Россиянинг Украинада ядровий қурол қўллаши ҳақидаги таҳдидлари ҳеч кимни қўрқитолмайди ва учирилган тақдирда ҳам ракеталар Россиянинг ўзига тушиши эҳтимоли бор, дейди кузатувчилар.
Чоршанба (5 октябр) куни Россия президенти Владимир Путин бундан бир ҳафта аввал ўтказилган сохта референдумдан кейин Украинанинг тўрт ҳудуди – Донецк, Херсон, Луганск ва Запорожьени аннексия қилишга оид қарорни имзолаган.
Назарий жиҳатдан, ушбу аннексия Москвага Украина қуролли кучларини Россия ҳудудига ҳужум қилишда айблаб, ядровий қурол қўллаш учун рухсат бериши мумкин.
Россия ҳарбий доктринаси душманни ортга чекинишга мажбурлаш учун тактик ядровий қурол қўллашга имкон беради.
21 сентябр куни Путин заҳирадаги 300 минг нафар аскарнинг «қисман сафарбарлигини» эълон қилар экан, Россия ҳудудини ҳимоя қилиш учун «барча мавжуд воситалардан» фойдаланишга ваъда берган эди.
Бу шунингдек, агар Украина аннексия қилинган ҳудудларини қайтариб олишга ҳаракат қилса, ядровий қуролни ишга солиш таҳдиди сифатида ҳам кўрилиши мумкин.
Путиннинг ядровий хавфсизликка нисбатан енгилтак муносабати аввалдан маълум.
2018 йил октябр ойида Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мутахассислар форумида нутқ сўзлаган Путин Россия назарий ядро урушининг эҳтимолий қурбони бўлишини айтиб ҳазиллашган эди.
«Тажовузкор тараф қасос муқаррар эканини ва у йўқ қилинишини, биз эса тажовуз қурбони, шаҳидлар сифатида жаннатга тушишимизни англаши керак», деб айтган эди у.
«Улар шунчаки ўлиб кетадилар, чунки уларда тавба қилиб олиш учун вақт бўлмайди», деган эди у залдан янграган кулгуга жавобан.
Келаси йил «Россия чагарасида кескинликнинг кучайиши» билан боғлиқ вазиятлар туфайли ўтказилган машғулотларда Россия қуролли кучлари термоядровий каллаклар ташувчи ракеталар синовини ўтказган эди.
Ҳалокатли оқибатлар
Таҳдидлар Ғарб мамлакатларининг огоҳлантиришларига сабаб бўлган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 24 сентябр куни эфирга узатилган интервьюда Қўшма Штатлар Россияга ядровий урушдан узоқ туриши кераклиги борасида махсус огоҳлантиришлар юборгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси чоғида Нью-Йоркдаги CBC телеканалининг «60 дақиқа» дастурига берган интервьюсида Блинкен: «Биз ядровий қуроллар ҳақидаги асоссиз гап-сўзларни тўхтатиш кераклиги ҳақида руслар билан очиқчасига, юзма-юз суҳбатлашдик», деб айтган.
«Москва бу ишнинг оқибатлари даҳшатли бўлишини биздан эшитиши ва билиши муҳим. Ва биз буни очиқ-ойдин айтдик», деди Блинкен.
«Ядровий қуролдан фойдаланиш оқибатлари нафақат уларни қўллаган, балки бошқа кўпчилик давлатлар учун ҳам даҳшатли бўлади».
Бошқа бир қатор мамлакатлар, жумладан Франция, Канада, Германия ва Буюк Британия ҳам Россиянинг ядровий таҳдидларига худди шундай жавоб беришган.
Бу орада Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Москва аскарлари Донецк вилоятида жойлашган муҳим шаҳар – Лимандан чиқариб юборилганидан кейин Россия «кам қувватли ядровий қуролларни» қўллаш ҳақида ўйлаб кўриши керак, деб айтган.
«Фикримча, чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ва кам қувватли ядро қуролидан фойдаланишгача бўлган кескинроқ чоралар кўрилиши керак», деб ёзган Қодиров 1 октябр куни Телеграмдаги каналида.
Сиёсий шантаж
Аммо Россиянинг таҳдидлари шунчаки қуруқ гап, дейди кузатувчилар.
«Ҳақиқатда фойдаланиш ҳақида гап бормаяпти. Ядровий масаланинг ўзи сиёсий шантаж сифатида қўлланилмоқда», дейди Just Cause нодавлат ташкилоти ҳамраиси, киевлик ҳарбий таҳлилчи Дмитрий Снегирев.
«Сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларда Россия разведкаси тарафидан доимий лобби шакллантирилди», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «У ядровий қуролдан фойдаланиш фикрини илгари сурган ва шантажга таслим бўлишлари учун Ғарб мамлакатларини қўрқитишга уринган. Энди эса Кремлнинг буйруғи билан бу ресурсларнинг барчаси ишга тушган».
«Бу Путин уларни ўзиники деб атаса ҳам, Украинанинг ўз ҳудудларини озод қилиши масаласидир», деб айтган у.
«Кремл Украина қуролли кучлари тўхташи кераклигига ишора қилмоқда, аммо унинг шантажига ҳеч ким ишонмайди», дейди Снегирев.
Сўнгги ҳафталарда Ғарб давлатларининг қурол-яроғ кўмаги билан Украина кучлари жанубий Херсондаги бир қатор шаҳар ва қишлоқлардан, Луганск ва Донецкдаги айирмачилар истеҳкомларидан Россия аскарларини қувиб чиқарди.
Сешанба куни Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари «жадал ва шиддатли» суратда муваффақиятга эришаётгани ҳамда шарқ ва жанубда «ўнлаб» шаҳар-қишлоқларни қўлга киритганини айтиб ўтган.
Москванинг сўнгги жанговар хариталаридан Россия аскарлари Херсондаги кўп жойлар, жумладан Днепр дарёсининг ғарбий қирғоқларини тарк этганини кўриш мумкин.
Харитадан Харковдаги Россия қўшинлари Оскил дарёсининг шарқий соҳилини деярли бутунлай тарк этгани, бу эса украиналикларга рус қўшинларининг асосий транспорт ва таъминот йўлларини ўққа тутиш учун жой бергани маълум бўлган.
Ядровий қудрат ҳақидаги афсона
Ядровий қуроллар бўйича таҳлилчиларининг таъкидлашича, Россиянинг ядровий салоҳияти бўрттирилган.
«Россия мақтанган Посейдон торпедоси аслида торпедо эмас, балки митти сув ости кемаси», деб айтган Defence Express консалтинг фирмасининг ҳарбий таҳлилчиси, киевлик Иван Киричевский. «У катта тезликка эриша олмайди. Бу торпедо ишга туширилиб, Америка томон йўлга чиқиши билан осонгина аниқланади».
Сўнгги вақтларда янграган асоссиз хабарлардан яна бири шуки, Россия сув остида минглаб километр босиб ўта оладиган ядровий қувватга эга торпедони синовдан ўтказишни режаламоқда.
«Бу жуда содда қурол. Шунчаки мақтанчоқлик холос», деб айтган Киричевский.
Россиянинг арсенали асосан эскирган ракета ва каллаклардан иборат, деб қўшимча қилди у.
«Ҳужжатларга кўра, Россия 6 мингта ядровий каллакка эга», деб айтган у. «Эскиргани ва муддати ўтгани ҳисобга олинса, шундан 1,5 мингтаси айириб ташланиши керак. Улар қоғозда мавжуд бўлса-да, ядровий урушга ярамайди».
«Масалан, Тополь, Тополь-М ва Ярс қанотли ракеталарининг хизмат муддати – 15 йил. Улар 1990-2000 йилларда ишлаб чиқарилган, аксар ракеталарнинг муддати ўтган. Учирилган тақдирда ҳам, Россиянинг ўзига тушиши мумкин».
«Россиядаги сўнгги ядровий синов 1996 йилда ўтказилган. Ядровий қуролларнинг ҳолати қандай? Бу муҳим савол», дейди Just Cause ташкилоти ходими Снегирев.
Россия ўзига-ўзи ядровий ракета ташлаши мумкин, деб айтган у.
«Бу ҳазил эмас, ҳақиқатда шундай бўлиши мумкин», дейди у. «Қизил майдондаги парад вақтида танклари тўхтаб қолади. Агар вазиятга шу томондан қарасангиз, Россиянинг ядровий қуроллари дунёга эмас, биринчи навбатда Россиянинг ўзига таҳдид солади».