close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Newsweek (АҚШ): Хитойнинг «Толибон» билан дўстлиги АҚШ билан кучлар нисбатини ХХР фойдасига ўзгартиради

Япония Хитой институти директорининг фикрига кўра, АҚШ Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг Пекин минтақада ва дунёда ўз мавқеини кескин мустаҳкамламоқда. «Толибон» билан дўстлик ҳам унга хизмат қилади. Хитой нафақат ўзининг сиёсий ва иқтисодий таъсирини кучайтирмоқда, балки «Уйғур муаммоси»ни ҳал этишда ҳам қудратли воситага эга бўлмоқда.

Афғонистонда «Толибон» маъмурияти юзага келиши фақат вақт масаласи, холос. АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ҳақида баёнот берилиши билан Хитой ва «Толибон» ўртасида жадал яқинлашув кузатила бошлади. Хитойнинг стратегик манфаатлари нуқтаи назаридан гап нафақат унинг «Бир камар – бир йўл» мега-лойиҳасини амалга ошириш учун кучли туртки ҳақида боради. Гап, шунингдек, ал-Қоиданинг уйғурларга таъсирига йўл қўймаслик нуқтаи назаридан ҳам Хитойнинг катта ютуққа эга бўлиши ҳақида боради. Умуман олганда, Американинг Афғонистондаги муваффақиятсизлиги Хитойнинг дунёга ҳукмронлик қилиш борасидаги даъволарини сезиларли даражада оширади.
28 июль куни «Толибон» раҳбари Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан Тянцзинда учрашди.
26 июль куни Тянцзинда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АҚШ давлат котиби ўринбосари Шерман билан учрашди. Эртаси куни Ван И Монголия ташқи ишлар вазирини қабул қилди.
Мана энди — бомба! 28 июль куни Хитой ташқи ишлар вазири яна ўша Тянцзинда «Толибон» делегацияси билан музокара ўтказди.
Маълумки, «Толибон» — Афғонистондаги АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган мамлакат ҳукуматига кескин мухолифатда бўлган исёнкор гуруҳ. АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни эълон қилиши шароитларида «Толибон» ҳаракати ўзи назорат қилаётган ҳудудларни кескин кенгайтиришни бошлади ва ҳозирги кунда деярли бутун мамлакат ҳудудини назорат қилмоқда.
Тянцзинда музокаралар давомида Ван И ва «Толибон» делегацияси раҳбари Абдул Ғани Бародар жиддий баёнотлар беришди. Ван И қуйидаги сўзларни айтди:

«Афғонистоннинг энг катта қўшниси сифатида Хитой доимо мамлакатингиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган, Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига риоя қилган ва доимо бутун афғон халқи билан дўстлик сиёсати юритган. Афғонистон афғон халқига тегишли, Афғонистон келажаги ва тақдири афғон халқининг қўлида бўлиши керак. АҚШ ва НАТО қўшинларининг шошма-шошарлик билан Афғонистондан олиб чиқилиши АҚШ нинг афғон сиёсати барбод бўлганини англатади. Шу муносабат билан Афғонистон халқида мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни ривожлантириш учун тарихий имконият юзага келади».

Бунга жавобан Бародар қуйидагича баёнот берди:

«Менга ушбу буюк мамлакатни зиёрат қилиш имконини бергани учун Хитой раҳбариятидан миннатдорман. Хитой доимо афғон халқининг ишончли ва яқин дўсти бўлиб, Афғонистондаги тинчлик ва ярашув жараёнида муҳим рол ўйнаган. «Толибон» тинчликка эришишга виждонан интилмоқда, Афғонистонда бутун афғон халқи томонидан кенг қабул қилинган сиёсий тизим яратиш учун барча томонлар билан иш олиб бормоқда. Афғонистоннинг бутун аҳолиси, жумладан, аёллар ва болалар учун фуқаролик ҳуқуқларини таъминлашга интиламиз. Умид қиламизки, Хитой Афғонистонни келажакда тиклаш ва иқтисодий ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Бунинг учун биз тегишли инвестиция муҳитини яратиш истаймиз».

Толибон етакчиларидан бирининг бу баёноти толиблар Хитой Афғонистонга уруш вайрон қилган иқтисодиётини тиклашда муҳим ёрдам кўрсатишини жиддий кутаётганини яққол кўрсатади.
АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши - Си Цзинпин учун ноёб сиёсий муваффақият ва катта имкониятдир.
2001 йил 11 сентябрда АҚШ да теракт рўй берганида Америка шу йилнинг декабрида Афғонистонга бостириб киришга бошчилик қилган. Афғонистон ҳудудининг тўртдан уч қисмига яқинини босиб олган «Толибон» АҚШ нинг ўша пайтдаги Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлагани сабабли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди. Афғонистон ҳукуматига нафақат АҚШ қуролли кучлари, балки НАТО бошчилигидаги Халқаро хавфсизликка кўмаклашиш кучлари (ISAF) ҳам қўшилган бўлиб, бу «Толибон» билан доимий ҳарбий тўқнашувларга, ҳарбийлар ва тинч аҳоли ўртасида кўп сонли курбонларга олиб келди.
Президент Байденнинг сўзларига кўра, 20 йил давомида АҚШ «Афғонистонда 1 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади ва мингдан ортиқ ҳарбий хизматчидан маҳрум бўлди».
Бироқ, айнан Трамп маъмурияти «Толибон» билан сулҳ тузган эди ва 2020 йил 29 февралда «тинчлик битими»га эришилганди. Унга кўра, АҚШ 135 кун ичида (2020 йил июн ўрталари) Афғонистонда жойлашган америка ҳарбийлари сонини 12 минг кишидан 8600 кишигача қисқартиришга, «Толибон» эса, агар Америка берган ваъдасида турса ва 2021 йил баҳорига келиб барча қўшинларини олиб чиқиб кетадиган бўлса, АҚШ ва НАТОнинг бошқа мамлакатларига терактлар учун база сифатида ўз мамлакатидан фойдаланишни тўхтатишга ваъда берди.
Бироқ, ҳарбий асирларни озод қилиш борасидаги низо туфайли бу муддатлар бир неча бор ўзгартирилди ва бугунга келиб америкаликларни Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетиш 31 августга қадар якунланиши керак.
«Толибон» мамлакат ҳудудини тезлик билан эгаллаб, Афғонистонда ўзининг тўла ҳокимиятини ўрнатиш вақт масаласи бўлиб қолди, холос.
Шу муносабат билан, аниқ бир хулоса чиқариш мумкин: агар Афғонистон бутунлай анти-америка ва бир вақтнинг ўзида Хитой тарафдори бўлган кучлар томонидан назорат қилинса, бу охир-оқибат Хитойнинг юқори раҳбариятида мавжуд дунё Хитойга тегишли бўлади деган фикрни мустаҳкамлайди.
Жаҳон гегемонлиги учун давом этаётган АҚШ-Хитой курашида Қўшма Штатлар Афғонистондан чиқиб кетиб, Хитойга катта совға тортиқ қилди.
Бундай вазиятда Си Цзинпин олдида ҳаётда бир марта бериладиган «олтин имконият» очилади. Бу ерда Хитойнинг тўртта иероглифдан иборат «Минг йилда бир марта» ибораси жуда мос келади.
Афғонистон «Бир камар - бир йўл» мега-лойиҳасида муҳим рол ўйнаши кўзда тутилибгина қолмай, «Толибон»нинг ғалабаси Хитойга «Уйғур йўналиши»да жуда жиддий имтиёзлар беради.
Маълумки, Хитой ўзининг мега-лойиҳаси учун «Покистон йўлаги» яратиб, Покистон билан алоқаларини мустаҳкамлаган. Унинг бу борадаги ютуқлари Эронга нисбатан ҳам жиддий. Афғонистон Хитой ҳукмдорлари онгида чизилган «Бир камар – бир йўл» лойиҳасини илгари суриш харитасида бир «бўшлиқ» бўлиб қолганди. Ҳозир эса бу бўшлиқ «Толибон» билан ҳамкорлик орқали жуда муваффақиятли тўлдирилиши мумкин.
Агар Афғонистонда Хитой тарафдори бўлган «Толибон» устунлик қиладиган бўлса, у Хитойнинг «аср лойиҳаси»га уйғуникда киришади. Шу нуқтаи назардан маълумки, Ван И билан «Толибон» делегацияси ўртасида 28 илюда бўлиб ўтган учрашувда инвестицион ҳамкорлик ҳақида тегишли ваъдалар алмашинуви Хитойнинг мега-лойиҳасига тўғридан-тўғри алоқадор бўлган. Ахир Хитойда ҳозир Афғонистонга кенг кўламли молиявий ва технологик ёрдам кўрсатиш учун имкониятлар етарли. Ва у АҚШ ёрдамидан анча самарали бўлади. Бу уруш окибатида вайрон бўлган Афғонистонда иштиёқ билан кутиб олинади ва, тақдир ҳазили билан, «Толибон» режимининг сиёсий позицияларини ва унинг халқ орасидаги обрўсини мустаҳкамлаш учун кучли восита бўлиб хизмат қилади.
Хитойнинг кучли таъсири билан «Бир камар – бир йўл» улкан иқтисодий зонаси концепцияси тобора сезиларли бўлиб бормоқда.
Хитой учун «Толибон» билан дўстлик яна бир муҳим сиёсий жиҳатга эга. Маълумки, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида исломнинг суннийлар мазҳабига эътиқод қиладиган кўп сонли уйғур аҳолиси яшайди. Афғонистонда ҳам айнан шу мазҳаб устунлик қилади. Кўплаб уйғурлар Афғонистонга қочиб, исёнчи-толиблар қаторига қўшилиб олгани ҳақида маълумотлар бор. «Толибон» ҳокимияти тепасига келадиган шароитларда эса, Хитойда уйғурлар муаммоси бўйича улар билан ҳамкорлик учун қўшимча истиқболлар ҳам пайдо бўлади. Ҳар ҳолда катта иқтисодий ёрдам эвазига «Толибон» Хитой ҳукумати билан биргаликда уйғур исломий миллатчилигини жиддий «босиб» туриши мумкин.
Бу ерда шуни ҳисобга олиш керакки, қуйида кўришимиз мумкин бўлганидек, «Толибон»  «Афғонистонни терроризм ўчоғига айлантирмасликка» ваъда берди.

Гегемонлик учун АҚШ ва Хитой ўртасидаги курашда бурилиш нуқтаси: Хитой ал-Қоиданинг қайта тикланишини жиловлай оладиган ягона мамлакат эмасми?

9 июл куни «Толибон» расмий вакили Сухайл Шахин деди:

«Биз Хитойнинг Афғонистонни қайта тиклашга инвестицияларини оқлаймиз ҳамда инвесторлар ва ишчилар хавфсизлигини кафолатлаймиз.
«Толибон» илгари Афғонистонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган уйғур айирмачиларига энди юртимизда бандитлик билан шуғулланишга рухсат бермайди.
«Толибон», шунингдек, ал-Қоида ва бошқа террорчи гуруҳларнинг маҳаллий даражадаги фаолиятининг ҳам олдини олади ва уларнинг АҚШ, унинг иттифоқчилари ёки «бошқа давлатлар»га ҳужумларига йўл қўймайди.

Шу билан бир пайтда, 28 июл куни «Толибон» делегацияси билан юқорида кўрсатилган учрашувда, Ван И яна бир муҳим баёнот берди:

«Туркистон ислом ҳаракати (Шарқий Туркистон ислом ҳаракати— уйғурларнинг ноқонуний қуролли тузилмаси, унинг мақсади Шарқий Туркистонда мустақил ислом давлати яратиш ҳисобланади – таҳр. изоҳи) — бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши рўйхатига киритилган, Хитойнинг миллий хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган халқаро террорчи ташкилот. Биз «Толибон»нинг Туркистон Исломий ҳаракати каби барча террористик ташкилотларни аниқ ва пухта ажратишга, уларга қарши қатъият билан курашишга, минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиёт ҳамкорлиги йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашда фаол роль ўйнашга ва бунинг учун қулай шароит яратишга ваъда бераётганини қадрлаймиз».

Бунга жавобан «Толибон» қуйидагича баёнот берди:

«Толибон ҳеч қачон Афғонистон ҳудудидан Хитойга қарши ҳар қандай ҳаракатлар учун фойдаланишга рухсат бермайди. Толибон Афғонистон қўшнилари ва халқаро ҳамжамият билан дўстона алоқалар ўрнатиши керак, деб ҳисоблайди».

Шундай қилиб, қуйидаги хулосага келишимиз мумкин. АҚШ ва НАТО томонидан қўллаб-қувватланган собиқ Афғонистон ҳукумати нима қила олмаган ишни, яъни террористик ташкилотларни йўқ қилиш ва можаросиз Афғонистонни қуришни «Толибон» ва Хитой ўз қўлига олади. Бу истиқбол кўз ўнгимизда юзага чиқмоқда.
Агар Хитой минтақада террорчи ташкилотларни йўқ қилиб, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва уни халқаро ҳамжамият таркибига қайтаришнинг уддасидан чиқса, дунё Хитойни ҳақиқий глобал етакчи сифатида кўриб чиқа бошлайди. Бошқача қилиб айтганда, Хитойнинг Афғонистон атрофида ўйнайдиган кўзга кўринган роли минтақадаги «даҳшатли сиёсий манзара»ни ўзгартириши ва антагонистик АҚШ-Хитой жуфтлигидаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase