close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Билим манбалари ҳақида

Ҳақиқатлар ва билимлар маълум бўлгач, айтамизки, билиш манбалари ва йўллари учтадир.

Ҳақиқатлар ва билимлар маълум бўлгач, айтамизки, билиш манбалари ва йўллари учтадир.
Биринчиси, соғлом сезгилардир. Булар: эшитиш сезгиси, кўриш сезгиси, ҳидлаш сезгиси, таъм билиш сезгиси ва ушлаш сезгиси. Иккинчиси, тўғрисўзли кишининг хабари. Учинчиси, ақл. Софистлар буларнинг барчасини инкор этганлар.
Сезгилар ҳақида гапирилган эди. Сезгиларнинг билиш манбаларидан бири эканлигини барча оқил кишилар тан олган. Фақат ушбу жоҳиллар буни инкор этганлар. Хабарнинг билиш манбаларидан бири эканлигини инкор этишда аввалгилардан икки гуруҳ улар билан ҳамфикрдир: шраманлар ва браҳманлар. Уларнинг ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлигини инкор этишида фақат шраманлар улар билан ҳамфикр.
Фикрлашнинг ботил эканлигини ва ақлнинг билиш манбаларидан бири бўлишдан чиқишини мулҳидлар, рофизийлар ва мушаббиҳалар жамоаси ҳам айтган.
Браҳманлар ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлигини тан оладилар. Хабарга келсак, улар «Хабар баъзан тўғри бўлади, баъзан ёлғон бўлади. Демак, унинг ўзи ихтилофли экан. Тўғриликни ёлғондан ажратиб билиш мумкин эмас. Шунга кўра, хабар билан билим ҳосил бўлмайди», дейдилар.
Уларга: «Сизларнинг «Хабар билиш манбаларидан бири эмас», деган гапингиз сиз томондан берилган хабардир. Сизлар хабарнинг ботил эканлигини тан олдингиз. Бу эса ўз гапингизнинг ботил эканлигини тан олишдир», дейиш керак.
Шраманларга: «Сезгилардан бошқаси ҳужжат ҳам, билиш манбаларидан бири ҳам эмаслигини қаердан билдингиз: сезги орқали билдингизми ёки сезгидан бошқаси биланми?» дейиш керак. Агар улар: «Сезги орқали билдик» десалар, «Қайси сезги орқали билдингиз?» деб сўраш, даъволари ботиллигини кўрсатиш учун ҳар бир сезги алоҳида зикр қилиниши керак. Яна уларга: «Бизлар соғлом сезгиларга эга бўлатуриб, нима учун буни сезги билан билмаймиз? Ваҳоланки, соғлом сезгиларга эга бўлган кишилар орасида сезилган нарсалар борасида ихтилоф йўқ-ку», дейиш керак.
Агар улар: «Буни сезгидан бошқа нарса орқали билдик» десалар, сезгилардан бошқа бир нарса билиш манбаларидан эканлигини тан олган бўладилар. Уларнинг ушбу гапи хабарни билиш манбаларидан бири деб билишларини кўрсатади. Чунки улар муайян бир тилда гапирадилар. Тилни билиш сезги билан ҳам, ақл билан ҳам бўлмайди. Зеро, Аллоҳ яратганларининг
ичида ақли мукаммал ва сезги жиҳатидан энг заковатлиси ҳам ўзи ўрганмаган тилдаги сўзни эшитса, унинг маъносини билмайди. Уни фақат ўргатувчининг хабар бериши орқалигина билиши мумкин.
Хабарни инкор этиш билан эшитиш тилни бекор қилади, уларни неъмат қилиб берганига Аллоҳ таолога куфрони неъмат қилган ва ўзини ҳайвонларга ўхшатган бўлади. Зеро, баён (гапириш) билан инсон ҳайвондан ажралиб туради. Бундай даражани мажнун ҳам ўзига раво кўрмайди.
«Хабар ботил бўлса ҳам, гапнинг бошқа савол бериш, буюриш ва қайтариш каби турлари қолади», дейиш ҳам ярамайди. Чунки бу турларнинг сийғалари фақат ўргатувчининг хабар бериши билан билинади. Шунингдек, хабар бекор қилиниши билан ушбу турларнинг ҳар бири бекор бўлади.
Савол беришга келсак, хабар агар билимни ҳосил қилмайдиган бўлса, савол бериш ҳам маъноли бўлмай қолади ва беҳудага айланади. Чунки ҳар бир савол беришда хабар маъноси бор. Агар шундай бўлмаганда савол сўрашнинг ўзи бефойда бўлар эди. Чунки агар сен «Уйда Зайд борми?» деб сўрасанг, бунинг маъноси «Уйда Зайд бор бўлса, борлигини ва агар йўқ бўлса, уйда йўқлигини менга айтишингни хоҳлайман», деганингдир.
Агар «Менга сув бер» десанг, бунинг маъноси «Менга сув беришингни сўрайман», деганингдир. Бунда ҳам буюрилган нарса яхши эканлиги ҳақида хабар берилган бўлади. Агар бу хабар бериш бўлмаганида буйруқ ҳикматли шахсдан содир бўлмаган бўлади. Агар «Мени урма», деса, бу «Мени урмаслигингни сўрайман» ёки «Мени уришингни ёқтирмайман», деганидир. Бунда ҳам қайтарилган нарсанинг ёмон эканлиги хабар қилинмоқда. Агар шундай бўлмаса, тақиқ ҳикматли шахс томонидан содир бўлмаган бўлади.
Агар «Ҳой, Зайд!» деса бу «Зайдни чақираман», деганидир. Агар «Қанийди, Зайд ёнимизда бўлса» деса, бу «Зайднинг ёнимизда бўлишини умид қиламан», деганидир.
Шундай экан, гапларнинг ҳаммаси хабарнинг бекор қилиниши билан бекор бўлади ҳамда эшитиш ва тилнинг маъноси йўқолиб, инсон ҳайвонларга ўхшаш бўлиб қолади.
«Хабарнинг тўғри ва ёлғон турлари бор» деган гаплари борасида биз: «Ёлғон бўладиган хабар билимни келтириб чиқармайди», деймиз. Ёлғон бўлиши мумкин бўлмаган хабаргина билимни келтириб чиқаради. У ҳам бўлса, мутавотир бўлган хабарлардир. Зеро, бундай хабарларнинг ёлғон бўлиши амримаҳолдир.
(Инсонни) ожиз қолдирадиган далил (мўъжиза) билан мустаҳкамланган хабар ҳам (билимни тақозо қилади). Бу пайғамбарнинг гапидир. Ушбу икки хабарда ёлғон мавжуд бўлмайди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase