close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Толибон» ҳокимиятни тўлиқ қўлларига олмоқда

Президент Жо Байденнинг ҳеч қандай шартлар қўймасдан Афғонистондан Американинг қолган қўшинларини олиб чиқиш ҳақида апрелдаги қароридан сўнг «Толибон» («Афғонистон Ислом Амирлиги») зудлик билан ҳужумлар уюштиришни бошлади ва Афғонистон бўйлаб ўнлаб туманларни босиб олди.

Етти ҳафта ичида «Толибон» мамлакат жанубидаги эски таянчи бўлган Урузғонда учта туманни; Кобулни мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Қандаҳор билан боғлайдиган бош автомагистрал яқинида жойлашган Ғазна ва Сари-пул вилоятларини босиб олди. Толиблар шунингдек, Кобулдан атиги 40 километр масофада жойлашган ва пойтахт йўлидаги дарвоза саналган Майдан Вардакда иккита туманни қўлга киритишди. Ушбу вилоят орқали мамлакатнинг марказий ва жанубий вилоятларига элтадиган бир нечта асосий автомагистраллар ҳам ўтади.
Афғонистон ҳукумати Кобулни, вилоятлар марказлари ва йирик аҳоли пунктларини ҳали ўз назорати остида сақлаб турибди. 2001 йилдан бери энг катта ҳудудни назорат қилиб турган «Толибон» қишлоқ жойларнинг аксариятини қўлга киритган.
Айрим ҳолатларда «Толибон» иш хақининг кечиктириб берилаётгани, ўқ-дорилар етишмаслиги, ҳаводан ва қурукликдан ёрдамчи кучлар етиб келишида қийинчиликлардан шикоят қилаётган афғон қуролли кучлари билан шафқатсиз жанглардан кейин туманларни қўлга киритди. Бошқа ҳолатларда эса битта ўқ узмасдан ҳам бутун бошли туманлар кўлга киритилди. Ўсиб бораётган тенденция доирасида «Толибон» маҳаллий оқсоқоллар ёрдамида юзлаб афғон аскарлари ва миллий полиция ходимларининг таслим бўлиши ҳақида музокаралар олиб бордилар. Бундай ҳаракатлар қўшимча курол-яроғ, ўқ-дори ва турли анжомларга эга бўлиш имконини берди.

Шимолга йўналиш

Ушбу мақолада биз собиқ СССР чегараларига яқин ҳудудлардаги вазият ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз. Афғонистон шимолида асосан этник ўзбеклар ва туркманлар истиқомат қиладиган вилоятлар жойлашган. Бу жойлар, Кобулдан нисбатан автономияни сақлаган ҳолда, анъанавий равишда «Толибон» га қарши бўлиб келган. «Толибон» нинг сўнгги фаол ҳаракатлари ҳам туркий тилларда сўзлашувчи ҳудудларга дахл қилди. Бир ҳафта олдин Фарёб вилоятидаги Давлатобод ва Ширин Тагаб туманлари «Толибон» га топширилди. Ҳукуматга тегишли кучларнинг душманлар ҳужумига дош бера олмаслиги сабабли маҳаллий аҳоли таркибидан кўнгиллилар гуруҳлари шакллантирилди. Толибоннинг узоқ йиллик муросасиз душмани бўлган этник ўзбек, маршал Абдурашид Дўстум Афғонистон шимолига маънавий-қўмондонлик кўмаги учун келди. Унинг тарафдорлари билан учрашганда, бу курашда ўлишга тайёр эканини айтди. Бироқ ўғли жароҳатланганидан сўнг Туркияга қайтиб учгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.
20 июнь куни «Толибон» бир кунда 11 туманни қўлга олди. Улардан олтитаси Тахар (Тожикистон билан чегарадош) вилоятида, биттадан Балх (Ўзбекистон билан чегарадош) ва Жаузжан (Туркманистон билан чегарадош) вилоятларида жойлашган. Эртаси куни Бағлон вилоятида Кобулни шимолий вилоятлар билан боғловчи автомагистрални тўсиб қўйишди. Бундан ташқари, «Толибон» Тожикистон билан чегарадаги энг катта шаҳар - Қундузни қамал қилди.
22 июнь куни «Толибон» Тожикистон билан чегарадаги «Шерхон-Бандар» ўтиш жойини қўлга олишга муваффақ бўлди. Назорат нуқтаси стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади - бу ерда Эрон ва Покистондан келтирилган товарлар Панж дарёси устидаги кўприк орқали собиқ совет республикаларига олиб ўтилади. Ҳозир бу ерда ҳаракат тўхтатилди. Маълумки, жанг давомида юзга яқин афғон қўлга олинган. 134 нафар ҳарбий хизматчи Тожикистонга қочган.
Шу кунларда Ўзбекистонда интернетдаги айрим миллатчи фаоллар Афғонистоннинг ўзбек ҳудудларини "Жанубий Туркистон"деб атаб, Ўзбекистон ҳукуматини қаршилик кучларига имкон қадар, жумладан, ҳарбий ёрдам беришга чақиришни бошлади. Бу фаоллар Толибоннинг асосий этник контингенти сифатида паштунлар забт этилган аҳоли пункталрида этник тозалашни амалга ошираётганини таъкидламоқда. Бироқ, бу баёнотлар ҳаққоний маълумотлар ёки ишончли гувоҳ томонидан қўллаб-қувватланмайди. Бу фаоллар Ўзбекистон билан қўшни ҳудудларни беқарорлаштириш мақсадида «Толибон» Россия томонидан атайин қўллаб-қувватланаётганини ҳам таъкидламоқда. Ўзбекистон ҳукумати миллатчиларнинг бу чақириғига анъанавий тарзда сукут билан жавоб берди.
Эслатиб ўтамизки, расмий Тошкент ҳам, худди Москва каби, вақти-вақти билан «Толибон» билан музокаралар олиб боради.

Дискурсив таҳлил

Ушбу жараёнларни таҳлил қилиш мақсадида асосий томонларнинг эълон қилган мақсадларини ҳисобга олиш даркор:

«Толибон» нинг мақсадлари:

-хорижий қўшинлар тўлиқ олиб чиқилишини талаб қилади;
-Кобул режими қонунийлигини рад қилади;
-бутун Афғонистон ҳудуди устидан назоратни қўлга киритишга интилади;
-мамлакатни «исломга мувофиқ» бошқаришни ваъда қилади;
-агар «тавба қилишса», хорижий ҳарбий кучларга хизмат қилган афғонлар дахлсизлигини кафолатлайди;
-қўшни мамлакатларга ҳужум қилмаслик, уларнинг ички ишларига аралашмасликни ваъда қилади.

Кобулдаги «марионетка» режимининг мақсадлари:

- статус-квони сақлаб қолишга уриниш;
-ғарб ҳомийлари нигоҳида мамлакатни модернизация қилиш ва декмократлаштириш тарафдорлари сифатида қолиш;
-ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш учун ташқаридан кучларни жалб қилиш.

«Толибон» нинг муваффақият омиллари

Шошмаган қир ошади. «Толибон» учун уруш маъноларни рўёбга чиқариш воситаси бўлиб, бу улар муддатлар билан чекланиб қолмасликни ва жанглар натижасини оқилона фатализм билан муносабатни англатади. Бу «Толибон»ни ғарб босқинчилари иттифоқидан кучли фарқлаб туради. Ғарб омиллари жамоатчилик фикри танқиди ва «дедлайн» босими остидадир. Сун Цзининг уруш санъатига оид қадимий рисоласида айтилганидек, «Уруш қанча узоқ давом этса, уни бошлаганлар учун шунча ёмон бўлади». Кобул ҳукуматининг ҳаётий маъносига келадиган бўлсак, бу АҚШ бюджетидан донорлик ёрдами ва наркотрафикдан нақд пул тушиши орқали имкон қадар фаровонлигингизни оширишдир.
Урушда томонлардан бири моддий эмас, номоддий, мазмунга оид асосларни қидирадиган бўса, иккинчи томон эса гедонистик, моддий неъматлар учун жанг қиладиган бўлса, биринчи томон маълум бир устунликларга эга бўлади. Қисқаси, «Толибон» охирги йигирма йил давомида шунчаки урушни якунлашга шошилмади, ўз идеаллари учун ўлдиришга ва ўлишга тайёр бўлиб, муттасил жараёнларни амалга оширдилар. Дарвоқе, бу жиҳат «Толибон»ни Ғарб, Россия ва Хитойни у билан ҳисоблашишга мажбур қилган сиёсий субъект қилиб қўйди.
Исломга матонатли садоқат нуфузи. Афғонистонликлар учун, миллатидан қатъ назар, ислом бу адолат эканлигини тушуниш керак. Коррупцияга ва маҳаллий «бойлар»нинг ўзбошимчаликларига дуч келган ёш афғонлар ҳақиқатни исломдан излайди. Мос равишда, қайси ташкилот адолатни кафолатласа, ўша кўпроқ тарафдорга эга бўлади. Мана бир неча авлод-ки, кўлида қурол билан «қулайлик ҳудуди» топаётган афғон эркаклари тарбия топмоқда, шундай экан, адолатсизлик элементлари билан бўлса-да, тинч ҳаёт тўхтовсиз курашдан кўра анча яхши эканлигига уларни ишонтириб бўлмайди. «Толибон» ўз тушунишида бўлсада, исломга садоқатни сўз билан ва амал билан исботлаб келмоқда.
Музокара қилиш қобилияти. «Толибон» рад этиб бўлмайдиган таклифларни амалга оширишга қодир. Бу ҳақида баъзи бир аҳоли пунктларини ихтиёрий равишда топшириш ҳолатлари далолат беради. Кўриниб турибдики, «Толибон» таклиф қилаётган кафолатларга қатъий риоя қилинмоқда ва бу афғон қабилаларининг оқсоқоллари орасида жуда қадрланади.
«Биз яна ғалаба қозондик». Маълумки, ғолиблик руҳи ва муваффақиятлар тарихи фаоллик учун қўшимча туртки беради, боз устига, муваффақият янги тарафдорларни жалб қилади.
Пуштун бўлмаган ҳудудларда этник масала. Ўзбек миллатчиларининг «Толибон» асосан пуштунлар томонидан бошқарилаётгани ҳақидаги фикрига рози бўлсак ҳам, мамлакат шимолида жанг қилаётган толиблар асосан маҳаллий аҳоли вакиллари экани ҳақида хабарлар бор. «Толибон» сафига кўплаб афғонистонлик ёш ўзбеклар қўшилмоқда. Бу эса шуни англатадики, агар биз ташкилотда пуштунларнинг ва «пуштунвали» (пуштунларнинг ҳаёт тарзи, ахлоқ кодекси) ҳукмронлиги назарда тутсак, «Толибон»нинг туркий контингенти табиий равишда ўз юртида ўзлари учун муҳим мақомни қўлга киритишни хоҳлайди ва «Толибон» байроғи остида фаол жанг қилади.

«Толибон» учун риск омиллари

Қуйидаги омиллар ўрта муддатли истиқболда «Толибон» ҳолатини қийинлаштириши мумкин
-бошқарув объектининг йириклашуви ва мураккаблашуви билан аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишдаги муваффақиятсизликлар. Ҳудуд қанчалик катта бўлса, уни бошқариш шунчалик оғирлашади;
-аҳолиси пуштун бўлмаган ҳудудларда «путунлаштирши»нинг кучайиши қабилалар орасида кескин норозиликка сабаб бўлиши мумкин;
-«тўғрироқ ислом»ни таклиф қиладиган янги, янада радикал кайфиятдаги рақобатчилар пайдо бўлиши;
-раҳбариятнинг порахўр ҳокимият даражада таназзулга учраши ва бошқарувнинг бюрократизацияси;
-раҳбариятда ички ихтилофлар (бунинг эҳтимоли паст кўринади, лекин тарих сабоқлари воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимолини истисно қилмасликка ўргатади, гарчи ихтилоф қандай асосларда юзага келиши номаълум бўлса-да).
Ҳокимият қанча кўп бўлса, бошқарувдаги муаммолар ҳам шунча кўп бўлади. Ўткир ижтимоий муаммолар афғонлар томонидан ҳокимиятнинг ночор ва адолатсиз сиёсати натижаси сифатида қабул қилинади. Уларни ўз сафига жалб этган омил бошқа ўйинчилар, кўпроқ радикал ташкилотлар пайдо бўлса, уларни бошқа томонга ҳам буриб юбориши мумкин. Эслатиб ўтамиз, АҚШ қўшинларининг 2001 йилдан кейинги илк ҳужум амалиётларини «Толибон» ҳукмронлигидан норози бўлган маҳаллий қабилалар қўллаб-қувватлаган эди. Афғонистонда «Хуросон вилояти» деб номланган ИШИД гуруҳларининг пайдо бўлганини ҳам эслаймиз, уларга қарши «Толибон» 2015 йилдан то 2019 йилгача жанг қилишга мажбур бўлган, 2020 йил «Толибон» ва расмий Кобул бу ташкилотнинг тўлиқ йўқ қилинганини эълон қилган.
«Толибон» бошқарув структураси ҳақида қисқача: муллалар оқсоқоллари жамоатидан бўлган амир амирлик раҳбари этиб сайланади. Амир вазирлар ва вилоят ҳокимларини тайинлайди. Амирнинг ўзи ва унинг вазирлари мулла-фақиҳ, яъни ханафийлар фиқҳ илмининг билимдонлари бўлиши керак. Амалда бу вазирлар ва ҳоким-ноиблар амир фатволари ва шаритга мувофиқликни назорат қиладилар, бунда маҳаллий оқсоқоллар жойларда анъанавий ҳокимликни сақлаб қоладилар. Маҳаллий ҳокимиятдан норози бўлганлар бевосита «Толибон» га адолат сўраб мурожаат қилиши мумкин, улар эса ўз инстанциялари бўйича текширув, тергов ишларини олиб борадилар ва қозилик қоидалари бўйича суд қиладилар. Четдан қараганда ўхшаш бўлсада, «Толибон» муллаларини Эрон муллалари билан тенглаштирмаслик керак. «Толибон» муллалари деобандий мактаби ханафийлар фиқҳини чуқур биладиган дала қўмондонлари ва жангчилар сифатида кўриб чиқиш мумкин бўлса, эронликлар – кўпроқ шиа мазҳаби қиёфасидаги қоҳинлар кастасидир.

Дастлабки башорат

Ҳозирги тенденция сақланиб қоладиган бўлса, ўйлаймизки, «Толибон» йил давомида Афғонистоннинг катта қисмини назорат остига олади. Бироқ мамлакатда ташқи омиллар, қўриқлаш ва диверсия ЧВК (АҚШ, пскт ва эҳтимол, Туркия) сони ортади. Агар айрим ЧВК буюртмачиси бўлган хорижий давлатларга садоқат билан хизмат қилса, бошқа компаниялар турли буюртмачиларнинг бир марталик буюртмаларини бажарувчи эркин кондотьерлар ролида иштирок этади. Россия ва Хитой ҳам ўз иштирокини кенгайтиради ва минтақадаги таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилади. Эрон ва Ҳиндистон ҳам четда томошабин бўлиб қолмайди. Ҳатто ҳудудларнинг 90%ини йўқотган тақдирда ҳам АҚШ Кобул «марионетка» режимини минтақада босим ўтказиш воситаси сифатида қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, махфий разведка ва диверсия гуруҳларидан ташқари, АҚШ қўшни мамлакатларда янги ҳарбий базалар жойлаштириш имкониятини кўриб чиқяпти. Афғонистон ҳудудида янги авлод учувчисиз учиш аппаратлари, чунончи, сунъий интеллект бошқарувидаги дронлар фаол қўлланишини кутиш лозим. лекин буларнинг барчасига қарамасдан, «Толибон» ўз тамойиллари ва қадриятларини таназзулга юз туттирмасдан, янгича воқеликларга мослаша олиш қобилиятини намойиш этиб бўлди.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase