1814 йил Англия-Америка уруши пайтида британ қўшинлари Вашингтонга ўт қўйишди. Ёнғинда АҚШ Конгресси кутубхонаси ҳалок бўлди. Йўқотилган зарарни қоплаш учун Томас Жефферсон ўзининг китоблар тўплами катта қисмини Конгресс кутубхонасига сотди. Жефферсоннинг 6500 га яқин китоблари орасида Қуръоннинг инглиз тилидаги икки жилдли таржимаси ҳам бор эди. Жефферсоннинг махсус кутубхонасида, кейин эса Конгресс кутубхонасида Қуръоннинг борлиги саволлар юзага келтиради: нима учун Жефферсон бу китобни сотиб олган? Ундан қандай фойдаланган? Нима учун у ўзининг ёш халқининг билим омборига қўшди?
Бу саволлар баъзи замонавий шарҳловчиларнинг Жефферсон Қуръонни 1780-йилларда Шимолий Африкада АҚШ ва бербер давлатлари (гап асосан ҳозирги Марокаш, Жазоир, Тунис ва Ливия давлатлари ҳақида боради) ўртасидаги зиддиятга жавобан 1780-ларда Қуръонни қўлга киритганлиги ҳақидаги даъволари асосида янада долзарб аҳамият касб этади.
Жефферсон бу можарони ҳақиқатда жуда яқиндан кузатиб борди. 1786 йил у Марокаш билан шартнома — Қўшма Штатларнинг хорижий давлат билан биринчи шартномасини тузишга ёрдам берди. Бу Жазоир билан бўлган муносабатлар кескин тўқнашув босқичида бўлган давр эди, чунки унинг ҳукмдори АҚШ савдо кемаларига нисбатан қароқчиликни тўхтатиш эвазига ўлпон тўлашни талаб қилди.
Жефферсон ўлпон тўлашга кескин қарши чиқади. Шу муносабат билан, айрим тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, Жефферсон ўз рақибларини яхшироқ тушуниш учун Қуръонни ўрганган. Лекин шунга қарамай, Қуръон нусхасининг Жефферсон кутубхонасидаги ва унинг фикрлашидаги ўрнига диққат билан қарайдиган ҳамда бу муаян таржима контекстини кўриб чиқадиган бўлсак, бошқа нарсани кўришимиз мумкин.
Жефферсон ўзининг кўплаб китобларини буюртма қилган Virginia Gazette газетаси сонларини кўриб чиққач, олим Франк Дьюи аниқладики, Жефферсон Қуръоннинг бу нусхасини Виржиния Уилям ва Марям коллежидаги ҳуқуқшунослик факултетида ўқиган пайтида, 1765 йил сотиб олган экан. Ушбу кашфиёт Жефферсоннинг Исломга бўлган қизиқиши Шимолий Африка қароқчилари хавфига жавобан пайдо бўлганлиги ҳақидаги фикрни рад этади. Қуръонга бўлган қизиқиши коллежда олиб борган ҳуқуқий тадқиқотлар оқимида юзага келган.
Жефферсоннинг Қуръонга қизиқиши билан боғлиқ бир воқеа бўлган. Унинг қўлида немис олими Самуэл вон Пуфендорф томонидан ёзилган ва биринчи марта 1672 йилда нашр этилган қиёсий ҳуқуқ бўйича иш бор эди. Жефферсон Пуффендорф рисоласини ўрганиб чиқди ва ўз ҳуқуқий ишларида уни бошқа матнлардан кўра тез-тез келтирди.
Пуффендорф китоби Ислом ва Қуръонга кўплаб мурожаатларни ўз ичига олади. Гарчи уларнинг кўпчилиги ўша даврдаги Европа асарларига хос бўлган камситувчи бўлса-да, баъзи ҳолларда Пуффендорф Қуръоннинг қонуний мисолларини, жумладан, Қуръоннинг ахлоқий хулқ-атворини тарғиб қилиш, қимор ўйнашни тақиқлаш ва урушаётган мамлакатлар ўртасида тинчлик ўрнатишга чақирганлигини маъқуллаган.
Қуръонни ўқиш Томас Жефферсонга қанчалик таъсир қилди? Бу саволга жавоб бериш қийин, чунки унинг асарларида Муқаддас китобга келтирган бир нечта ҳавола унинг фикрларини очиб бермайди. Бир нарса шубҳа уйғотмайди: Қуръонни ўқиш бўлғуси АҚШ Президентида араб тилини ўрганиш истагини уйғотди (1770 йилларда Жефферсон араб грамматикасига оид бир нечта китоб сотиб олди).
Жефферсоннинг сиёсатчи ва қонун чиқарувчи сифатида олиб борган кейинги фаолияти АҚШда ҳар қандай диний гуруҳнинг тенг ҳуқуқларга эга бўлишига ва камситилишига йўл қўймаслик истаги белгиси остида ўтди. Ҳатто "бербер давлатлари" билан уруш бошлаганда ҳам, Томас Жефферсон ўз нутқларида ҳеч қачон диний атамалар ёрдамида далиллар тузмаган. У сиёсий чизиққа қатъий ва изчил риоя қилган.
Шимолий Африка давлатларига ўлпон тўлаш билан боғлиқ ҳолат АҚШ мустақиллиги эълон қилинишидан анча олдин юзага келганди. Буюк Британия ва Франция денгиз савдосидан тушган даромадларнинг йўқотилишига дуч келгач, ўлпон тўлашга рози бўлиб, қароқчилар билан битим тузишга мажбур бўлдилар. Америкадаги инглиз колониялари Британия империясининг бир қисми бўлган бир пайтда Шимолий Америка савдогарлари ушбу битим ҳимоясида эдилар. Бироқ, АҚШ мустақиллиги учун уруш тугаганидан сўнг, америка байроғи остидаги савдо кемалари қароқчилар ҳужумига дуч келди.
1784 йил, Жефферсоннинг фаол каршилик кўрсатишига қарамай, АҚШ Конгресси ўлпон тўлаш учун пул ажратди. Бундай вазият Жефферсон 1801 йил президент лавозимини қабул қилгунга қадар давом этди. Уруш бошланишининг сабаби америкаликлар ва Ливиянинг Триполи шаҳри пошоси Юсуф Караманли ўртасидаги зиддият бўлиб, у АҚШдан Шарқий Ўрта Ер денгизи бўйлаб Америка кемаларини хавфсиз равишда сузиб ўтиши учун жуда катта миқдорда пул талаб қилган.
Бунга жавобан Жефферсон Шимолий Африканинг қирғоқларига ҳарбий-денгиз эскадрасини юборди. Уруш ҳракатлари тахминан тўрт йил давом этди. 1804 йил америкаликлар ҳатто Триполига ҳужум қилишга ҳаракат қилишди, аммо уларнинг фаолияти муваффақиятсизликка учради. Тарозининг палласи фақат америкаликлар Ливиянинг муҳим шаҳри бўлган Дернни қўлга киритгандан кейингина улар томонига ўтди. Караманли унга кўра АҚШ ҳарбий асирлар учун тўлов сифатида 60 минг доллар тўлаган тинчлик битимини имзолашга рози бўлди, ливияликлар эса АҚШ савдо кемаларига бошқа ҳужум қилмасликка ваъда берди.
Бу уруш Ўрта Ер денгизида қароқчилик муаммосини бартараф этмади, бироқ АҚШга асосий эътиборни Британия империясига қарши ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўришга қаратишга имкон берди. АҚШ ҳарбий кемалари Ўрта Ер денгизи ҳавзасини тарк этгандан сўнг, Шимолий Африка қароқчилари савдо кемаларига ҳужум қилиш амалиётини қайта бошладилар. 1816 йил АҚШ, Буюк Британия ва Нидерландиянинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Марокаш, Жазоир, Тунис ва Ливия ҳукмдорларини қонунлаштирилган қароқчиликни тўхтатишга мажбур қилди.
Жефферсон президент сифатида ҳокимият тепасида бўлган сўнгги йилларда қул савдосини бекор қилиш масаласига катта эътибор қаратди. Бу масала бевосита Африканинг мусулмон давлатларига дахл қиларди. 1807 йил президент Америка Қўшма Штатлари ҳудудига янги қулларни олиб киришни тақиқлаш ҳақида билл имзолади, бу мамлакатда қулликни бутунлай йўқ қилиш учун қўйилган биринчи қадам бўлди.
Интернетдан
Абу Муслим таржимаси