close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломда фикр ва сўз эркинлиги

Сўнгги ўн йиллар ичида дунё янада торайиб кетди ва бу фақат аҳоли нуфусининг ошиши билан боғлиқ эмас. Глобализациянинг кучайиши оқибатида инсон узоқ масофаларни бир зумда босиб ўтадиган бўлди. Ахборот, капитал ва бошқа шу каби бугунги жамиятни усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсалар учун чегара қолмади.

Одамлар бир-бирларига яқинлашди, аҳоли сони ошишидан кўра ҳам яқинлашиш жадаллашди. Бундай ҳолатда тинч-тотув яшаш учун инсон ҳуқуқлари тушунчасини қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи туғилди. Зулм ва адолатсизликка умумий қарашни шакллантириш вақти келди. Инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан бири бўлган фикр ва сўз эркинлиги бўлмас экан инсонни шахс сифатида хурмат қилиниши ҳам мумкин эмас.
Ғарб тафаккури ислоҳот ва такомиллашишнинг узоқ йўлларини босиб ўтди. Ниҳоят XIX асрда сўз эркинлиги Европадаги демократик давлатларининг ажралмас хусусиятига айланди. Сўз эркинлиги демократия учун мажбурий шарт ва фуқаролик жамияти шаффофлигининг асосий кўрсаткичи бўлиб қолди. Бироқ ғарбга хос сўз эркинлиги концепциясининг бошқача тадрижий йўллар билан ривожланган дунёқараш тизимларидан анча фарқ қиладиган жойлари ҳам бор. Шундай тизимларнинг бири Исломдир.
Ислом миллионлаб одамларнинг дуёнқараши, яшаш тарзини белгилаб берадиган реал омилдир. Шу муносабат билан Ислом динининг сўз эркинлиги ва мусулмон мамлакатларида инсон ҳуқуқларини таъминлаши истиқболларига оид масалалар ўта қизиқарлидир.
Ислом тарихида фожиали кунлар ҳам бўлган. Ўша даврларда золим ҳукмдорлар фикр ва сўз эркинлиги ҳуқуқларини поймол қилган. 833 йилдан 849 йилга қадар давом этган халифа Маъмун даврини эсланг. Унда “Қуръон махлуқ”, деган таълимотга рози бўлмаганлар қатағонга учраган. Қайсидир сулола ёки ҳукмдор дунёқарашидан келиб чиққан сиёсий иззатталаблик асосидаги нарсаларни Қуръон ва Суннатга асосланган Исломнинг соф таълимотлари билан чалкаштириб юборманг. Ислом эътиқодига кўра, шу икки манба мусулмонлар учун ҳам шахсий, ҳам жамоат ҳаётининг барча жабҳалари учун йўл кўрсатувчи ёруғ нурдир.
Қуръони Каримда мусулмон жамиятидаги барча фуқаролар учун уларнинг ирқий, этник ёки конфессионал мансублигидан қатъи назар сўз эркинлиги таъминланади. Шунга биноан Ислом динига эътиқод қилмайдиган одамлар билан мужодала-мунозара олиб боришни мумкин дейди.
Қуръони Каримда: “(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар...”, дея марҳамат этилган (“Анкабут” сураси, 46-оят).
Ислом шариати ҳар қандай мужодала-мунозарани жоиз деб билади, ҳатто диннинг асослари бўлса ҳам. Фақат шарт шуки, бундай мужодала-мунозара чиройли йўсинда бўлиши керак. Бу ҳуқуқдан фойдаланиш учун бошқа фуқароларнинг шаъни ва шахсиятига ўтилмаслик керак. Бу Ислом динининг асосий фундаментал тамойилларидандир. Бу тамойиллар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган йўллари ва қарорларига асосланган. Қачон сўз эркинлиги тамойиллари хавф остида қолса, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳимоя қилиб чиқардилар. Ҳатто мунофиқларнинг ҳақоратли гап-сўзларига, мусулмонлар орасига нифоқ солиб, уларни заифлаштириш учун қилган ҳаракатларига  ҳам сабр қилардилар.
Хабарларда келишича, Бани Мусталиқ ғазотидан сўнг ортга қайтаётганида мунофиқларнинг бири Абдуллоҳ ибн Убай ўз шерикларига: “Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, ҳаттоки тарқаб кетсинлар, Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур”, деди. Мунофиқлар ўзларини азиз билиб, мусулмонларни хор, деб Мадинадан мусулмонларни чиқариб юборишни назарда тутганлар. Зайд ибн Арқам исмли мусулмон бу гапларни эшитиб, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни огоҳ этадилар. Сўнг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Убайни чақиради ва бўлиб ўтган гаплар ҳақида сўрайдилар. Абдуллоҳ ибн Убай эса, бу каби гапларни гапирмагани ҳақида қасамлар ичиб Зайдни ёлғончи, деб айтади. Шундан сўнг, Аллоҳ таоло ваҳий юбориб, Зайд оқланади ва мунофиқларнинг кирдикорлари фош этилади. Бу воқеалар ҳақида “Мунофиқлар”, деб номланган сура ҳам нозил бўлган. Унда:  “Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, ҳаттоки тарқаб кетсинлар, дерлар. Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидур. Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар. Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Аммо мунофиқлар билмаслар”, дея марҳамат қилинган (“Мунофиқун” сураси, 7-8).
Булардан маълум бўлишича, Абдуллоҳ ибн Убай гуруҳи мусулмонларнинг бошқарувидан норози экани пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга маълум бўлган. Бироқ, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни жазоламаган, хатто уларни мағфират қилинишини ҳам сўраган. Шу тарзда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматига ҳар бир фуқаро фикр эркинлигига эга эканини тушунтириб қўйганлар. Албатта, бундай фикрлар ношаърий ва жиноий характерга эга бўлмаслиги керак.
Бошқа бир ривоятда хабар қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  мол тақсимлаётган эдилар. Ул зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира келди. У Бани Тамимлик бир одам эди. Бас, у: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Адолат қилинг!» – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар адолат қилмасам, ноумид бўлибман, хусронга учрабман!» – дедилар.  Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга изн беринг. Унинг бўйнига зарба берай!» – деганди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни тек қўй”, дедилар.
Бу воқеа жуда кўп ҳадис китобларида ривоят қилинган. Баъзилар бу ҳадисни ҳужжат қилиб, шариатда ҳукмдорларни ҳам танқид қилиш жоиз, деб айтганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзига нисбатан адолатсиз ва беодобларча муносабатда бўлган одамга зарар етказишга изн бермадилар. Ҳар ким фикр эркинлигига эга бўлиб, бунинг учун Аллоҳ таолонинг олдида ўзи жавоб беради. “Агар улар сен билан тортишсалар: «Аллоҳ нима қилаётганингизни билгувчидир”, (Ҳаж сураси, 68) деган ояти каримага қандай амал қилиш кераклигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалда ўз саҳобаларига кўрсатиб, ўргатдилар.
Рошид халифалар даврида ҳам мусулмонлар бу ўгитларга оғишмай амал қилиб келишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Абдуллоҳ ибн Сабаъ каби исёнчилар унинг истеъфосини талаб қилганида ҳам у сабр қилди ва уларни қатағон қилиб ташлашга йўл қўймади. Ҳолбуки, уларга қарши чора кўриш ҳақида волийлар кенгашида муҳокама қилинган эди.
Салафи солиҳлар сўз эркинлигини ҳимоя қилишда ҳаммага ўрнак эди. Хусусан, тўртинчи рошид халифа ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ҳаворижларга қилган муомалалари барча китобларда ёзилган. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу даврида у кишини кофир деб, унга қарши исён кўтарганлар бўлди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг уларга қарата айтилган машҳур сўзларида: “Агар бизга қарши хуруж қилмасангиз, сизларни масжидларимиздан ман қилмаймиз. Модомики, қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча, биз сизга қарши уруш қилмаймиз”, дегандилар. Бу – агар жиноий ҳаракатлар содир этилмаса, шариат  фикр эркинлигини ҳимоя қилишининг ёрқин бир далилидир. Бироқ, хаворижлар ўзларига қўшилмаганларнинг қонлари ва жонларини ҳалол қилиб олдилар. Улар ҳатто Абдуллоҳ ибн Ҳаббобни сўйдилар, ҳомиладор аёлининг қорнини ёриб ўлдирдилар. Сўнг Алий розияллоҳу анҳу уларга қарши жанг қилиб, тор-мор этди.
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар:
- Дин бу насиҳатдир.
- Ким учун?- деб сўрадик биз.
- Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва ҳаммалари учундир,- деб жавоб бердилар Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам ).
Мусулмон раҳбар деганда мусулмонларнинг ҳоким-бошлиқлари ва агар Исломий ҳокимлар мавжуд бўлмаса, уламолар ва Ислом даъватчилари назарда тутилади.
Ҳокимларга итоат этилиши учун аввал уларнинг ўзлари мусулмон бўлишлари вожиб:
«Эй мўминлар! Аллоҳга итоат қилингиз, (Унинг тарафидан юборилган) Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзларингиздан бўлган бошлиқларга ҳам (агар улар Аллоҳ ва Расулга итоат этсалар, итоат этингиз!)».
Бизнинг мусулмон раҳбарларга насиҳатимиз уларнинг шахсияти ёки бизга улар тарафидан етадиган манфаатлар учун эмас, балки уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш демакдир.
Биз мусулмон раҳбарларнинг адолатли ҳукми остида Ислом уммати бирлашишини орзу қиламиз ва шу билан бир қаторда, мусулмонлар устида ягона бошлиқ йўқлиги сабаб турли фирқаларга бўлиниб кетишларини ҳамда уларнинг золим ва бебош раҳбарлар ҳукми остида жабр кўришларини хоҳламаймиз.
Ҳақ йўлда турган раҳбарларга ёрдам берсак, уларга итоат этсак, кези келганда уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб турсак, уларга чин насиҳат қилган бўламиз. Зеро, раҳбарига шу тариқа насиҳат қилмаган, золимга унинг зулм қилаётганини айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмасдир. Шунингдек халқини ўз манфаати учун хорликка ботирган, насиҳат қилганлар оғзига урган, ҳақ калимасини эшитишдан қулоқларини кар қилиб, ҳеч кимга ҳақни гапиртирмаган раҳбарларда ҳам бирон яхшилик йўқ.
Агар халқ ўз раҳбарига насиҳат қилиш бурчини адо этмай, подага ўхшаб қолса, ҳоким ҳам насиҳат қабул қилмайдиган тоғут-золимга айланса, бунинг оқибати халқ учун фақат хўрлик, зулм ва хорлик бўлади. Ҳар қачон Ислом уммати ўз динидан оғишса, Ислом асослари ва тушунчалари мусулмонларнинг сўз ва амалларида нотўғри талқин этила бошласа, юқорида айтиб ўтилган аянчли ҳолат вужудга келаверади.
Бироқ, Ислом оламида машҳур ва таниқли олим Абдулазиз ибн Боз (Саудия Арабистонининг собиқ муфтийси) деди: “Солиҳ салафлар ҳеч қачон ҳукмдорларнинг хатоларини ошкор қилишмаган ва уларни масжид минбарларидан фош қилмаган. Чунки, бундай нарсалар фитнага ва хайрли ишларда ҳам ҳукмдорларга итоат қилмасликка олиб келиши мумкин. Халқ исён кўтариши мумкин, оқибатда фойда ўрнига зарар келиши мумкин. Солиҳ салафлар бошқача йўл тутишган: баъзилари ҳукмдорларнинг ўзларига насиҳат қилишган бўлса бошқалари мактуб орқали ёки ҳукмдорларга яқин бўлган уламоларга мурожат қилишган. Улар эса, ўз ўрнида уларга чиройли тарзда насиҳат қилишган. Одамларнинг гуноҳлардан қайтараётганда гуноҳ қилаётганларнинг исмларини ошкор айтмаслик керак”.
Фитна вақтида саҳобалар шу тариқа насиҳат қилишар эди. Ривоят қилинишича, одамлар Усама ибн Зайддан халифа Усмон розияллоҳу анҳу билан гаплашинг, деб илтимос қилишди. У: “Сизлар нима, буни эшитмаганларинг учун, у билан гаплашмади деб ўйлаяпсизларми? Аллоҳга қасамки, мендан олдин ҳеч ким қилмаган нарсани қилмаслик учун, мен у билан кўзма-кўз гаплашдим”, деб жавоб қилди.
Бу ривоят шарҳида Ибн Ҳажар ёзади: “Бу ривоят ҳукмдорлар  ҳурмат қилиниши ва улар билан бўлган муомала одобига риоя этилиши керак, деганидир. Одамлар улар ҳақида нима сўзлаганларини айтиб, уларни хато қилишдан асраши, огоҳлантириши зарур. Бироқ буни  ақл ва одоб билан амалга ошириш керак, токи кўзланган мақсад амалга ошсин ва ҳеч ким жабр кўрмасин”.
Сўз эркинлигидан фойдаланган одамларга Ислом алоҳида мажбурият ва масъулиятларни юклайди. Шунинг учун ҳам фуқароларнинг обрўси, давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, миллатнинг ахлоқи ва саломатлигига оид масалаларда сўз эркинлиги маълум маънода чекланиши мумкин.
Фуқаролар ҳуқуқи ва эркинликларига нисбатан Ислом муносабатини тўғри тушуниш учун аввало озодлик концепцияси  Ислом дунёқарашининг ғояси эканини тушунишимиз керак бўлади. Ислом мусулмонларга ҳайвоний нафсни ақлга бўйсундиришга чақиради. Бу амалга ошиши учун эркинлик бўлиши шарт. Бироқ Ислом эркинликни ҳаракатнинг шарти деб эмас, балки маълум бир ҳаракат деб билади. Шундан келиб чиққан ҳолда эркинлик ҳаракати жуда кўп муқобиллардан эмас, балки иккитадан биттасини танлашни таклиф қилади: яхшилик ва ёвузлик. Шунинг учун ҳам агар инсон сўз эркинлигини ўзи ёки жамият зарари учун ишлатса, унинг бу амали Ислом тарафидан адолатсизлик деб баҳоланади ва бунинг учун Худо ва жамият олдида маъсул бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Исломда сўз эркинлиги ҳуррият ҳақидаги фалсафий тушунчаларга бориб тақалади ҳамда Ғарбда мавжуд бўлган нормаларни мусулмонлар жамиятига сингдиришга уриниш ҳам бор. Бироқ бундай Ғарб тушунчаларини бошқа муҳит ҳолатини эътиборга олмай сингдириш кутилган самарани бермайди.
Ислом олами учун инсон ҳуқуқлари концепцияси бегона нарса эмас. Бундан ташқари, Ғарбда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ўртага ташланмасидан анча илгари Ислом оламида бу масалаларга ечим топилиб, уни ҳаётга татбиқ қилишган. Шунинг учун мусулмон мамлакатларида сўз эркинлигини назарда тутувчи очиқ фуқаролар жамиятини қуришда Ғарбнинг бу борадаги ютуқларини инобатга олиш, айни пайтда, бу мусулмонларнинг ҳаёт тарзи ва қадриятларига ҳам мос бўлиши керак.
Агар бу назария амалга ошадиган бўлса, демократиянинг Европача модели бошқа муҳит учун ислоҳ қилиниб, мослашганининг илк бор юз бериши бўлмайди. Япония тажрибаси шуни кўрсатдики, европалик бўлмаган фуқаролар жамиятга мослашуви билан Европа ва Америка моделларидан ўтиб кетиши ҳам мумкин экан. Буни Осака университети профессори Масаказу қуйидагича тушунтиради: “Ғарб плюрализмини ўзига сингдирган турли хил унсурлари билан ўз хусусиятларини яхшилаб олган металллар ёки кимёвий бирикмалар билан қиёс қилса бўлади. Бундан фарқли ўлароқ Японияда бу унсурлар бир-бирлари билан яхши бириккан бўлса ҳам, ўзига хослигини сақлаб қола билди”.
Эҳтимол, шундай ёндашув мусулмон мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича ёниб турган муаммолар ечимига, миллий келишув ҳамда диний экстремизмни тўхтатишга ёрдам бериб, цивилизацияларнинг тўқнашуви учун майдон бўлишнинг олдини олиши мумкин. Албатта, Ғарб ҳам инсон ҳуқуқлари, хусусан сўз ва фикр эркинлиги масалаларининг нозик эканини тўлиқ англаши зурар.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase