Таъкидланишича, мазкур орденни таъсис этиш тўғрисидаги қонун билан «Имом Бухорий» орденининг низоми ва унинг тавсифи тасдиқланмоқда. Шунингдек, «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.
«Имом Бухорий» ордени икки даражадан иборат бўлади: «Олий даражали Имом Бухорий» ордени ҳамда «Имом Бухорий» ордени. «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени «Имом Бухорий» орденидан юқори даражада ҳисобланади.
«Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришгани учун:
хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;
хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;
халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар;
мамлакатимизнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчилар мукофотланади.
«Имом Бухорий» ордени билан:
улуғ алломалар илмий меросини чуқур ўрганиб, ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги хизматлари;
юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларни ўзида ифода этган тарихий меросни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий-амалий тавсиялар тайёрлашдаги самарали меҳнати;
мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишдаги фаолияти;
«Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган ғаразли таҳдид ва ҳаракатларнинг олдини олиш, бундай хатарларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш борасидаги хизматлари;
ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганиб, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этишдаги катта хизматлари учун мукофотланади.
«Олий даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени билан бошқа шахслар ҳам илм-маърифатни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланиши мумкин.
«Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга БҲМнинг 70 баравари (21 миллион сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, «Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахслар эса БҲМнинг 50 баравари (15 миллион сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.
Сенаторлар ушбу орденни таъсис этиш тўғрисидаги қонунни маъқулланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» ҳамда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони таъсис этилиши хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда «Гидрометеорология хизмати аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилганди.