас. Бизнинг давримизда ишчи, колхозчи ва пенсионерлар оилалари фаравон ҳаёт кечирмоқдалар. Агар мазкур оилалар ойлик иш ҳақидан бир қисмини қурбонлик учун ажратганларида, ўз оилаларининг моддий жиҳатдан қийнаб қўйган бўладилар, бундан келиб чиқадики, Қурбонлик ҳайитида қурбонлик қилишларига зарурат ва манфаат йўқ” («Информационный отчет Совета по делам религий о состоянии ислама в СССР за 1973 год» «Ислам и советское государство» (1944-1990) Выпуск 3. М.2011 тўпламидан иқтибос).
Ҳисоботда, шунингдек, маҳаллий совет ва партия органларининг динга қарши кураш услубларини қайд этади. Ҳолбуки, бу ишлар дин ишлари бўйича мавжуд абтар (думи қирқилган) қонунчилигининг очиқдан-очиқ бузилиши эди. Мисол учун, Аджарияда партия ташкилотлари вакилари Қурбон ҳайити куни масжидларни қуршаб олиб, диндорларнинг намозга ўтиб кетишига қаршилик қилишар, бозорларда чорва ҳайвонларини қурбонлик учун сотишга тақиқ қўйишарди. Натижада, диндорлар қонунга зид равишда уйларида тўпланишга мажбур бўлишарди.
Афсуски, ҳисоботда дўппи ўрнига каллани кесиб келадиган коммунистларнинг “социалистик қонунчиликни” бузгани учун жавобгарликка тортилганми-йўқлиги борасида ҳеч қандай маълумотлар келтирилмаган.
70-йилларда Ўрта Осиё республикаларида “рўйхатга олинган ислом дини ходимлари” устидан суд процесслари тўлқини бўлиб ўтди. Уларга фуқароларнинг илтимоси билан диний маросимларини ўтказганлари ва бунинг учун пул олганлари тўғрисида айбловлар қўйилди.
Ҳукмларга кўра, судланувчилар асосан қариялардан иборат бўлиб, (65-70) ярим йилдан бир йилгача озодликдан маҳрум этилган. Улардан, шунингдек, “фирибгарлик йўли билан топилган” мулк, яъни ўтказилган диний маросимлар учун олинган пул ва ҳадялар мусодара қилинган.
Советларнинг сиёсий амалиёти ҳамда расмий мафкурада СССР парчалангунига қадар Исломга нисбатан қўшалоқ стандартлар амал қилиб келган. Мисол учун, “хорижий исломга” нисбатан унинг ижобий роли борасида қандайдир фаразлар илгари сурилган бўлса (КПСС МК бош секретари Л.И. Брежнев КПСС XXVI съездида “Шарқнинг баъзи мамлакатларида... Ислом шиорлари фаол равишда илгари сурилаётганини” ҳамда “Ислом байроғи остида миллий-озодлик ҳаракатлари амалга ошириш мумкинлигини” тан олган), “ички исломга” нисбатан салбий муносабатда қолган.
Ўтган аср 70-йилларнинг совет мусулмонлари
1960-69 йиллар атеистик кампанияси кўпроқ қирғинга ўхшарди. СССРда 1970 йил 1 январь ҳолатига кўра жами 314 та мусулмонлар бирлашмалари мавжуд бўлиб, уларда аксарияти қариялардан иборат 543 нафар масжид ходимлари “хизмат қилишарди”.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тарих
|
Калит сўзлар