close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сунъий интеллект Ислом таълимотига зидми?

Сунъий интеллект (CИ) ривожланишининг замирида биз одамлар каби кўра оладиган, эшитадиган ва ўзини одам каби тута оладиган қурилмалар ва технологияларни яратишимиз мумкин деган ғоя ётади. Шу билан бирга, ислом таълимотининг марказида руҳ тушунчаси ётади. Аммо ақл-идрокка асосланган фанларда руҳ инсонни инсон қиладиган нарсанинг белгиси сифатида тан олинмайди. Хўш, сунъий интеллект исломий ақидаларга зидми? Бу саволга доктор Ёқуб Чаудхари жавоб беради.

Сунъий интеллект бўйича тадқиқотларнинг якуний мақсади - бизникига ўхшаш ёки ундан юқори бўлган сунъий умумий интеллектни (УСИ) яратишдир. СИ ва УСИ нинг ривожланиши фалсафа ва фаннинг энг катта сирларидан бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у бизнинг ақлимиз ва онгимиз асосларини тушуниш ва уларнинг манбаларини очишдан иборат.
Инсон табиати ва ақл-заковатини ўрганишда асосий роль ҳозирда фан ва техникага мансуб ҳисобланади. Айни пайтда, мусулмонлар ва аксарият диний таълимотлар учун онг, ақл ва инсон табиати руҳнинг мавжудлиги билан боғлиқ. Бироқ, илмий ёндашув ҳеч қандай моддий бўлмаган субстанцияларнинг, масалан, руҳнинг мавжудлигини назарда тутмайди.
Илм-фаннинг ажойиб ютуқлари технология қандай ишлашини ва унинг чекловлари нима эканлигини тушунмайдиган одамларни унга ишонишга мажбур қилади. Фиръавн сеҳргарлари ҳақиқийдек туюладиган иллюзия илонларни қандай яратганини кўрган қадимги одамлар сингари, ҳар бир янги ва шунчаки сеҳрли кўринадиган технология бизнинг замондошларимизни олимлар тирик жонли мавжудотларни қандай яратишни ўрганган ёки яқинда ўрганади, деган фикрга олиб келади.
Бу масалада Қуръон биз учун асос бўлиши керак. Биз ундан бевосита ўрганадиган асосий тамойиллардан бири шундаки, бизни ҳайвонлардан, фаришталардан ва жинлардан ажратиб турадиган ноёб ақл, билим ва тушунчага эгамиз. Муқаддас китобимизда Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганлиги ва унинг руҳини танасига жойлаштириб тирилтиргани ҳақида айтилган. Одам алайҳиссалом илмдаги устунлигини кўрсатгач, фаришталар ва Иблисни унга таъзим қилишга буюрди.
Сунъий интеллект янги қурилмалар ва технологияларга, шу билан бирга, ҳаётимизнинг тобора кенгайиб бораётган соҳаларида киритилар экан, биз ақлли ва эшитиш, кўриш, гапириш, хоҳлаш ва билиш қобилиятига эга бўлиб кўринадиган янги қурилмаларга дуч келамиз. Аммо шуни тушуниш керакки, уларнинг барчаси тирик эмас ва, албатта, руҳнинг ҳеч қандай ўхшашлиги йўқ.
Сунъий интеллектнинг яширин таъсири шундаки, биз ўйласак, кўрсак, гапирсак ва ҳаракат қилсак ҳам, бизни руҳсиз машиналар эканлигимизга ишонтиришга уринади.
Шу маънода Қуръони Каримнинг "Шуаро" сурасининг 69-83-оятларида келтирилган Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаси ибратлидир. У қабиладошларидан нимага сиғинишларини сўради. Одамлар: "Биз бутларга сиғинамиз, уларга доимо хизмат қиламиз, уларни ҳурмат қиламиз ва улуғлаймиз", деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбаримиз сўрадилар: "Улар (бутлар) дуоларингизни эшитадиларми ва илтижоларингизни эшитадиларми? Уларга итоат қилсангиз ёрдам берадими ёки итоатсиз бўлсангиз сизга зарар етказадими?”
Бугунги кунда одамлар кўп вақтларини ақлли қурилмаларига ажратадилар. Овозли ёрдамчилар қурилмалар бизни тинглаётгани, тушунаётгани ҳақида таассурот қолдиради, СИ алгоритмлари одамларни қандайдир ижобий ёки салбий томонга ҳаракат қилишга ундаши мумкин.
Шундай экан, хулоса қилиб айтганда, мусулмонлар янги сунъий интеллект қурилмаларини кундалик ҳаётларида қандай қўллашлари ва бу Ислом таълимотини келажак авлодлар онгида қандай мураккаблаштириши мумкинлиги ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўришлари кераклиги ҳақида огоҳлантириш керак.

Интернетдан (Абу Муслим таржимаси)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase