Олдин "Наҳл" сураси (16-сура) нинг 68 ва 69-оятларини ўқинг: Ва авҳо раббука иланноҳли аниттаҳизий миналжиболи буютан ва минашшажари ва миммо яъришун. Сумма кулий мин куллиссамароти фаслукий субула Раббики зулуло, яхружу мин бутуниҳо шаробун мухталифун алвонуҳу фийҳи шифоун линнос, инна фи золика ла оятан лиқавмин ятафаккарун.
Яъни:(Эй Муҳаммад), Раббингиз асаларига: "Тогларда, дарахтларда ва (одамлар) қурадиган қўвонларда ин қур. Сўнгра турли мевалардан еб, Раббингнинг сенга кўрсатган йўлларидан юр!" деб ваҳий—амр қилди. Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон, рангли ичимлик—асал чиқади. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бор.
Энди бирма-бир оят эътиборни тортган ҳикматларни кўздан кечирайлик...
а) Арининг кўвон (ин) сири
Олти бурчак призмалардан қурилган ари ини - фақат Аллоҳ берган илм-ваҳий билангина қуриш мумкин бўлган меъморий шоҳ асардир. Бу геометрик танлов одатдаги табиий завқ натижасида бунёд бўлган деб ўйлашнинг ҳеч иложи йўқ. Ундан ташқари, қурилиш ашёси сифатида ишлатилган моддаларнинг сақичга ўхшашлиги, яъни ўзига хос кимёвий модда танланганлиги ҳам мўжизадан бошқа нарса эмас.
б) Арининг йўл танлаши ва қайтишда уйини топиши
Жамики жондорларга оид жуда қизиқ бир ҳикоятдир бу.
Асалари, бир томондан, ўзига хос овоз тўлқинларига эга, иккинчи томондан, худди компютердай аниқ бир ҳаракатда бўлиб, маълум бир вазифани адо этади. Ояти Карима, бу ҳикматни ҳам жуда ҳассослик билан тавсифлаган. Арининг табиий равишда уйини топиб келиши, йўлда ҳеч адашмаслиги мавзуида кўп китобларда ҳикоя қилинган. Қизиққан кишилар у китобларни излаб топиб ўқишлари мумкин. Биз қўлга олган мавзу ва таҳлил қилмоқчи бўлган ҳодиса - биологиянинг асалга оид сўнгги хулосалари борасидадир. Энди асалнинг таркиби мавзуида махсус бир изоҳ келтираман.
в) Асалнинг таркиби ва хусусиятлари
Арининг таққоси йўқ меъморлиги ва онгли ҳаёт соҳиби эканлиги ҳаммага маълум. Аммо ари шунча кўп асални ўз эҳтиёжи учун "ишлаб чиқарармикан?" Ёъқ. Аксинча, ўзи ишлаб чиқарган асалнинг юздан бири унга ортиқчалик қилади. Шундай ҳисоб мутахассиси бўла туриб, ўзига керак бўлмаган нарсани кўп ишлаб чиқариши табиат мувозанати доирасида ғайри-табиий ҳодиса деб ҳисобланади. Демак, оятда амр этилганидай, бутун оламларнинг Рабби арига шундай асал ишлаб чиқар, дегани учун ари кўп асал ишлаб чиқариш кампаниясига киришади.
Енди асалнинг таркибига бир қарайлик. Ҳар бир жонзот ўзини куч-қувват билан таъминлаш учун умуман қандайдир бир шакарга муҳтождир ва буни осонлик билан ўсимликдан, унинг меваларидан олади. Арида ҳам аҳвол худди шундай. Аммо танасининг асос қурилиш моддаси ДНАда шакар рибоз шаклида бўлади. Ва ари мевалардан танлаб олган махсус шакарлар билан рибозни тўғридан-тўғри асалга айлантиради. Бу ҳодиса яна арининг ўз эҳтиёжи эмас. Чунки қиролича арининг изнисиз ишчи арига асал ишлаб чиқариш ҳам, ДНАтайёрлаш ҳам тақиқлангандир.
Ундан ташқари, асалда Б13, Б11, БТ қувватболари (витаминлари) борки, ҳеч қандай озиқда бу қувватболар бўлмайди. Бу қувватболарнинг биологик фаолияти ҳали тўла ўрганилмаган бўлса ҳам, ҳар қалай улар ДНА тайёрлашга хизмат қилса керак, деб тахмин этилмоқда.
Булардан ташқари асалда танилган жамики фосфор ачитқилари, ҳар хил кимёвий реактсияларда фаоллик кўрсатадиган АЧЧИҚ ФОЛИК ва бошқа ферментлар ҳамда сувда эрийдиган қувватболар борки, уларнинг жами меваларда бўлади.
Ари бу ҳайратомуз кимёвий таркибни фақат инсон учун ҳозирлаб беради. Маълумки, асалда жуда кўп ўзига хос ҳормонлар мавжуд. Бу ҳормонлар қисман қиролича ари учун ҳозирланади. Лекин қиролича арининг эҳтиёжи жуда оз бўлиб, ишлаб чиқарилган ари сути бениҳоя кўп. Бу ҳормоннинг таркиби ва таъсир даражаси тўла ўрганилган эмас. Уни еган қиролича тўсатдан бир неча бора катталашиб, шиддатли бир тарзда туғувчан бўлиб кетиши ўрганилган. Бу ҳормоннинг бир ҳужайрага туйқусдан ҳаётиёт бериши, шу мақсадда қўлланилиши, бу ҳормондан ёшлик вактсинаси олиниши ҳам маълумдир.
Асалда яна бир қанча наботий дорилар мавжуд. Чунончи, унинг таркибида белладон, дигитал сингари дориларга ҳам дуч келинмоқда.
Мана шу жамики ҳикматлар бутун оламлар Раббининг арига инсон хизматида бўлиши учун махсус илҳом бахш этганидан юзага келгани кўриниб турибди.
г) Асалнинг турли ранглардаги шарбат айирмаси
Ари озми-кўп миқдорда оқ ҳормон, оқ шаффоф рибоз, фруктоза ва бошқа турли-туман наботий витамин (қувватбо) ва ферментлар қоришмасидан таркиб топган қуюқроқ сарғиш ё сариқ, қизил ё қизғиш рангли шарбат айирмаси ҳолида асал солади.
Оят - ҳам шу фарқли таркибларни билдириш, ҳамда арининг фақат гулдан олиб бериш билан кифояланмай, уларни бир ишловдан ўтказиб беришни англатиш учун ҳам ўша юқоридаги жумлаларни ишлатгандир.
д) Асалнинг инсонларни шифолашда кўрасатадиган таъсири
Бир ёқдан фосфор ачитқиларга, бир ёқдан рибоздай асосий яратиш моддасига эга бўлган асалда соғлиқни яхшилаш ва бевосита шифолаш хусусияти мавжуд. Асал, аҳамияти ҳаммага маълум бўлган ҳормонлар билан хроник (узлуксиз давом этиб келаётган, яъни эски) касалликларни, шубҳасиз, яхшилайди, яъни том маънода шифобахшдир. Лекин бу ҳормоннинг ари сути тарзида олиниши ўрнига табиий яйловларда етиштирилган асалнинг олиниши фойдалироқдир.
Бундан ташқари, асал ўзидаги рибоз ва глюкоза моддалари билан ҳамда қувватболари билан юрак мускулларига ўзгача бир шифобахш таъсир бериши ҳам аниқланди. Яна асал жигар, қон ва суяк илиги учун бебаҳо доридир. Асал емайдиган кишиларда жигар бир қатор кимёвий аралаш моддаларни, ачитқи ва ферментларни ишлаб чиқаргани учун, уларга асал едирилса, жигар том маънода дам олиш фурсатига эга бўлади ва бу - шифо бўлмай қолмайди.
Қон таркиби учун жуда ҳам муҳим бўлган кўп моддаларни ташувчи асал суяк илиги учун ҳам шифо беради. Шу боис, жамики хроник касалликка чалинган кишилар учун асал шифобахшликда тенгсиздир, айни замонда, суяк илигининг тинчлигини ва тартибли ишлашини таъминлашда хам шифобахшлиги бебаҳодир.
Шуни назарда тутиб, яъни кенг ва фаол таъсири борлиги туфайли Қуръони каримда ари ва асал мўжизасига диққат тортилган.
Холуқ Нурбоқийнинг "Қуръони каримнинг илмий мўжизалари" китобидан
Туркчадан МИРАЗИЗ АЪЗАМ таржимаси