close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ният ва Ихлос (китоб)

Аллоҳ номи ила қувилган шайтоннинг ёмонлигиндан паноҳ сўрайман! “Сен: “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман ва мен аввалги мусулмонларданман” деб айт” (Анъом 162,163). “Албатта, биз сенга Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат қил. Огоҳ бўлингким холис дин Аллоҳникидир” (Зумар 2,3). “Ҳолбуки улар Аллоҳга динни холис қилган ҳолда, ҳаққа мойил бўлиб ибодат қилишга буюрилган эдилар” (Баййина 5).

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга Ўз юзининг жалоли, қудратининг буюклилига хос ва мос кўп, яхши, баракали ҳамдлар бўлсин. Ундан ўзгани Робб қилиб олмаймиз, Ундан ўзгани Валий тутмаймиз, Ундан ўзгани Ҳакам қилиб олмаймиз, Унга ва У билан бирга ҳеч кимсани ва ҳеч нарсани шерик қилмаймиз. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Динни Унга холис қилган ҳолда - агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам - Унгагина ибодат қиламиз.
Аллоҳнинг соф саловатлари ва саломлари саййидимиз, имомимиз, намунамиз, суюклигимиз Муҳаммадга бўлсин. У кишининг намозлари, ибодатлари ҳаёт - мамотлари оламлар Роббиси Аллоҳ учун эди. У Зотнинг шериги йўқдир. Ҳамма нарсалари Аллоҳ учун  эди. Сўзласалар Аллоҳ учун, жим турсалар Аллоҳ учун, ғазаблансалар Аллоҳ учун, рози бўлсалар Аллоҳ учун, яхши кўрсалар Аллоҳ учун, ёмон кўрсалар Аллоҳ учун, берсалар ёки ман қилсалар, дўстлашсалар ёки урушсалар Аллоҳ учун эди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир.
    У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Аллоҳга дуо қилиб “Аллоҳим! Сенга билган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан паноҳ сўраймиз ва билмаган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан истиғфор айтамиз” деб айтишни таълим берган эдилар.
    Аллоҳ у кишининг асҳобларидан рози бўлсинким, улар динларини Аллоҳга холис қилдилар. Аллоҳ уларни Ўз дини учун холис қилди. Аллоҳ учун ҳижрат қилдилар, Аллоҳ учун муҳожирларни қабул қилдилар ва ёрдам бердилар, Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари ила тиришқоқлик қилдилар. Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида тиришқоқлик қилиш улар учун оталаридан ҳам, ўғилларидан ҳам, қариндош - уруғларидан ҳам, касб қилган молларидан ҳам, касод бўлишидан қўрққан тижоратларидан ҳам ва ҳуш кўрган масканларидан ҳам суюклироқ эди.
   Аллоҳ улардан ва уларнинг ортидан қиёматгача эргашганлардан рози бўлсин.
   Дўстим муслим, ушбу саҳифаларда сенга иймоннинг энг юқори бўлимларидан бир бўлим, диннинг энг улуғ мақомларидан бир мақом, раббонийларнинг энг гўзал хулқларидан бир хулқ ҳақида сўзламоқчиман. Бу нарса “ихлос” бўлиб Аллоҳ у бўлмаганда амални қабул қилмас, у бўлмаганда солиҳ амал Аллоҳ ҳузурида розилик топа олмас.
    Бу ҳақда Сулаймон алайҳиссалом: “Роббим, мени Ўзинг менга ва ота - онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин” (Намл 19) деганлар.
   Солиҳ амал унда ихлос мужассам бўлганда ва ундан катта ва кичик, ошкор ва махфий ширк зоил бўлгандагина Аллоҳни рози қилади: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф 110).
   Содиқ ниятсиз, уни холис Аллоҳ учун қилмасдан, шахсий ва дунёвий рағбатлардан холий бўлмасдан туриб ихлос мукаммал бўлмайди. Бунинг маъноси инсон ўз ҳоҳишларини унутиб, Роббисига бутунлай боғланишидир. У Роббисига боғланганда Аллоҳ унга заифлик ўрнига қувват, хавф ўрнига омонлик, фақирлик ўрнига бойлик беради. (Ҳақиқий қувват, омонлик ва бойлик чин ихлосдир. Таржимон).
Умид қиламанки, дўстим муслим, ушбу саҳифалардан нафсингга қарши курашишда, унинг махфий шаҳватларига қарши туришда – зеро махфий шаҳватлар зоҳирий шаҳватлардан кўра хатарлироқдир - ёрдам берадиган ҳақиқатларни топасанки, токи Аллоҳга холис бўлиб бутунлай Аллоҳга боғланасан: “Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур” (Луқмон 22).
 Аллоҳим! Бизларни билиб унга амал қиладиган, амал қилганида холис бўладиган, холис бўлганида Сенинг ҳузурингда амали мақбул бўладиган бандаларингдан қилгин, эй оламлар Роббиси! Аллоҳим омийн!

Аллоҳга муҳтож банда Юсуф Қаразовий

БИРИНЧИ ФАСЛ
ИХЛОСНИНГ МАЪНОСИ ВА АЛЛОҲГА ЙЎНАЛГАНЛАРГА УНИНГ ЗАРУРЛИГИ

1.КИРИШ

  Ихлос қалб амалларидан бир амалдир. Балки у қалб амалларнинг бошида туради, чунки амалларнинг қабул бўлиши фақат у билан бўлади.
  Ихлос сўзидан қилинган мақсад Аллоҳ розилигини амал ила ирода қилишдир. Ўша амални шахсий ва дунёвий мақсадлардан поклашдир. Амалга киришганда Улуғ Аллоҳ ва охират учунгина киришишдир. Амални очиқ бўлсин ёки махфий бўлсин нафсга яқин рағбатлар билан қўшиб юбормаслик. Бу рағбатлар бойлик хоҳиши ёки шаҳват ёки мансаб ёки мол ёки шуҳрат ёки одамлар қалбидан жой олиш ёки уларнинг мақтови ёки мазаммат қилишларидан қочиш ёки омманинг розилиги ёки хосларни кўнглини топиш ёки яширин ҳиқдни олдини олиш ёки махфий хасадга жавобан ёки бўйсунилган кибрга жавобан ёки булардан бошқа иллатлар, ҳаволар ва ғаразлардан иборатдир. Ихлосга зид бўлган нарсаларнинг жамланмаси қуйидаги гапда айтилгандир: “Ким бўлмасин нима бўлмасин амал ила Улуғ Аллоҳдан бошқани ирода қилиш”.
Амалдаги ихлоснинг асоси унда ниятни Улуғ Аллоҳга хос қилишдир.
Ният сўзидан мурод инсон иродасининг ўзи учун керакли бўлган мақсадга йўналишидир.
Ундовчи мақсад бу инсоний иродани амалга киришишга ундовчи, ҳаракатлантирувчи нарсадир. Ундовчи мақсадлар кўп ва турли хилдир. Улардан моддий ва маънавийлари, шахсий ва ижтимоийлари, дунёвий ва ухровийлари, арзимас, ҳақийр ва катта хатарлилари бор. Шунингдек улардан қорин ва жинс шаҳватига боғлиқлари, ақл ва руҳ лаззатига боғлиқлари, ман қилинганлари, мубоҳлари, мустаҳаблари ва вожиблари бор.
Ушбу ундовчилар инсоннинг ақийдаси, иймон келтирган қадриятлари, билганлари, фикрлари ва фаҳмлари доирасига киради. Бу нарсалар ўрганиш ёки тажриба орттириш ёки “очиқ-ойдин нарса”нинг таъсири остида (очиқ-ойдин нарса деб Аллоҳдан келган дин назарда тутилмоқда. Таржимон) ёки бошқаларга тақлид қилиш орқали пайдо бўлиб шаклланади.
 Ҳақиқий мўъмин қалбида динга ундовчи мақсад ҳавога ундовчи мақсад устидан ғолиб келган, охиратга ундовчи нарсалар дунёга ундовчиларидан устун келган, Аллоҳ ҳузуридаги нарсани одамлар ҳузуридаги нарсалардан олий қўйган, нияти, сўзи, амалини Аллоҳ учун қилган, намози, ибодатлари, ҳаёти ва мамоти оламлар Роббиси Аллоҳ учун бўлган инсондир. Мана шу ихлосдир.

2. ИХЛОС ХОЛИС БЎЛГАН ТАВҲИДНИНГ САМАРАЛАРИДАНДИР

Бу маънодаги ихлос олий ва буюк Аллоҳга бўлган комил тавҳиднинг меваларидан бир мева бўлиб бу Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, ўзидангина ёрдам сўрашдир. Ушбу ихлос ҳақида “Китоб очувчиси”, “Қуръон онаси” бўлган сурада барча айбу нуқсонлардан пок Зот бундай марҳамат қилади: “Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа 5). Ушбу сўзлар ила мусулмон киши Роббисига ҳар куни намозларида камида ўн етти марта муножот қилади.
 Банда мана шу комил ихлос ила ҳар қандай тутқунликдан халос бўлади ва Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш ҳисобланган дийнору дирҳам, аёллар, қадаҳлар, зийнат, ташқи қўриниш, мартаба, мансаб, ғариза ва одат кучи бўлган дунёга ибодат қилишнинг турли кўринишларидан озод бўлади. Аллоҳ ўзининг Расулига буюрганидек банда бўлади: “Сен: намозим, ибодатларим ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳгадир. Унинг шериги йўқдир. Шунга буюрилганман ва мен аввалги мусулмонларданман”, деб айт” (Аъроф 162, 163).

3. ИХЛОСНИНГ АЛЛОҲ ТОМОН ЙЎНАЛГАНЛАРГА ЗАРУР ЭКАНЛИГИ

Руҳий тарбия олимлари ва Аллоҳга йўл тутган аҳллардан бўлган раббонийлар охират амалларидан ҳар бир амалга ва Аллоҳга йўналганларнинг ҳар бирига ихлос аҳамиятли ва зарур эканлигига ижмо қилганлар. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ўзларининг “Иҳё” китобларидаги “Нажотга эриштирувчилар” бобининг тўртдан бир қисмини эгаллаган “Ният, Ихлос, Сидқидиллик” китобининг муқаддимасида бундай дейдилар: “Бахту саодатга фақатгина илм ва ибодат орқали етишиш мумкинлиги иймон басираси ва Қуръон нурлари ила қалб илми арбобларига аён бўлган. Инсонларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган илло олимлари, олимларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган илло илмига амал қилганлари, амал қилганларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган илло ихлос қилганлари, ихлос қилганлари эса буюк хатар устидадирлар (Зеро улар амалларини Аллоҳ қабул қиладими йўқми билмайдилар. Улар ихлосли бўлсалар ҳам “ихлосли бўла ололмаяпман” деб қўрқиб турадилар. Таржимон).  
  Ниятсиз амал қуруқ чарчоқликдир, ихлоссиз ният риёдир, мунофиқ бўлиб қолишга кифоя қилувчидир, исён ила баробардир, сидқидилликсиз ва амалга татбиқ қилишсиз бўлган ихлос учиб юрувчи чанг тўзондир. Улуғ Аллоҳ Ўзидан бошқани ирода қилиб қилинган амални доғ тушган, кўмилиб кетган нарса деган: “Ва қилган амалларига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз” (Фурқон 23).
 Орифи раббоний Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ имоми Ғаззолий айтганидек айтган эди: “Инсонлар ҳаммалари мастдурлар илло олимлар, олимлар ҳаммалари довдираб қолгандирлар, илло илмига амал қилганлари”.
 Яна бир жойда у киши: “Дунё жоҳиллик ва ўлимдир илло илм мустасно, илм ҳужжатдир (яъни ўз соҳиби зарарига) илло унга амал қилиш унинг фойдасигадир, амалнинг ҳаммаси чанг тўзондир илло ихлос, ихлос эса буюк хатардадир токи қабул бўлгунича”.
Баъзилар айтадилар: “Илм уруғ, амал экиндир унинг суви ихлосдир”.
Ибн Атоуллоҳ ўз “Ҳикматлар”ида шундай дейди: “Аллоҳ ғараз аралашган амални суймайди, ғараз аралашган қалбни ҳам. Ғараз аралашган амални У Зот қабул қилмайди. Ғараз аралашган қалб У Зотга яқинлаша олмайди. Ихлоссиз бўлган илм ҳаётсиз суратдир, руҳсиз жасаддир. Улуғ Аллоҳ амалларнинг ҳақиқатларини талаб қилади, расмлари ёки суратларини эмас. Шунинг учун ҳам У Зот ҳудди қулфуруш соҳта қулларни қайтарганидек соҳта амалларни қайтариб юборади.
  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ суратларингизга қарамайди балки қалбларингизга қарайди” дедилар (Муслим ривояти).
 Яна бир ҳадисда қўллари ила қалбларига ишора қилиб: “тақво бу ердадир”  дедилар ва кўкракларига уч маротаба ишора қилдилар” (Муслим ривояти).
 Улуғ Аллоҳ ҳаж қилувчи ва умра қилувчилар тақдим қиладиган қурбонлик учун аталган ҳайвонлар ҳақида бундай марҳамат қилади: “Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин У Зотга сиздан тақво етадир” (Ҳаж 37).

4. ИХЛОС ҲАЁТНИНГ САЛОҲИЯТИ УЧУН ЗАРУРДИР

Чуқур майдалашишлик ёки ўта эътиборсизликдан қочган ҳолда, Ислом ихлосни талаб қилишни, ниятни Аллоҳга хос қилишни таъкидлаш ва У Зотга юзланишни тўғирлашга чуқур урғу бериш билангина кифояланиб қолмайди. Албатта ҳаёт ихлосли инсонлар билангина тўғри бўлади ва ривож топади. Умматлар, жамоатларнинг бошига тушувчи кўп бахтсизлик ва хонавайрон қилувчи фалокатлар Аллоҳдан ва охират диёридан умиди йўқ бўлган дунё қуллари, бойлик ошиқлари бўлган одамлар сабабидандир. Улар дунёлари ва ўз нафслари йўлида бошқаларнинг дунё ва динларини бузиб ташлашдан, биноларни харобага, манзилларни қабрларга, ҳаётни ўлимга айлантиришдан тап тортмайдилар. Ёки яна шундай кишиларки бошчилик ва ҳукмронлик талабидадирлар, шуҳрат ва эътибор қули, шахсий шон - шараф ва ноҳақлик устидаги қаҳрамонлик ошиғидирлар. Улар шон - шараф ва ҳукмронликка етишиш йўлида диёрларни хароб қилиш, умматни ҳатто бир неча умматларни оилалари билан йўқ қилиб ташлашдан тап тортмайдилар, фақатгина уларга нисбатан қарсаклар чалинса, томоқлар хайқирса, қаламлар мақтовларини ёзса, алданган мискин оммалар уларга мақтов айтса ва юмшоқ ҳукм курсиси устида фойдаланишлари давом этса бўлди!  
 Уларнинг шиорлари: “МЕН. Мендан кейин олам хароб бўлса ҳам майли”!!!
Албатта Ислом мусулмоннинг икки йўналишда ҳаёт кечиришига (Аллоҳга йўналиш ва бошқаларга йўналиш) ва ҳаёти икки қисмга бўлинишига (Аллоҳ учун бўлган қисм ва “Тоғут” (Аллоҳдан бошқа барча ибодат қилинадиган нарсалар) учун бўлган қисм) ҳеч қачон йўл қўймайди.
Ислом жирканч иккиюзламачилик, пасткаш иккиламчиликни рад этади. Бу ҳолатларни бугунги мусулмонлар ҳаётида гувоҳи бўлмоқдамиз. Бир мусулмонни масжидда рамазон ойида кўрамиз, кейин у ҳаёти, муомалалари, юриш - туришида бошқа инсон бўлиб қолади. Албатта ихлос мусулмоннинг бутун ҳаётини бир бутунга айлантириб, намози, ибодати, ҳаёт ва мамотини оламлар Роббиси Аллоҳ учун қилиб уни Аллоҳга йўналтиради.

ИККИНЧИ ФАСЛ
НИЯТНИНГ АҲАМИЯТИ ВА ИХЛОСНИНГ ТАТБИҚ ҚИЛИНИШИ

1. НИЯТНИ ҲОЗИРЛАШ ВА УНИ АЛЛОҲГА ХОС ҚИЛИШ

Амалда ихлос фақат икки нарса билангина амалга ошади:
1. Амалда ниятни ҳозир қилиш. Албатта амаллар ниятларга биноандир, ва кимки бирор амални пок ёки ифлос ниятсиз беҳостан қилса мухлислар ёки ёмонлар қаторига кириб қолмайди.
2. Ниятни мутлоқ пок бўлган Аллоҳга холис бўлгунича шахсий ва дунёвий ғаразлардан ҳолий қилиш.

2. ҚУРЪОНДА НИЯТНИНГ АҲАМИЯТИ

Қуръон бандага шарт қилинган холис ниятни турли хил номлайди: охиратни ирода қилиш, Аллоҳнинг юзини ирода қилиш, У Зотнинг юзини мақсад қилиш ёки Розилигини мақсад қилиш.
Аллоҳ айтади: “Сизлардан дунёни ирода қилувчилар бор ва сизлардан охиратни ирода қилувчилар бор” (Оли Имрон 152) .
Кимки дунё савобини ирода қилса ундан берурмиз ва кимки охират савобини ирода қилса ундан берурмиз” (Оли Имрон 145)
“Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини (унинг ажру-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу (дунёда) қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган барча амаллари бефойдадир” (Ҳуд 15, 16).
Бундай инсонлар дунё қулларидир, улар иродалари ва ҳаракатларининг барчасини дунё учун қиладилар. (Ёки қисман дунё учун, қисман Аллоҳ учун қиладилар. Албатта бу холислик эмас, зеро дунё учун ҳаракат қилишлик ҳам Аллоҳ буюрганидек У Зотнинг розилигини топадиган кўринишда бўлиши керак. Таржимон).
“Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қиилиб берурмиз. Сўнгра (охиратда) у мазаммат - маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз.
Ким охиратни истаса ва мўъмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй - ҳаракат қилса, бас, ундай кишиларни саъйлари (Аллоҳ ҳузурида) қабул бўлур” (Исро 18, 19).
Оят инсонларни икки тоифага бўлмоқда:
1. Нақдни, яъни дунёни хоҳловчи. Уни дунёдан бошқа мўлжали йўқ ва борар жойи оятда зикр қилинганидек жаҳаннамдир.
2. Охиратни хоҳловчи, уни Аллоҳдан бошқа мўлжали йўқ ва шунга ҳаракат қилмоқда, унинг борар жойи оятда зикр қилинган жой. Демак, охиратдаги ҳисоб - китоб “ирода” ва “ирода қилинган нарса”га боғлиқ, бас нимани ирода ва қасд қилишингни айтсанг, мен сенга борар жойингни айтаман.
Ушбу маъно Қуръонда кўп такрорланади:
“Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас” (Шўро 20).
“Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма” (Анъом 52).
“Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир” (Рум 39).
    “Ва албатта, ундан тақводор банда четда қолади. У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди. Унда бирор кишининг қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Фақатгина олий мақом Роббисининг розилигини истаб қилади. Ва у албатта тезда рози бўлади” (Лайл 17 – 21).
       “Қилган нафақангиз, фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир” (Бақара 272).
       “Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшарлар. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи зотдир” (Бақара 265).
       “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз” (Нисо 114).
Шу ерда бир нарсага эътибор қаратмоқчиман: Буюк Аллоҳни ирода қилиш ва охиратни ирода қилиш орасида зиддият йўқ, бу нарса икки хил нарсани ирода қилиш эмас. Аллоҳнинг: “сизлардан дунёни ирода қиладиганлар бор ва сизлардан охиратни ирода қиладиганлар бор” оятига қўшимча қилиб: “Аллоҳни ирода қиладиганлар қани энди?” дейдиган инсоннинг гапида маъно йўқдир. Чунки охиратни ирода қилувчилар Аллоҳдан бошқани ирода қилмайдилар, охиратни ирода қилиш бу Аллоҳнинг савоб беришини ва розилигини ирода қилиш ва У Зотнинг ҳузуридагига умид қилиш. Мухлис инсон жаннатни умид қилиб дўзахдан қўрққани учун айбланмайди. Қуръон Набийлар ва солиҳларни ражо ва хавф, рағбат ва қўрқиш ила васф қилган, бас Қуръоннинг олдидан ўтувчи ҳеч қандай баён йўқ.
Жаннат фақатгина ҳиссий неъматлар уйи эмас, балки у улуғ розилик ва олий Аллоҳнинг юзига назар солиш уйидир: “Унда юзлар яшнаб Роббиларига боқиб тургувчидир!” (Қиёмат 22, 23).  Аммо кофирлар Роббиларидан ўша куни тўсиладилар ва бу тўсилиш энг қаттиқ азобдир.

3. СУННАТДА НИЯТНИНГ АҲАМИЯТИ

Суннатда ният ва ихлоснинг фазли ҳақида кўп ҳадислар келган. Имом Мунзирий ўзининг “Аттарғийб ват тарҳийб” асарида келтирган ҳадислардан танлаб олганларимни зикр қиламан. У киши китобларини “уч ғор соҳиблари” ҳадиси билан бошлаганлар. У ҳадис муттафақун аълайҳи даражасидаги ҳадис, уни “ихлос самаралари” ҳақида гап борганда зикр қиламан.
Иккинчи бўлиб Абу Умоманинг Аллоҳдан ажр ва одамларнинг гап - сўзини кўзлаб ғазот қилган одам ҳақида сўралган ҳадисини келтирганлар. Ўшанда Набий соллаллоҳу аълайҳи ва саллам уч марта “унга ҳеч нарса йўқ!” деб такрорлайдилар ва “Аллоҳ фақатгина холис бўлган ва Ўз Юзи кўзланган амалнигина қабул қилади” дейдилар (Имом Насаий ривояти).
Кейин Умар розияллоҳу анҳунинг машҳур ҳадисларини учинчи бўлиб келтирганлар: “Албатта амаллар ниятларга биноандир. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё топиш учун ёки бирор аёлга никоҳланиш учун бўлса ҳижрати шу нарсалар учундир” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир тоифа аскарлар Каъбага ҳамла қилиш учун келадилар. Улар саҳроли ерга келишганида, аввалгилари-ю охиргиларини ер ютади”, дедилар. Шунда мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг аввалгилари ва охиргиларини қандай қилиб ер ютади? Ҳолбуки, уларнинг ораларида бозорчилар ва улардан ташқари бошқа кишилар ҳам бор-ку?!” дедим. У зот: “Ер барчаларини баробар ютади. Сўнгра Қиёмат куни ҳаммалари ўз ниятларига мувофиқ тирилтириладилар” дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар ниятларига мувофиқ тирилтириладилар” деб айтдилар” (Ибн Можжа ҳасан санад ила ривоят қилган).
   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Табук ғазотидан қайтаётганимизда дедилар: “Мадийнада қолган одамлар бор. Бирор дара ёки водийдан ўтсак, улар ҳам биз билан биргадирлар. Уларни узр ушлаб қолди” (Бухорий ривояти).
Абу Довуднинг лафзида: “Бирор йўл юрсангиз, бирор нафақа қилсангиз ёки бирор водийни кечиб ўтсангиз ҳам Мадийнада шундай одамларни қолдиргансизки, албатта улар сизлар биландир”. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ биз билан қандай бирга бўладилар, ахир улар Мадийнада қолишганку?” деганларида у зот: “Уларни касаллик тутиб қолди”, дедилар”.
 Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта Аллоҳ жисмларингиз ва суратларингизга қарамайди, балки қалбларингизга қарайди”  (Муслим ривояти).
 Абу Кабша ал Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уч нарсага қасам ичаман ва сизларга ҳадис айтаман ёдлаб олинглар: банданинг моли садақа ила камаймайди, банда бирор зулм кўрса ва унга сабр қилса, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилади, банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади. Сизларга бир ҳадис айтаман ёд олинг: Албатта дунё тўрт нафарникидир: Аллоҳ мол ва илм билан ризқлантирган банда, у Роббисига шу ила тақво қилади, бу нарсада Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу даражаларнинг энг афзали; Аллоҳ илм берган аммо мол бермаган банда, унинг нияти содиқ, айтадики: “Агар молим бўлса фалончи инфоқ қилгандек қилардим”, у ниятига яраша олади, икковларининг ажри бир хил; Аллоҳ мол берган аммо илм бермаган, илмсиз ҳолда молини кўр - кўрона ишлатади, моли учун Аллоҳга тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди, Аллоҳнинг молдаги ҳаққини билмайди. Бу даражаларнинг энг пастидир. Аллоҳ мол ҳам илм ҳам бермаган банда, у айтадики: “Агар молим бўлса фалончига ўхшаб ишлатар эдим”, у ниятига яраша гуноҳкор бўлади. Икковларининг қилмишлари бир хилдир”. (Термизий ва Аҳмад ривояти).
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ айтади: “Бандам бирор ёмонлик қилишни ирода қилса, уни амалга оширгунича ёзмай туринглар. Агар амалга оширса, қандай бўлса шундай ёзинглар. Агар Мени деб тарк қилса бир яхшилик ёзинглар. Агар бирор яхшилик ирода қилса, лекин амалга оширмаса, бир яхшилик ёзинглар, амалга оширса ўнтадан етти юзтагача яхшилик ёзинглар” (Бухорий ривояти)
 Муслимнинг ривоятида бундай келган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ айтади: “Бандам бир яхшиликни гапирса, унга бир яхшилик ёзаман, гарчи унга амал қилмаса ҳам. Амал қилса ўн баробар ёзаман. Бандам бир ёмонликни гапирса, уни мағфират қиламан агар амалга оширмаса. Амалга оширса борича ёзаман, агар тарк қилса бир яхшилик ёзаман, у Мени деб тарк қилади”.
Маън ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отам Язийд садақа қилиш учун бир қанча дийнор ажратиб, уларни масжиддаги бир кишига берган. Масжидга бориб у пулни мен олдим. Отамнинг олдига борганимда: “Сени ният қилмаган эдим” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига бордик, шунда У киши: “Язийд сенга ният қилганинг, Маън сенга олганинг”, дедилар (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши: Шу кеча албатта садақа қиламан” деди ва садақаси билан чиқиб (билмасдан) уни ўғрига бериб қўйди. Эртасига одамлар: “Ўғрига садақа қилди” дебдилар. Шунда у: “Аллоҳим ўғри учун Сенга ҳамд айтаман, албатта садақа қиламан” деди ва садақаси билан чиқиб (билмасдан) уни зинокорга бериб қўйди. Эртасига одамлар: “Зинокорга садақа садақа қилди” дебдилар. Шунда у: “Аллоҳим зинокор учун Сенга ҳамд айтаман, албатта садақа қиламан” деди ва садақаси билан чиқиб (билмасдан) уни бойга бериб қўйди. Эртасига одамлар: “Бойга садақа қилди” дедилар. Шунда у: “Аллоҳим ўғри учун, зинокор учун, бой учун Сенга ҳамд айтаман” деди. Шунда тушида унга: “Ўғрига қилган садақанг: шоядки у ўғрилигидан иффат қилса. Зинокор аёлга қилганг садақанг: шоядки у зинодан иффат қилса. Бойга қилган садақанг: шоядки у ибрат олса ва у ҳам Аллоҳ унга берганларидан инфоқ қилса” дейилди” (Бухорий, Муслим, Насоий ривоятлари. Лафз Бухорийники, Муслимда: “Садақанг қабул бўлди” дейилган).
Ушбу ҳадислар ва бошқалари ҳам – Аллоҳнинг Китобида келган оятлар билан биргаликда – ниятнинг қиймати ва унинг аҳамиятига, амалнинг руҳи ният эканлигига далолат қилади. Лекин ҳадисларда айтилаётган “ният” нима?

4. НИЯТНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Жавҳарий “Сиҳоҳ”да: “Ният азму - қарордир” деган.
Хаттобий: “Ният бир нарсани қалбинг ила қасд қилишингдир ва сендан уни талаб қилиш содир бўлишидир” деган.
Байзовий: “Олдига қўйган мақсадига мувофиқ ҳолда маънавий ёки моддий бўлган фойдани жалб қилиш учун қалбнинг ўша нарсага йўналишидир”.
“Шаърият ниятни “Аллоҳнинг Юзини кўзлаган, ҳукмига итоат қилган ҳолда феълга юзланган ирода” деб фақатгина Аллоҳга ибодат маъносида хослаган” дейди у.
Ироқий: “Таъқийб”нинг шарҳида: “Ният ҳақиқатида ихтилоф қилинган. “У талаб қилишдир” дейилган, “у талаб қилишдаги тиришишдир” дейилганини келтирган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гаплари ҳам шу маънода: “Ким дунёни ният қилса, дунё уни ожиз қолдиради” деган” (яъни ким дунё талабида тиришса, дунё топаман деб ҳор бўлади. Аллоҳ розилиги учун дунё талабида бўлса, Аллоҳ унинг ишини ўнглаб қўяди. Таржимон).
  Заркаший ўз “Қоваъийд”ида: “Ниятнинг ҳақиқати муаййан мақсад билан қасдни боғлашдир” деган.
 Морудий: “Ният бу бир нарсани уни амалга ошириш ила қасд қилишдир. Агар қасд қилсаю амалга оширишдан узоқроқ бўлса бу азму - қарордир”.

5. НИЯТ – ЖАЗМ ҚИЛУВЧИ ИРОДАДИР

Шак йўқки бир қанчасини санаб ўтган ҳадисларимизда ният ҳақиқати очиб берилган. Амал қилинмаса ҳам савоб ёки иқоб белгиланган ният феълга қаратилган бўлиб у жазм қилинган, қаттиқ турилган иродада ўз аксини топади. Ўша феъл яхши ёки ёмон, вожиб ёки мустаҳаб, эҳтиёт бўлиш талаб қилинган ёки макруҳ ёки мубоҳ бўлсин фарқи йўқ. Шунинг учун ният гоҳида солиҳ, мақталган бўлади. Гоҳида ёмон, мазаммат қилинган бўлади. Бу ният қилинган нарсага боғлиқдир: хўш у нима? Бу нарса инсонни ҳаракат қилишга ундовчи нарсага боғлиқдир: у дунёми ёки охират? У Аллоҳнинг юзими ёки одамлар эътиборими? Демак ният қалбга бир лаҳзагина келувчи, тезда кетувчи саботи йўқ бир фикр, ҳаёллар эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ умматимдан ўз ўзига гапирганини агар у бунга амал қилмаса ёки сўзламаса кечиб юборган”. Бу ҳадис олимлардан бири айтган қуйидаги гапни қувватлайди: “Ният ҳаракат қилишнинг ўзи эмас, балки ҳаракат қилишдаги тиришишдир”.
Мана шу асосда юқорида келган ҳадисни тушунамиз: Моли йўқ фақир ният кучи ва сидқидиллиги сабали Аллоҳ йўлида инфоқ ва садақа қилган бойнинг ажрига етади, ҳадисда “улар ажрда баробардир” дейилган.
Унинг муқобилида: ҳаёти қийинчилик ва қашшоқликда ўтаётган фақир инсон ёмон нияти билан молини шаҳватлар ва Аллоҳга маъсият йўлида ишлаётган бойнинг гуноҳидек гуноҳкор бўлади.
Яна бир ҳадисдан олган тушунчамиз: икки ўзаро бир - бирини ўлдирган мусулмонлар дўзахдадир. Қотил қотиллиги учун, ўлдирилган ўз биродарини ўлдирмоқчи бўлгани учун. Бу нарса ўзаро урушганликларининг сабаби дунё бўлса собит бўлади.

6. НИЯТНИНГ ЎРНИ ҚАЛБ

Ушбу ният тилнинг эмас, фақат қалбнинг амалидир, шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалардан ва уларга яхшилик билан эргашган тобеинлардан ибодатларда ниятни талаффзуз қилиш ривоят қилинмаган. Масалан ибодатларда, намозда, рўзада, ғусл, таҳоратда ва шунга ўхшаш амалларда. Бу нарсани баъзи инсонлар қаттиқ тиришиб қилаётганини кўрамиз ваҳоланки ниятни талаффзуз қилиш Қуронда ҳам суннатда ҳам келмаган. Бу ҳудди бозорга боришни ният қилган инсон “бозорга боришни ният қилдим” деб ўзига ўзи айтгандай бўлади. Заркаший Ғаззолийдан қуйидагиларни келтиради: “ибодатларда ниятнинг иши осон, бу нарса ниятнинг ҳақийқатини билмаслик ёки васваса туфайли қийинлаштирилади”.
(Намозга киришаётганда ниятни тилида айтиб қўйиш мустаҳабдир. Таржимон).

7. АМАЛЛАР МАҚСАДЛАРГА БИНОАНДИР

Амални йўналтириш, ўзгартириш навъини ва қийматини белгилашдаги ниятнинг аҳамияти ҳақида уламолар фиқҳий қоидаларнинг энг мустаҳкам қоидалардан бирини чиқарганлар. Бу маълумотлар фиқҳий қоидалар китобларида келади. Ўша қоида: “амаллар мақсадларга биноандир”.  Улар ушбу қоидадан кўпгина ҳукмга оид қоидаларни ҳам олганлар, масалан: “келишувларда ибора мақсад ва маъноларга биноандир, лафзларга эмас”.
Яна бир фаръий қоидалардан бири қуйидаги ҳадис маъноси: “ Албатта Аллоҳ умматимдан хато, унутиш ва мажбурланиш сабабли бўлган нарсаларни авф қилган” (Имом Бухорий). 
“Албатта амаллар ниятларга биноандир” ҳадиси орқали турли ҳил ҳийлаларнинг (сўз ўйинлари) ботиллигини билдирганлар, баъзи фуқаҳолар эса бу нарсанинг жоизлигига фатво берганлар. Бу дегани “гап сурати ила, ҳақийқати билан эмас, шакли ила, жавҳари билан эмас, лафзи ила, маъноси билан эмас” деганидир. Бундай қарашни муҳаққиқ уламолар инкор қилганлар ва Аллоҳнинг китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, саҳобалар ва салафлар йўлларидан очиқ, равшан далилларни келтирганлар.  

8. БИР АМАЛГА САВОБ ВА ЖАЗО БЕРИЛИШИНИНГ НИЯТНИНГ ТУРЛАНИШИ САБАБЛИ ТУРЛАНИШИ

Амалларда ниятнинг таъсири шундайки бир амалнинг шаръий ҳукми, ахлоқий қиймати ва охиратдаги ҳисоби ният соҳибининг ниятига биноан бўлади. Бу масалада ҳадисда зикр қилинганидек от боқиш бир инсон учун фойда бўлса иккинчиси учун гуноҳ, учинчиси учун эса фақирликдан парда бўлади. Ёки бошқа ҳадисда келганидек Раҳмон учун боқилган от, шайтон учун боқилган от, инсоннинг ўзи учун боқилган от бўлади. Бундай турланиш фақатгина ният ва мақсад сабабидан бўлган.
Имоми Аҳмад ансорлардан бўлган бир кишидан марфуъ ҳолда келтирган ривоятда: “От уч нарса учун боқилади: киши Аллоҳ йўлида боққан от, унинг пули ажр, минилиши ажр ва фойдаланишга бериб турилиши ҳам ажр. Киши отни қиморга қўяди ва отни ўртага қўйиб гаров ўйнайди (қимор ўйнайди), унинг пули гуноҳ, минилиши гуноҳ. Ва тирикчилик учун от, шоядки Аллоҳ ҳоҳласа фақирликдан парда бўлса” дейилган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “От уч нарса учун: Раҳмон учун боқилган от, шайтон учун боқилган от, инсоннинг ўзи учун боқилган от. Раҳмон учун боқилган от бу Аллоҳ йўлида боғлаб қўйилган от бўлиб еми ҳам, бавл ва тезаги ҳам эгасининг мезонида яхшилик сифатида туради, аммо шайтон учун боқилган от бу от ила қимор ўйнаб уни гаровгва қўйилган отдир, инсоннинг ўзи учун боқилган от бу тирикчилик учун боқилган от бўлиб фақирликдан пардадир”.
От боқишни уч кўринишга бўлиш Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали саҳиҳи Бухорий ва саҳиҳи Муслимда келган.
Ҳофиз Суютий айтадилар: “Уламолар деганлар: “ният феълга таъсир қилади, бас кўриниши бир ҳил ҳолда ният ила у гоҳида ҳалол, гоҳида ҳаромга айланади. Масалан қурбонлик қилиш агар Аллоҳ учун бўлса қурбонлик ҳалол, Аллоҳдан бошқаси учун сўйилса қурбонлик ҳаромга айланади ваҳоланки сурат бир ҳил”.
Муҳаққиқ Ибн Қайюм “Руҳ” номли китобида бундай дейди: ”Бир нарсанинг сурати бир ҳил бўлади ўзи эса иккига бўлинади: мақталган ва ёмонланган, улар: таваккул ва ожизлик, ражо ва ҳом ҳаёл, Аллоҳ йўлида муҳаббат ва  бошқа учун муҳаббат, насиҳат ва айблаш, ҳадия ва пора, ўз ҳолини айтиш ва ўз ҳолидан шикоят қилиш, буларнинг аввалгилари мақталгандир, иккинчилари ёмонлангандир, суратлари эса бирдир. Уларнинг орасидаги фарқ мақсаддадир.

9. НИЯТ ВА ШАРИЪАТ МАҚСАДЛАРИ

“Эъломул муваққиъийн” (Тасдиқловчиларни билдириш) китобида амалнинг қийматини белгилашда ният ва қасднинг аҳамиятини ва бир амалнинг сурати бир ҳил бўлса ҳам бири саҳиҳ қурбат бошқаси ботил маъсият эканлигини кенг баён қилган. Бу албатта ният ва қасднинг сабабидандир. Масалан узумни сиқиб сувини маст қилувчи ичимлик учун олиш маъсият бўлиб, бу ишни қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларидан лаънатлангандир. Аммо узумни сирка олиш учун сиқиб сувини олса жоиз бўлади. Бу амалнинг сурати эса бир ҳил. Ҳудди шундай қурол сотувчи инсон ҳам сотиб олувчи қуролни бегуноҳ инсонларга зарар етказмоқчи эканлигини билиб туриб сотиши ҳаром, аммо сотиб олувчи ўзи ва атрофидагиларни турли зарарлардан сақлаш ниятида олаётганини билиб сотса савоб. Ҳудди шундай талоқ лафзларининг киноялиси ила талоқни ният қилган бўлса талоқ тушади, бўлмаса йўқ. Ва яна турмуш ўртоғига: “Сен мен учун онамдексан” жумласини айтса, агар зиҳорни ният қилган бўлса зиҳор бўлади, аммо онадек ҳурматли, мукаррам эканлигини ният қилган бўлса ҳеч гап йўқ.
Ибодатларнинг саҳиҳ ёки фосид бўлишида ниятнинг ўрни қанчалар муҳим эканлигини ортиқча зикр қилишга эҳтиёж йўқ. Ҳар бир Аллоҳга яқинлаштирувчи амалларнинг асоси тўғри ниятдир. Бирор феъл тўғри ният ва қасдсиз ибодатга айланмайди. Шу сабабдан киши кун ботгунча ўз одатига кўра ёки бандлиги сабабли таомланмаса у рўзадор ҳисобланмайди. Агар Каъба атрофида йўқотган нарсасини излаб айланса тавоф қилаётган бўлмайди. Агар фақирга бирор нарса берса ва закотни ният қилмаса закот ўрнига ўтмайди. Агар масжидда ўтирса ва эътикофни ният қилмаса эътикоф ўрнига ўтмайди. Бу амаллар ҳисобга ўтиш ва ўтмасликда ниятнинг ўрни собит бўлганидек, савоб олиш ва гуноҳкор бўлишда ҳам ниятнинг ўрни собит. Шу сабабли агар бегона аёлга ўз аёли деб ўйлаб, билмасдан яқинлик қилиб қўйса гуноҳкор бўлмайди. Ва ўз аёли ила Аллоҳ яхши оилапарвар бўлишга буйиргани учун яқинлиқ қилса савоб олади. Аммо масалан қоронғуликда бегона аёлга яқинлик қилиш нияти ила адашиб ўз аёлига яқинлик қилиб қўйса ҳам гуноҳкор бўлади, чунки у ҳаромни ният қилди. Агар ҳаром таомни ҳалол деб билиб еб қўйса, аслида у таом ҳаром бўлса ҳам гуноҳкор бўлмайди, аммо агар ҳалол таомни ҳаром деб ўйлаб, ҳаром еявераман деб еса таоми ҳалол бўлса ҳам у нияти туфайли гуноҳкор бўлади. Ҳудди шундай кимки бегуноҳ мусулмонни ўлдираман деб бир кишини ўлдирса ўлдирилган эса тажовузкор кофир бўлса ҳам қотил нияти сабабли гуноҳкор бўлади. Ов қиламан деб барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда билмасдан одамни отиб қўйса гуноҳкор бўлмайди, одам отаман деб ов отса гуноҳкор бўлади. Шу сабабдан ҳадисда бир - бирини ўлдирмоқчи бўлган икки мусулмоннинг ўлдиргани ҳам ўлдирилгани ҳам жазосини олиши айтилган.
Ният амалнинг руҳи, мағзи ва асосидир. Амал ниятнинг саҳиҳлиги ила саҳиҳ бўлади, фосидлиги ила фосид бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кифоя қилувчи, шифо бўлувчи, замирида илм хазиналари бўлган икки калима айтганлар, ушбу икки калима: “Амаллар ниятларга биноандир, ҳар бир кишига ният қилгани бўлур”. Аввалги жумлада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал фақатгина ният билан бўлишини, шу сабабли ниятсиз амал бўлмаслигини баён қилмоқдалар, сўнгра иккинчи жумлада амал қилувчининг амалидан фақатгина ўзи ният қилгани бўлишини баён қилганлар. Бу нарса ибодатлар, ўзаро муомалалар, қасамлар, назрлар ва бошқа аҳдномалару феълларни ўз ичига олади. Бу кимки рибо ниятида савдо қилса рибоҳўрга айланиши ва суратан бўлган савдо уни савдогарга айлантириб қўймаслигининг далилидир. Ким никоҳ ақди ила таҳлийлни (таҳлийл бу уч талоқ қўйилган аёлни келишиб олиб ерига ҳалол бўлиши учун никоҳига олиб кейин талоқ қилишдир) ният қилса суратан никоҳ бўлса ҳам таҳлийл бўлади. Чунки у таҳлийлни ният қилди ва ҳар бир кишига ният қилгани бўлур. Таҳлийл қилиш эса ҳаром. Ҳадисдаги аввалги қисм сезги орқали билинади, иккинчи қисм матн орқали билинади. Шунга асосан узумни сиқишдан маст қилувчи ичимлик тайёрлашни қасд қилса, ният қилгани бўлади ва лаънатга мустаҳиқ бўлади.  
Агар киши Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсада ҳийла қилишни ният қилса унга ният қилгани бўлади, чунки у ҳаромни қасд қилди ва уни ҳосил қилишда имкониятини ишга солди. Ўзига баҳона ахтарган ҳолда ҳийла қилганда у ўзига тегишли ишда ҳийла қиладими ёки бошқага тегишли ишда ҳийла қиладими барибир гуноҳкор бўлади. Бунинг шарий жиҳатдан ҳам ақлий жиҳатдан ҳам фарқи йўқ. Шу сабабли табиб касални озор берувчи нарсадан қайтарса ва уни ҳимоя қилсаю касал у нарсадан ҳийла қилиб четланмаса ва ҳеч кимга билдирмаса ҳам барибир мумкин бўлмаган ишни қилган бўлади. Ҳеч ким кўрмагани касални зарардан сақлай олмайди. 

10. МУБОҲ ВА ОДАТ БЎЛГАН НАРСАЛАРДА НИЯТНИНГ ЎРНИ

Ният таъсир ўтказувчи нарсаларнинг энг муҳимларидан бири бу мубоҳ ва одат бўлган нарсалардир. Ушбу нарсалар тўғри ният сабабли ибодат ва Аллоҳга нисбатан қурбатга айланади. Ризқ топиш учун ишлаш (экин экиш, ишлаб чиқариш, тижорат қилиш, бирор вазифада ишлаш) Аллоҳ буюргани учун, ҳалол ризқ топиб ҳаромдан четланиш учун бўлса ибодатга, Аллоҳ йўлида тиришишга айланади. Таомланиш, ичиш, кийиниш, ўзига оро бериш ҳам Аллоҳ буюрганидек бўлса ва шу нарса Аллоҳ учун ният қилинса ибодатга айланади. Бу нарсаларни Аллоҳнинг тоатига ёрдам бўлсин, Роббиси, ўз оиласи ва халқи олдидаги мажбуриятларини бажаришга ёрдам бўлсин деб ва Аллоҳнинг неъматларини ўзида кўрсатиш учун қилса қуйидаги ҳадисда келганидек савобдир: “Аллоҳ ўз неъматининг асарини ўз бандасида кўринишини яхши кўради”. Шунингдек юқорида ўтган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ҳам мўмин Аллоҳ розилиги учун қилган ҳар бир амали учун савоб олиши, ҳатто ўз аёлига берган луқма учун ҳам савоб олиши айтилган. Бундан ҳам ажабланарлироғи: киши жинс шаҳватини ҳалол йўл билан қондирса Аллоҳ ҳузурида унга ажр бўлади. Бу маънода ушбу ҳадис келган: ”Ҳар бирингизнинг аёлига яқинлик қилишида ажр бор”. Айтдиларки: ”Эй Аллоҳнинг Расули биримиз ўз шаҳватини қондирса ҳам унга ажр бўладими?” У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”бирингиз ҳаром йўл ила ўз шаҳватини қондирса гуноҳ бўлармиди..? Ҳудди шундай ҳалол йўл ила шаҳватини қондирса унга ажр бўлади”.

11. НИЯТНИНГ ҲАРОМДА ЎРНИ ЙЎҚ

Ният ҳар бир нарсада ўз таъсирига эга эканлиги маълум бўлгач, айтиш керакки унинг ҳаром нарсаларда таъсири йўқ. Ниятнинг гўзаллиги, қасднинг олийлиги ҳаромни ҳалолга айлантириб қўймайди ва ҳаромнинг ҳаром бўлишидаги асос бўлган ифлосликни ундан кетказмайди. Кимки судхўрлик ила ёки ўғрилик ила, умуман ҳар қандай таъқиқланган йўл ила пул топиб шу пулга масжид қуришни ёки етимлар уйи қуришни ёки мадраса қуришни ёки ушбу ҳаром мол ила фақир ва ҳожатмандларга садақа қилишни ният қилса, бу яхши ниятининг ҳеч қандай ўрни бўлмайди. Ўша кишидан ҳаром иш қилганлиги ҳам ўчирилмайди. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади: “Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсани қабул қилади”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган:”Аллоҳ ёмолик ила ёмонликни ўчирмайди, балки ёмонликни яхшилик ила ўчиради ва нопоклик нопокликни кетказмайди”. Ҳаром молни баъзисини садақа қилиб ўша молни поклаб бўлмайди, балки у молни бутунлай ўз ўрнига қайтариш шартдир. Ва яна ҳаром мол уни олувчисига мулк бўлиб қолмайдики уни садақа қилиш мумкин бўлса, аксинча ҳаром мол ўзининг асл эгасининг моли бўлиб тураверади ва токи ҳақиқий эгасига ёки унинг меросхўрларига қайтарилмагунича ҳаромдан қутилиб бўлмайди.

12. НИЯТНИНГ ХОЛИСЛИГИ АМАЛ ҚАБУЛ БЎЛИШИНИНГ АСОСИДИР

Ҳар бир дунё ва охират амалларида ниятни шахсий ва дунёвий рағбат ва мақсадлардан ҳолий қилиб холис Аллоҳ учун қилиш лозимдир, токи амалнинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши мумкин бўлсин. Ҳар бир солиҳ амалнинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишига икки шарт бордир:
1. Ихлос ва ниятнинг тўғрилиги.
2. Амалнинг суннат ва шариатга мувофиқ бўлиши.
Аввалги шарт ила инсон ички дунёсининг тўғрилиги амалга ошади. Иккинчи шарт ила амалларнинг ташқи кўриниши тўғрилиги амалга ошади. Аввалги шарт ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “амаллар ниятларга биноандир” ҳадисларида келган. Ҳадисдаги ушбу жумла инсон ички дунёсининг мезонидир. Иккинчи шарт ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ким бизнинг ишимиздан (кўрсатмаларимиздан) бўлмаган нарса ила амал қилса, унинг амали рад қилингандир” (Бухорий ривояти) ҳадисларида келган. Ҳадисдаги ушбу жумла амалларнинг ташқи кўриниши тўғрилигининг мезонидир.  Аллоҳ ушбу икки шартни Ўз Китобининг кўпгина оятларида зикр қилган: “Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди” (Луқмон 22) ва: “Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми!?” (Нисо 125).
Аллоҳга юз тутиш бу мақсадни холис қилиш ва унинг асосида амал қилиш. Гўзал амалларни қилиш уларни шаръий кўринишда ва Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда суннатларига мувофиқ бажаришдир.
Биз юқорида Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини ҳам келтирган эдик: “Агар амал холис бўлса, аммо тўғри бўлмаса қабул бўлмайди. Агар амал тўғри бўлса, аммо холис бўлмаса ҳам қабул бўлмайди. Амалнинг холис бўлиши Аллоҳ учун бўлишидир, амалнинг тўғри бўлиши суннатга мувофиқ бўлишидир” дея туриб ушбу оятни тиловат қилганлар: ”Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф 110).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги гап ривоят қилинган: ”Сўз амалсиз наф бермайди, сўз ва амал ниятсиз наф бермайди, сўз, амал ва ният суннатга мувофиқ бўлсагина наф беради”.
Ибн Ажлан раҳимаҳуллоҳ айтганлар: ”Амал фақат уч нарса ила ислоҳ бўлади: Аллоҳга тақво, гўзал ният ва амалнинг тўғри бўлиши (шариъатга мувофиқ бўлиши)”.
Ўтганлардан билдикки ниятнинг холис бўлишининг ўзи токи амал шариъатга мувофиқ бўлмагунча ва суннатга мувофиқ бўлмагунча амалнинг қабул бўлишига кифоя қилмайди. Амални шариъатга мувофиқ бажариш токи ихлос бўлиб, ният холис Аллоҳ учун бўлмагунича қабул бўлмаганидек ҳар қандай амал ихлоссиз бўлса унинг қиймати бўлмайди.
Ибн Атоуллоҳ айтадилар: ”Албатта амаллар жонсиз суратлар кабидир, амалларнинг руҳи уларда ихлоснинг сири борлигидадир”. Демак ихлоссиз амалнинг сурати қанчалар гўзал ва солиҳ бўлса ҳам қабул бўлмайди.

Мисол: Фосид ният ила масжид қуриш

Сизга бир мисол келтираман: шубҳа йўқки исломий ҳаётда масжиднинг юксак ўрни бор. Масжид ибодат учун жой, даъват учун мадраса, ўзаро танишиш ўрнидир. Шу сабабли Ислом масжидларни кўпайтириш, обод этишга ва эътиборли бўлишга чорлаган. Бу амалларни бажарганларга улуғ савобларни ваъда қилган, ҳатто ҳадисда қуйидагича башоратлар берилган: ”Ким Аллоҳ розилигини истаб масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади” (Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисда масжидни қурган кишига жаннатда уй ваъда қилинмаяпти балки масжидни Аллоҳ розилигини истаб бино қилганга ваъда қилиняпти. Аммо масжидни фосид мақсад ва ёмон мўлжал ила бино қилинса, бу нарса ўша масжидга асос солиб бино қилган инсонга бало бўлади. Нопок ният гўзал амалга аралашиб уни бузиб юборади ва яхшиликни ёмонликка, ажрни гуноҳга айлантириб қўяди. Айнан шу нарса Қуръонда “масжиди зирор” номи ила баён қилинган. Ўша оятларда ёмон ниятлар асоси яхшилик бўлган ишларни фосид қилиши ҳақида зикр қилинган, Аллоҳ айтади: “Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир”
(Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор – зиён масжиди, деб номланди.
Бу масжиднинг куфр учун қурилди дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар.
Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир).
   Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (Тавба 107, 108).

13. ИХЛОСНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ҚИЙИНЛИГИ

Мусулмон дўстим! Сен ихлосни амалга ошириш енгил иш, ҳоҳлаган инсон бунга эриша олади, озгина тиришиш ила ихлосни ҳосил қилса бўлади деб асло ҳисобламагин. Чунки бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳом ҳаёлдир. Аслида ихлос енгил иш эмас, пўстни кўриб мағзни кўрмаётган баъзилар эса уни осон иш деб ўйлайдилар. Аллоҳ томон йўл олганлардан бўлган орифлар Аллоҳ осон қилиб қўймаса ихлос ўта қийин, инсонларнинг нафсига машаққатли эканлигини таъкидлаганлар. Бунинг сабаби – юқорида айтиб ўтганимиздек – ихлос икки нарсани ўз ичига олишидир: ниятни доимо тўғри қилиш ва уни турли ғаразлардан доимо сақлаш. Ниятни доимо тўғри қилиш муҳим нарсадир, инсон ҳар бир амални автоматик равишда бажариши ила бу амалга ошмайди. Бунда ниятни ҳозир қилиб Аллоҳга йўналтириб туриш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Амаллар ниятларга биноандир” ва яна: ”Инсонлар ниятлари асосида қиёмат кунида қайта тирилтириладилар” деб айтганлар.
Ибн Абу Дунё узилган санад ила Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: ”Нияти йўқнинг савоби йўқ. Аллоҳни кўзлаб амал қилмаганнинг савоби йўқ”.
Яҳё ибн Абу Касир айтадилар: ”Ниятни ўрганинг, у амалдан кўра муҳимроқдир”.
Суфёни Саврий айтадилар: ”Ниятдан оғирроқ нарсани даволаганим йўқ, зеро у менга қарши курашади”.
Зубайд ал Ямоний айтадилар: ”Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини яхши кўраман ҳатто ейиш – ичишда ҳам”.
У киши яна: ”Яхшилик деб билган ҳар нарсангда ният қил ҳатто кўча супуришга чиқсанг ҳам” деб айтганлар.
Довуд Тоий айтадилар: ”Яхшиликни ҳаммасини кўрдим, уларни барчасини яхши ният жамлашини кўрдим. Агар яхши амални бажара олмай қолсанг ҳам яхши ният сизга кифоя қилади”.
Муторриф ибн Абдуллоҳ айтадилар: ”Қалбнинг солиҳ бўлиши амалнинг солиҳ бўлиши билан бўлади, амалнинг солиҳ бўлиши ниятнинг солиҳ бўлиши билан бўлади”.
Юсуф ибн Асбат айтадилар: ”Ниятни бузилишидан асраш амалда тиришишдан кўра шиддатлироқдир”.
У киши яна: ”Ният ила Аллоҳни бошқа бутун борлиқдан устун қўйиб У Зотнинг розилигини исташ Аллоҳ йўлида курашишдан афзалроқ”.
Нофеъ ибн Жубайрга: ”Жанозага қатнашмайсанми?” дейилди, у: ”ният қилиб олгунимча сабр қила оласанми?” деди ва озгинадан кейин ҳалиги инсонга:”энди гапир” деди.
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: ”Эҳтимолки кичик амални ният катта амалга айлантирар, эҳтимолки катта амални ният кичик амалга айлантирар”.
Фузайл ибн Иёз: ”Аллоҳ сендан ниятинг ва мақсадингни ирода қилади” деганлар.
Баъзи салафлар айтганлар: ”Кимни ўз амали комил бўлиши ҳурсанд қилса ниятини гўзал қилсин. Албатта Аллоҳ банданинг нияти гўзал бўлса унга ажр беради, агар амали бир луқма ютишлик бўлса ҳам”.
Суфёни Саврий ихлосли кишилар ҳақида: ”Амални ўрганганларидек, ниятни амал учун ўрганар эдилар” деганлар.
Баъзи олимлар айтганлар: ”Амалдан олдин амал учун ниятни талаб қил, токи яхшиликни ният қилар экансан сен яхшиликдадирсан”.
Аллоҳ розилигини топиш умидида бўлган бир киши олимларнинг биридан сўрабди: ”Менга шундай бир амални ўргатингки ўша амални бажаришдан тўхтамай, чунки мен кеча ё кундуз қиёмат бўлиб қолса Аллоҳ рози бўладиган амални бажара туриб қиёматни кутиб олишни яхши кўраман”. Шунда унга айтилибди: ”Мен сени тушундим, қўлингдан келганича яхшилик қил, агар ўша амалдан тўхтасанг яхши амал қилишни ният қилиб тур, зеро амални ният қилувчи амални бажарувчи кабидир”.
Нафсни ошкора ва махфий ҳою – ҳаваслардан ҳолий қилиш, ниятни шахсий ва дунёвий мақсад ва рағбатлардан поклаш нафсга қанчалар ҳам машаққатли ва оғирдир! Бу ҳудбинлик, ўзини яхши кўриш, дунёни яхши кўриш устидан ғалаба ва нафсни дунёвий истак ва ғаразлардан маҳрум этишдир. Бу ҳолат – агар билсангиз – улуғ нарсадир! Шу сабабли бу нарса нафсга қарши шиддатли тиришиш, шайтоннинг нафсга кириш йўлларини доимо кузатиб туриш, нафсни ахлоқсизлик, риё, обрў – эътиборни суйиш ва шахсий манфаатларни устун қўйиш каби омилларидан поклашга катта эҳтиёж сезади. Ушбу омиллар инсон зоти устидан ҳукмронлик қилувчи ва башариятнинг нафсига таъсир ўтказувчи омиллардир.
Раббонийлардан бўлмиш Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий инсон нафси учун энг шиддатли нарса нималиги сўралганда: ”Ихлос, чунки нафснинг ихлосда ҳеч қандай насибаси йўқ” деб жавоб берган эканлар.
Бир ориф киши: ”Ниятни холис қилиш амал қилувчилар учун барча амаллардан кўра қийинроқдир” деган эканлар.
Яна бир киши муболаға қилиб: ”Аллоҳнинг розилигидан бошқа ҳеч нарсани ният қилмасдан туриб бирор қадам ташлай олган инсонга жаннат бўлсин” деган эканлар.
Юсуф ибн Ҳусайн ар Розий айтганлар: ”Дунёдаги энг азиз нарса ихлосдир, қалбимдан риёни туширишга қанчалар тиришдиму аммо у ҳар гал янги кўринишда қайта ўсиб чиқаётгандай”.
Яна уламолардан бири: ”Бир лаҳза ихлос қилишда абадий нажот бор, аммо ўша бир лаҳзалик ихлос нажотдан ҳам азизроқдир!” деган эканлар.
     Бу нарса амал қилиувчилар устидан нафс ёмонликлари ғолиб келиши, ҳою – ҳаваслардан қутилиш қийинлигидандир. Шунинг учун Қуръон мунофиқларни нифоқдан халос бўлишга ва мўминлар қаторига киришга буюрган, яъни динни Аллоҳга холис қилишга буюрган: ”Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан. Магар тавба қилиб, солиҳ амаллар қилган, Аллоҳни маҳкам ушлаган ва Аллоҳ учун динга ихлос қўйганлар – ана ўшалар мўминлар ила биргадирлар. Аллоҳ, албатта, мўминларга улуғ ажр берур” (Нисо 145,146). Оятда тавба, ислоҳ, Аллоҳни маҳкам ушлаш токи холислик бўлмагунича кифоя қилмаслиги таъкидланган.
Умар розияллоҳу анҳу доимо айтардилар: ”Аллоҳим! Амалимнинг барчасини солиҳ қил, уни холис ўзинг учун қил, ҳеч кимга амалимда насиба қилма”.
Муторриф ибн Абдуллоҳ бундай дуо қилардилар: ”Аллоҳим! Сенга тавба қилиб сўнгра яна қилиб қўйган амалимдан истиғфор айтаман, Сен учун қиламан деб ният қилиб сўнгра бажармаган амалимдан Сенга истиғфор айтаман, холис Сен учун деб ният қилган ҳолимда Ўзинг билган бирор нарса қалбимга келганидан Сенга истиғфор айтаман”.
Муҳаммад ибн Саъийд ал Марвазий айтганлар: ”Ҳар бир иш икки аслга қайтади: Улуғ Аллоҳнинг сенга қилган иши, сени У зот учун қилган ишинг. У зотнинг сенга қилган ишида сендан талаб қилинадиган нарса Унинг ишларидан буткул рози бўлишинг. Сени У зот учун қилган ишингда сендан талаб қилинадиган нарса амалинга Унга холис бўлишинг. Агар сен шу икки нарса ила саодатманд бўлган бўлсанг, демак сен икки дунёда саодатманд бўлибсан”.
Гоҳида баъзи инсонларни кўриб улрни Ислом учун жўшиб, сидқидилдан ҳаракат қиляпти деб гумон қиласан, ҳатто  унинг ўзи ҳам гоҳида шундай гумонда бўлади. Аммо унинг қалбини тафтиш қилиб ниятларининг ҳақиқатини очсанг аслида у дунё учун ҳаракат қилаётган бўлади, агарда бошқалар уни (гоҳида ўзи ҳам) Робби учун амал қилмоқда деб ўйласалар ҳам!
Албатта Аллоҳ Ўзининг розилигидан бошқа нарса кирган қалбни, Ўзининг розилигидан бошқа нарса учун қилинган амални қабул қилмайди. У зот фақатгина холис Ўзи учун бўлган нарсанигина қабул қилади. 

14. ДАЪВАТЧИЛАР ВА ОЛИМЛАР УЧУН ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

 Исломга чақирувчи ва дин фойдаси учун ҳаракат қилувчи ҳар бир инсон шу йўлдаги мақсад ва ниятларини ростгўйлик ила текшириб чиқиши ва ўзини ўзи алдамаслиги, Роббисига нисбатан ёлғончи бўлмаслиги керак. Имоми Ғаззолий амалдорлик, шуҳрат, одамлар мақтовини яхши кўришдан иборат бўлган фитналарни зикр қилгач бундай деганлар: ”Ушбу фитналарга энг кўп йўлиқувчилар бу олимлардир. Илм таратишдан кўпчиликнинг мақсади одамлардан устун бўлиш лаззати, одамлар унга эргашишидан ҳурсандлик, мақтов ва олқишларни қабул қилишдир. Шайтон уларга бу нарсани ўзгартирган ҳолда: “Ниятингиз Аллоҳнинг динини таратиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шарият учун курашишдир” дейди. Халққа насиҳат қилиш, катталарга ваъз қилиш ила Аллоҳга миннат қилаётган ва одамлар унинг гапини қабул қилиб унга талпинаётганидан ҳурсанд бўлган воизни кўрасан. У динга фойдаси тегаётганидан ҳурсанд эканлигини даъво қилади, аммо бирор олим ундан кўра гўзалроқ маъруза қилаётгани ва одамлар уни қўйиб ўша олимга ўтиб кетаётганини кўрса бу нарса унга ёмон кўриниб уни ғамга солади. Агар унинг мақсади дин фойдаси бўлганда, бошқа олим сабабидан унинг иши янада гўзалроқ бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтган бўларди. Шундай қилганда ҳам шайтон унга: ”Сени ғамга солган нарса одамлар сендан бошқа олимга ўтиб кетаётгани эмас. Одамлар сени маърузаларингни эшитиб таъсирланганларида савоб олган бўлардинг, савоб олишдан маҳрум бўлганига ғам чекиш бу яхши ишдир” деб чалғитган бўларди. Лекин у бечора ҳаққа бўйин эгиши ва ишни ўзидан устунроқ кишига топшириши, баланд ўринда бир ўзи туришидан кўра чин ихлосли бўлиш у учун охиратда бу нарса афзалроқ ва савоблироқ эканлигини билмайди”.
Ихлоснинг ҳақиқатини билиш ва унинг асосида амал қилиш чуқур бир денгиздирки унда барча чўкиб кетади, илло жуда камдан – кам инсонлар қолади. Бу масала Аллоҳнинг ушбу оятида келган: “У (Шайтон): “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар улардан ихлосли бандаларинггина (мустаснодир)”, деди” (Сод 82, 83).

УЧИНЧИ ФАСЛ
ИХЛОСНИНГ ФАЗЛИ ВА РИЁНИНГ ХАТАРИ

  
 1. НИЯТ ВА ИХЛОСНИНГ ФАЗЛИ

Қуръон ва суннатда ният ва ихлоснинг диндаги ўрни ва фазилати ҳақида кўплаб сўз юритилгани ажабланарли эмас. Аллоҳ Ўз Китобининг кўп сураларида, хусусан Маккада нозил бўлган сураларда ихлосга буюриб унга чақирган, чунки маккий суралар Аллоҳнинг бирлигини таъкидлаш, ақидани соғлом қилиш ва Аллоҳга юзланишда истиқоматда бўлишга таъаллуқлидир. Аллоҳ Ўз Расулига айтади: ”Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир” (Зумар 1).
      Аллоҳ яна айтади: ”Сен: “Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман. Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар”, деб айт” (Зумар 14,15).   
       Аллоҳ айтади: ”Сен: ”Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман”, деб айт” (Аъроф 161,162).
      Аллоҳ айтади: ”Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир” (Баййина 5).
       Аллоҳ айтади: ”Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми!? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди” (Нисо 125).
       Аллоҳ айтади: ”Сен: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин”, дегин” (Каҳф 110).
       Биз Қуръонда ният ва ихлосни турли сийғаларда зикр қилинганини баён қилдик, масалан охиратни ирода қилиш, Аллоҳнинг юзини ирода қилиш, Унинг розилигини қасд қилиш. Ва Аллоҳнинг Китобидан бунга далолат қилувчи нарсаларни зикр қилиб ўтдик. Гоҳида “Аллоҳ йўлида” деган ибора ҳам ишлатилади. Бу ибора асосан инфоқ – эҳсонда, Аллоҳ учун тиришишда ишлатилади. Ҳадисда Аллоҳ йўлида тиришиш бу банданинг ягона мақсади Аллоҳнинг дини олий бўлиши учун бўлгандагина ҳақиқий тиришиш бўлиши келган. Инфоқ – эҳсонда ҳам шундай ҳолат.
     Қуръон амаллари ила фақатгина Аллоҳнинг Юзини истайдиганлар, розилигини ҳоҳлайдиганлар, одамларнинг мақтовлари кетидан югирмайдиганларни қанчалар ҳам мақтаган. Улар шундай яхши инсонларки Аллоҳ розилиги учун одамларга таом берадилар ва бунинг эвазига ҳеч кимдан мукофот, ташаккур кутмайдилар. Аллоҳ улар ҳақида бундай марҳамат қилган: ”Албатта, яхшилар каафур аралаштирилган қадаҳдан ичарлар”
(Каафур–ичимликни хушбў ва хуштаъм қилувчи модда бўлиб араблар у аралашган шаробни энг яхши шароб ҳисоблашади.)
          Бир булоқданики, ундан Аллоҳнинг бандалари отилтириб ичарлар.
         Улар назрга вафо қиларлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқарлар.
         Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга берарлар.
        (Аброрларнинг хислати нима экан!? Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар)
       “Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳласмиз.
       Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз” (дерлар) (Инсон 5 – 10).
       Яна Аллоҳ йўлида инфоқ қилувчилар ҳақида бундай марҳамат қилган: ”Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшарлар. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи Зотдир” (Бақара 265).
       Улар шундай инсонларки Аллоҳ Ўзининг охирги Расули, бандаларининг энг софини улар билан биргаликда сабр қилишга, улардан кўзини буриб ёруғликни кетказувчи ялтир – юлтир нарсалар эгаларига қаратмасликка буюрган: ”Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма” (Каҳф 28).
   Улардан ақл эгалари, Аллоҳга берган аҳдларига вафодор ҳолларида йўлнинг узоқлигига, босиб ўтишнинг озорларига сабр қилганлар, сабрлари Аллоҳ розилиги учун бўлган. Одамлар мақтовини истаб, маломатларидан қўрқиб, дунё кетидан қувлаб эмас. Шунинг учун Аллоҳ уларни мадҳ қилган: ”Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир” (Раъд 22).
     Амални бажаришинг муҳим эмас, муҳими у ила Аллоҳнинг розилигини исташингдир. Шу нарса ила сен амалинг қабул бўлишининг ва охиратдаги савобнинг  кафиллигини оласан, Аллоҳ айтади: ”Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз” (Нисо 114).
        Биз қуйида зикр қиладиган ҳадисларимизда ҳам Аллоҳ учун яхши кўрмоқ, Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ, Аллоҳ учун бермоқ, Аллоҳ учун бермасликка тарғиб бор. Буларнинг ҳаммаси ихлоснинг кўриниши ва маъносидир. 
         Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Ким Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун бермаса, аниқки иймонини комил қилибди” дедилар”.
           Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Кимда уч нарса бўлса иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули у учун бошқа ҳаммадан суюклироқ бўлса, бирор кишига муҳаббат қилганда фақат Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ уни куфрдан қутқаргач унга қайтишни ҳудди оловга ташланишдек ёмон кўрса”, дедилар (Бухорий ривояти).  
            Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Баро розияллоҳу анҳумлардан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: ”Иймоннинг энг ишончли ришталари: Аллоҳ учун дўстлик, Аллоҳ учун душманлик, Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун ёмон кўришдир”.
            Убода ибн Собитдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда бундай дейилган: ”Аллоҳ айтади: ”Мен учун ўзаро муҳаббат қилганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро боғланганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро насиҳатлашганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро зиёратлашганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро бир – бирлари учун тиришганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди. Мен учун ўзаро муҳаббат қилганлар нурдан бўлган минбарларда бўладилар, уларнинг ўринларига набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ҳавас қиладилар”. 
          Шунингдек одамлар кўзидан четда бўлиб, инсонлар жамиятида эътиборли ўрин тутмайдиган, таниқлилик ва шуҳрат эгаси бўлмаган ихлосли бандалар ҳақида ҳам ҳадислар келган.
          Имоми Муслимнинг саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Бўлиши мумкинки сочи тўзғиган, эшиклардан ҳайдалган инсон Аллоҳ номи ила қасам ичса Аллоҳ уни устун қилиб қўяди”, Ҳоким ривоятида эса: ”Бўлиши мумкинки сочи тўзғиган, чанг босган, йиртиқ – ямоқ кийган, одамлар эътиборидан четда бўлган инсон Аллоҳ номи ила қасам ичса Аллоҳ уни устун қилиб қўйади”.
         Имом Бухорийнинг китобларида Саҳл ибн Саъддан қуйидагича ривоят қилинади: ”Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан ўтди, шунда ҳузурларида ўтирган кишидан: ”Бу одам ҳақида нима дейсан?” деб сўрадилар. Шунда у: ”Бу одам инсонларнинг энг шарафлиларидан, Аллоҳга қасамки совчи қўйса никоҳ битади, орага тушса иш битади” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. Сўнгра яна бир киши ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Бу одам ҳақида нима дейсан?” дедилар. Шунда у: ”Ё Расулуллоҳ бу одам мусулмонларнинг бир фақир кишиси, агар совчи қўйса никоҳ битмайди, орага тушса иш битмайди, гапирса гапига қулоқ солинмайди” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Шу одам ҳалиги одамга ўхшаганлардан ер юзи тўла бўлса ҳам улардан яхшироқдир” деб марҳамат қилдилар.
           Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Умматимдан шундай инсонлар борки, бирортангизнинг олдига келиб дирҳам сўраса бермайди, бирортангизнинг олдига келиб динор сўраса бермайди, бирортангизнинг олдига келиб танга сўраса бермайди. Агар у Аллоҳдан жаннатни сўраса Аллоҳ унга жаннатни албатта беради” дедилар.
          Ихлос ҳақида келган асарлардан яна бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо розияллоҳу анҳуга юборган хатларида: ”Кимнинг нияти Аллоҳ учун холис бўлса, Аллоҳ у билан инсонлар орасидагига кифоя қилади” деб ёзилган.
          Муторриф раҳимаҳуллоҳ айтганлар: ”Ким ниятини соф қилса, софлик кўради. Ким ниятини аралаштириб нопок қилса, нопоклик кўради”.
          Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ўз нафсларини койиб: ”Эй нафс холис бўл, (азобдан) халос бўласан” дер эдилар.
          Бир солиҳ инсон ўз биродарига бундай ёзган экан: ”Амалингда ниятингни холис қил, шунда сенга оз амал ҳам кифоя қилади”.
           Жунайд раҳимаҳуллоҳ: ”Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар ақл юргиздилар, ақл юргизгач амал қилдилар, амал қилгач ихлосли бўлдилар. Бас ихлос уларни яхшиликнинг барча эшикларига олиб борди” деганлар.

2. РИЁДАН ОГОҲ ЭТИШ

      Аллоҳнинг Китоби ва суннат ният, ихлос, ростгўйликка ундовчи сўзлар ила тўла бўлгани каби охират амали ила Аллоҳнинг эмас одамларнинг розилигини исташ бўлган риёнинг офатларидан четда бўлиш, огоҳ этиш ҳақидаги хабарлар билан ҳам тўладир. Ҳудди шундай яна бир нарсадан четда бўлишга чақирилган: у юксаклик, шуҳрат, обрўни ва ўз шахсини яхши кўриш. Яна бир нарсадан четда бўлишга чақирилган: у одамлар қалбидаги юксаклик, шуҳрат ва обрўни яхши кўриш.

Қуръон риё ва риё қилувчилардан огоҳ этади
          Риё амал ва нафсга хатари шиддатли бўлган қалб маъсиятларидан бўлиб у ҳалок этувчи гуноҳи кабиралар қаторига киради. Шунинг учун Қуръон ва суннатда унга қарши қаттиқ ваъидлар (қўрқитишлар) келган. Қуръон риёни Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирмаган кофирлар ва Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирдик деб оғизлари билан иймон келтириб, қалблари иймон келтирмаган мунофиқларнинг сифатларидан эканлигини баён қилган. Аллоҳ айтади: ”Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетгазманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас” (Бақара 264).
       Бошқа сурада Аллоҳ бундай марҳамат қилган: ”Улар молларини кишилар кўриши учун сарфлайдилар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмайдилар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин ҳамроҳдир!” (Нисо 38). Бу риё яратилиш ва қайта тирилишга иймон келтирмаган кофирларнинг риёси, улар Аллоҳ учун ёки охират куни учун амал қилишлари тассаввурга ҳам сиғмайди. Қилган садақалари риё учун бўлгач, уларнинг қилган тиришишлари ҳам риё бўлади, Аллоҳ учун бўлмайди. Бу ҳақида бундай оят бор: ”Ва диёрларидан кибру ҳаво билан, одамларга риё учун чиқиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга ўхшаманг. Аллоҳ нима қилаётганларини иҳота қилгувчидир” (Анфол 47).
     Аммо мунофиқлар ҳолати ҳақида Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган: ”Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдовчи”дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турарлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қиларлар” (Нисо 142).
     Аллоҳ яна айтади: “Намозхонлар”га вайл бўлсин. Улар ўз намозларини унитувчилардир. Ана ўшалар риё қиладиганлардир” (Моъун 4 – 6). Аллоҳ уларга вайлни  ваъда қилган, у нарса ҳалокат ва азобдир.

Риёдан узоқлаштирувчи пайғамбар ҳадислари
    Бу масалада ҳадислар кўпдир. Биз Ҳофиз Мунзирийнинг “Аттарғийб ват тарҳийб” китобларидан танлаб олган ҳадисларимиз ила кифояланамиз. У киши “риёдан узоқлаштириш” бобида кўпгина ҳадислар келтирганлар, биз улардан ўнтасини танлаб олиб Имом Муслим ривоят қилган хатарга солувчи бир ҳадисни келтириш ила бошлаймиз. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: ”Қиёмат куни ҳисоб – китоб қилинувчи инсонларнинг аввалгиси шаҳид бўлган инсондир. Уни келтирилади ва Аллоҳ унга неъматларини танитади. У уларни тан олади. Аллоҳ унга: ”неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: ”Сенинг йўлингда курашдим, ҳатто шаҳид бўлдим” дейди. Аллоҳ айтади: ”Ёлғон айтдинг. Сен “бу одам ўта журъатли” дейишлари учун курашга кирдинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади. Кейин илм ўрганиб ўргатган, Қуръон ўқиган одам келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади у уларни тан олади. Аллоҳ унга: ”неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: ”Сен учун илм ўрганиб ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим” дейди. Аллоҳ айтади: ”Ёлғон айтдинг. Сен “бу одам олим” дейишлари учун илм билан шуғилландинг, “бу одам қори” дейишлари учун Қуръон ўқидинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади. Кейин Аллоҳ унга кенгчилик бериб турли моллар берган киши келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади у уларни тан олади. Аллоҳ унга: ”неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: ”Сенинг йўлингда Сен рози бўладиган нима иш бўлмасин қолдирмай садақа қилдим” дейди. Аллоҳ айтади: ”Ёлғон айтдинг. Сен “бу одам жуда сахий” дейишлари учун садақа қилдинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади”.
      Муовия розияллоҳу анҳуга ушбу ҳадис айтилганда қаттиқ йиғлаган эканлар, ҳатто ҳушларидан кетиб қолган эканлар. Ўзларига келгач: ”Аллоҳ ва Расули рост айтадилар” деган эканлар.
     Аллоҳ айтади:” Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар. Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди” (Ҳуд 15,16).
      Гоҳида баъзи инсонлар нима учун азоб ва ваъидлар яхши амал бажарилса ҳам бу амалларга ваъда қилинади деб сўрайдилар. Бунинг жавоби шуки Исломда амалларнинг ўзидан кўра амалларга туртки бўлувчи нарса муҳимроқдир. Табиятан маълумки бир инсон бошқа инсонга нисбатан соҳтакорлик қилса, бу ёмон разилатлардан, жирканч қабиҳликлардан ҳисобланади. Энди инсоннинг ўзига ўхшаган инсонга нисбатан қилган бу иши шунчалик бўлса махлуқнинг ўз Холиқига нисбатан қилган бу иши бундан ҳам разилроқ, бундан ҳам жирканчроқ бўлади. Бу амал одамлар учун амал қилиб ёлғончи ва гуноҳкор бўлган ҳолда ўзини Аллоҳ учун амал қилаётгандай қилиб кўрсатувчи риёкорнинг амалидир. Ажаб эмаски Аллоҳ уни сирлар ошкора бўладиган кунда юзи билан судралиб жаҳаннамга отилишга ҳукм қилса!
      Шунинг учун Қатода розияллоҳу анҳу бундай деган эканлар: ”Банда риёкорлик қилса Аллоҳ фаришталарга: ”Мени истеҳзо қилаётган ана уни қаранглар” деб айтар экан”.
       Абу Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: ”Ушбу умматга енгиллик, улуғворлик, юксаклик, дин ва муқим туришнинг башоратини бер! Бас улардан кимки охират амалини дунё учун қилса, унга охиратда насиба йўқдир” (Имоми Аҳмад ривояти).
     Имом Байҳақийнинг ривоятларида қуйидагича келган: ”Ушбу умматга енгиллик, улуғворлик, динда юксаклик, юртларида муқим туриш ва нусрат башоратини бер! Бас улардан кимки охират амалини дунё учун қилса, унга охиратда насиба йўқдир”.
      Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Ким одамлар эшитсин деса, Аллоҳ уни эшиттириб қўяди, ким одамлар кўрсин деса, Аллоҳ уни кўрсатиб қўяди” (Имоми Аҳмад ривояти). Яъни ким одамлар билсин учун амал қилса Аллоҳ унинг ниятини охират куни барчанинг олдида билдириб уни шарманда қилиб қўяди.
      Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Қайси бир банда бу дунёда амалимни одамлар эшитсин деса, риё қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг кирдикорларини халоиқ олдида билдириб қўяди” дедилар”.
        Муҳаммад ибн Лабийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар олдига чиқиб: ”Сирлар ширкидан сақланинглар” дедилар. Одамлар: ”Эй Аллоҳнинг Расули, сирлар ширки нима?” деган эдилар, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Бир киши туриб одамларнинг унга назари қаратилгани учун намозини зийнатлаб кўрсатади, мана шу сирлар ширкидир” деб марҳамат қилдилар” (Ибн Ҳузайма ривояти).
     Зайд ибн Аслам оталаридан ривоят қиладилар: ”Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиққанларида Муъоз розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турганларини кўрдилар ва: ”Нима сени йиғлатди эй Муъоз?” деб сўрадилар. Муъоз розияллоҳу анҳу: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисим йиғлатди, у киши деган эдилар: ”Риёнинг кичкинагинаси ҳам ширкдир, ким Аллоҳнинг авлиёларига душманлик қилса, Аллоҳга нисбатан уруш қилибди. Аллоҳ яхшилик қилувчи, тақводор, панада юрувчи кишиларга муҳаббат қилади. Улар йўқ бўлсалар, қидирилмайдилар, бор бўлсалар танилинмайдилар, қалблари ҳидоят шамчироқларидир, ҳар қандай чанг – тўзонли зулматдан чиқиб келадилар” дедилар.
      Муҳаммад ибн Лабийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Сизлар учун қўрқадиганларимнинг энг қўрқинчлиси кичик ширкдир”, одамлар: ”Ё Расулуллоҳ кичик ширк нима?” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Риёдир, Аллоҳ азза ва жалла одамларни ҳисоб – китоб қилаётганда, риёкорларга: ”Ҳаёти – дунёда ким учун амал қилган бўлсангиз унинг ҳузурига боринглар, қарангларчи уларни ҳузурида бирор нарса топа олармикинсиз?!” дейди”.
         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Аллоҳ таоло айтади: ”Мен ширкдан энг беҳожат зотман, ким Мен учун амал қилган ҳолда ўша амалда Мендан бошқани шерик қилса, Мен унинг амалидан бегонаман, унинг амали кимни шерик қилган бўлса ўшаникидир” (Ибн Можжа ривояти).
         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ”Қиёмат куни муҳрланган амал саҳифалари келтирилиб Аллоҳ таолонинг олдига қўйилади. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: ”Буни отиб юборинг, бунисини қабул қилинг” дейди. Шунда фаришталар: ”Иззатинг ва жалолингга қасамки бунда биз фақат яхшилик кўрганмиз” дейдилар. Аллоҳ азза ва жалла: ”Бу менинг розилигим учун бўлмаган, Мен фақат Менинг розилигин учун қилинган нарсани қабул қиламан” дейди”.
      Бани Коҳилдан бўлган Абу Али деган инсондан ривоят қилинади: ”Абу Мусо Ашъарий бизга хутба қилди ва: ”Эй инсонлар, ушбу ширкдан қўрқинглар. Албатта у ўрмаловчи чумолидан ҳам мхфийроқдир” деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳазн ва Қайс ибн Мазориб туриб: ”Гапирганингга ҳужжат келтирасан ёки биз Умарни изн берса бермаса бу ерга олиб келамиз” дедилар. Абу Мусо: ”Ҳужжат келтираман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилдилар ва дедилар: ”Эй инсонлар, ушбу ширкдан қўрқинглар. Албатта у ўрмаловчи чумолидан ҳам махфийроқдир”. Шунда Аллоҳ истаган бир одам туриб: ”Ё Расулуллоҳ у ўрмаловчи чумолидан ҳам махфийроқ бўлса ундан қандай сақланамиз?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Аллоҳим! Сендан билган нарсамизда Сенга ширк келтириб қўйишдан паноҳ сўраймиз ва билмаган нарсамизда Сенга ширк келтириб қўйишдан истиғфор айтамиз” деб айтинглар” дедилар.
      Набавий ҳадислар риёнинг офатларидан огоҳлантиргани каби мансаб, шуҳратни яхши кўриш, одамлар олдида олий мартабада бўлишга ҳирс қўйиш каби офатлардан ҳам огоҳлантирган. Баъзи асарларда келишича мол ва мансабни яхши кўриш қалбда нифоқни ҳудди сув ўсимликни ўстиргани каби ўстирар экан. Баъзи инсонларда гоҳида молни яхши кўришдан кўра мансаб ва манзилани кўпроқ яхши кўриш учрайди. Ҳудбин одам мансаб ва шуҳратга етишиш учун мол сарфлайди. Имом Ғаззолий мансаб молдан устунлигининг кўп кўринишларини зикр қилиб ўтганлар. Каъб ибн Моликнинг ҳадисларида марфуъ ҳолда қуйидагилар келган: ”Кишининг дини учун мол ва шарафга қизиқиш бир пода қўйларга икки оч бўрини қўйиб юборишдан кўра фасоди кўпроқдир”.
        Биз кўриб ўтган Аллоҳнинг Китобида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида келган хабарлар риёдан, мол – дунё, мансаб муҳаббатидан огоҳлантирувчи ҳақиқатлардир. Шу сабабдан қалб тоатлари аъзолар тоатларидан устун кўрилган. Ихлос эса барчасидан устундир, чунки у амалларнинг қабул бўлиш шартидир. Ҳўш бу ихлоснинг ҳақиқати нима?
    Мана шу нарсани кейинги бобда баён қиламиз.

 ТЎРТИНЧИ БОБ
 ИХЛОС ҲАҚИҚАТИ

1. КИРИШ

Ихлоснинг моҳиятини белгилашда руҳий тарбия аҳлининг иборалари одатларига мувофиқ ҳолда турли ҳил келган. Улардан ҳар бири масаланинг бирор томонига назар қаратган ёки ихлоснинг маъноларидан бир маънога эътибор берган ёки бошқа лафзлар билан ўзидан бошқанинг сўзларини таъкидлаган.
Устоз Абул Қосим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Рисолатул қушайрия” китобларида бундай деганлар: ”Ихлос Ҳақ субҳанаҳуни тоатда ёлғиз Ўзини қасд қилиш. Бу нарса шундайки тоат ила Аллоҳ субҳанаҳуга яқин бўлиш, розилигига эришиш ирода қилинади ва бошқа ҳеч нарса ирода қилинмайди. Банда учун кўзбўямачилик ёки одамлар орасида мақтовга эришиш ёки бандаларнинг мадҳ қилишларини яхши кўриш ёки Аллоҳ таолога яқин бўлишдан бошқа ҳар қандай маъно ихлосга зиддир. Ихлос бу “амални бандаларнинг мулоҳазаларидан поклаш” деб айтса ҳам тўғри бўлади”. Яна айтиш мумкинки ихлос бу шахслар мулоҳазасидан амалларни асраш.
Жунайд раҳимаҳуллоҳ айтганлар: ”Ихлос бу Аллоҳ ва банда орасидаги сирдир. Уни фаришта билмайдики ёзиб қўйса, шайтон билмайдики бузиб юборса, ҳою – ҳавас оғдириб юборса”.
Шу масалада Қушайрий раҳимаҳуллоҳ ўз санадлари ила Робб таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийлари бор: ”Ихлос сиримдан бўлган бир сирдир. Уни бандаларимдан кимга муҳаббат қилсам, унинг қалбига ишониб топшираман”.
Абу Усмон айтганлар: ”Ихлос бандалар кўришини унутиб, назарни доимо Холиқнинг фазлига қаратишдир”.
Ҳузайфа ал Маръаший: ”Ихлос банданинг феъллари зоҳир ва ботинда бир ҳил бўлишидир” деганлар.
Бир олимдан ихлос ҳақида сўралганда у: ”Амалингга Аллоҳдан бошқани гувоҳ қилмаслигинг ихлосдир” деган экан.
Зуннун раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: ”Уч нарса ихлос аломатларидандир:
1.Омманин мақташи ва ёмонлаши бир ҳил кўрилиши.   
2.Амалларда амалларни кўришни унутиш.
3.Охиратда амал савобни тақозо қилишини унутиш”.
Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: ”Ихлосли кишигина риё ҳақиқатини билади” деган эканлар.

2. ИХЛОСНИ ПАЙДО ҚИЛИШДАГИ МУҲИМ ОМИЛЛАР

Юқорида зикр қилинган гаплар ила ихлос ҳақиқатини пайдо қилувчи омилларга ишора қилинади. Ушбу омиллар қуйидагилар:
1. Мухлис Холиқнинг назарига тушишга тиришсин, махлуқларнинг эмас. Чунки махлуқлар Аллоҳ тарафидан унга келувчи бирор нарсани аритувчи эмаслар.
Фузайл ибн Иёз айтганлар: ”Одамларни деб амал қилиш ширк, одамларни деб амални тарк этиш риё. Ихлос Аллоҳ сенга икковидан ҳам офият беришидир”.
2. Ихлосли кишининг зоҳири ва ботини, таши ва ичи бир ҳил бўлишидир. Унинг зоҳири обод, ботини хароб, таши асал, ичи аччиқ бўлмайди.
Сиррий Сақтий айтган эканлар: ”Ким ўзида бўлмаган нарса ила одамлар учун зийнатланса, Аллоҳнинг назаридан тушади”.
3. Одамларнинг уни мадҳ қилишлари ва мазаммат қилишлари унинг учун фарқи бўлмаслиги.
Айтилганки: ”Аллоҳнинг ҳузурида мақталган бўлсанг, одамлар ҳузурида мазаммат қилинган бўлишингни сенга нима фарқи бор. Аллоҳнинг ҳузурида мазаммат қилинган бўлсанг, одамлар ҳузурида мақталган бўлишингни сенга нима фойдаси бор”.
4. Ихлосига назар солмаслиги ва ўзидан ажабланмаслиги. Токи ихлосли эканлигидан ажабланиб ўзини ўзи ҳалок этмасин. Шу сабабдан Аллоҳни таниган кишилар амалларни кўрмаслик зарур эканлигини таъкидлаганлар. Ҳатто Абу Яъқуб Сусий бундай деган эканлар: ”Обидлар ўз ихлосларига назар солиб холисликни кўрган заҳотлари уларнинг ихлослари ҳақиқий ихлосга муҳтож бўлиб қолди!”.
Абу Бакр Даққоқ айтганлар: ”Ҳар бир мухлиснинг нуқсони ўзининг ихлосини кўришидир. Бас Аллоҳ унинг ихлосини ҳақиқий ихлос бўлишини ирода қилса, унинг ихлосидан ўз ихлосини кўришни йўқ қилади. Шунда у ихлосли эмас балки ихлоссиз бўлишдан Аллоҳ томонидан халос этилган бўлади”.
Абу Усмон Мағрибий айтганлар: ”Ихлос шундай нарсаки ҳар қандай ҳолатда ҳам нафснинг унда улуши бўлади. Бу омманинг ихлоси. Аммо хосларнинг ихлоси шундайки улар уни бажармайдилар, ихлоснинг ўзи уларда содир бўлади. Ибодатдан ажраган ҳолларида ҳам улардан тоат асорати кўринади. Уларда бажарган ибодатларига ўз – ўзидан суяниш воқеъ бўлмайди ва улар бажарган ибодатларига ўзлари суянмайдилар. Бу хосларнинг ихлосидир”. Бунинг маъноси улар ўзларидан ҳам, амалларидан ҳам, ихлосларидан ҳам юз ўгириб уларни Ўз динига ихлосли қилиб қўйган Аллоҳдан бошқани кўрмайдилар ва Аллоҳ учунгина динни холис қиладилар.
5. Ихлоснинг омилларидан яна бири амал охиратда савобни тақозо қилишини унутишдир. Зеро мухлис ўз амали ўзи билмаган ҳолда нафсининг улушидан ҳоли эмаслигидан омонда бўла олмайди. Агар шундай бўлса у учун Аллоҳ ҳузурида ҳеч нарса йўқдир: ”Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир” (Моида 27).
Амаллар қанчалик катта бўлмасин Аллоҳнинг ўз бандасига инъом этган нематларининг энг кичигини ҳам ўрнини боса олмайди. Зеро амални бажаришга ҳам Аллоҳнинг Ўзи тавфиқ беради, У зот аввалгию охирги фазлнинг эгасидир. Ихлосли банданинг назарида амал ўз зотида савобни тақозо этмайди, балки гўзал амал бу Аллоҳнинг бандасига берган эҳсонидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада бундай деганлар: ”Ҳеч бирингизнинг амали уни жаннатга киргизмайди”. Айтдиларки: ”Сизнинг амалингиз ҳамми ё Расулуллоҳ?” У киши: ”Менинг амалим ҳам, илло Аллоҳ ўз раҳмати ила мени ўраб олмаса!” деганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
6. Ўзи билмаган ҳолда нафсга риё ва ҳаволаниш кириб ўрнашишидан қўрқиш. Шайтонда нафсга кириш учун махфий ва айланма йўллар бўлиб улар ила шайтон нафсга кириб боради. Шайтон мўминни зоҳирий маъсиятларга туширишдан умидини узган ҳолда ҳам, уни ботиний маъсиятларга туширишга доимо ҳаракат қилади. Шу йўл ила у банданинг Аллоҳ ва охиратни кўзлаб қилган яхши амалларининг зое бўлишига эришади.
Шунинг учун Саҳл Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: ”Риёни фақат ихлосли киши билади. Чунки у ундан қўрққани учун уни кузатади, ўрганади, ўрнашиш ва кириш жойларини билади. У банда ўзига – ўзи ёлғон гапирмайди ва ёмон амалини ўзига – ўзи зийнатлаб яхши кўрсатмайди”. Шунинг учун ҳам ихлос қилиш қийин, мухлислар эса оз! Бу масалада Саҳл Тустарий раҳимаҳуллоҳ:””Лаа Илааҳа иллАллоҳ” калимасини кўпчилик айтади, аммо уларнинг ичида мухлислари оз” деганлар.
Биз юқорида зикр қилиб ўтган омиллар комил ихлоснинг асосларидир. Уларнинг барчасини мужассам қилган банда бахтлидир, улар қандоқ ҳам кам! Мусулмон инсон ушбу омиллардан қанчасини ўзиники қилса унинг ихлосдан бўлган насибаси шунча бўлади.

3. ҒАЗЗОЛИЙНИНГ ИХЛОС БАЁНИДА ҚИЛГАН ТАДҚИҚОТЛАРИ

Ихлоснинг ҳақиқатини баён қилишда Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳё”ларида чуқур баҳс қилганлар. Бу масалада у киши илм ва амал жиҳатидан давранинг энг олд одамлариданлар. У инсон фиқҳ, усул, калом илмлари, файласуфлар ва ботинийларга раддия бериш ва бошқа кўплаб соҳаларда китоблар тасниф қилиш, дарс бериш (Имом Ғаззолий бу илмларнинг барчасида ислом оламида бугунгача имомлик ва шуҳрат мақомида турадилар) билан шуғилланишларининг барчасини дунё ишларидан бир иш, нафс шаҳватларидан бир шаҳват, бандалар қалбида ўзи учун манзила ва обрў талаб қилиш деб билганлар ва буларнинг барчасидан узлат қилиб, халос бўлишни ҳақиқий ихлосдан қидирганлар. (Ажабо! Имом Ғаззолий қилганларини мингдан бирини ҳам қилмасдан туриб ўзини ихлосли деб ўйлаётганлар, илмлиман деб кўксига ураётганларнинг аҳволи қандай!? Имом Ғаззолий ва бу кишига ўхшаган Аллоҳнинг қулларини эшитиб бизда фақат ихлоснинг қуруқ номи қолган деган фикр келади!!! Аллоҳнинг дини ривожига илм ила ўлчаб бўлмас ҳисса қўшиб турган ҳолида ўзининг ихлосли эмаслиги ҳақида қайғуриш, кечалари кўз ёш тўкиш бу бизнингча улуғ қаҳрамоннинг ишидир!!! Таржимон.)
Шунинг учун у кишининг сўзлари инсон нафсининг ҳаволари, майллари, соҳталиклари ва инсонга нисбатан Иблиснинг фирибларини (Иблиснинг фириблари сабабли инсон Аллоҳ учун амал қилмоқдаман деб ўйлайди, аслида эса у ўзи учун амал қилаётган бўлади) яхши билган билимдоннинг сўзларидир.
Ғаззолий айтадилар: ”Билгинки ҳар бир нарса бошқа нарса билан аралашиши тасаввур қилинади. Қачонки ўша нарса ҳар қандай нарсадан ажралса ва пок ҳолга келса, уни холис бўлган, халос бўлган дейилади. Агар у нарса бирор амал бўлса, ўша амал мусаффо, холис амал дейилади. Аллоҳ таоло айтади: ”Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз” (Наҳл 66). Сутнинг холислиги унга қон, гўнг ва умуман аралашиши мумкин бўлган нарса аралашмаганда бўлади. Ширк ихлоснинг зиддидир. Ким мухлис бўлмаса, у мушрик бўлади. Аммо ширкнинг даражалари бор, тавҳиддаги ихлоснинг зидди илоҳиётдаги ширкдир. Ширкнинг очиқ – ойдини бор, махфийси бор. Ихлос ҳам шундай. Ихлос ва унинг зидди қалбда рўй беради. Бас уларнинг ўрни қалб бўлиб мақсад ва ниятларда кўринади.
      Биз юқорида ният ҳақиқатини ва уни амалга чорловчи нарсаларга доир эканлигини зикр қилиб ўтдик. Қачонки амалга чорловчи нарса кўп эмас бир дона бўлганда кишидан содир бўлувчи амални унинг ниятига биноан “холис” деб номланади. Масалан бир киши садақа қилса ва нияти фақатгина риё бўлса, у ниятида “холис” дейилади. Шунингдек садақа қилганда нияти фақатгина Аллоҳга яқин бўлиш бўлса ҳам, у ниятида холис дейилади. Зеро, икковининг қасд қилган нарсага бир мақсаддан бошқа ҳеч нарса аралашмаган. Аммо “ихлос” исмини бошқа барча нарсаларни қўйиб фақатгина Аллоҳга яқин бўлиш нияти билан номлаш одат бўлиб қолган. Ҳудди “ҳаддан ошиш” деганидан “оғиш” тушунилиши керак бўлгану аммо одатан “ҳаддан ошиш” “ҳақ йўлдан оғиш” деб айтиб юрилгани каби. Кимда амалга чорловчи нарса фақат риёнинг ўзи бўлса, у ҳалокатга юз тутибди, биз у ҳақида бу ўринда гапириш ниятимиз йўқ.
    Биз бу ўринда банда учун амалга чорловчи нарса Аллоҳга яқинлашиш бўлган ҳолда унинг ниятига риё ёки ундан бошқа нафснинг насибаларидан бири бўлган нарса ниятга кириб қолган ҳолати ҳақида гапирамиз. Бунинг мисоли: бир киши Аллоҳга яқин бўлиш қасди ила яна рўзаси туфайли ҳимояда бўлиш учун рўза тутади (“мен рўзадорман” деса уни ҳеч ким рўзадор ҳолатида ҳафа қилмайди), ёки ўз қулини унинг ёмонлиги ва ярамас хулқи сабабидан озод қилиб юборади, ёки сафар сабабидан мижози яхшиланиши, ёки ўз шаҳридаги ёмонликдан қочиб, ёки ўз манзилидаги душмандан қочиб, ёки аёли, болалари ва ишидан бир неча кун дам олиш учун ҳаж қилади, ёки тунда аҳлини ёки уловини кузатиш мақсадида уйқусини кетказиш учун намоз ўқийди, ёки ўзига кифоя қиларли мол топиш, ёки қавм орасида обрўли бўлиш, ёки уйи ва молини илм иззати сабабидан қўриқланган туриши учун илм ўрганади, ёки жим юриш балосидан қутилиб, одамларга гапириш лаззатига эришиш учун дарс бериш ва ваъз ўқиш билан шуғилланади, ёки олимлар ва сўфийларнинг ҳизматига улар ва одамлар орасида ҳурмат қозониш ёки дунёда халқдан мулойимлик кўриш учун киришади, ёки ўзининг хаттотлик маҳоратини яхшилаб ошириш учун Мусҳафни қўлёзма қилади, ёки йўлкирадан қочиб пиёда ҳаж қилади, ёки тоза бўлиш, ёки музлаб олиш учун таҳорат олади, ёки ўзидан ёмон ҳид келмаслиги учун ғусл қилади, ёки исноди олий деб танилиш учун ҳадис ривоят қилади, ёки уй ижараси арзонроқ бўлиши учун масжидда эътикоф ўтиради, ёки таом тайёрлаш машаққатидан қочиб, ёки таом тайёрлаш ва таомланишга кетадиган вақтни тежаш учун рўза тутади, ёки сўровчига сўрайвериб уни қийнамаслиги учун садақа қилади, ёки касал бўлганда уни кўришга келишлари учун касал кўргани боради, ёки аҳлининг жанозаси ўз вақтида тарқатилиши учун жанозаларни тарқатиб юради, ёки ушбу ишларнинг барчасини яхшилик ила танилиш, унга одамлар салоҳият ва виқор тарафидан қарашлари учун бажаради. Қачонки банданинг амалга чорловчиси Аллоҳга яқин бўлиш бўлсаю, аммо унга ушбу хатарлардан бир хатар қўшилганда амал қилиш унга енгилроқ бўлганда унинг амали ихлос чегарасидан чиқиб кетади. Унинг амали холис Аллоҳ учун бўлган амаллар қаторидан чиқиб амалга ширк кириб боради. Аллоҳ ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилган: ”Мен ширк келтирилувчи нарсалар ичида энг беҳожатиман” (яъни: ”Мен учун амал қилинганида яна бошқа нарсани қўшиб у учун амал қилинса, Мен ўша амалдан беҳожатман”. Ҳар ким ўзига аралаш ниятда қилинган яхшиликни ёмон кўради, энди Аллоҳ йўлида амал қилинганида ният аралаштирилса, бу катта кўрнамаклик бўлади. Таржимон).
      Қисқаси нафс ҳоҳлайдиган, қалб унга мойил бўладиган нарсалар озми кўпми амал учун қилинган ниятга кирса, у ила ниятнинг софлиги кетади, ундан ихлос зоил бўлади. Инсон ниятга кириб унга аралашувчи нарсалар ила боғланган, шаҳватларга чўкиб кетган. Инсон амалларидан бўлган бирор амал, ибодатлардан бўлган бирор ибодат камдан – кам ҳолларда бу нарсалардан ҳолий бўлади. Шунинг учун айтилганки: ”Кимнинг умрида холислик ила ўтказилган бирор лаҳза бўлса ҳам албатта у нажот топибди”. Бу нарса ихлоснинг иззати ва қалбни турли ҳил аралашишлардан поклашнинг қийинлигидандир. Ҳақиқий холис банда амалга чорловчиси Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса бўлмаган инсондир. Агар нафс ҳоҳлайдиган, қалб унга мойил бўладиган нарсаларнинг ўзигина амалга чорловчи бўлса, унинг эгасининг аҳволи оғир эканлиги сир эмас. Биз ният бобида асл нияти Аллоҳга яқин бўлиш бўлиб унга турли нарсалар, ғаразлар қўшилиши ва холис ният билан холис бўлмаган ният ўзаро мувофиқлик рутбасида ёки ўзаро шериклик рутбасида ёки ўзаро кўмаклашиш рутбасида бўлишига назар солиб чиқдик.
      Умуман олганда амалга чорловчи ғараз мақсад амалга чорловчи диний мақсаддан гоҳида кучлироқ бўлади, гоҳида эса ундан кучсизроқ бўлади. Бу ҳолатларнинг ҳар бирининг ўз ҳукми бўлиб, биз уларни қуйида зикр қилиб ўтамиз (инша Аллоҳ). Ихлос аслида амал турли майлларнинг ози ва кўпидан халос бўлишидирки токи ният Аллоҳга яқин бўлишдан бошқа нарса учун бўлмасин. Бу нарсани фақатгина Аллоҳга бўлган муҳаббатни Аллоҳ ила кечалари холий қолиш, дунё муҳаббатига қалбида ҳеч қандай ўрин қолмайдиган даражада охират ғамига чўкиш, ешиш – ичишни яхши кўрмаслик, уни қазои ҳожат зарурлиги каби зарурлигидан тановул қилиш, таомни таом учун эмас Аллоҳнинг ибодатига қувват бўлгани учун иштаҳа қилиш, ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларга нисбатан банда қалбида жой қолмаслиги, диний зарурат бўлгани учун ўша дунёвий заруратни талаб қилиши ва Аллоҳдан бошқа ғами бўлмаслигисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай инсон агар еса ва ичса ёки ҳожатини чиқарса, барча ҳаракатлари ва саканотларида амали холис, нияти тўғри бўлади. Масалан у ибодат учун қувват олиш учун ухласа уйқуси ҳам ибодатга айланади ва у мухлислар даражасидаги инсонга айланади. Аммо ким бундай бўлмаса унинг учун амалларда ихлосли бўлиш эшиги тўсилган бўлиб камдан – кам ҳолларда у холис амал қилади. Кимга Аллоҳ муҳаббати ва охират муҳаббати ғолиб келса, ҳаракатлари муҳаббат қилган нарсасига одатланади ва у холис инсон бўлади. Кимга дунё, баландлик, обрў, умуман Аллоҳдан бошқа нима бўлса ҳам ғолиб келса, барча ҳаракатлари шу нарсага одатланади ва ибодатлари намоз бўладими рўза бўладими жуда нодир ҳолатлардан бошқа ҳолатларда саломат қолмайди.
Бас шундай экан ихлосга етишиш қалбга ғолиб бўладиган даражада нафснинг ортиқча насибаларини синдириш, дунё исташни кесиш, охиратнигина кўзлаш ила бўлади. Мана шунда ихлосга етишиш енгил бўлади. Қанчадан – қанча амаллар борки инсон уларни бажариб чарчайди ва уни холис Аллоҳ учун қилинган деб ўйлайди, ўша амалдан мағрур бўлади. Аммо у офат келаётган тарафни кўрмайди. Бунинг мисоли қуйидаги воқеъадаги кишининг сўзларида акс этган: “Ўттиз йил узлуксиз намозларни масжидда биринчи сафда адо этдим. Бир кун узрли сабаб ила кеч қолдим ва биринчи сафга улгурмай иккинчи сафда намоз ўқидим. Шунда одамлар мени иккинчи сафда кўраётганларидан ҳижолат бўлдим. Бас менинг биринчи сафда туришим ҳурсанчилигим ва қалбим ҳузурланиши учун восита бўлиб қолганини, холис Аллоҳ учун бўлмаганини ва мен буни ўттиз йил давомида сезмай юрганимни билдим!” Бу нарса нозик ва ўта сирли бўлгани учун бунга ўхшаш нарсалардан камдан – кам амаллар холий бўлади ва камдан – кам одам бундай нарсаларга сергак бўлади. Фақат Аллоҳ муваффақ қилганлар бундан мустасно. Бу нарсадан ғофил бўлганлар эса охират куни яхшиликларини аслида ёмонлик эканини кўрадилар. Улар ҳақида Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган: “Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур. Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур” (Зумар 47, 48) ва қуйидаги оятда ҳам: “Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”, дегин” (Каҳф 103 – 104). Ушбу фитнага йўлиқувчиларнинг энг ашаддийси олимлардир. Илмни тарқатишда уларнинг аксарини амалга чорловчи нарса бу бошқалардан устунлик лаззати, одамларни  кетидан эргаштириш ҳурсандчилиги, мақтов ва олқишларни эшитишдир. Шайтон уларни чалғитади ва:”Ниятингиз Аллоҳнинг дийнини таратиш, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариъат учун курашишдир” дейди. Халққа насиҳат қилиш, катталарга ваъз қилиш ила Аллоҳга миннат қилаётган ва одамлар унинг гапини қабул қилиб унга талпинаётганидан ҳурсанд бўлган воизни кўрасан. У дийнга фойдаси тегаётганидан ҳурсанд эканлигини даъво қилади, аммо бирор олим ундан кўра гўзалроқ маъруза қилаётгани ва одамлар уни қўйиб ўша олимга ўтиб кетаётганини кўрса бу нарса унга ёмон кўриниб ғамга солади. Агар унинг мақсади дийн фойдаси бўлганда, бошқа олим сабабидан унинг иши янада ғўзалроқ бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтган бўларди. Шундай қилганда ҳам шайтон унга:”Сени ғамга солган нарса одамлар сендан бошқа олимга ўтиб кетаётгани эмас балки одамлар сени маърузаларингни эшитиб таъсирланганларида савоб олган бўлардинг, савоб олишдан маҳрум бўлганига ғам чекиш бу яхши ишдир” деб чалғитган бўларди. Лекин у бечора ҳаққа бўйин эгиши ва ишни ўзидан устунроқ кишига топшириши, баланд ўринда бир ўзи туришидан кўра у учун охиратда бу нарса афзалроқ ва савоблироқ эканлигини билмайди”.
Ихлоснинг ҳақиқатини билиш ва унинг асосида амал қилиш чуқур бир денгиздирки унда барча чўкиб кетади, илло жуда камдан – кам инсонлар қолади. Бу масала Аллоҳнинг ушбу оятида келган: ”У (Шайтон): “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар улардан ихлосли бандаларинггина (мустаснодир)”, деди” (Сод 82,83). Бас банда бундай нозик масаларга ўта синчиков ва кузатувчан бўлсин, акс ҳолда ўзи сезмаган ҳолда шайтонларга эргашиб кетади. 

4. ХОЛИС БЎЛГАН ҲОЛДА БИРОР НАРСА АРАЛАШГАН НИЯТНИНГ ВА У ИЛА САВОБГА НОИЛ БЎЛМОҚНИНГ ИМОМИ ҒАЗЗОЛИЙ НАЗДИЛАРИДАГИ ҲУКМИ
    
      “Иҳё” китобининг “ният ва ихлос” бобида имоми Ғаззолий баҳс ва тадқиқ қилган нарсаларидан бири, бу қисман Аллоҳ учун холис бўлган ва қисман риё кирган ҳолда бирор дунёвий ёки нафсий нарса аралашган амалнинг ҳукми қандай бўлишидир. Хўш, мусулмон бундай амалга қисман савоб оладими ёки йўқми?
      Бу масалада имом яхши калом айтганлар, бу каломда фақиҳнинг ақли, сўфийнинг қалби биргаликда кўринади. У киши айтганлар: ”Билгинки, амалда Аллоҳ розилиги кўзланган ҳолда унга риё ёки нафсоний бирор нарса аралашганда банда шу амали учун савоб оладими ёки гуноҳ оладими ёки асло ҳеч нарса олмайдими? Бу ҳақда олимлар турли фикрлар билдирганлар.
      Фақат риё учун бўлган амал қатъиян банда зараригадир ва бундай амал ёмон кўрилиш ва жазоланиш сабабидир.
      Фақатгина Аллоҳ розилиги учун бўлган амал савоб олинишининг сабабидир.  
      Аммо бу иккови (риё ва ихлос) аралашган амалчи? Далилларнинг зоҳири бундай амал учун савоб йўқлигини билдиради, аммо бунинг аксини кўрсатувчи далиллар ҳам йўқ эмас. Аллоҳ булгувчироқ лекин бизнингча бу масалада амалга чорловчининг қувватига қаралади. Агар амалга чорловчи бўлган Аллоҳ розилиги ва риё икковлари тенг бўлса, бандага амалнинг фойдаси ҳам зарари ҳам йўқ. Агар амалга чорловчи бўлган риё устунроқ ва қувватлироқ бўлса, унда амалнинг фойдаси йўқ бўлиб у банда учун зарарли бўлади ва азобланишга сабаб бўлади. Аммо холисликдан ҳеч қандай насибаси бўлмаган, мутлақо риё учун қилинган амал учун азобланиш билан холисликдан озгина бўлса ҳам насибаси бор бўлган амал учун иқобга учрашнинг орасида қанчалар фарқ бор!
     Агар амалга чорловчи бўлган Аллоҳ розилиги бошқа амалга чорловчилардан кўпроқ бўлса, холислик бошқа амалга чорловчилардан қанчалик ортиқча бўлишига яраша амал эгасига савоб бўлади. Бу ҳолат қуйидаги оятлар асосидадир: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир” (Залзала 7 – 8), ва: “Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур” (Нисо 40). Яхши ният зое бўлмайди, балки у риёдан кўпроқ бўлса, ўша риёга тенг қисми ҳабата бўлиб унинг зиёдаси қолади. Агар фосид ният кўпроқ бўлса ҳам, яхши ният сабабли унинг бир қисми йўқ бўлиб кетади.
      Бу нарсанинг тафсилоти: албатта амалларнинг қалбга таъсири бўлиб бу таъсир амалларнинг сифатлари билан бўлади. Амалга чақирувчи бўлган риё бандани ҳалокатга олиб борувчи нарсалардандир. Ва унинг қуввати амални риёга асослаб қилишдир. Амалга чақирувчи яхшилик бандани нажотга олиб борувчи нарсалардандир. Ва унинг қуввати амални яхшиликка асослаб қилишдир. Қачонки қалбда бу икки ўзаро зид бўлган сифатлар жамланганда банда риё асосида, унинг тақозосига кўра амал қилса, риё қуввати устунроқ бўлади. Аммо ушбу сифатлар қалбда жамланган ҳолда банда холис ният асосида, унинг тақозосига кўра амал қилса, яхшилик қуввати устунроқ бўлади. Улардан бири ҳалокатга етаклайди, бошқаси нажотга. Бас бирининг қуввати бошқасининг қувватидек бўлса, улар тенг бўлади. Ҳудди иссиқ нарсани тановул қилгач кетидан совуқ нарса тановул қилганда улар бир – бирининг кучини қирқиб эски ҳолатига қайтганидек бу ҳолат ҳам шундай. Аммо агар икковидан бири ғолиб келса, ўша ғолиблик албатта ўз таъсирини қолдиради. Ҳудди таом, ичимлик ёки дорининг озгинаси ҳам инсон таънасида Аллоҳ белгилаб қўйганидек ўз таъсирини билдиргани каби. Бу ҳолат қалбни нурлантиради ёки қорайтиради, Аллоҳга яқинлаштиради ёки У Зотдан узоқлаштиради. Агар Аллоҳга бир қадам яқинлаштирувчи нарсани ният қилинса ва унга У Зотдан бир қадам узоқлаштирувчи нарса аралашса, банда олдин қандай ҳолатда бўлган бўлса, шундай қолади. Бу нарса унинг фойдасига ҳам, зарарига ҳам бўлмайди. Агар банда Аллоҳга икки қадам яқинлаштирувчи нарсани ният қилса ва унга У Зотдан бир қадам узоқлаштирувчи нарса аралашса, аниқки банда Аллоҳга бир қадам яқинлашган бўлади.
      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:”... ёмонликка яхшиликни эргаштирки, у ёмонликни ўчиради...”. Холис риёни холис ихлос ўчиргач маълум бўладики, иккови жамланиб қолса ўзаро бир – бирини ўчиради.
    Бу нарсага олимларнинг ҳажга боришда ҳаж ва тижорат ниятида борган инсоннинг агарчи унинг нияти аралаш бўлса ҳам ҳажи қабул бўлиши ҳақидаги ижмолари далилдир. Энди: “У ҳаж савобига Маккага етиб бориб ҳаж амалларини бажарганда эришади. Тижорат эса йўлда бўлади ва ҳажга дахли бўлмагани ва икки нарса фақат йўл масаласида аралашгани учун бу ҳолатда ҳажни холис деб эътибор қилинади” деб айтиш мумкин. Аммо тижоратнинг ўзини қасд қилса унга савоб йўқ. Қачонки ҳаж қилиш нияти асосий амалга чорловчи бўлиб тижорат қилиш нияти унга ёрдамчи ва тобеъ сифатида кўрилса, сафарнинг ўзидан ҳам савоб кутилади (умуман олганда Аллоҳ розилигини ният қилиб ҳалол тижоратга чиқишнинг ўзи ҳам бир ибодат. Таржимон). Албатта айтиш керакки ҳеч нарса аралаштирмаган ҳолдаги холис амалда Аллоҳ розилигини ният қилингандаги савобга ҳеч нарса етмайди. Ниятда озми – кўпми холисликка бошқа нарса аралашса, нима бўлганда ҳам бу нуқсондир.
      Сен: ”Оят, ҳадислар амалга озгина бўлса ҳам риё аралашиши амалнинг савобини ҳабата қилишига далолат қилади, бунинг ичига ҳажда тижорат қилиш ва бошқа шунга ўхшаш аралаш ниятлар киради. Масалан Товус ёки бошқа бир тобеъиндан ривоят қилинишича бир саҳобий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан садақа қилиб ажр олиш ва ҳам одамлар орасида мақталишни яхши кўрган инсон ҳақида сўраганида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оят нозил бўлгунича индамай турганлар: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф 110). Демак одамлар мақташини қўшиб ният қилса, амали бекор бўлади.
        Яна Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Риёнинг энг паст даражаси ҳам ширкдир” дейилган.
       Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким амалида Аллоҳга бировни шерик қилган бўлса, унга: “Ким учун амал қилган бўлсанг ажрингни ўшандан ол!” дейилади” деб айтганлар.
       Шунингдек Убода розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадиси қудсий ривоят қилинган: “Аллоҳ таоло айтади: ”Мен турли ҳил шериклардан энг беҳожат Зотман, ким Мен учун амал қилиб унда бошқани ҳам Менга шерик қилса, амалдаги насибамни ўша шерик қилганига қолдираман”.
      Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким дунёдан бирор нарсани умид қилган ҳолида ҳижрат қилса, унга ният қилгани бўлади” деганлар”. Бу оят ва ҳадисларни қандай тушунамиз деб айтишинг мумкин.
      Айтамизки: сен айтган хабарлар биз зикр қилиб ўтган нарсаларни рад қилмайди. Сен келтирган далиллардан мурод амали ила фақатгина дунёни кўзлаганлардир. Ҳудди “Ким дунёдан бирор нарсани умид қилган ҳолида ҳижрат қилса...” ҳадисидаги каби, яъни асосий мақсади дунё бўлса дегани. Асосий мақсади дунё бўлиш исён ва ҳаддан ошиш эканлигини эса биз юқорида айтиб ўтдик. Бунинг исёнлиги дунё талаб қилиш ҳаромлигидан эмас, чунки дунё талаб қилиш аслида мубоҳ ва ўз ўрнида вожиб. Бу нарса охират амали ила дунё талаб қилиш ҳаром бўлганлиги учундир. Зеро бунда риё мавжуд ва ибодатни ўз ўрнига қўймаслик мавжуд. Далилларингда келган “шериклик” маъносидаги лафзлар эса бир амалдаги икки ният тенг бўлишига алоқадордир. Биз ҳам бир амалда икки ният тенг бўлса, унинг эгаси ҳеч қандай ажр олмаслигини айтиб ўтдик. Қолаверса инсон бир ниятга бошқа ниятни шерик қилганда доимо хатарда туради. У билмайдики қайси нияти ғолиброқ эканини ва бу нарса у учун зарар бўлиши мумкин эканлигини. Шу сабабдан ҳам оятда: ”Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф 110) дейилган. Яъни яхши ва ёмон нияти тенг бўлган ҳолда Роббисига рўбарў келишни умид қилмасин. (Нима бўлганда ҳам ниятларни аралаштириш банданинг катта нуқсонидир. Аммо холис ниятга сезилар – сезилмас нарса аралашса ҳам бўлмайди дейилса, мусулмон уммати ичида кўпгина хайрли ишлар амалга ошмай қолади, ислоҳотлар орқада қолади.    
        Яна шу нарсани билиш керакки аралаш ният ила қилинган амалдан сўнг банда бу ишига истиғфор айтиб қўйиши керак ва ниятини бутунлай холис қила олмаган тақдирда ҳам савобли амаллардан тийилмаслиги лозим. Айниқса бу амал уммат фойдаси учун бўлса! Таржимон).
        Ҳа... Инсон бу масалада катта хатар устидадир! Зеро инсон ниятининг икки қисмидан холис Аллоҳга яқин бўлиш тарафи ғолиброқ деб ўйлаганида аслида унинг ботинида бошқа ният устунроқ бўлади. Бу ҳолат ўта сирли ҳолат бўлгани учун шундай. Ажр фақат ихлос билангина бўлади. Банда эса ниятида ўта эҳтиёткорлик қилганида ҳам холислигида камдан – кам ишонч ҳосил қилади. Шу сабабли банда доимо  холислик учун яхшилаб тиришганидан сўнг амали қабул ёки қабул эмаслиги ҳақида иккиланиб туриши, ибодатидаги офатнинг зарари унинг савобидан кўпроқ бўлиши мумкинлигидан хавфда туриши лозим. Басират эгаларидан бўлган хавфда турувчилар шундай йўл тутади, ҳар бир басират эгаси шундай бўлиши лозим.
       Инчунун Суфён раҳимаҳуллоҳ бундай деган эканлар: ”Амалимдан зоҳир бўлганларини фойдамга ҳисоб қилмайман”.
       Абдулазиз ибн Абу Раввод эса: “Аллоҳнинг байтига олтмиш йил қўшни бўлдим, олтмиш йил қўймасдан ҳаж қилдим. Аллоҳ учун бўлувчи нима амал қилмай нафсимни ҳисоб – китоб қилганимда Аллоҳнинг насибасидан кўра шайтоннинг насибасини тўлиқроқ эканлигини кўрдим. Қани эди қилиб ўтган амалларим фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмаса эди!” деган эканлар.
     Шундай бўлсада офат ва риёдан қўрқилганда амални тарк этиш керак эмас. Албатта бу нарса шайтоннинг амаллардаги охирги ҳийласи. Зеро мақсад холисликни йўққа чиқармаслик. Агар амалдан қолинса, амал ҳам, ихлос ҳам ўз – ўзидан йўқ бўлади.
     Ҳикоя қилинишича фақирлардан бири Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳга ходимлик қилар эди ва амалларида яхшилаб уринмас эди. Бир куни Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳ ҳаракатларда ихлосли бўлиш кераклиги ҳақида гапириб ўтдилар. Шундан кейин фақирнинг қалбига ғул – ғула тушиб ҳар бир амалидан ўта тиришиб ўзидан холисликни қаттиқ талаб қиладиган бўлди ва амаллар унга оғирлик қилиб уларни бажара олмай қолди. Бу ҳақида Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳ ундан сўраганларида у ихлос ҳақиқатини ўзидан талаб қилиб унга етиша олмагани учун амалларни тарк этганини айтади. Шунда Абу Саид Хорроз раҳимаҳуллоҳ: ”Ундай қилма! Чунки ихлос амалдан қолдирмайди. Амални бажаришда бардавом бўл ва ихлосни ҳосил қилишда тиришқоқлик қил. Мен сенга амални тарк этгин демадим, амалда холис бўл дедим” деган эканлар. 
         Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтганларки: “Амални бандалар сабабидан тарк этиш риё, амални бандалар сабабидан қилиш ширкдир. Аллоҳ сени икковидан омонда қилиши ихлосдир”.  

ОЛТИНЧИ ФАСЛ
ТОАТ ВА МАЪСИЯТ ОШКОР ЭТИШ ВА БЕРКИТИШ ОРАСИДА

1. ТОАТ ОШКОР ЭТИШ ВА БЕРКИТИШ ОРАСИДА

Аллоҳ таоло томон йўл олган мўмин учун ўз тоатини беркитиш учун тиришиши, қўлидан келганича ҳалқнинг кўзи ва қулоқларидан ўзининг солиҳ амалларини тўсиши лозимдир. Бунда унга Аллоҳ унинг амалларини кўриб тургани, ҳалқ унга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмаслиги, Аллоҳнинг розилиги ва берадиган савоби ҳалқнинг розилиги ва мақтовларидан устун эканлигини билиши кифоя қилиши керак.
Бундай ҳолат қўшимча ва нафл ибодатларда бўлади. Аммо фарз амаллар, диннинг устуни бўлган ибодатларда уларни ошкора қилиш шарт бўлади. Бунинг сабаби Ислом шиорларини улуғлаш, мусулмонларнинг бу ибодатларни маҳкам ушлашларини намойиш қилиш, Аллоҳ фарз қилган нарсаларни зое қилаётгандек кўринмаслик, бошқалар ундан ўрнак олишлари, унга ўхшашлари учун бажаришдир. Албатта яхшилик яхшиликка илҳомлантиради, албатта салоҳият салоҳиятни келтириб чиқаради.
Фарзларда асл уларни зоҳир қилиш, нафлларда асл уларни беркитиш.
Шу билан бирга одамларга риё қилишни ва зоҳир қилишни мақсад қилмаган ҳолда нафл бўлган тоат ва солиҳ амаллар зоҳир бўлишидан банда ўзига яхшилик етган инсон каби ҳурсанд бўлиб ҳаяжонланиши мумкин:
А. Агар банда Ўзининг гўзал лутфи ила унинг ёмонликларини беркитиб яхшиликларини зоҳир қилгани ва тоат учун берган тавфиқ неъмати сабабидан Аллоҳга шукр қилган ҳолида ҳурсандчилик ҳис қилса, ушбу ҳурсандчилик мақталган ҳурсандчиликдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида қуйидагича марҳамат қилган: “Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт” (Юнус 58). Солиҳлар ҳам ўз зикрларида: ”Гўзални зоҳир қилиб қабиҳни беркитган Зот барча айб ва нуқсонлардан покдир” дейдилар.
Б. Бу ҳолатни Аллоҳ бу дунёда унинг яхшиликларини зоҳир қилиб ёмонликларини беркитганидек охиратда ҳам яхшиликларини зоҳир қилиб ёмонликларини беркитишига умид қилишга боғласа бўлади. Асарларда қуйидагича хабар келган: “Аллоҳ бандасининг амалидан бу дунёда нимани беркитган бўлса, қиёматда ҳам ўшани беркитади”. Шоирнинг қуйидаги байти ҳам шу маънода келган:

Аллоҳ ўтган ишларда яхшилик қилганидек,
Келажак ишларида ҳам яхшилик қилур.

Биринчи ҳурсандчилик амалнинг дарров қабул қилинганидан бўлади. Бунда келажакни мулоҳаза қилинмайди. Иккинчи тур ҳурсандчилик етишилинувчи молнинг ҳолига ва қўлга киритишнинг гўзаллигига қизиқиш сабабидан бўлади.
В. Гоҳида тоати зоҳир бўлганидан келган ҳурсандчилик ўзидан бошқани шу амалга ундаш, ўзига эргаштириш, тақлид қилдириш, солиҳлар сони кўпайиши, Аллоҳга итоаткорлар сонининг ошиши, яхшиликлар ва солиҳ амаллар чегараси кенгайиб Аллоҳнинг ҳузурида ажр кўпайиши сабабидан бўлади.
Г. Гоҳида унинг ҳурсандчилиги унинг амалини кўрганлар уни Аллоҳ учун яхши кўриб, ундан рози бўлиб, уни мақтаб савоб олишлари ва иймоннинг энг мустаҳкам даражасига киришлари сабабидан бўлади. Ҳадисда: ” Иймоннинг энг мустаҳкам даражаси Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш” дейилган.
Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Кимда уч нарса бўлса иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва расули у учун бошқа барча нарсаларда суюклироқ бўлса, бир кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ уни ҳидоят қилганидан сўнг куфрга қайтишни оловга тушишдек кўрса” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Одамлар уни Аллоҳ йўлида яхши кўрганлари учун савоб олганларидан ёки унга амалда эргашганларидан ҳурсанд бўлишининг ҳақ даъво эканлигини банда уни мақташадими ёки ундан бошқа солиҳ бир кишини мақташадими у учун фарқи бўлмагандагина билади.
Д. Бошқаларни ўша амалга тарғиб қилиш, иқтидо қилиб ҳидоят топиладиган суннатни йўлга қўйиш нияти бўлса, амални зоҳир қилишдан ҳурсанд бўлиш мақталгандир. Имоми Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Ким бир яхши суннатни йўлга қўйса, унга ўшанинг ажри ва ўша суннатга қиёматгача амал қилганларнинг – уларнинг ажри камайтирилмаган ҳолда - ажри бўлади”. Анбиё ва Расуллар ўз эргашувчиларига намуна бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларни тоатларни зоҳир қилишга буюрган.  
 Аллоҳ айтади: “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб 21).
Олимлар, даъват соҳиблари, солиҳлар ва умуман одамлар уларга эргашувчи бўлган инсонлар пайғамбарлар меросхўрлари ва ўринбосарларидир. (Уларнинг амаллари зоҳир бўлишида ҳам ҳалққа фойда бор. Таржимон).
     Ҳасан Басрий айтганлар: “Мусулмонлар амалларнинг сирлиси яхшироғи эканлигини билганлар, аммо амални зоҳир қилишда ҳам гоҳида фойда бўлади”. Шу сабабдан Аллоҳ сирли амални ҳам, зоҳир амални  ҳам мақтаган: “Кечасию кундузи сирли равишда ва очиқчасига молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (Бақара 274).
      Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: “Оятга амал қилган ҳолда бир дирҳам кечаси, бир дирҳам кундузи, бир дирҳам сирли равишда ва бир дирҳам очиқ равишда садақа қилдим”.
      Шу йўсинда банда Аллоҳга ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда ибодат қилган бўлади. Аслида эса садақани сир тутган яхшироқ, хусусан риё қилиб қўйишидан қўрқса ёки одмлар мақтовини ҳоҳлаб қолишидан чўчиса ёки сир тутиш фақирнинг ҳурматини риоя қилиш ва обрўсини сақлаш учун бўлса. Айниқса ўша фақир иффатли, ўзини муҳтожлигини беркитувчи инсонлардан бўлса. Аллоҳ уларни қуйидагича васф қилган: “…иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар” (Бақара 273).
      Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ бўлган қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига етти тоифани олиши ва ўша тоифалардан бири садақа қилганда садақасини шунчалик сир тутганидан ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган инсонни айтиб ўтилган. Бу олий мақомдир, аммо садақани ёки бирор амали солиҳни биз зикр қилиб ўтган сабаблардан бири ила зоҳир қилса, ҳеч қандай ҳараж йўқдир. Ва ўша зоҳир бўлган амалнинг соҳибига нафсини тафтиш қилиш, унинг чалғитишидан эҳтиёт бўлиш вожиб бўлади. Зеро нафс ёмонликка буюрувчи, ўта чалғитувчи ва алдагувчидир. У яна имкони борича риёдан ҳам сақланмоғи лозим. Гоҳида риё ўта махфий бўлиб банда сезмаган ҳолида унинг ичига кириб амалини ҳабата қилиб қўяди. Ва ҳоланки банда яхши амал қилмоқдаман деб ўйлаётган бўлади. Бунда банда улуғ ва олий Аллоҳдан ёрдам сўрамасидан, ҳар қандай куч – қувватни қўйиб пок бўлган Аллоҳнинг куч – қувватига талпинмасидан ва ушбу дуони айтиб юрмаслигидан бошқа иложи йўқ: “Аллоҳим Сенга билган нарсда Сенга ширк келтириб қўйишдан паноҳ сўрайман ва билмаган нарсамда ширк келтириб қўйишимдан истиғфор айтаман”. (Ихлосга фақат Аллоҳдан сўраш билангина эришилади, бу нарсасиз ихлос эришиб бўлмайди. Банда ўзини ихлосли деб ҳисолаган заҳоти у холис бандалар қаторидан чиқиб қолади. Таржимон).

2. ГУНОҲЛАРНИ БЕРКИТИШ
 
Тоатларни, хусусан фарзларни ва баъзи ҳолларда нафлларни, биз зикр қилиб ўтган мақсадлар ҳосил бўлиши учун шарият зоҳир қилишга рухсат берган. Аммо шарият гуноҳларни зоҳир қилишга ва уларни эълон қилишга рухсат бермаган. Шарият уларни агар содир бўлса кўрсатмасликка, беркитишга буюрган. Бу ҳолат инсонларга риё қилиш ёки уларнинг мақтовларини ҳоҳлаш ёки улар яхши кўрган суратда - агар ўша сурат унинг ҳақиқий сурати бўлмаса ҳам - уларга кўриниш учун эмас.
      Гуноҳларни беркитиш мақталган ҳолат эканлигига, одамлар бошқалар айбларини билишларининг макруҳ нарса эканлигига бир нечта сабаблар бор:
      1. Биз Аллоҳга маъсият қилишдек бир мусибат ила балоланганимизда, гуноҳимизни пок Зотнинг пардаси ила ёпишга ва ўзимиз у нарсани фош қилмасликка буюрилганмиз. Ҳадисда бундай дейилган: “Аллоҳ қайтарган ифлосликлардан четда бўлинглар. Қай бирингиз бу нарса ила аламланса Аллоҳ таолонинг пардаси ила беркитсин”. Шу сабабдан ўзининг гуноҳини зоҳир қилиш макруҳ бўлганидек, бошқанинг ҳам гуноҳини зоҳир қилиш макруҳдир. Саҳиҳ ҳадисда: “Бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини (мусулмон) бирордари учун ҳам яхши кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди” дейилган. Бу ҳадисдан “Ўзи учун ёмон кўрган нарсасини биродари учун ҳам ёмон кўрмагунча” деган ҳақиқатни ҳам тушуниб олса бўлади.
      2. Сири фош бўлиш ва иши очилишидан ўзини ҳимоя қилиш иккинчи сабабдир. Зеро маъсиятларга тушишдан қўрқиш, уларга қарши журъат йўқолишидан қўрқилади. Қачонки нафс гуноҳлар ошкора бўлишига ўрганиб қолса, унинг гуноҳларга берилиб кетиши зиёда бўлади, шаҳватларга эргашишда ўз чегарасини риоя қилмай қолади ва гуноҳларни тарк этиш ҳақида қайғурмай қўяди.
     Дунёда сири очилишидан қўрқиш ўз изидан шиддатлироқ ва хорловчироқ бўлган охиратда сири очилишидан қўрқишни етаклаб келади. Шунинг учун яхшилар айтадилар: “Аллоҳим! Бизни бу дунёда айбларимизни тўсганинг каби охиратда ҳам айбларимизни тўсгин. Ҳузурингда турилувчи кунда гувоҳлар олдида бизни шарманда қилма!”.
     3. Унга бошқа банда эргашиб ер юзида Аллоҳга маъсият қилиш тарқалишии ва одамларда гуноҳ қилишга журъат уйғониши  учинчи сабабдир. Банда гуноҳ қилганда, ўзи гуноҳкор бўлгани етади, у Аллоҳга тавба қилиши ва мағфират сўраши лозим. Гуноҳини эса зоҳир қилмасинки ўша гуноҳ тарқалади, кенгаяди. Ҳудди касаллик соғ аъзоларни ҳам заҳарлагани, темирга босқон урувчи ёнида турган одамни кир қилиб қўйгани каби. Ўзи гуноҳга ботган ҳолида бошқани ҳам унга тортиш ёмон кўрилган ишдир.
     Шу сабабли Аллоҳга осий бўлган банда ўз гуноҳини беркитиши зарур. Ҳатто аёли, фарзандлари ва атрофидаги бошқа одамларданки, токи улар гуноҳкордан кўнгиллари қолмасин.
      4. Аллоҳ уни авф қилишини ва гуноҳлардан офият беришини доимо билиб юриши ва ёмонлиги ила мақтанувчи, уни ошкор қилувчи, ҳалок қилувчи гуноҳлару ҳатарли ишларни қилганидан фахрланувчилар сарасига кириб қолмаслиги тўртинчи сабабдир. Имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилган: “Умматимнинг мужоҳирларидан бошқа барчаси авф этилган. Мужоҳир бу киши тунда бир гуноҳ амал қилади ва Аллоҳ унинг гуноҳини беркитган бўлади. У эса тонг оттирганда: “Эй фалончи, кеча мен фалон ва фалон амалларни қилдим” дейди. Ва ҳоланки Аллоҳ унинг гуноҳини беркитганда, у ўз гуноҳини ошкора қилди”.
       5. Ҳаё аҳлидан бўлиши, ҳаёсига ва уни гуноҳларни зоҳир қилишдан қайтарувчи соғлом инсоний табиятига эргашиши лозимлиги бешинчи сабабдир.
       Имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳларида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз укасига ҳаё қилмаслик ҳақида насиҳат қилаётган ансорийни олдидан ўтаётиб унга: “Уни тек қўй, албатта ҳаё иймондандир” деб айтганлар”.
       Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: “Иймон отмиш нечта шоҳчадан иборатдир. Ҳаё иймоннинг бир шоҳчасидир”.
        Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ҳам қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: “Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради”.
        6. Уммат ичида яхшилик ила танилганлар сарасига кириш олтинчи сабабдир. Ҳалқ тили ҳақиқат қалами дейилганидек одамлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан турганларида жаноза олиб ўтилади. Шунда саҳобалар маййитни мақтаганларида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Вожиб бўлди” дейдилар. Яна бир жаноза олиб ўтилганда саҳобалар маййитни ёмонлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Вожиб бўлди” дейдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу: “Нима вожиб бўлди ё расулуллоҳ” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Аввалги маййитни мақтаганларингизда унга жаннат вожиб бўлди, иккинчи маййитни ёмонлаганингизда унда дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз” дедилар?.
      Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Бир мусулмон киши вафот топганда унинг яқин қўшниларидан тўрттаси ундан фақат яхшилик кўрганларига гувоҳлик берсалар Аллоҳ айтади: ”У банда ҳақидаги билимингизни қабул қилдим ва сиз у ҳақида билмаган нарсаларингизни ундан кечирдим”.
       7. Одамлар унинг ёмонлигидан қочиши мумкинлиги еттинчи сабабдир. Одамлар унинг ёмонлашининг зарарларидан: уни ёмонлаганлари учун ўзлари гуноҳкор бўладилар. Бунда улар ёмонлашда чегарадан чиқиб кетишлари ёки банда қилганидан кўпроқ нарсани қилди деб гапиришлари - бундай ҳолатлдарда гапиришда чегарадан чиқиш кўп учрайди - мумкин бўлиб қолади. Бунда банда ҳам одамлар уни ёмонлагани учунгина гуноҳдан четланиши мумкин (Яъни холис Аллоҳ учун гуноҳдан қайтмайди. Бу эса ёмон ҳолат. Таржимон). Ўзи гуноҳ қилиб балолангани, одамлар ундан бошқа гуноҳкорни ёмонлаганларида ҳам ҳудди уни ёмонлаётганларидек аламлангани унга кифоя қилади.
      8. Одамлар унинг маъсиятидан хабар топганларида бу нарсадан аламланиши саккизинчи сабабдир. Аъзолар зарба еганда аламлангани каби инсон одамлар ёмонлаши сабабидан ҳам қалби аламланади. Бу инсон фитратида бор нарсадир. Гоҳида бу алам сабабли ўсиб борувчи безовталик ва асабийлик бандани ибодатдаги хушуъдан ҳам ман қилади, айниқса алами давомли ва қаттиқ бўлса.
        Жасадини ва қалбини аламлантирувчи ҳар бир нарсадан узоқлашиш ва қочишда мўминга ҳеч қандай гуноҳ йўқ ва бу ҳаром эмас.
       Аммо шу билан бирга қуйидаги ҳақиқатни билигин: ҳар бир иш Аллоҳнинг қўлида бўлиб, У Зотнинг Ўзи асл “Фойда берувчи” ва “Зарар берувчи” эканлиги ва барча мавжудотлар У Зотнинг риоясида эканлигини билгани сабабли халқнинг уни кўриши эътиборсиз даражага чиқиб, уларнинг мақтовлари ва ёмонлашлари банда ҳузурида бирдек бўлиши олий мақомдир.
      Имом Термизийнинг Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳасан ҳадисларида айтилади: “Бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, мени мақташлари мен учун зийнатдир. Мени ёмонлашлари мен учун шармандаликдир” деди. Шунда Расулуллоҳ солллаллоҳу алйҳи ва саллам: “Бу Аллоҳ тарафидандир” дедилар”. 
       9. Маъсияти зоҳир бўлганда ёмонликни ёки озорни мақсад қилиб қолиши тўққизинчи сабабдир. Албатта бу нарсадан хавфда турилади. Бу ҳолат ёмонлаш кетидан келади. Ёмонлаш ёмонланаётган инсоннинг қалбида ўзини нуқсонли деб ҳис қилишни келтириб чиқариши тарфдан макруҳ кўрилгандир. Агар у инсон бировга ёмонлиги тегмайдиган инсон бўлса ҳам. Бу ҳолатда унинг гуноҳини билиб қолган инсоннинг ёмонлигидан ҳам қўрқилади. Мусулмон киши қўлидан келганича ўзини озор ва унинг сабабларидан сақлашида ҳеч қандай ҳараж йўқдир.

3. ОДАМЛАР МУҲАББАТИНИ ЯХШИ КЎРИШ

 Мусулмон киши учун одамлар уни яхши кўришлари ва яқин бўлишларини ҳуш кўришида ҳараж йўқдир. Яхши кўриш ва яхши кўрилиш инсон фитратида бор нарса. Бошқа тарафдан у одмлар, айниқса яхши инсонлар уни яхши кўришлари Аллоҳ таборака ва таоло уни яхши кўришига далил деб умид қилади. Зеро бандалари қалбига ўша инсонга нисбатан муҳаббат солган, унинг ёмонлигини беркитиб яхшилигини ошкор қилган зот Аллоҳдир. Аллоҳ бундай марҳамат қилган: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур” (Марям 96). У банда оятда зикр қилинганлардан бўлишни умид қилади. Албатта Аллоҳ бирор бандага муҳаббат қилса, уни бандалари қалбига ҳам солиб қўяди. Бу ҳақида Расулуллоҳ солллаллоҳу алйҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилса, Жаброилни чақиради ва: “Мен фалончига муҳаббат қилдим, сен ҳам унга муҳаббат қил” дейди. Шунда Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмон аҳлига: “Аллоҳ фалончига муҳаббат қилди, сизлар ҳам унга муҳаббат қилинглар” деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам унга муҳаббат қилади. Сўнгра ер аҳлига ўша бандага нисбатан илиқлик пайдо қилинади” (Бухорий ривояти).
Аммо бу мақомдан юксакроғи бу банданинг асосий ғами пок бўлган зот Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилиги бўлиб, халқ ундан розими ёки норозими, яхши кўрадими ёки ёмон кўрадими фақи бўлмаслигидир. Бу ҳақида шоир бундай деган:

Турпоқ устидаги барча нарса турпоқдир гар сенда бўлса,
Роббга нисбатан саҳиҳ муҳаббат, бас, қолган барчаси арзимасдир.

Агар банданинг қалби баъзи одамларга муҳаббат ила боғланган бўлса ҳам бунинг сабаби улар Аллоҳнинг маҳбублари бўлганлари учундир. Аллоҳ уларни ўз оятида бундай васф қилган: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради” (Моида 54)
Ҳадисдаги дуода бундай дейилган: ”Аллоҳим! Сендан Муҳаббатингни ва Сен муҳаббат қилганларнинг муҳаббатини сўрайман”.

ЕТТИНЧИ ФАСЛ
ИСЛОМГА ЧАҚИРУВЧИЛАР УЧУН ИХЛОСНИНГ ЗАРУР ЭКАНЛИГИ

1. НИМА УЧУН ИХЛОС ЗАРУРИЙДИР ?

Ислом олий бўлиши, инсоният ҳаётида ўз ақидаси, шариати, ахлоқи ва маданияти ила етакчи ўрин эгаллашининг қайтиши учун амал қилиш бир тарафлама Аллоҳга ибодат ила қурбат ҳосил қилиш бўлса, бошқа тарафдан Аллоҳ йўлида астойдил тиришқоқлиқ қилишдир. Ушбу ибодат ва тиришқоқлик йўлида ниятни холис қилиш амалнинг қабул бўлиши ва муваффақият қозониши учун асосий ишдир. Бу йўлда холис ниятга бошқа нарса кирса, амални фосид қилади, нафсни кирлантиради, мўминлар сафини заифлаштиради ва ажрни ҳабата қилади. Солиҳ ният эса амални ислоҳ қилади, азму – қарорни қувватлантиради, йўлни кенгайтиради ва уқубатларни зоил қилишга ёрдам беради. Аллоҳ айтади: “Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ улар орасини мувофиқлаштиради” (Нисо 35). Ушбу оят ирода ва ниятнинг ечими изланган муҳим нарсаларни ҳал қилишдаги ўрнига далолат қилади. Бундай ният ва ирода Аллоҳнинг тавфиқи ва кўмагига сабаб бўлади.
Солим ибн Абдуллоҳ Умар ибн Абдулазизга насиҳат қилиб бундай мактуб ёзган эди: “Билгинки Аллоҳнинг бандасига ёрдами банданинг нияти қадрича бўлади. Кимнинг нияти комил бўлса, Аллоҳнинг унга ёрдами тўлиқ бўлади, кимнинг нияти нуқсонли бўлса, Аллоҳнинг унга ёрдами тўлиқ бўлмайди”.
Мана шу сир туфайли имом Бухорий ўзларининг “Алжомеъ ассаҳиҳ” китобларини уламолар диннинг тўртдан бири ёки учдан бири деб атаган ҳадис ила бошлаганлар: “Албатта амаллар ниятлар биландир. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас унинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё топиш учун ёки аёлга уйланиш учун бўлса, нима учун ҳижрат қилган бўлса, ўша учундир”. Ривоят қилишларича бир киши Умму Қайс деб номланувчи аёлни яхши кўргани ва унга уйланиш учун Мадинага ҳижрат қилган. Шу сабабли уни “Умму Қайс ҳижратчиси” деб аташган.
Ислом учун амал қилувчи мусулмон қалбининг ҳар бурчагини ва ниятининг ҳақиқатини ўзи учун тафтиш қилиб кўриши лозим. Агар унда дунё ёки шайтон насибаси бўлса, қалбини поклашга, ниятини холис Аллоҳ розилиги учун қилишга, Роббисига йўналган ҳолда нафсини У Зотга назр қилишда жидду – жаҳд қилмоғи керак. Ҳудди Имроннинг аёли айтганидек: “Имроннинг хотини: “Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини холис Ўзингга назр қилдим. Бас, мендан қабул эт” (Оли Имрон 35).
Дунёда фақат фойдаланиш, улуш тўплашдан бошқа нарсани билмайдиган дин асосларини сотувчилар ва улар ҳақида эшитишлари, улар ҳақида гапиришлари, уларга бармоқлари ишора қилишлари учунгина одамларга риё қилишдан бошқа нарсани билмайдиганлар ила дунёда ҳақиқат устун бўлмайди, яхшилик тарқалмайди ва иймон калимаси олий бўлмайди. Ҳақиқат яхшилик, иймон ва фазилат, дин асосларини маҳкам тутадиган, ҳақни ўзидан устун қўйиб ўзини ҳақдан устун тутмайдиган, ўзини бутунлай динга бағишлайдиган, фойдаланиш илинжида бўлмайдиган, берадиган, ўзи олмайдиган холис бандалар билангина устун бўлади.

2. МУХЛИСЛАР ИСЛОМГА ЧАҚИРУВЧИЛАР ҚЎШИНИДИР

Мухлислар амаллари ила Аллоҳ розилигини ўзларининг манфаатлари, шахсий фойдаларидан устун қўядилар. Уларнинг ўзлари Исломга чақирувчилар қўшини, рисолатни кўтариб юрувчи, нубувват меросхўрларидир. Фақир, обрўси йўқ, одамлар орасида танилмаган бўлсалар ҳам улар Исломга чақириш ила устун бўладилар, Ислом ҳам улар ила устун бўлади. Улар ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бўлиши мумкинки сочлари тўзиган, остоналардан қувилган банда агар Аллоҳ номи ила қасам ичса, Аллоҳ уни устун қилиб қўяди” (Муслим ривояти).
      Исломни қабул қилишда биринчилардан бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин кишиларидан бўлган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан имоми Насаий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда у киши ўзларини бошқалар олдида фазилат жиҳатидан устунроқ деб ўйлаб юрганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: “Аллоҳ ушбу умматга унинг заифлари ила, уларнинг Исломга даъватлари, намозлари ва ихлослари сабабли нусрат беради” деган эканлар (Насаий ривояти). Ана шундай заиф, киши билмас, ихлосли бандаларни зикр қила туриб Аллоҳ ўз Расулига улар билан бирга бўлиб сабр қилишга, уларнинг бирортасига нисбатан камчиликка йўл қўймасдан, икки кўзларини улардан буриб ўрни, бойлиги, амали ила жамиятда эътиборли бўлган, обрўлар ва одамлар олдидаги ўринлари сабабли “бирор нарсага даъват қилсам шу нарсага эришаман” деб ўйлайдиган инсонларга қаратмасликни амр қилган. Аллоҳ айтади: “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма” (Каҳф 28) (Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қилинади: “Қурайш раҳбарлари тўпланиб Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига боришди ва: “Агар бизнинг сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир - фуқораларни ҳузурингдан ҳайда”, дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эдилар. Қурайшликлар яна: “Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй”, дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло: “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут” оятини нозил қилди”).
    Ўз ақидасининг жангчиси дунёвий ҳоҳишлари кетидан югурмайди, шуҳрат чақмоғи унинг кўзини ола олмайди, нуфуз ва обрў таъсири қалбини эрита олмайди, дунё унинг энг катта ғами ва илмининг охири бўлмайди, у дунёни ўз ўрнига қўяди, албатта дунё Аллоҳ таоло наздида пашшанинг қанотичалик қадрга эмас. Унинг энг катта ғами Аллоҳ уни солиҳ бандалари, содиқ лашкари, нажот топувчи гуруҳи орасига қабул қилишидир.
      Ушбу мақсаднинг ойдин бўлиши Ислом нусрат қозониши учун амал қилувчиларга зарурий ишдир. Мақсадларнинг мақсади, ғояларнинг ғояси Аллоҳ розилиги ва У Зотнинг ҳузуридаги нарсадир. Шу сабабли амал Аллоҳ учун бўлса, улар аччиқни ширин, дин учун ҳар бир фидоийликни енгил ҳисоблайдилар.

3. ҲУДБИНЛАР ХАТАРИ; БИР – БИРИДАН АЖРАГАН ИККИ ТОИФА

Ҳудбинлик хатари
Исломга чақирувчи инсонлар ўз ораларига ҳудбин, такаббурли, бировларни молига тамаъ қилувчилар кириб қолишидан ҳазир бўлишлари керак. Улар мўминлар жамоатларига соғлом жисмга микроблар билдирмай кириб олгани каби кириб оладилар ва бошқаларга оғирликларини солиб иш кўрадилар. Гаплари кўп, амаллари кам. Шиддат пайтида камайиб кетадилар, то қийинчиликлар кўрингунича тамаъ қилиш пайтида кўпайиб кетурлар. Аллоҳ эса нопокни покдан ажратур.
Ҳа...! Раббоний даъватчиларнинг энг катта мусибатларидан бири ана ўша ҳийлакорлардир. Улар динни мақсадлари томон кўприк, тамаъ қилган нарсалари томон нарвон қилиб оладилар. Зоҳирларида тақво кўрсатадилар, ширин сўздан восита сифатида фойдаланадилар, соҳта шижоат кўрсатадилар, ноўрин нозик муносабатда бўладилар. Уларнинг ичлари хароб, қалблари эса, бўм-бўш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ана ўшалардан ҳазир бўлишга чақирганлар ва айтганлар: “Охири замонда динни дунё учун хийла қилувчи, одамларга нисбатан ноўрин нозиклик қилиб қўй терисига кирувчи, тиллари шакардан ҳам ширин, қалблари эса бўриларнинг қалбига ўхшаш бўлган кишилар чиқади. Аллоҳ: “Улар Менга катта кетяптиларми ёки Менга нисбатан журъатли бўляптиларми? Ўзим ила қасамки, уларга шундай фитна юбораманки ораларидаги ҳалим кишини ҳайрон ҳолда қолдиради” деб айтади” (Термизий ривояти).

Бир – биридан ажраган икки тоифа
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни бир – биридан ажраган, фарқли бўлган икки синфга бўлганлар:
1. Ўз нафси ва шаҳватлари учун яшайдиган, мол, зийнат ва ҳашаматнинг қули бўлган, фойдаси ва шаҳвати қаерда бўлса, ўзи ҳам ўша ерда бўладиган, фойдаси ва шаҳватига етишса рози бўладиган, бўлмаса ғазаб қиладиган тоифа.
2. Фақатгина ҳақ учун яшайдиган, фидокорлик ва тиришишга тайёр, манфаат ва шуҳрат кутмайдиган, қаерда бўлмасин бақир – чақир қилмаган ва мақтанмаган ҳолда амал қилиб натижага эришадиган тоифа.
Ушбу икки синф ҳақида қуйидагича саҳиҳ ҳадис келган: “Динор қули, дирҳам қули, гўзал кўйлак қули бадбахтдир. Агар ато берилса рози бўлади, ато берилмаса рози бўлмайди. Бадбахт бўлди ва ағдарилди! Отининг жиловини Аллоҳ йўлида ушлаган, сочи тўзғиган, икки оёғи чанг босган бандага жаннат бўлсин! Мудофага тайинланса мудофада туради, орқа сафга қўйилса орқа сафда туради. Агар изн сўраса изн берилмайди, шафоатчилик қилса, шафоатчилиги қабул қилинмайди”.  

САККИЗИНЧИ ФАСЛ
1. ИХЛОСНИНГ САМАРАЛАРИ

Ихлоснинг шахс ва ҳаётда гўзал самаралари бор, уларни қуйида қисқача баён қиламиз.

1.Нафсий сакинат
Ихлос ўз соҳибига нафсий сакинат, қалбий ҳотиржамлик беради. Мухлиснинг қалби очиқ, кўнгли ҳуш бўлиб қалби биргина мақсадга жамланган бўлади, у ҳам бўлса Аллоҳ розилигидир. Унинг ғамлари бир катта ғам ила чегараланган бўлади, у ҳам бўлса Аллоҳ розилигига эришиш йўлини тутиш. Шубҳа йўқки мақсад аниқлиги, мақсадга олиб борувчи йўлнинг тўғрилиги безовталик, турли тарафлар орасида борди – келди бўлиш, истакларнинг бир – бирига қарши келиши ва йўлларнинг кўплигидан инсонни омонда сақлайди.
Аллоҳ тавҳиддаги банданинг мисолини биргина ҳожаси бор қулга ўхшатган. У қул ҳожасини нима рози қилиши ва нима ғазабини келтиришини билади. Ҳожасининг розилиги ва яхши кўрган нарсасига эргашиш йўлида барча имкониятларини ишга солади. Мушрик банданинг мисоли эса унга ўзаро талашувчи шериклар эга бўлиб уларнинг бири бошқасининг буюрганининг хилофини буюради ва уларнинг ҳар бирининг ҳоҳишлари турлича. Бундай қулнинг эътибори тарқоқ, қалбидаги нарсалар аралашиб кетган. Аллоҳ айтади: “Аллоҳ бир мисол келтирур. Бир одамга талашувчи шериклар эгадир. Саломат ҳолидаги бошқа бирига бир киши эгадир. Икковларининг мисоли баробарми?! Аллоҳга ҳамд бўлсин. Йўқ, кўплари билмаслар” (Зумар 29).
Мана шу йўсинда мўмин инсон холис Аллоҳга бандалик қилиб Аллоҳдан бошқага бандалик қилиш бадбахтлигидан озод бўлади. “Динор қули, дирҳам қули, гўзал кўйлак қули бадбахтдир”, холис Аллоҳга бандалик қилган бахтлидир. У барча куч ва эътиборини бир нарсага, у ҳам бўлса Аллоҳ розилигига қаратади, нияти ва қасди охиратга йўналтирилган бўлади. Бу дунёда унга учраётган ҳар бир нарса катта аҳамиятга эга бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким барча куч ва эътиборини бир нарсага қаратса, Аллоҳ унга дунё ғамидан кифоя қилади. Ким куч ва эътиборини турли тарафларга қаратиб қўйса, дунёнинг қайси бир водийсида ҳалок бўлишининг Аллоҳга қизиғи йўқ”. “Куч ва эътиборини турли тарафларга қаратиб қўйиш”нинг маъноси банданинг қалби ва иродаси мол – дунё, обрў, шаҳватлар ва ундан кўпроқ нарсаларга қараб қолиб, бўлиниб кетишидир. Мўмин эса бунинг хилофи. Унинг барча эътибори Роббисини рози қилишга мўлжалланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: “Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг ишининг орасини ажратиб ташлайди ва фақирлигини кўз олдига қўйиб қўяди. Унга дунёда фақатгина ўзининг насибаси етади. Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ унинг ишини жамлайди. Унинг қалбига беҳожатлик солади. Дунё унга мажбур бўлган ҳолида келади”.

2. Руҳий қувват
Ихлос мухлисга улкан руҳий қувват беради. Бу нарса банда ўзи учун мақсад қилган ғоясининг улуғлигидан ва иродасини шу йўлдан бошқа нарсалардан озод қилганидан руҳланган ҳолда бўлади. Унинг улуғ ғояси ва иродаси йўналган нарса Аллоҳ розилиги ва савобидир. Албатта мол, мансаб, унвон ва бошлиқлик талабгори бутунлай заифдир. Унга дунёда тамаъ қилаётган нарсасининг амалга ошишига бирор белги кўринган заҳоти у заифлик қилади. Унга ато бериши мумкин бўлганларнинг олдида диний жиҳатдан виқорли бўлишга заифлик қилади. Умид қилган фойдаси унга етмаслиги мумкинлигидан қўрқиб заифлик қилади.
Аммо ўз нафсини Аллоҳга сотган банда заифлашмайдиган қувват, ожиз бўлмайдиган қудратга етишгандир. Бундай банданинг бирор нарсага боғланмаганлиги ва ихлоси эканлиги одамлар кўрадиган моддий қувватлардан кучлироқдир. Имоми Термизий ривоят қилган санади заиф ҳадисда қалбини Аллоҳга холис қилган банданинг улкан руҳий қуввати тасвирлаб берилган: “Аллоҳ ерни яратганда ер (ўрнида турмай) суза бошлади. Шунда Аллоҳ тоғларни яратиб уларни ерга ташлади ва ер қарор топди. Тоғларнинг яратилишидан ажабланган фаришталар: “Эй Робб, тоғлардан ҳам қувватлироқ яратганинг борми?” дедилар. Аллоҳ: “Ҳа, темир” деди. Улар: “Эй Робб, темирдан ҳам қувватлироқ яратганинг борми?” дедилар. Аллоҳ: “Ҳа, олов” деди. Улар: “ Эй Робб, оловдан ҳам қувватлироқ яратганинг борми?” дедилар. Аллоҳ: “Ҳа, сув” деди. Улар: “ Эй Робб, сувдан ҳам қувватлироқ яратганинг борми?” дедилар. Аллоҳ: “Ҳа, шамол” деди. Улар: “Эй Робб, шамолдан ҳам қувватлироқ яратганинг борми?” дедилар. Аллоҳ: “Ҳа, Одам боласи, у шундай садақа қиладики ўнг қўли берганини чап қўли билмай қолади” деди”.
Шу йўсинда ушбу ҳадис бизга руҳий қувват ҳар қандай моддий қувватдан кучлироқ эканлигини, иймон ва ихлос қуввати ерни қарор топтириб ушлаб турадиган тоғлар, тоғларни кесувчи темир, темирни эритиб юборувчи олов, оловни ўчирувчи сув, сувни ҳаракатлантирувчи шамолдан ҳам қувватли эканлигини тасвирлаб беради. Одам боласи Аллоҳга ихлос қилиб ўнг қўли берганини чап қўли билмай қоладиган даражада садақа қилганда бу нарсаларнинг барчасидан қувватлироқ бўлади. Бу набавий балоғатли тасвирлаш бизга одамлар риё қиляпти деб ўйламасликларидан узоқлашиб садақани беркитишда тиришган банда ҳақида хабар беради.
Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳё”ларида ихлос ўз эгасига бошқа ҳолатларда бўлмайдиган ғайриодатий қувват бериши ҳақида Турмузнинг қиссасини келтирганлар. Қадимда бир обид бўлиб у одамлар Аллоҳни қўйиб бир дарахтга сиғинаётганларини эшитади. Қўлига болтасини олиб ўша дарахтни кесиб ташлашга азм қилади. Шу ила ўша дарахтнинг соҳта муқаддаслиги ва унга ибодат қилинишини кесмоқчи бўлади. Унга йўлда иблис йўлиқиб уни йўлдан қайирмоқчи бўлади, обид бош тортади. Шунда улар олишиб кетадилар ва обид иблисни енгади, иблис унинг қўлида ҳудди қушнинг патидек бўлиб қолади. Бошқа йўл топа олмаган иблис обид ила макр қилиб музокарага киришади ва инсонлар ўзлари учун барибир бошқа дарахт топиб олишлари, дарахтни кесишдан фойда йўқлиги, агар дарахтни кесмаса унга ҳар куни ёстиғини тагига бир динор қўйиб қўйишини, ўша динордан ўзи фойдаланиши, мискинларга бериши мукин бўлишини айтади. Шундай қилиб иблис обидни қўймасдан кўндирибди. Ҳар куни тонгда обид улар келишганларидек ёстиғининг тагидан бир динор топадиган бўлибди.
Бир куни обиднинг ёстиғи тагидан динор чиқмабди. Бир неча кун кутибди, чиқмабди. Обид болтасини қўлга олиб ўша дарахтни кесиб ташлашга йўл олибди. Йўлда иблис унга йўлиқибди ва улар олишиб кетибдилар. Бу сафар иблис обидни енгибди. Обид иблиснинг оёқлари остида босилган қушдек бўлиб қолибди.
Шунда обид иблисдан аввалги олишувда осонлик ила енгилган иблис бу сафар қандай қилиб уни енгганини сўрабди. Буни эшитган иблис: “Аввалги сафар сенинг ғазабинг Аллоҳ учун бўлган эди. Шу сабабдан сендаги қувват мендаги қувватдан анча устун эди. Сенга бас кела олмадим ва сенга тезда енгилдим. Аммо кейинги сафар сенинг ғазабинг топа олмаган динор учун бўлди. Шу сабабдан менинг қувватим сенинг қувватингдан устун бўлди ва мендан чақмоқ тезлигида мағлуб бўлдинг.
Мана...! Ушбу воқеъада Яккаю ягона Қаҳҳор Зот учун бўлган ғазаб билан пул учун бўлган ғазабнинг фарқи билинади.
Аллоҳ учун холис бўлган банда унга ваъда берилганда юмшамайди, қўрқитиш олдида эгилмайди, дунё исташ уни ҳор қила олмайди ва хавф уни йўлдан қайтара олмайди. Бунинг энг олий намунаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У кишига даъватларидан тўхташлари учун бошлиқлик, шараф, мулк ва дунёвий барча нарсалар таклиф қилинганда қатъият ва салобат ила: “Аллоҳга қасамки, агар қуёшни ўнг қўлимга, ойни чап қўлимга бериб қўйсалар ҳам Аллоҳ бу ишни зоҳир қилиб, ундан бошқаларини ҳалок қилмагунча вазифамни бажаришни тарк этмайман” деганлар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бошлиқлик, шараф, мулк каби нарсаларга махфий шаҳватлари бўлганда Қурайш катталари берган ўткинчи таклиф олдида саботлари етмаган бўлар эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақсадларини билдилар ва бу йўлда холис бўлдилар, Роббиларини билдилар У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. (Ўша воқеъада ва пайғамбарликнинг бошқа даврларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам холислик ила сабот ва қаҳрамонлик кўрсатмаганларида бизга Ислом етиб келмаган ва биз ҳам залолат ботқоғида дунёга келиб, залолат ботқоғида дунёдан кетган бўлар эдик. Таржимон.)

3.Амалдаги бардавомлик
Ихлоснинг фойдаларидан яна бири амал қилувчини амалда бардавом бўлиш қуввати ила қўллайди. Одамлар розилиги учун, қорин ва фарж шаҳвати учун амал қилувчи банда шаҳватини қондирадиган нарса топилмаганда амалдан тўхтайди.
        Шуҳрат ва мансаб истагидаги банда унинг мақсади жуда узоқ эканлигини билган заҳоти заифлашиб, оғирлашиб қолади. Бошлиқ ва рахбар учун амал қилувчи банда бошлиқ кетганда ёки рахбар йўқ бўлганда тўхтайди ва ялқовлик қилади.
Аллоҳ учун амал қилаётган банда эса ҳеч қачон тўхтамайди, қайтмайди ва бўшашмайди. Зеро у амал қилаётган нарсаси ҳеч қачон ғоиб бўлмайди, зоил бўлмайди. Аллоҳ башарият, бутун борлиқ ҳалок бўлганда ҳам боқийдир: “Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз” (Қосос 88).
 Ушбу масалада солиҳлар бундай деганлар: “Аллоҳ учун бўлган нарса давомли бўлади ва узилмайди. Аллоҳдан бошқаси учун бўлган нарса тугайди ва узилади. Бу воқеълик тасдиқлаган, биз кўриб гувоҳи бўлган, ҳар замон ва маконда тинмай кўриб, гувоҳи бўлиб келаётган нарсадир”. 

4.Мубоҳлар ва одатларни ибодатларга айлантириш
Ихлос амалларнинг шифобаҳш шарбатидир. У шундай нарсаки қандай амал бўлмасин - мубоҳми, одатми фарқи йўқ – ўша амални ибодат, Аллоҳга қурбатга айлантиради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд розияллоҳу анҳуга бундай деганлар: “Сен Аллоҳ розилигини истаб нимани нафақа қилсанг ҳам савоб оласан, ҳатто аёлинг оғзига солиб қўйган луқманг учун ҳам савоб оласан”.
Аллоҳ таоло Ўз йўлида тиришқоқлик қилувчи бандалари ҳақида: “Мадина аҳлига ва уларнинг атрофидаги аъробийларга Расулуллоҳдан четда қолишлари ва ўз жонларини кўзлаб унинг жонига эътибор қилмасликлари дуруст эмас. Зеро, уларга Аллоҳнинг йўлида ташналик, чарчоқ, очлик етса, кофирларнинг ғазабини чиқарадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта, уларга солиҳ амал ёзиладир. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас” (Тавба 120).
Токи амаллари Аллоҳ учун бўлар экан Аллоҳ уларнинг очликлари, чанқаганликлари, юрганликлари ва нафақаларини яхшиликлар жамғармасига битиб қўяди. Мусулмон киши бу ишларни Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун бажарар экан унинг тиришишлари Аллоҳ йўлида бўлади.
Бу нарсада енг катта савоблардан бири Аллоҳ динининг ҳизматида керакли нарсаларни тайёрлашдан иборат. Икки саҳиҳ китобда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Кимки Аллоҳдан иймон ила, У Зотнинг ваъдасини тасдиқлаган ҳолда ажр умидида Аллоҳ йўлида от боқса, ўша отнинг таоми ва суви, тезаги ва бавли қиёмат кунида банданинг мезонида бўлади”, яъни савоб кўринишида бўлади. Аллоҳнинг динига фойда келтириш савоб. Ҳудди шундай динга фойда келтириш учун керакли бўлган нарсани вужудга келтириш, тайёрлаш ҳам савоб ва ажрдир.

5.Амални батамом қилмаса ҳам, амалга оширмаса ҳам амал учун бериладиган савобга эга бўлиш
Аллоҳга ихлосли бўлишнинг баракаларидан яна бири бу амални бутунлай бажара олмай қолганда ҳам ўша амал учун бериладиган савобга комил суратда эришишдир. Аллоҳнинг ушбу оятига эътибор берайлик: “Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир” (Нисо 100).
Мусулмон банда Аллоҳга қилган холис нияти ила амални адо қилмаса ҳам, уни бажаришга киришмаса ҳам ўша амал учун мукаммал савобга эришади. Бу мавзуга кўплаб ҳадислар мисол бўла олади.
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мадинада қолиб биз билан бирга кета олмаган бир қавм борки, бирор дара ёки водийдан ўтсак ҳам улар биз билан бирга. Уларни узр биз билан бирга кетишдан тўсиб қолган” (Бухорий ривояти).
Насаий ва Ибн Можжа Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким ётар ўрнига тунда туриб ибодат қилишни ният қилиб ётса, аммо кўзларига уйқу ғолиб келиб тонггача ухлаб қолса, Унга ният қилган нарсаси ёзилади ва бу нарса унга роббисидан садақа бўлади”.
Имом Муслимнинг саҳиҳларида келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳдан шаҳидликни сидқидилдан сўраса, ўз ётоғида вафот топса ҳам Аллоҳ уни шаҳидлар манзиласига етказади” деганлар.
Яна у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким ростгўйлик ила шаҳид бўлишни истаса, унга шаҳидлик етмаса ҳам у бандага шаҳидлик мақоми берилади”.
Ушбу охирги икки ҳадис Аллоҳ йўлида ўлдирилмай, ётоғида ётган ҳолда вафот этган киши шаҳидлик мартабасига етишиши учун икки шарт борлигини таъкидлаб келган. Биринчидан банда Аллоҳдан шаҳидликни сидқидилдан сўраш, иккинчидан ростгўйлик ила шаҳид бўлишни исташ. Тили билан кўпчилик бундай мартабаларни исташи мумкин, аммо дилининг тубида бунинг тескариси бўлиши мумкин. Бандани ҳисоб қилинаётганда суяниладиган нарса эса унинг дилидир ва Аллоҳ уни билгувчидир.
Роббисига ихлосли банда амални бажараётиб хато қилиши, ноўрин қилиб қўйиши мумкин. Шунда унинг солиҳ нияти унга шафоатчи бўлиб келади ва хатосини тўғирлаб нуқсонини тўлдиради.
Икки саҳиҳ китобда келган ҳадисда уч кеча кетма – кет садақа қилган, биринчи кеча билмасдан ўғрига садақа қилиб қўйган, иккинчи кеча билмасдан зинокор аёлга садақа қилиб қўйган, учинчи кеча билмасдан бой одамга садақа қилиб қўйган, аммо нима бўлса ҳам Аллоҳга ҳамд айтган киши ҳақида гап борган. Аллоҳ унинг қалбини собит қилиб, кўксини кенг қилишни ирода қилади. Унга тушида бир киши келиб: “Ўғрига қилган садақанг сабабли шоядки ўша ўғри ўғриликдан иффат қилиб қолса. Зинокор аёлга қилган садақанг сабабли шоядки ўша зинокор аёл ўғриликдан иффат қилиб қолса. Бойга қилган садақанг сабабидан шоядки бой ибрат олиб ўзи ҳам садақа қилса” дейди. Аллоҳ унинг садақасини ниятининг баракаси туфайли қабул қилади ва садақанинг манфаатини дунёю охиратда зое қилмайди. Мана шу мухлисларнинг мукофотидир.

6.Нусрат ва илоҳий қўллаш
Ихлоснинг самараларидан бири мухлис бандани Аллоҳ қўллаши ва У Зотнинг Ўзи унга кифоя қилишидир. Аллоҳ айтади: “Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?!” (Зумар 36).
Аллоҳнинг бандага берадиган мадади, ёрдами, қўллаши ва дўст тутиши киши ўз Роббисига қилган ихлоси, фақат Унгагина интилиши қадрича бўлади. Албатта мадад банданинг тайёргарлиги қадрича бўлади. Аллоҳнинг нусрати, ёрдами, тавфиқи ва тўғри йўлда қилиши банда қалбидаги холис ният ва дилдаги софликка мувофиқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: “Агар Аллоҳ қалбларингизда яхшилик борлигини билса, сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир”, деб айт!” (Анфол 70).
Яна У Зот қуйидагича марҳамат қилади: “ Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофатлади” (Фатҳ 18).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қозилик ҳақидаги машҳур мактубларида бундай дейилган: “Кимнинг нияти ўзининг зиддига бўлганда ҳам ҳақ учун холис бўлса, Аллоҳ у ва одамлар орасидаги муносабатда ўша бандага кифоя қилади. Ўзида йўқ нарса ила зийнатланган одамни эса Аллоҳ шарманда қилади”.
 Ушбу калималарнинг шарҳида “Эъломул муваққиъийн” (Тасдиқловчиларни билдириш) китоби муаллифи айтади: “Бу сўзлар нубувват каломидан чиқариб олингандир. Бу сўзлар софдил, илҳом берилган инсон тарафидан айтилишга лойиқ сўзлардир. Ушбу икки калима илм ҳазиналаридандир. Ким буларни бошқаларга гўзал суратда етказса, уларга фойдаси тегади ва ўзи ҳам катта наф олади. Ушбу икки калимадан биринчиси яхшиликнинг манбаси ва аслидир. Иккинчи қисми ёмонликнинг асли ва лўндасидир. Қачонки банданинг нияти Аллоҳ учун бўлса, қасди, эътибори, ва амали Аллоҳ йўлида бўлса, Аллоҳ ўша банда билан бирга бўлади. Албатта У Зот тақво қилганлар ва муҳсин бўлганлар билан биргадир (Муҳсин – бутун ҳаёти давомида Аллоҳ уни кўриб турганини ҳис қилиб яшайдиган банда. Таржимон). Тақво ва муҳсинликнинг асоси ҳақни устун қилиш йўлида ниятни Аллоҳга холис қилишдир. Аллоҳдан устун келувчи йўқ ва ким У Зот билан бирга бўлса, ким ҳам унга ғолиб келарди ва бирортадан унга ёмонлик етармиди?! Агар Аллоҳ бандаси билан бирга бўлса, у кимдан ҳам қўрқарди?! Агар Аллоҳ бандаси билан бирга бўлмаса, ким ҳам унга нажот берарди?! У кимга ҳам суяна оларди?! Унга Аллоҳдан бошқа ким ҳам нусрат берарди?!”
Агар банда ўзининг ёки бошқанинг заририга бўлса ҳам ҳақда қоим бўлса ва шу қоимлиги Аллоҳ билан, У Зотга суянган ҳолда ва Аллоҳ учун холис бўлса, унга бошқа ҳеч нарса суянчиқ бўлмаса ҳам, осмонлар, ер ва тоғлар унга қарши турсалар ҳам Аллоҳ уларга қарши ўз бандасига кифоя қилади ва ўша бандасига қийинчиликлардан қутилиш ва чиқиш йўлини пайдо қилади.
Бу масалада банданинг камчилик ва нуқсонга йўл қўйиши қуйидаги уч масалаларнинг барчасида ёки иккисида ёки бирида кўринади:
1.Кимнинг қоимлиги ботил йўлида бўлса, Аллоҳ унга нусрат бермайди. Агар унга зоҳирда нусрат берилса ҳам, унга берилган нусратнинг оқибати йўқ, у мазаммат қилинган ва шарманда қилингандир.
2.Кимнинг қоимлиги ҳақ йўлида бўлсаю аммо нияти Аллоҳ учун холис бўлмаса, нияти одамларнинг мақтови, ташаккури, мукофоти учун бўлса ёки бирор дунёвий ғараз учун бўлса ва ҳақда қоим бўлишни шу мақсадларга эришиш учун восита қилган бўлса, Аллоҳ унга нусрат бермайди. Аллоҳ ўз нусратини фақатгина У Зотнинг йўлида тиришган, Роббисининг калимаси олий бўлиши йўлида курашган бандаларига кафолатлаган.
3.Ҳаракатлари нафси ва ҳавоси учун бўлганга нусрат кафолатланмаган ва у тақводор ҳам, муҳсин ҳам эмас. Агар унга нусрат берилса ҳам унинг ишида ҳақнинг насибаси бўлгани учун бўлади. Зеро Аллоҳ ҳақ бўлган жойда нусрат беради.
Агар устунлик ботил аҳлида бўлса ва улар сабр эгалари бўлсалар, уларнинг сабрларига мувофиқ нусрат берилади. Чунки сабр доимо нусрат билан бирга бўлади. Агар нусрат берилган банда ҳақ йўлда бўлса, унинг ғолиблигининг оқибати бўлади. Агар нусрат берилган банда ҳақ йўлда бўлмаса, унинг ғолиблигининг оқибати бўлмайди. Агар банда Аллоҳ учун холис ният ила аммо Аллоҳ билан эмас балки ўз куч – қувватига ишониб Аллоҳдан ёрдам сўрамай, У Зотга ишини топширмаган ҳолда ўз кучига ишониб ишга киришса, унга шармандалик бўлади ва фақатгина қилган холис ниятига мувофиқ унга заиф бир нусрат берилади (Бу ҳолатда банда ниятида Аллоҳ розилигини кўзлади. Аммо унинг хатоси амалида Аллоҳга суянмаганлиги, ваҳоланки барча ишлар Аллоҳнинг қўлидадир. Таржимон). Ушбу масаланинг асли: тавҳиднинг икки тарафини ушлаган, яъни амалини Аллоҳ учун холис қилган ва амалида Аллоҳга суяниб, У Зотга ишини топширган бандага ҳеч нарса ҳеч қачон қарши бўла олмайди. Агар унга қарши бир тўп душманлар турсалар ҳам бундай банда Аллоҳ тарафидан қўлланган, нусрат берилгандир.
Имом Аҳмад Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги гапни ривоят қилганлар: “Ким улуғ Аллоҳни рози қиламан деб одамларни ғазаблантирса, Аллоҳ унга ўша одамлардан кифоя қилади. Ким Аллоҳнинг ғазабига қарамасдан одамларни рози қилса, Аллоҳ уни одамларга топшириб қўяди”.

7.Шиддат ва танглик вақтида Аллоҳ таолонинг қўллаши ва ёрдам бериши
Ихлоснинг самараларидан яна бири Аллоҳ мухлис бандани Ўз ёрдами ила қўллаши, уйқу олмайдиган Кўзлари ила қўриқлаши, ҳовлисига ғам келганда ва уни шиддат ва балолар ўраб олганда ёлғиз ташлаб қўймаслигидир. Пок бўлган Зот унинг дуосини ижобат этади, нидосига лаббай дейди ва ундан ғамини кетказади.
     Бу масалада Қуръонда бир ажойиб мисол келтирилган. Аллоҳга қўшиб бошқа нарсаларга ибодат қилувчи мушриклар денгизга кемада чиққанларида ва шамол туриб уларни ҳар тарафдан тўлқинлар ўраб олганда улар Аллоҳга – бошқа илоҳларини унутитган ҳолда - чинакам ихлос ила дуо қиладилар. Шунда Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат этади, агарчи улар қутилиб қолганларидан кейин яна Аллоҳга ибодатда ширк келтирсалар ҳам. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: “У сизларни қуруқликда ва денгизда юргизадиган зотдир. Токи сизлар кемада бўлганингизда ва у(кемалар) яхши еллар ила уларни олиб кетганида ҳамда улар бундан хурсанд бўлганларида, қаттиқ шамол келур ва уларга ҳар томондан тўлқин келур. Ўзларининг қуршовда қолганларини англаганларида Аллоҳга чин ихлос билан: “Агар бизни мана шундан қутқазсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз”, деб дуо қилурлар.
       Бас, қачонки У зот уларга нажот берса, кўрибсизки, улар ер юзида ноҳақдан зулм қилурлар. Эй одамлар! Бу зулмингиз фақат ўз зиёнингизгадир. Бу ҳаёти дунё матоҳи, холос. Сўнгра Бизга қайтишингиз бор. Бас, Биз нима амал қилганингизнинг хабарини берурмиз” (Юнус 22, 23).
        Аллоҳ уларга ижобат этди ва нажот берди, зеро улар “Аллоҳга чин ихлос билан: “Агар бизни мана шундан қутқазсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз”, деб дуо қилурлар”. Шу лаҳзада улар ҳақиқий инсоний табиятларига, фитратларига қайтадилар ва бошқа турли ҳил илоҳларини унутадилар (Ўша илоҳлар ҳеч нарса қила олмаслигини билганларидан кейин унутадиларда! Таржимон). Уларнинг кўз олдиларида фақатгина ҳақиқий Роббилари Аллоҳ қолади ва У Зотга ихлос ила дуо қилган ҳолларида юзланадилар.
       Ихлоснинг самарасини кўрсатувчи яққол мисоллардан яна бири бу ғорда қамалиб қолган уч кишининг қиссасидир. Ҳадисда келишича улар Аллоҳга ихлос ила ибодат қилган бўлганликлари учун ғордан қутилиб чиққанлар.
       Ер юзи чин ихлосли бандалардан ҳолий бўлмаслиги Аллоҳнинг раҳматидандир. Улар ер уч моддий жиҳатдан сув ва ҳаво қанчалик зарур бўлса, руҳий ҳаёт учун шунчалик зарурдирлар.
      Тарихда ихлоснинг гўзал кўринишларининг намунаси кўп. Ихлос ўтган воқеъларда кўз олдимизда гавдаланади, зарбул масал бўлади, одамларга ибрат бўлади. Ваъз - насиҳат олишимиз учун баъзи шундай воқеъаларни эслаб ўтсак яхши бўлса керак: Ҳофиз Мунзирий ўзларининг “Аттарғиб ват Тарҳиб” номли китобларини ихлос, сидқидиллик ва солиҳ ниятга тарғиб қилиш ила бошлаб биз юқорида айтиб ўтган ғорда қамалиб қолган уч кишининг қиссаси келтирганлар: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Сизлардан олдин ўтганлардан уч киши сафар қиладилар. Улар тунаш учун ғорга кирганларида катта бир тош тепадан қулаб ғор оғзини беркитиб қўяди. Шунда улар ўзаро: “Бу нарсадан фақатгина Аллоҳга солиҳ амалларингизни ўртага қўйиб дуо қилсангиз қутилиб чиқасиз” дейдилар.
      Улардан бири: “Аллоҳим! Менинг икки қари, катта ота – онам бор эди. Ҳар куни уларни қондирмагунимча оилам ва молимни қондирмасдим. Бир куни ўтин қидириб кечикдим ва боргунимча улар ухлаб қолибдилар. Уларни қондириш учун сут тайёрладим, аммо улар ухлаб қолган эдилар. Уларни қондиришдан олдин оилам ва молимни қондиришни яхши эмас деб билдим ва идишни қўлимда ушлаганимча уларнинг уйғонишларини то тонг отгунча кута бошладим (Бир ривоятда “болаларим оёғим тагида илтимос қилиб сўрардилар” қўшилган). Улар уйғондилар ва тайёрланган сутни ичдилар. Аллоҳим! Ушбу амални Сенинг розилигингни  кўзлаб қилган бўлсам йўлимизни тўсиб қўйган тошни суриб бизни қутқар” деди. Шунда тош озгина қимирлади ва улар сиғмайдиган даражада очилди.
       Улардан иккинчиси айтди: “Аллоҳим! Амакимнинг қизи бўлар эди ва мен уни қаттиқ севардим. Уни бирга бўлишга чорлаганимда бош тортди. Орада бир неча йил аламланиб юрдим. Бир куни у олдимга ёрдам сўраб келди. Мен унга менга ўзини бағишлашини шарт қилиб икки юз минг динор бердим. Унга энди яқинлашаётганимда у: “Аллоҳдан қўрқ, (қизлик) муҳрини ҳаққи ила бузгин, бўлмаса ҳаром бўлади” деди. Мен ундан дарров қўлимни олдим ва узоқлашдим. Унга берган тиллаларимни ўзида қолдирдим. Аллоҳим! Ушбу амални Сенинг розилигингни  кўзлаб қилган бўлсам йўлимизни тўсиб қўйган тошни суриб бизни қутқар” деди. Шунда тош озгина қимирлади ва улар сиғмайдиган даражада яна очилди.
        Улардан учинчиси айтди: “Аллоҳим! Мен мардикорларни олиб ишлатдим. Уларнинг барчаларини ҳаққини адо қилдим. Фақат биттаси ўз ҳаққини ўзи олмай кетиб қолди. У ташлаб кетган пулни айлантирдим ва катта бойлик орттирдим. Бир қанча вақт ўтгач у келди ва: “Эй Аллоҳнинг қули, ҳаққимни адо эт!” деди. Мен унга: “Мана бу туя, мол, қўй ва қуллар сенинг ҳаққинг. Уларни олавер” дедим. У: “Эй Аллоҳнинг қули, мени мазаҳ қилма” деди. Мен унга: “Мен сени мазаҳ қилаётганим йўқ” дедим. У барча нарсаларни олдига солиб ҳайдаб кетди, бирорта нарса ҳам қолдирмади. Аллоҳим! Ушбу амални Сенинг розилигингни  кўзлаб қилган бўлсам йўлимизни тўсиб қўйган тошни суриб бизни қутқар” деди. Шунда тош очилиб улар ҳотиржам юриб чиқиб кетишди” (Бухорий ривояти).

8.Жамиятларнинг ёмонликлардан халос бўлиши ва ҳаётнинг тўғри бўлиши
  Биз олдин зикр қилиб ўтган нарсамизга яна эътиборни тортмоқчимиз, яъни ихлоснинг самараси фақат охират билан чегараланмаган. Биз ихлосни фақат амалларимиз Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши, охиратда жаннат ила бахтиёр бўлишимиз, дўзахдан қутилишимиз учунгина истамаймиз. Балки ихлоснинг бундан ташқари бошқа яхшиликлари бор: бу дунёда ишлар тўғри бўлиши, адолат қарор топиши, зулм ва зулмкорларнинг зоил бўлиши ва жамиятлар фасод асаридан халос бўлишлари.
Ҳаёт унинг мезонлари бузилганда, ихлос йўққа чиқиб нифоқ кўзга кўринганда, мунофиқлар овози баланд бўлиб ишлари юришганда фасодга учрайди. Бундай одамлар ўзларининг шаҳватлари, шу дунёдагина бўлувчи, моддий, бир зумлик фойдалари йўлида паст одамларни катта, шайтонларни фаришта, ўғриларни шарафли инсон деб айтишдан, чин шарафли инсонларга туҳмат қилишдан, омонатдорларга хиёнат қилишдан, пок инсонларни ёлғончига чиқаришдан, саробни сув дейишдан, ўз дўстларини маржону дурлар деб аташдан тоймайдилар. Бу ҳолатни қадимда ҳам ҳозирда ҳам кўриш мумкин.
Умматларни зое бўлиш, касодга учраш, фасод бўлишдан фақатгина ихлосли бандаларгина тўсиб туради. Улар одамлар учун эмас Аллоҳ учун ҳаракат қиладилар. Нафсу ҳаво учун эмас ҳақ учун амал қиладилар.
Барча ташвишлардан бутунлай халос бўлиш фақатгина ҳақиқий ихлос кетидан бўлади.

ТЎҚҚИЗИНЧИ ФАСЛ

1. ИХЛОСНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРУВЧИЛАР

Шундай ишлар борки улар Аллоҳга йўналган мусулмон бандага ниятни холис қилиш ва Аллоҳ учун амал қилишда кўмак беради. Улар нафсий чорловчилар, руҳий қўзғатувчилар, фикрий омиллар ва амалий томонлардир. Бу нарсалар кўпайиб борганда ва мустаҳкам бўлганда аниқки Аллоҳ томон йўл олган банданинг ақли ва қалбига ўз таъсирини ўтказади, уни мухлислар йўлининг олди қаторларига олиб ўтади, ўз нафсини озод қилишда ва амалга чорловчи ҳисларини турли дунёвий ва шахсий ғаразлардан поклашда ёрдам беради.

1. Пухта диний илм
Ихлосга чорловчилардан бири бу ихлоснинг аҳамияти ва диний заруриятини, дунё ва охиратдаги самараларини, Аллоҳ амалнинг суратига қарамай фақатгина холис амални қабул қилишини, Аллоҳ кишининг қалбидаги нарсалардан хабардор эканлигини ва У Зот махфий ва ошкора нарсаларни билиши каби ҳақиқатларни банда дилининг тубида қарор топтирувчи илмга эга бўлишдир. Иброҳим алайҳиссалом айтганларидек Аллоҳдан ҳеч нарса махфий қолмас: “Эй Роббимиз, албатта, Сенинг Ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши биласан. Аллоҳ учун на ердаю на осмонда бирор нарса махфий қолмас” (Иброҳим 38).
Бундай билим фақатгина қуйидаги нарсаларни амалга оширгач тугал бўлади: 
1. Ихлос ҳақида келган оят, ҳадислар ва солиҳ уламоларнинг сўзларини ўқиш ва такрорлаб туриш.
2. Риё, обрў, устунлик ва мол - дунёни яхши кўриш хатарли эканини шубҳасиз даражада билиш.
3. Ушбу ҳақиқатлар унинг нафсида ўрнашиши.
Бу билимларнинг пухталиги унга ҳавою нафси ва дунёвий шаҳватларидан халос бўлишга ёрдам беради.
Албатта ихлос мақоми бошқа мақомлар ёки раббоний хулқлар каби уч бўлимдан иборатдир:
1. Билиш, идрок қилиш бўлими.
2. Руҳий, виждоний бўлим.
3. Амалий, иродага боғлиқ бўлим.
Имом Ғаззолий “Иҳё”да бу нарсани илм, руҳий ҳолат ва амалдан иборат мураккаб аралашма деб атаганлар.
 Бу бўлимларнинг аввалгиси илм ва маърифат бўлимидир. Илм вужудга келиш борасида кейинги бўлимлардан олдин келади. Инсон ўзи билмаган, идрок қилмаган бирор нарсага ҳеч қанақасига юзлана олмайди. Муҳаббат, рағбат ва ғазаб қилиш, чўчиш каби руҳий ҳолатлар фақатгина маърифат ҳосил қилиш ва идрок қилишнинг натижасида юзага келади. Маърифат кучайиб борган, илм пухталашиб борган сари инсон “яқийн” илмга эришади (шубҳа ва иккиланишлардан ҳолий бўлган мустаҳкам илм) ва бу илмнинг виждонга таъсир ўтказиши қувватли ва чуқурроқ бўлади.
Киши аввало билади, кейин ҳис қилади, кейин ҳаракат қилиб амал қилади. Мана шу нарсага Аллоҳнинг қуйидаги ояти ишора қилади: “Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, (билгач) унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши  учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир” (Ҳаж 54).
Илм берилганлар Қуръон Аллоҳ тарафидан бўлган ҳақ эканлигини биладилар. Сўнгра шу билимларига асосан иймон вужудга келади. Сўнгра шу иймонга асосан қалблари Аллоҳ таолога итоат ва хушуъ ила ҳаракатга келади.  
2. Ихлос аҳли билан улфат бўлиш
Ихлосга ёрдам берувчи нарсалардан бири ихлос аҳли билан улфат бўлиш, “ҳамтовоқ” бўлиш, уларга тақлид қилиш ва улар ўрнак олиш учун уларнинг “ҳовлиси”да ҳаёт кечиришдир. Уларга тақлид қилиш солиҳликдир, уларга ўхшамоқлик нажотдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улфат бўлиш, дўст бўлишнинг самарасини гўзал, балоғатли қилиб баён қилиб берганлар: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли ҳушбўйлик сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Ҳушбўйлик сотувчи ё сенга ҳушбўйлик суртиб қўяди ё ундан ҳушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган ҳушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё киймингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан қўланса ҳид келиб туради” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳнинг одамларга раҳматларидан бири ер юзи улардан ҳолий бўлмаслигидадир. Бас, охират йўлига тушган йўловчи уларни изласин, улардан кўчирмачилик қилсин. Саҳиҳ ҳадисда келганидек: “Улар шундай одамларки улар билан бирга бўлган банда бахтсизликка учрамайди”.
Ҳакимлар, шоирлар, адиблар дўстлашиш ва дўстлар ҳақида кўплаб сўзларни айтганлар. Бир шоир бу масалада бундай деган:

Киши ҳақида сўрама, яқини ҳақида сўра,
Ҳар бир яқин ўз яқинига буткул иқтидода.

Шубҳа йўқки ихлосга чорловчилардан бири мухлислар билан улфат бўлишдир. Улар ҳаётларини Аллоҳга бағишлаганлар, жонлари ва молларини Аллоҳга Унинг розилиги эвазига сотиб юборган қуллардир. Улар сен билан ўтирсалар Аллоҳ учун ўтирадилар, сенга муҳаббат қилсалар Аллоҳ учун муҳаббат қиладилар. Сен ҳам уларга муҳаббат қиласан. Бундай мухлис бандалар дунё сенга кулиб боққанда сенга кулиб боқадиган, сенга илтифот кўрсатадиган, дунё сендан юз ўгирганда сендан юз ўгирадиган тамаъгирлик пашшалари, дўзах ётоғи бўлган одамлар тоифасидан эмас.  
 Улар ҳақида Аллоҳ Ўзининг карамли Расулини улар билан биргаликда сабр қилишга, улардан икки кўзларини бурмасликка буюрган бандалрдир: “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма” (Каҳф 28).
          Бундай инсонлар билан дўст бўлган банда улардан гўзал намуна тарзида таъсирланади, фойда олади, фазилатларидан баҳра олади, уларнинг руҳий ҳолатларидан озуқа олади. Шунинг учун салафлар бундай деганлар: “Минг кишининг ичидаги бир кишининг руҳий ҳолати бир кишининг ичидаги минг кишининг сўзларидан кўра балоғатлироқ, кучлироқ бўлади”. Бунда унинг руҳий ҳолатидан мақсад Аллоҳга йўналган йўли, хулқи ва амалидир.
Салмон розияллоҳу анҳудан қийидаги сўзлар ривоят қилинган: “Икки дўст мўминнинг мисоли бир – бирини ювувчи икки қўлга ўхшайди. Икки дўст мўмин учрашганда Аллоҳ албатта бир – бирларидан яхшилик ила фойдалантиради”.
     Муҳими сен бир ўзинг (маънавий маънода ҳам) ҳаёт кечирмаслигинг, узлат чиллахонасида узоқ қолмаслигинг ва таркидунёчиликка шўнғимаслигингдир. Зеро Исломда таркидунёчилик йўқ. Одамларга аралашиб уларнинг озорларига сабр қилувчи мўмин, (тарки дунё қилувчи ёки) одамларга аралашиб уларнинг озорига сабр қилмайдиган мўминдан яхшироқдир. Яхшилик ва раҳмат жамоат билан биргадир. Ҳалокат ва зое бўлиш жамоатдан ёлғизланиш ва четланишдадир. Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир. Ким четланса дўзах томонга четланур. Шайтон яккамохов билан бирга бўлади, у икки кишидан бир кишидан кўра узоқроқдир. Бўри ҳам подадан ажраганни ейди. Бутун пода жамъланиш баракаси сабабидан бўридан ҳимоялангандир. Бўри подага уларни тарқатиб, пароканда қилиб эришади. Шайтон эса инсонларнинг бўрисидир. Киши бир ўзи озликдир, жамоат ила кўпликдир. Жамоат тоатга қувват, маъсиятдан тўсиқ бўлади. Аллоҳ учун бўлган дўстларинг билан яқин бўл, қўлингни қўлларига қўй, улардан ўрган ва ўргат, яхшилик ва тақво йўлида улар билан ўзаро кўмаклаш, улар билан ўзаро ҳақ ва сабрга насиҳатлаш. Албатта ер юзи бундай инсонлардан ҳолий эмас. Аллоҳ айтади: “Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган жамоат ҳам бор” (Аъроф 181). Аллоҳ айтади: “Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир. (Хусрон-мағлубият, ютқизиқ ва нуқсон маъноларини англатади)
      Магар иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир - бирларини ҳақга чақирганлар ва бир - бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир” (Аср сураси). Ўзингдан бошқага насиҳат қил, бошқанинг сенга қилган насиҳатини ҳам қабул қил. Насиҳат қилишга кичиклик қиладиган ва насиҳат олишдан катталик қиладиган мўмин йўқдир. Насиҳат бериш икки тарафлама ишдир, насиҳатлашишдир. Аллоҳ айтади: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир - бирларига дўстдирлар” (Тавба 71).
      Ҳадисда: “Мўмин мўминга ойнадир” дейилган.

3. Мухлислар сийратини ўқиш
  Ихлосга ёрдам берувчи ва чорловчи нарсалардан бири таъсирланиш ва ҳидоятларига эргашиш учун мухлислар сийратини ўқиш, ҳаётларини ўрганишдир. Аллоҳга йўналган банда ҳаётида чин мухлисларни дўст бўлиш учун топа олмаса, вафот этиб кетган мухлисларни топиш у учун муаммо эмас. Фикр ва хулқлар ўз эгаларининг ўлимлари ила ўлмайди, улар китобларда қолади.
Бундай ўқиш улар билан суҳбат қуриш, дўст бўлишнинг бир кўринишидир. Бундай ўқиш фикрий, нафсий суҳбат ва руҳий, иймоний дўстлик. Таъсирланмасдан иложи йўқ бўлган мухлислар ҳақидаги намуналар Аллоҳнинг фазли ила кўпдир.
Бундай намуналардан бири бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлаб берган ғорда қамалиб қолган уч нафар ғор соҳибларининг қиссасидир. Улар фақатгина холи Аллоҳ учун қилган солиҳ амаллари ила нажотга эришганлар. Улар ушбу амалларини Аллоҳга васила қила туриб: “Аллоҳим! Ушбу амални Сенинг розилигингни  кўзлаб қилган бўлсам йўлимизни тўсиб қўйган тошни суриб бизни қутқар” деганларида Аллоҳ уларни қутқариб ихлослари сабабидан қамалдан чиқариб олган эди. Бу воқеъа тафсилоти ила юқорида ўтди.
Бундай намуналардан яна бири имом Насаий ўз “Сунан”ларида Шаддад ибн Ҳод розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида қуйидагича келган: “Аъробийлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурлдарига келиб иймон келтирди ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашди. Сўнгра: “Сиз билан ҳижрат қилайми?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўзларининг саҳобаларидан бирини бириктириб қўйдилар.
Ғазот бўлгандан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша аъробий учун ўлжадан бир қисм ажратиб уни аъробийга етказиб бериш учун унинг дўстларига бердилар. Аъробий уларнинг туяларини боқиб берар эди. Улар аъробийга улушини берганларида, у: “бу нима?” деди. Шунда улар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни сенга ажратдилар” дедилар. У ўша улушни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди ва: “бу нима ё Расулуллоҳ?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенга улуш қилиб ажратдим” дедилар. Шунда у (одоб ила, ўзини паст тутиб чуқур эҳтиром ила): “Сизга бунинг учун эргашмаганман. Сизга эрашишим сабаби Аллоҳ йўлида юрганимда бўйнимга мана бу ила – қўлидаги камон ўқи ила бўйнига ишора қилиб – бўйнимга урилса ва вафот топиб жаннатга кирсам деб эргашганман” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳга нисбатан сидқидил бўлсанг, У Зот сени тасдиқ қилади” дедилар.
Бир қанча вақт ўтди ва улар душманга қарши жангга чиқдилар. Ўша аъробийни олдин ўзи кўрсатган жойига ўқ санчилган, вафот топган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келишди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “бу ўшами?” деганларида “ҳа” дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга сидқидил бўлди, Аллоҳ уни тасдиқлади” дедилар.
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз жуббасига кафанладилар ва олдиларига қўйиб унинг жанозасини ўқидилар. Намозларида қуйидагиларни айтганлари эшитилган: “Аллоҳим! Бу қулингдир! Сенинг йўлингда ҳижрат қилиб чиқди ва шаҳид бўлди. Мен бунга гувоҳман”. 
(Яна бир мисол: имом Ғаззолий айтадилар: ”Китобларда “кимки кетма – кет қирқ кун жамоат намозини қолдирмаса, Аллоҳ унинг тилидан ҳикмат булоғларини чиқариб қўяди” деб ўқидим. Бу нарсага амал қилишда қаттиқ тиришдим ва қирқ кун жамоат намозларини бирортасини қолдирмадим. Аммо менда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Шунда Аллоҳни танувчи бир бандадан бу ҳақда сўрасам у: “сенинг қирқ кун жамоат намозларини қолдирмаслигинг тилингдан ҳикмат булоғлари отилиб чиқиши учун бўлган. Холис Аллоҳ учун бўлмаган” деди”.) 

4. Нафсга қарши курашиш
Ихлосга кўмак берувчи нарсалардан яна бири нафсга қарши курашишдир. Нафсга қарши курашиш – ёмонликка буюрувчи нафс токи Аллоҳга холис бўлмагунича иродани йўналтирган ҳолда нафснинг шахсий, дунёвий рағбатларига қарши чора қўллашдир.
Банда нафсининг ҳавосига, обрў ва танилиш муҳаббатига, шуҳрат ва мақталиш, бойлик ва молга интилишга ва бундан бошқа дунё зийнатларидан бўлган нафс шаҳватларига бўйсунган банда ҳеч қачон ҳақ йўлда бўлган бандаларнинг йўлидан юра олмайди. Бу йўлга қувватли иродани ўзига ҳамроҳ қилган, нафсга қарши курашишга жазм қилган бандагина кира олади. Ирода асосдир, нафсга қарши курашиш бу нарсанинг устунидир.
Бу йўлда Аллоҳга йўналган банда учун энг хатарли нарса бу – ушбу курашда ғолиб чиқишдан ноумид бўлиш, шахсий мағлубиятини тан олиб ўз қуролларини ташлаш, ожиз эканлигига ва мақсадга етиша олмаслигига иқрор бўлишдир.
Баъзи донишмандлар ўз атрофидагилар ва шогирдларидан қуйидаги уч сўзни эшитишни ёмон кўрганлар: “қила олмайман”, “била олмайман”, “бунинг имкони йўқ”.
“Қила олмайман” деганга “тириш” “ҳаракат қил” дейилади.
“Била олмайман” деганга “ўқи” “ўрган” дейилади.
“Бунинг имкони йўқ” деганга дашном берилади.
Шубҳа йўқки нафсга қарши тиришишда қийинчилик, оғирлик ва машаққат бор. Охират йўлидаги инсон бу нарсаларга албатта учрайди, айниқса ишнинг бошида. Лекин тиришқоқлик, ҳаракат, такрор, сабр ва Аллоҳдан ёрдам сўраш ила оғир енгил бўлади, қийин осонга айланади. Бу ҳолат Аллоҳнинг ўз махлуқотлари устида жорий қилган одатидир. Зеро қидирган топади, еккан ўради, йўл босган етиб боради. Бу Аллоҳнинг Ўз йўлида тиришқоқлик қилган бандаларига уларни ҳидоятда қилиш, йўлларини ёритиш ҳақида берган ваъдасидир: “Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир” (Анкабут 69).
Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ учун нафсига қарши жанг қилган ҳақиқий жангчидир” дейилган.

5. Аллоҳга дуо қилиш ва У Зотдан ёрдам сўраш
Юқорида санаб ўтилган ихлосни қўлловчи нарсаларнинг барчасига қувват бериб турувчи ва Аллоҳ йўлидаги бандага суянчиқ бўлувчи нарса бу – ишларининг барчасида Аллоҳдан дуо қилиб ёрдам сўрашдир. Ёрдам ва тавфиқ ёлғиз Унинг Ўзидан, барча ишлар Унгагина қайтади. Аллоҳ бизларни намозларимизда доимо: “Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа 5) дейишга буюрган. Ибодатни ва ёрдам сўрашни фақатгина Аллоҳга қилиш, бошқа бирорта нарсага ибодат қилмаслик, ундан ёрдам сўрамаслик тавҳиднинг ҳақиқатидир. Саҳиҳ ҳадисда: “Аллоҳдан ёрдам сўра, ожизлик қилма!” дейилган.
Дуо мўминнинг қуроли ва Аллоҳ инсонга унинг талаблари ва ҳожатлари раво бўлиши учун буюрган руҳий сабаблардан бир сабабдир.
Инсоннинг моддий асбоблари ожизлик қилганда, қудрати ожизлик қилганда, иродаси бўшлик қилганда унинг олдида карамли Аллоҳнинг эшигидан бошқа эшик бўлмайди. У ўша эшикни дуо ила қоқади, Аллоҳдан Унинг фазлини сўрайди. Зеро Аллоҳ дуоларни ижобат этувчи Зотдир.
Сўзимиз сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўргатган дуоларини айтамиз: “Аллоҳим! Сенга билган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан паноҳ сўраймиз ва билмаган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан истиғфор айтамиз”.

Шайх Юсуф Қаразовий
Таржимон: Афзалжон Аббасов

Мақола жойлаштирилган бўлим: Китоблар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase