Англия. 1996 йилги «Таълим тўғрисида»ги қонун ва 1998 йилги «Мактаб стандартлари тўғрисида»ги Қонун барча мактаб ўқув дастурларини диний таркибий қисмни ўз ичига олишга мажбур қилади. «Таълим тўғрисида»ги Қонунга кўра: «Ҳар бир киритилган мактаб дастури Буюк Британиядаги диний анъаналар асосан насронийлик билан боғлиқ эканлигини акс эттириши, бунда мамлакатда мавжуд бошқа асосий динлар таълимоти ва амалиётини ҳисобга олиши лозим». Буюк Британия давлат мактабларида нафақат диний таълим мажбурий тартибда амалга оширилади, балки мажбурий жамоавий насроний ибодатлар ҳам амал қилади. Диний таркибий қисмлардан воз кечиш, шунингдек, ибодатдан воз кечиш фақат мактаб органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Тўлиқ рад этиш қабул қилинмайди, алмаштириш тавсия этилади. Давлат мактабларидан ташқари диний мактаблар, масалан, ислом мактаблари ҳам мавжуд бўлиб, улар давлатдан маблағ олиш ҳуқуқига эга (ва олади ҳам). Уларда динни ўқитиш ўзига хос тарзда тартибга солинади.
Канада параллел мактаб тизими мавжуд давлатлардан бири ҳисобланади, бу ерда диний йўналишдаги таълим муассасалари дунёвий мактаблар билан тенг асосда ва битта бюджетдан молиялаштирилади (фақат 2 вилоятда диний йўналишдаги мактаблар молиявий қўллаб-қувватланмайди). Барча ўқувчиларнинг 40% дан ортиғи (2 миллиондан ортиқ) насронийлар мактабларига қатнайди. Улардан 90% католик мактабларида ўқийди, қолган 10% эса протестант мактабларига боради. Ўқитувчиларнинг малакаси ягона стандартларга жавоб беради. Шу билан бирга, Канада «Катта Еттилик» давлатлари орасида таълим соҳасида энг юқори харажатларга эга. Масалан, 1994 йил Канадада мамлакат ялпи миллий даромаднинг 7,3%и таълим олишга сарфланган бўлса, АҚШда бу кўрсаткич - 6,8%, Германияда - 5,7%, Японияда - 4,9%, Буюк Британияда эса - 4,1% ни ташкил қилди.
Германияда XVI асрдан бошлаб, таниқли «ҳокимият кимнинг қўлида бўлса, дин ҳам шунинг қўлида» тамойили жорий этилганидан буён, черковларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш учун жавобгарлик Ер органларига топширилди. Федерал ерлар Католик черкови билан конкордата ва Ерлар протестант черковлари билан шартномалар тузади. Германиянинг икки асосий черкови — евангелистлар черкови ва Рим-католик черкови ўртасида таълимни биргаликда олиб бориш тўғрисида битим имзоланган. Асосий Қонуннинг 3-параграф 7-моддаси динни мунтазам ўқув фани сифатида ўрганишни кафолатлайди (диний бўлмаган мактаблар бундан мустасно). «Давлатнинг ўқитишни назорат қилиш ҳуқуқига қарамасдан, диний машғулотлар диний жамоалар тамойилларига мувофиқ олиб борилади», - деб ёзади тадқиқотчилар.
1999 йил 12 декабрдан бошлаб Гамбургда амал қиладиган қонунга кўра (Асосий қонуннинг 7-моддасига мувофиқ) диний фанлар ўрганиш учун мажбурий ҳисобланади. Гамбург Олий таълим Кенгаши қарорига кўра, мактабда динни ўқитиш учта мақсадни кўзлайди: диний ва маданий анъаналар ўртасидаги мавжуд зиддиятларни бартараф этишга кўмаклашиш, улар ўртасидаги мулоқотни давом эттириш қобилиятини ва тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва шахсий диндорлик ёки ахлоқий дунёқарашларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлаш. Баварияда ҳам дин дарслари барча умумий таълим мактабларида мажбурий фан ҳисобланади. Ер органлари мактабларда динни ўқитиш билан боғлиқ харажатларни 90% гача қоплайди.
Дюсселдорфдаги мактаб ўқувчиси етуклик аттестати (ўрта мактабни битирганлик ҳақида ҳужжат) олиш учун нафақат ўзининг диний фанидан, балки мажбурий умумий таълим - насронийлик ахлоқини ҳам топшириши шарт, чунки Германия ўзини насроний давлати деб тан олади.
Испания Конституциясига кўра, «Ҳокимият органлари ота-оналарнинг фарзандларига ўз ахлоқий ва диний эътиқодларига мос таълим шаклини танлаш ҳуқуқини кафолатлайди». Испания қонунчилигига кўра, «Испания давлати билан ҳамкорлик шартномаси тузган диний ташкилотларга, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан тегишли истак мавжуд бўлса, давлат ва хусусий мактабларда диний таълим ўтказиш учун имконият кафолатланади».
Испанияда дин епархия томонидан тақдим этилган номзодлар орасидан дунёвий маъмурият танлаган мутахассислар томонидан ўқитилади. Динни ўқитиш Испанияда барча даражаларда, шу жумладан, болалар тълими, бошланғич, ўрта таълим, бакалавр даражаси ва бошқа таълим даражасида, давлат ва хусусий таълим муассасаларида амалга оширилади.
Диний таълимнинг техник масалалари черков-давлат битимлари, конкордат ҳужжатлари билан тартибга солинади. Кўплаб масалалар черков жамоаларига топширилади. Масалан, таълимни бошқариш соҳасида бир қатор ваколатлар Мадрид жамоасига берилган. Папа ҳокимияти Испания давлати билан болалар таълими, бошланғич, ўрта, ва олий таълим, таълимни амалга оширишни тартибга солиш, ўқув фанлари таркиби ва уларни ўқитиш тартиби, ўқитувчилар ишини тартибга солиш ва таълим бошқаришда уларнинг иштироки масалалари бўйича кўп меъёрий ҳужжатлар билан тузган.
Охирги пайтларда Испанияда мамлакатнинг атеист доиралари ташаббуси билан мактабда дин ўқитишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Бироқ, испан тадқиқотчиси Г.M.Моран ёзганидек, Испанияда «мамлакатнинг тарихи учун чуқур анъанавий бўлган католик черкови билан давлатнинг яқин алоқалари қонун ёрдамида бартараф этилиши мумкин эмас, чунки улар жамиятнинг маданияти билан изоҳланади».
Польшада католиклар Худо Қонуни диний фан ҳисобланади. У поляк тили ёки математика каби ўрганиш учун мажбурий ҳисобланади ва мажбурий умумтаълим фанлар доирасида ўрганилади. Бошқа динга эътиқод қилувчи болаларга таълим бериш бундай ўқувчилар сони камида 3 та бўлса, амалга оширилади. Акс ҳолда бир неча мактаб ўқувчилари учун қўшма курслар ташкил этилади. Ҳар бир талаба ўз дини бўйича сабоқлар олиши шарт.
Бугунги кунда Польшада 500 мингдан ортиқ православ насронийлар бор. Уларнинг барчаси ўз динини ўрганиш ҳуқуқ ва имкониятлари билан таъминланган. Польшада диний таълимотнинг қонунийлиги ва ҳуқуқи нафақат давлат томонидан кафолатланади, балки амалда ҳам таъминланади.
Бельгия тажрибаси жуда қизиқарли. Диний таълимни мактаб мажбурий фанлар дастурига киритиш Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 18- ва 26-моддаларига, Болалар ҳуқуқлари ҳақида Халқаро конвенциянинг 29- ва 30-моддаларига, Бельгия Конституциясининг 24-моддасига, «Мактаб пакти» деб аталадиган 1959 йил 29 майда қабул қилинган қонун, шунингдек, федерация субъектларининг қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Бундан ташқари, мактабларда диний таълим ҳуқуқи мамлакат Таълим вазирлигининг «Дин ва ахлоқ предметлари. Таълим соҳаси» расмий қўлланмасида изоҳланади:
«Ахлоқий асосларнинг жадал йўқолиб бориши қадриятлар инқирозини келтириб чиқарадиган ва ёшлар мавжудлик мазмуни ҳақида саволлар берадиган замонавий жамиятда мактаб ёшларга уларнинг шаклланишида ёрдам бериши шарт. Бу ҳолда, диний ёки ахлоқий курслар, боғловчи таълим ҳаракат сифатида, бизга бефарқлик, фанатизм, муросасизлик, зўравонликка қарши туриш ва ўқувчилар масъулиятли одамлар, демократик ва мустаҳкам жамият аъзолари бошқа маданиятлар билан плюрализм ва мулоқот учун очиқ бўлиб етишишига хизмат қилиш учун имкон беради.
Бу мақсадни бажариш учун дин дарслари… маҳаллий шароитлар ва маданий меросдан келиб чиқиб, таълим педагогикасига асосланиши лозим. Шахсий камол топиш учун ҳар бир кишига таянч нуқтаси таклиф қилиб, диний педагогика ёшларга конформизмга тушиб қолмаслик, мустақил ҳаётга тайёрланишга ёрдам бериш мақсадини кўзлайди».
Бельгия Конституцияси ва «Мактаб пакти» «мактабларга бутун таълим даврида – 6 ёшдан 18 ёшгача ҳафтасига икки соатдан мактаб дастури доирасида мажбурий ўрганиш учун ўқувчиларга тан олинган динлардан (ёки дунёвий ахлоқ) бирини танлаш имкониятини тақдим этиш ҳақида кўрсатма беради. Ушбу қоида туфайли мажбурий мактаб таълими дастури доирасига католицизм, протестантизм, англиканлик, православие, иудаизм, ислом ва «дунёвий ахлоқ» асосларини ўрганиш бўйича дарслар киритилади.
Танлаш имконияти ота-оналарга берилади, улар ўқув йилининг бошида ўз фарзандини у ёки бу диннинг асосларини ўрганиш бўйича машғулотларга ёздириши керак. Бу эркинлик ўқувчи ёки ота-онасининг дини ва мазҳаби билан ҳам, ушбу фанни ўрганиш истагини билдирган ўқувчилар сони билан ҳам чегараланмайди». Ўқувчилар фоиздаги нисбати статистика маълумотларига мос келади: 50%дан ортиқ ўқувчилар католицизмни ва 1%и православиени ўрганади. Дарс дастурларини тузиш ва педагогик инспекция динларнинг ваколатли органларига топширилади. Ўқувчилар дин асослари бўйича имтиҳон топширади ва олинган баҳо аттестатга қўйилади.
Франция секуляр (дунёвий) давлат бўлиб, бу борада Европанинг бошқа давлатларидан кескин фарқ қилади. Бироқ ҳозирги пайтда диний таълимни давлат мактабларга қайтаришга ҳаракат қилинмоқда. Янги диний оқимларнинг ҳалокатли таъсирини ва ислом омилининг кучайишини ҳис қилган французлар, ўзлигини сақлаб қолиш учун Масиҳнинг черкови бағрида жойлашган француз диний ва маданий анъаналарига қайтиш зарурлигини англай бошлади.
Грецияда аҳолининг 98%и ўзини православ деб ҳисоблайди, бу мамлакатда шунчаки дин дарслари эмас, балки Худонинг қонуни (правлослав таълимоти) барча даражаларда ўтилиши мажбурий. Олинган баҳо аттестатга қўйилади. Бундан ташқари, ҳар бир таълим муассасасида: мактаблар, олий таълим муассасалари, техникум ва ҳ.к.да дарсга киришдан олдин ибодат (дуо) мажбурий, билимлар куни эса (уч Авлиё хотираси байрами) – ҳамма черковга бориш имконига эга бўлиши учун ўқув куни эмас.
Дин дарслари ўқитувчилари Афина Миллий университетида тайёрланади, бу ерда, Европада энг машҳур олий таълим муассасалари каби, икки бўлим: илоҳиётшунослик ва ижтимоий илоҳиётшуносликдан иборат илоҳиётшунослик факультети бор. Ўқитувчилар ва профессорлар кўпчилиги диний унвонга ҳамда етакчи Европа университетларининг бир неча докторлик даражасига эга.
Европадаги диний ва нодиний давлат ва хусусий мактбаларнинг кўп сонли расмий сайтлари барча таълим даражаларида динни ўқитиш хусусиятлари ҳақида талай қизиқарли маълумотларга эга. Бироқ бу маълумотларни таҳлил қилиш ушбу мақоланинг мақсадлари доирасига кирмайди.
Хулоса
Давлат мактбларида динни ўқитиш бўйича Европа тажрибаси тадқиқотчилари шундай хулосага келдилар: «… ўқувчиларнинг конфессионал танловига кўра динни ўқитиш амалиёти Европанинг барча мамлакатларида мавжуд. Германия, Испания, Польша, Бельгия, Буюк Британия, Италия ҳамда Шарқий ва Ғарбий Европанинг бошқа кўплаб мамлакатларида… диний фанларни ўқитиш таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим, ажралмас қисми бўлиб, у орқали мактаб ўқувчиларининг диний-ахлоқий тарбияси ва маънавий ривожланишига эришилади. Диний таълим ва тарбиянинг бу давлатларда ҳурматга сазовор бўлган диний анъаналар доирасида ижобий хусусиятлари тўла қўлланилиб, бу анъаналарни ўзлаштириш инсон шахси ва жамиятнинг муносиб аъзоси ва унинг давлати фуқаросини шакллантириш асосларидан бири саналади».
Европа давлатларида дунёвий давлат мактабида шахсий дунёқарашлардан келиб чиқиб динни ўрганиш ҳуқуқини таъминлаш барқарор модели юзага келган. Бу модель қуйидаги белгилар билан тавсифланади:
-дин дарслари Европа мамлакатларининг аксариятида бошқа фанлар билан биргаликда таълим дастурларида мажбурийдир. Ўқувчи ўзининг ва оиласининг диний эътиқодидан келиб чикиб, қайси дин бўйича дарслар ўтишни танлаш ҳуқуқига эга;
-мактаб дастурида соф диний (Худонинг қонуни) ва маданиятшунослик фанлари (насроний маданияти асослари) ўтилади. Муайян дин бўйича дарслар ўтилади, улар диншунослик курслари билан алмаштирилмайди;
-динни ўқитиш берилаётган билимларнинг асосий ҳажмини таъминлайдиган дин вакиллари билан қалин ҳамкорликда амалга оширилади;
-маданияти ва тарихи бўйича насроний бўлган Европа давлатларида асосий, маданият шакллантирувчи дин сифатида айнан насронийлик (католицизм ёки протестантизм) ўқитилиши устунлик қилади.
Ушбу моделда икки ёндашув шундоқ кўзга ташланиб туради:
-конфессионал курсларни танлашнинг сабаби шундаки, диншунослик – соф ахборот берувчи курсдир, муайян диний анъаналарни ўрганиш эса, аввало, мактабга юкланган тарбиявий вазифаларни ҳал қилиш имконини берувчи курсдир;
-насронийлик (католицизм ёки протестантизм) мамлакат ва таълим даражасидан қатъий назар, диний фанларни ўқитиш учун асос сифатида аниқ эътироф этилган.
Дарҳақиқат, ўз таълим анъаналарига эга бўлган Европада энг керакли жойлари олиб қўйилган ахборот инсоннинг тўлақонли шахс сифатида камол топишида ёрдам бера олмаслиги тушуниб етилган.
С.Гансовскийнинг 1985 йил унинг асосида худди шу ном билан режиссер Суламбек Мамилов томонидан фильм ҳам олинган «Ғазаб куни» деб аталган фантастик ҳикоясини эслаб ўтиш ўринлидир. Ҳикоянинг эпиграфида отарк билан хаёлий суҳбат келтирилган: «Комиссия раиси: сиз бир неча тилда ўқийсиз, олий математика билан танишсиз ва баъзи ишларни қила оласиз. Бу сизни Одам қилади деб ўйлайсизми? Отарк: Ҳа, албатта. Одамлар бошқа яна бирон нарсани биладими?»
Донишмандлар айтадилар-ки: «Фазилатли муҳаббатсиз ўткир ақл қотилнинг қўлида ханжар кабидир». Маълум бўлишича, Европада инсон қалбини муҳаббат билан фазилатли қилиш вазифаси конфессионал диний билимлар ўқитувчилари зиммасига юклатилган.
Абу Муслим таржимаси