close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўсимликлар «гапириши» мумкинми?

«Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!» (Фуссилат сураси, 53) Табиий яшаш муҳитида ўсимликлар кўплаб организмлар билан йўллари кесишади.

Улар бу организмларнинг барчаси – бошқа ўсимликлар, ўтхўр ҳайвонлар, йиртқичлар ва ҳатто ўзлари билан қандай мулоқот қилишади? Ўсимликлар кимёвий ёки визуал сигналлар ёрдамида мулоқот қилади. Узоқ вақт давомида ўсимликлар ва бошқа организмлар ўртасидаги "кимёвий" коммуникация ғояси уйдирма ҳисобланган, аммо яқинда у экологик ҳодиса деб тан олинди.
Ўсимликлар ҳашаротлар билан мулоқот қилишига кўплаб қизиқарли мисоллар бор. Мисол учун, япроқларини еб битирадиган ҳашаротларга қарши ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўсимлик зараркунанда ҳашаротларини овлайдиган бошқа ҳашаротларга сигнал берадиган учадиган кимёвий моддаларни чиқаради. Ҳашоратлар билан бундай мулоқотнинг қўшимча “маҳсулот”и жуда яқин ва шамол томонида жойлашган бошқа ўсимликларга хавф-хатар ҳақида сигнал бериш имконияти ҳисобланади. Энтомология профессори Ричард Карбан (Richard Karban) ва Калифорния университетининг бошқа тадқиқотчилари кесилган шувоқ (полынь) унинг ёнида шамол томонидан ўсадиган тамакига ўзининг жароҳати ҳақида “ҳикоя қилиб бергани” ва тамаки унга жавобан аниқ ҳимоя реакцияси намойиш этганини исботлаб бердилар.
Уч мавсум давомида тадқиқотчилар баргларни еб битирадиган ҳашаротлар таъсирини ўхшатиш учун шувоқ баргларини кесиб бордилар. Кесилган шувоқ учадиган кимёвий бирикмалар (метилжасмонат) чиқариб, шамол уларни яқин-атрофдаги ўсимликларга тарқатади. Афтидан, тамаки ўсимлиги бу бирикмаларни ҳис қилади – ҳар ҳолда, у баргларини ҳашаротлар учун “бемаза” қилиб қўядиган ҳимоя агенти чиқаришни кўпайтиради. Натижада тамаки ўсимлиги чигиртка ва капалаклардан камроқ азият чекади.
Бошқа бир тадқиқотда, акация дарахти барглар ва ёш куртакларни ейиш ёки таёқлар билан уришга барглардаги танин даражасини бир неча дақиқада ошириш орқали жавоб берди. Ажабланарлиси шундаки, бундан кейин қўшни дарахтларда танин даражаси ошди ва уларнинг аччиқ таъми билан уларга зарар етказишга улгурмасдан ҳайвонларни қувиб юборди.
Бундан ташқари, ўсимликлар сут эмизувчилар билан "гаплашиш" имкониятига эга. Профессор Стивен Жонсон (Steven Johnson) ва Жанубий Африканинг Квазулу-Натал университети тадқиқотчилари гуруҳи томонидан олиб борилган тадқиқотлар ноёб паразит ўсимликнинг ўзига хос ҳиди ер усти сут эмизувчи-чанглантирувчиларини қандай жалб қилганини кўрсатди. Ушбу ўзига хос гуллар ҳиди 30 дан ортиқ таркибий қисмларидан, хусусан, кетонлар, ёғ кислоталари ҳосиалари, моно ва сесквитерпеноидлардан иборат. Улардан учта энг кенг тарқалган ароматик моддалар 1-гексен-3-он, 3-гексанон ва этилбутиратдир.
Ушбу кимёвий моддаларнинг сичқонларга таъсири текширилганда, сичқонлар, одамлар каби, 3-гексанонни ёқимли ҳид деб билишади. У одатда ширин-мевали-узум ҳидини олиш учун хушбўй ис берувчи моддалар сифатида ишлатилади. Бундан ташқари, 3-гексанон кўршапалаклар чанглатадиган баъзи гулларда топилган. Шундай қилиб, бу модда барча сут эмизувчилар учун жалб этувчан деб тахмин қилиниши мумкин. Шуниси қизиқки, ароматик сигналлар кичик ер усти сут эмизувчилари томонидан чангланадиган ўсимликлар учун жуда муҳимдир, чунки бу ҳайвонларнинг фаолияти одатда визуал сигналлар самарадорлиги пастроқ бўлган тунги пайтга тўғри келади.
Табиий шароитда зараркунанда-ҳашаротларга қўшимча равишда, ўсимликлар кўплаб патоген микроорганизмлар: бактериялар, қўзиқоринлар, оомицеталар, вируслар билан алоқага киришади. Патоген организмларга тўғри реакция ўсимликнинг омон қолишини таъминлайдиган қаршилик механизмларини шакллантиришга олиб келади. Ўсимликлар патогенлар билан боғлиқ молекуляр тузилмаларни аниқлаш орқали потенциал патогенларни аниқлашга қодир. Ушбу таниб олиш мудофаа механизмини фаоллаштиради. Инфекцияланган ўсимлик тўқималари ва юқтирилмаган моддалар ўртасидаги яхши мувофиқлаштирилган алоқа патогенларнинг тизимли тарқалишини чеклайдиган ҳимоя механизмларининг ўз вақтида намоён бўлиши учун муҳимдир.
Салицил кислотаси, бу муҳим мобил сигнал, ўсимлик танасининг қолган қисмига инфекцияланган тўқимадан етказилади. У патогеннинг маҳаллийлаштирилган таъсирига жавобан илгари пайдо бўлган бутун ўсимликнинг жавоб реакцияси бўлган ўзлаштирилган тизимли қаршиликни фаоллаштиради. Ўсимликлар нафақат микробларнинг ўзларини босиб олиши ҳақида, балки бир-бирлари билан "гапириш" ҳақида ҳам хабар беради. Мисол учун, тамаки ўсимликлари бир-бирларини мозаикасимон холхоллик вируси ҳужуми ҳақида огоҳлантириб, метилсалицилат чиқаради, бу эса инфекцияланган ўсимликларда кейинчалик салицил кислотасига айланади.
Зарарли патоген ўзаро алоқалардан фарқли ўлароқ, айрим микроорганизмлар ва ўсимликлар ўртасида шунигдек, симбиотик, фойдали ўзаро алоқалар ҳам мавжуд. Бундай қулай симбиозни яратиш (юнон тилида "биргаликда яшаш" деган маънони англатади) мураккаб жараёндир. Бунда муваффақиятли ўзаро алоқалар учун ҳамкорлар ўртасида молекуляр даражадаги мулоқот зарурдир.
Ушбу турдаги ўзаро алоқалар орасида қишлоқ хўжалигида дуккаклилар ва тугунак бактерияларнинг симбиози алоҳида аҳамиятга эга, чунки симбиоз жараёнида бактериялар атмосфера азотини ютади, бу эса ўз навбатида сайёрадаги барча қишлоқ хўжалиги ерларининг 12-15 фоизини эгаллаган соя, нўхат ва ловия каби дуккакли экинларнинг ўсишига ёрдам беради.
Тугунчак бактериялар тупроқда яшайди ва беда, йўнғичқа, нўхат, ловия, ясмиқ, люпин, соя, ер ёнғоқ каби ўсимликлар илдизлари симбиоз жараёнида шаклланган тугунчакларида ривожланиб, органик азотни ўз ичига олган бирикмалар синтез қилиш ва атмосфера ҳавосидан молекуляр азот олиш имконига эга бўлади.
Тугунчак бактериялар азотни мустақил равишда ушлаб туролмаслиги сабабли хўжайин-ўсимликка эҳтиёж сезади. Тугунчак бактерияларни жалб қилиш учун ўсимликларнинг илдизлари сигнал молекулаларини, масалан, флавоноидларни чиқаради.
Бактериялар бу кимёвий моддаларни сезганда, улар дуккакли ўсимликнинг илдиз тўқималарини эгаллаб олади. Шундай қилиб, дуккакли экинларнинг тугунчак бактерияларини юқтириши бу - "таклиф бўйича" бостириб киришдир.
Ўсимликнинг илдиз толасига кириб, бактерия ўсимлик илдиз ҳужайраларининг кучли бўлиниши билан реакцияга кирадиган махсус моддани чиқаради. Шундай қилиб, бактериялар яшайдиган ва азотни сақлайдиган тугунчаклар ҳосил бўлади.
Шундай қилиб, тугунчак бактериялар дуккакли экинларни тупроқ азотидан мустақил қилади, дуккакли экинлар эса бактерияларни озиқа моддалар билан таъминлайди. Бундан ташқари, дуккакли ўсимликлар уларга бир муҳим таркибий қисм –  азот-бириктирувчи бактериялар учун асосий фермент ҳисобланган нитрогеназ етказиб беради. Буларнинг барчаси ўсимлик бактериялар билан "мулоқот қилиш"га қодир эканлиги сабабли мумкин.
Ўсимликлар, шунингдек, микориз замбуруғлар эгаллаб олишига қизиқиш билдиради. Фосфор ва азот каби озиқа моддалар билан таъминлашдан ташқари, замбуруғлар ўсимликларни касалликлардан, паразитлардан ва бошқа стресслардан ҳимоя қилади.
Колонизация (эгаллаб олиш) вақтида ўсимликларнинг ўсиши 40% га ошади. Лаборатория шароитида колонизация қилинган сабзи мавжуд бўлмаган сабзидан кўра 20 марта кўпроқ ўсди! Амалда, улар шу қадар яқин "дўстлар"ки, замбуруғ шунчаки ўсимликсиз яшай олмайди ва ердаги барча ўсимликларнинг 80-90%и қандайдир тарзда микоризик замбуруғлар билан боғлиқ. Ушбу ажойиб дўстликнинг келиб чиқиши - мулоқотдир.
Шундай қилиб, ўсимликлар микроорганизмлар, зараркунандалар ва сут эмизувчилар билан "суҳбатлашиш" мумкин, аммо улар одамлар билан мулоқот қиладими? Улар биз билан мулоқот қилишлари мумкин бўлган ақлли мавжудотларми? 1848 йил немис профессори, доктор Густав Теодор Фехнер (Gustav Theodor Fechner) ўсимликлар ҳис-туйғуларга қодир эканлигини ва суҳбат, эътибор ва муҳаббат уларнинг соғлом ўсишига ҳисса қўшишини тахмин қилди.
Ҳинд олими, сэр Джагдиш Чандра Бос (Jagdish Chandra Bose), 1900 йил ўсимликлар билан олиб борган тажрибалари натижасида аниқладики, ёқимли мусиқа овози остида ўсимликлар тезроқ ўсар экан, шовқин-сурон ёки кескин товушлар остида эса – секинроқ.
Бундан ташқари, Қироллик боғдорчилик жамияти маълумотларига кўра, ўсимликлар билан суҳбат қилиш, айниқса, аёл киши суҳбатлашадиган бўлса, уларнинг ўсишига ёрдам беради. Ўсимликлар одамлар билан “гаплашиши” мумкин эканлигини аниклаш мақсадида кўп сонли тажрибаларга қарамай, бу масалада ҳали жиддий бир ихтиро қилинмаган.
Ботаниклар ўсимликлар билан қандай "суҳбатлашиш" ни билишмасин, улар ўсимликларнинг зараркунандалар ёки патогенларга чидамлилигини яхшилаш учун ушбу янги ва қизиқарли тилдан фойдаланиш учун бошқа организмлар билан қандай алоқа ўрнатаётганини тушунишга ҳаракат қилишади. Кимёвий пестицидлардан фойдаланиш ўрнига, генетик жиҳатдан ўзгартирилган ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимлари ва экинлар ичидаги алоқа каналлари афзал муқобил вариант ҳисобланади.
Ўсимликларнинг бошқа организмлар билан мулоқот қилиши - мураккаб жараёндир. Ўсимликлар кўп сонли турли хил жонзотлар билан алоқа тармоғига эга бўлиши мумкин. Улар бир-бирига ёки "бошқа тилларда гапирадиган" бошқа органларга маълумот беради.
Улар бундай ажойиб мулоқот қилиш қобилиятини қандай қилиб олган? Ҳатто энг илғор мавжудотлар, яъни одамлар мулоқотда муаммоларга дуч келадиган бир пайтда, қандай қилиб ўсимликлар гетероген муҳитда ишончли алоқа тизимларига эга бўлиши мумкин?
Кейинги сафар боғингиздаги ғалати шов-шувни эшитганингизда, ўзингизни четга олинг. Эҳтимол, ўсимликлар "баҳслашаётган" бўлиб чиқар. Эҳтиёт бўлинг, уларга зарар берманг - балким улар "қасам ичаётган" ёки "қичқираётган"дир?

Манба: About Islam
Абу Муслим таржимаси

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz

Ўхшаш мақолалар (калит сўз бўйича)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase