close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хиёнатнинг ёмони (“Саботул ожизин” ни ўқиб)

  • Душанба, Апр 26 2021
  • Муаллиф  Фозил ЗОҲИД

Аллоҳ розилигини қозониш учун киши гуноҳ қилмаслиги ва ўзгаларни гуноҳ қилишдан қайтариши вожиб. Буларнинг устига, кўз ўнгида содир бўлган журму хатоларга бетараф қараб туриш ҳам мўмин кишига хос эмас. Зеро:

Жамиъи бандайи мўмин саросар
Эрурмиз бир-биримизга биродар.

Сўфи Оллоёр ҳазратлари мўминларнинг биродарлигини, бир-бирларига доим меҳр-шафқат кўрсатишлари лозимлигини таъкидлаш билан бирга, бу ишлар ҳаётда қандай қилинишини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида кўрсатиб берганлар. “Саботул ожизин”ни ўқиган киши ўзига раво кўрганни биродарига ҳам раво кўриш ҳақидаги ҳадиси шариф мазмунини чуқур англаб етади.
Ҳақиқий мўмин биродарига зиён-заҳмат юзланишига, унинг залолатда қолишига тоқат қила олмайди, адашган гумроҳга йўл кўрсатишни бурчи деб билади. Акс ҳолда:

Агар кўрсатмаса йўл, кўрган инсон,
Бахиллик мундин ўтмас, э мусулмон.

“Ўзим жаннатга борсам бас, дўзахда ёнганлар билан нима ишим бор?” деган хаёл такаббурлик ва худбинликдан бошқа нарса эмас. Диёнатли инсон, исломий ахлоқ соҳиби яқинлари ва диндош-миллатдошларининг маъсиятига, исёнларига асло рози бўлмайди. ¤зи кўрсатган йўлда юрмаган бандасидан Аллоҳ ҳам рози бўлмайди:

Худо рози эмас исёнимизға,
Ризосидир анинг эҳсонимизға.
Киши рози деса исён қилурға,
Аимма ҳукмидур кофир бўлурға.

Таассуфки, аксар ҳолларда мункар ишларнинг олдини олишга, жоҳиллик, шаккоклик қилган кишини тартибга чақиришга журъатимиз етишмайди.
Гуноҳ вақтида бетарафлик агар илм аҳлидан воқеъ бўлса, ҳисоб кунида жавоби қийин. Чунки олим бўлатуриб наҳйи мункар қилмади, бурчини адо этмади. Бу иши омонатга (илмга) хиёнат, биродарига зулм бўлади. Агар у ўзи гувоҳ бўлган исённинг олдини олишга қатъий ҳаракат қилса-ю, кутилган натижага эриша олмаса, эзгу нияти ва ҳаракатининг ажрини оларди, раъйидан қайтмаган кимсанинг гуноҳи ўз бўйнида қоларди. Ёсин сурасининг 17-ояти мазмуни сўзимизнинг далили бўла олади.

Наким тушса кўнглингга ё кўзингга,
Раво кўрмасанг ул ишни ўзингга,
Раво кўрсанг мусулмонга ани,
Муни дерлар хиёнатнинг ямони.

Бу сўзлар фақат дунёвий манфаатга ёхуд дунёвий зиёнга алоқадор бўлиб қолмай, охират учун муҳим амалларга ҳам тааллуқли. Ўзига ухровий зарарни раво кўрмаган киши биродарини ҳам бундай зарардан асрашга ҳаракат қилиши лозим. Уни исёндан қайтаришга кучи етмаса, ўзи шоҳид бўлган гуноҳга кўнглида нафрат бўлиши, осийга Аллоҳдан тавфиқ-ҳидоят тилаши керак. Кўнгил бетарафлиги гуноҳга розилик белгисидир. Гуноҳга розилик эса, айни гуноҳдир.

Қаю ишга рози бўлсанг кўнгулда,
Агарчи қилмасанг, бўлдинг ул йўлда.

Даҳрийлик ҳукм сурган замонда ботил ишлар, журму исёнлар кўп қилинди, ҳалол-ҳаром фарқламай қўйилди. Энди шу одатни тарк этиш қийин кечяпти. У машъум даврнинг асорати қачон барҳам топаркин, феълимиз қачон ўзгарар экан? Иш осон битиши учун порани рози бўлиб берамиз. Фойизга рози бўлиб, қарз оламиз. Ҳаром фойда ҳисобига бойишнинг иложи бўлса, қайтмаймиз. Отаси ўғлининг қинғир йўлга кирганини билса ҳам, иши йўқ, лоқайд. Ўз ихтиёримиз билан ароқхўрга ҳамтовоқмиз. Одоб ва ҳаё тарки, ота-онага, ёши улуғларга беҳурматлик учун ёшларга танбеҳ берадиган мард топилмайди, гуноҳларни кўриб-билиб, сукут сақлаймиз. Сукут ризо аломати эмасми? Балки ҳамма шундай эмасдир. Маъзур тутинг. Гап эгасини топар.

Эрур исён ризоси чунки исён,
Ризойи куфрдир — куфр, э мусулмон.

Исёнга розилик — исён, куфрга ризолик эса — куфр. Беш кунлик фоний дунёда айшу фароғатни ўйлаб, тонгла жаҳаннам қаърига қулашдан ҳам оғирроқ мусибат борми?
Исёнга рози бўлмаслик, куфрга кетишдан сақланиш, ҳаётини Аллоҳ рози бўладиган хайру савоб ишларга бағишлаш имон аҳлининг мақсади бўл-моғи керак.

Фозил ЗОҲИД

Мақола жойлаштирилган бўлим: Адабиёт
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase