Ҳар йили 29 октябрда турк халқи асосий миллий байрам – Республика кунини нишонлайди.
Туркия Республикаси эълон қилинганига 101 йил тўлди – бу воқеа турк халқи тарихида янги даврни очган эди. Республика эълон қилиниши билан “Суверенитет тўлиқ ва сўзсиз халққа тегишли” шиори давлат бошқарувида ўз ўрнини эгаллади.
1923 йил 29 октябрда Туркия Республикаси расман эълон қилинган кундир.
1920 йил 23 апрелда Туркия миллий-озодлик кураши даврида Буюк Миллий Мажлис (парламент) очилди ва у Туркия Республикасини эълон қилди. Аммо Туркия Республикаси 1923 йилгача расмий тан олинмаган. 1923 йил 24 июлда Туркия мустақиллигини тан олувчи Лозанна шартномаси имзоланган.
1923 йил 13 октябрда, Туркия Буюк Миллий Мажлиси иккинчи чақириқда иш бошлаганидан 2 ой ўтиб, Анқара Туркиянинг ҳукумат маркази бўлди.
Бу вақтгача давлатнинг бошида Туркия Буюк Миллий Мажлиси раиси Мустафо Камол Отатурк турган эди.
Айрим хорижий давлатлар Анқарадан Лозанна шартномаси матнини тасдиқлаш мақсадида давлат бошқарув шаклини аниқроқ белгилашни талаб қилдилар.
Вазият янги ҳукумат таркиби бўйича парламент билан келишмовчиликлар билан мураккаблашди.
1923 йил 25 октябрда амалдаги ҳукумат истеъфога чиқди ва мамлакатда сиёсий инқироз бошланди.
Мустафо Камол Отатурк бу вазиятни Республика эълон қилиш учун имконият сифатида қабул қилди.
1923 йил 28 октябрга келиб ҳукумат тузиб бўлинмагани боис, Мустафо Камол Отатурк Анқарадаги Чанқая саройидаги сафдошларига эртаси куни республика эълон қилишини маълум қилди.
Ўша кеча Отатурк Исмет Иноню билан биргаликда 1921 йил Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади.
1923 йил 29 октябрда қонун лойиҳаси партиянинг парламент фракциясига кўриб чиқиш учун тақдим этилди ва қуйидаги қоидаларни ўз ичига олди:
Турк давлатининг бошқарув шакли Республикадир;
Ижро этувчи ҳокимият тизими бошида Вазирлар маҳкамаси туради;
Президент парламент томонидан олий қонунчилик органи депутатлари орасидан бир муддатга сайланади;
Президент давлат бошлиғи ҳисобланади ва зарур ҳолларда парламент ва вазирлар маҳкамаси йиғилишларида раислик қилиши мумкин.
Ушбу қонун лойиҳаси ўша куннинг ўзида парламентга тақдим этилди ва мунозаралардан сўнг соат 20:30 да йиғилишда қатнашган барча 158 иштирокчи томонидан бир овоздан қабул қилинди.
Республика эълон қилиниши қарсаклар ва қувончли садолар билан кутиб олинди: “Республикага шон-шараф!”
Республика эълон қилиниши билан “Суверенитет тўлиқ ва сўзсиз халқга тегишли” шиори давлат бошқарувида ўз ўрнини топди.
Шундан сўнг президент сайловлари ўтказилди.
Яширин овоз бериш натижасида барча 158 депутатнинг овозини олган Мустафо Камол Отатурк янги турк давлатининг биринчи президенти этиб сайланди.
Шундан сўнг, Отатурк парламент минбарида нутқ сўзлаб, ўз нутқини “Туркия Республикаси бахтли, муваффақиятли ва ғолиб бўлади”, деган сўзлар билан якунлади.
Шу билан давлатнинг номи ва бошқарув шакли бўйича мунозараларга якун ясалди, давлат раҳбарлиги масаласи ёпилди.
Ҳукуматни тузиш тизими ўзгартирилди, унга кўра президент бош вазирни тайинлайди, у эса президент тасдиғига Вазирлар маҳкамаси таркибини тақдим этади.
Туркия Республикасининг биринчи ҳукуматини тузиш вазифаси Исмет Инонюга топширилди, ВНСТ спикери этиб эса Фетҳи Оқяр сайланди.
Турк халқи 29 октябрдан 30 октябрга ўтар кеча, шунингдек, 30 октябрда Республика эълон қилиниши муносабати билан байрам қилди.
1924 йил 26 октябрдаги фармонга кўра Республика эълон қилиниши муносабати билан 101 маротаба туплардан ўқ узиш ва расмий тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
1924 йил 29 октябрдан бошлаб мамлакатда байрам тадбирлари бошланди.
1925 йил 2 февралда Туркия ташқи ишлар вазирлиги 29 октябрни расмий байрам куни деб эълон қилишни таклиф қилди.
Таклиф парламентнинг Конституциявий комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, 18 апрелда қабул қилинди.
1925 йил 19 апрелда Туркия Буюк Миллий Мажлиси 29 октябрни миллий байрам деб эълон қилиш қарорини тасдиқлади.
Абу Муслим тайёрлади