Лекин мен учун тушунарсиз бўлгани, нима учун бугун, ХХI асрда, Бухорий ва бошқа мусулмон мухаддислари минг йиллар аввал қилгани каби, 500 000 ҳадисни ёдлаб ўтириш керак? Буни аввалда, қоғоз бўлмаган вақтда, кейинроқ эса қоғоз хали ҳамма жойларда тарқалмаган вақтларда қилишган. Фақат IХ-Х асрлардагин қоғоз одатий нарсага айланган. У вақтда чоп этувчи станоклар, миллионлаган тираждаги китоблар, компьютерлар мавжуд бўлган эмас. Ҳозирда эса барча нарса бор, компьютерлаштириш эса юкори даражададир. Интернетда, электрон рўйхатларда ҳамма нарса бор. Факат тугмачани босиш билан исталган нарсани топиш мумкин. Биз техник тараққиёт даврида яшамоқдамиз.
Ривожланган мамлакатларда аллақачон фаннинг янги мезонлари, мавжуд бўлиб, фикрлашнинг янги дастур ва йўналишлар тадбиқ этилмоқда. Биз эса ҳанузгача, худди Х асрдаги каби, илмнинг энг юксак чўққиси деб минглаб ҳадисларни ёддан билишни ҳисоблаймиз, гарчи бунга ҳеч қандай эхтиёж бўлмаса ҳам. Албатта, 500 000 ҳадисни ёддан билиш инсоннинг фавқулодда хотирага эга эканлигидан хайратлантириши мумкин. Масалан, у рекордлар китобига кириши мумкин, холос. Ушбу хотирани давримизнинг долзарб масалалари учун қўллаш керак. ҳадисларни эса ўша одамнинг ўзи интернетдан бир неча секунд ичида олиши мумкин.
Бухорий ва компьютер
Қанчалик ажабланарли бўлмасин, бугунги кунгача баъзилар мусулмонлар орасида илм даражаси мезони сифатида у ёки бу инсон қанча ҳадисни ёд билишини тилга оладилар. Албатта, балки улар буни тўғри деб ҳисоблашга хақлидирлар.
Баъзан, «математик ёки физик олим бўлиш учун кўпайтириш жадвалини билиш шарт эмас, чунки ҳисоблаш учун калькуляторлар мавжуддир, деган одамга Сиз нима деган бўлардингиз?», деган эътирозли саволлар беришади. Лекин, ахир кўпайтириш жадвали – бу математиканинг фақат алифбоси-ку. ҳадисшуносликнинг алифбоси унинг асосий услубларини билмоқлик бўлгани каби. Қолаверса, математика асосларини билган одам калькулятор ёрдамида мураккаб интеграл функцияларни ечади, мусулмон одам эса қидирув системалари ёрдамида зарур ҳадис тўпламларини экранга чикариши мумкин. Буни қийинчиликсиз амалда қўллаш мумкин, натижа эса 500 000 ҳадисни ёдлагандан кўра анча яхшироқ бўлади.
Биринчидан, компьютер хаттоки триллионта ҳадисни ҳам эслаб қолиши мумкин; иккинчидан, уларни ҳоҳлаган йўналишда саралаб, истаган услубда: саҳобаларга кўра, асосий сўзларга кўра, ровийлар силсиласига кўра ва ҳ.к. тарзда қидириб топиш мумкин. Мен, агар Имом Бухорий бизнинг даврда яшаганида, компьютерни афзал кўрган бўлишига шубҳа қилмайман. Зарур тафсилотларни қидириб топишда ҳеч қандай мураккаблик йўқ. Озгинагина мантиқий тафаккурга эга бўлиш ва нима қаерда жойлашганини аниқлашнинг ўзи кифоя қилади. Тафсирлар, Бухорий тўпламлари ва бошқа тўпламлар – аслида анча содда ва тушунарли тарзда тузилган маълумот қўлланмаларидир (ваҳоланки, баъзилар буларни қандайдир ўта мураккаб, оғир ва қийин тушуниладиган китоблар сифатида тасаввур қиладилар).
Қидириш системасида асосий (калит) сўзга кўра зарур тушунчани топиш зарур. Шундан сўнг ушбу сўз қайси оятда мавжудлиги ҳақида кўрсатма пайдо бўлади. Оятни топиб, тафсирга ўтилади. Тафсир оддий тузилгандир. Оят остида шарҳ келади. Уни фақатгин ўқиш зарур. Кейин эса ҳадисларга ўтамиз. Масалан, www.hadis.islom.uz га кирамиз. У ерда ўзбек тилига таржима қилинган ҳадис тўпламларининг (Бухорий, Муслим, ва бошқалар) деярли барчаси мавжуд. Тўпламлар мавзуларга оид боблар бўйича тузилган. Бизни қизиқтирган мавзуга оид бобни очамиз. У ерда яна калит сўзга асосан қидиришни берамиз ва керак ҳадисни топамиз. Ҳоҳласак, бошқа тўпламлардан ҳам худди шу тарзда қидиришимиз мумкин.
Ва энг асосийси шуки, хатто минглаб китобларни ёддан билиш ҳам ўз-ўзидан ҳеч нарса бермаслиги мумкин. Муҳими, у ёки бу инсоннинг ўқиган нарсасини таҳлиллаш, қайта ишлаш ва умумлаштириш қобилиятидир. Имом Бухорий минглаб ҳадисларни ёд билгани учунгина буюк бўлиб колган эмасдир. Унинг асосий хизмати – ҳадисларни ровийсига қараб тартибга келтиргани, саҳиҳлигини аниқлашни янги услубини яратганлиги, уларни фиқҳ масалаларида қўллаш қулай бўлиши учун боб ва мавзуларга тақсимлаб чиққанлигидир. Яъни, инсонни олим қиладиган нарса оддий тарзда билимларни тўплаш эмас, балки бу маълумотларни қайта ишлаш, янги технологияларни тадбиқ қилиш, муаммони ечиш усуллари, умумлаштириш устида қилинадиган муттасил ва оғир меҳнатдир.
Китобларни фақатгина ўқиш ёки ёдлашга келадиган бўлсак, уларнинг микдори ҳеч бир катта аҳамиятга эга эмас. Ўқиб чиққандан сўнг ҳам билимсиз ҳолатда қолиш мумкин. Қуръонда «китоб ортилган эшак» жумласи жуда ажойиб тарзда қўлланилади. Бу айнан кўп ўқиб, кўп билиб, бироқ тўғри хулоса чиқара олмаган, йиғилган маълумотдан зарур тарзда фойдалана олмаган баъзи яхудий олимларининг таърифидир.
Ойдин Ализода мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Илм-фан
|