close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нега мендан қўрқасиз?! Избранное

Нима учун менинг яхшироқ бўлиш истагим атрофдаги одамларни бунчалик чўчитмоқда? Нима учун мен бугунги кунда сталинча репрессиялар “мазасини” ўзимда ҳис қилмоқдаман?.. Бизнинг изимиздан тушишмоқда, бизнинг ўрнимизга “ким билан бўлиш мумкин” ва “ким билан бўлиш мумкин эмас”лигини бошқалар танлашмоқда ҳамда бизга кўрсатмалар беришмоқда, бизни қўрқитишмоқда ва таъқиб қилишмоқда.

Тез орада уйларимизга махсус кийим кийган одамлар келиб, бизни отишга олиб кета бошлашади...

Биз, масалан, ўз опа-сингилларимиз билан гурунглашиш, чой ичиш, ўз билимларимиз билан ўртоқлашиш учун тўпланиб турамиз – яъни, ҳижоб кийиб юрганимиз билан биз қиз болаликдан, аёлликдан чиқиб қолмаймиз; нима учун сизлар бизни “подшоҳни тахтдан ағдариш” режасини тузаётганликда гумон қиласизлар?! Рўпарадаги хонадонда бир тўда ярим яланғоч қизлар ўтирганлиги, улар пиво ичиб, бутун уйни бошига кўтаргудек шанғиллаб кулишиб, мусиқа эшитиб, орада зинапоя майдончасига чекиш ёки ўз йигитига, ота-онасига беҳаё сўзларни бақириб айтиш учун чиққанлиги – бу ҳаммаси қўшнилар кўнглини анча кўпроқ илитган бўларди. Ва бу чиройли қилиб “қизлар ўтириши” деб аталган бўларди… Девор ортида ҳижоб кийган қизлар йиғилса, аксинча – яхшилик кутма! Албатта ниманидир режалаштиришмоқда! Қулоғингни динг тут! Чунки улар ҳатто телевизор хам кўришмаяпти (деворга қулоғини тутиб кўради: эшитилмаяпти!). Секин келиб, секин кетишмоқда… қандайдир шубҳали булар, керакли жойга хабар бериш керак! У жойдаги барча терговчилар хам бу нарсадан аллақачон хабардор: ушбу ҳудуд нотинч ҳудуд, хонадон ҳам (ҳар эхтимолга қарши “Х” билан белгилаб қўямиз) – шубҳали! Ҳали биз бекорчиликдан зериккан пайтимизда бу хонадонни албатта бориб кўрамиз, у ерда нималар бўлаётганини биламиз, чунки, айтишларича, ундаги одамлар ҳаммага ўхшаб дам олмас эмиш... Яхши эмас!

Катталар олами

Болаликдан бошлабоқ, иншааллоҳ, бизни фақат яхшиликка ўргатадилар, баъзи омадсизларга эса, ҳатто қўшнилари ҳам, кўчадаги йўловчилар ҳам яхшиликни ўргатаверишади. Бизни ўғрилик қилмасликка, ёлғон гапирмасликка, бировнинг гапини бўлмасликка, вақтида ухлагани ётишга, катталарга овозни кўтармасликка, баъзиларни эса ҳатто тирсакларини столга қўймасликка ва овқатланганда чапилламасликка ҳам ўргатадилар. Бироқ, улғайиб борамиз, дунёқарашимиз ўзгаради, ўйин қоидалари олдингига қараганда бошқа бўлиб боради ва баъзи “яхши одоб қоидалари” ўрнига “тасодиф қоидалари” келади. Албатта, спиртли ичимлик ичиш мумкин эмас. Буни сизга ҳар бир ёши катта одам айтиши мумкин. Бироқ бугун байрам-ку! Қандай қилиб шу пайтда ичишдан тийилиш мумкин?! Албатта, сўкиниш мумкин эмас, чекиш мумкин эмас, бироқ сизнинг отангиз ҳар оқшом хонангизни “меҳрибонлик” билан тутунга тўлдиради ва баланд овозда, уялмасдан (ҳамма ўзимизники-ку ахир!) қарзини вақтида қайтармаган қўшнисини бўралаб “ёдга олади”. Қандай қилиб шу пайтда сўкинишдан тийилиш мумкин?!

Албатта, ёлғон гапириш мумкин эмас! Бу табиий! Лекин сизнинг онангиз ўзини сўраб телефон қилган ҳамкасбига ўзини касал деб, ёки ваннада деб, ёки умуман ташқарига чиқиб кетди ва телефонини уйда қолдирибди, деб қўйишингизни такрор-такрор уқтиради. Қандай қилиб шу пайтда ёлғондан тийилиш мумкин? Онангиз отангизни, отангиз онангизни “овозини ўчиради” ва иккаласи ҳам катта иштиёқ билан болаларига ўгирилишади ҳамда қўлларига кирган нарса билан уларнинг оғизларини ёпишади! Йиллар ўтиб бораверади ва ниҳоят шундай кун келадики, оламдаги энг одобли болангиз тўсатдан сизнинг оғзингизни ёпишга мажбур қилади. Тўсатдан кечаси уйга ётгани келмайди ва эрталаб унинг баҳоналарини эшитиб туриб, сиз унга ишонмайсиз… Лекин нотўғри қиласиз, чунки сиз ўзингиз уни ёлғон сўзлашга ўргатгансиз! Ўзингизга нисбатан чексиз муҳаббат ва дунёдаги бор нарсангизни улар билан баҳам кўриш руҳида тарбиялаш ўрнига, сизлар фарзандларингизни қўрқув ҳамда ёлғон руҳида тарбиялайсиз… Аллоҳ сизларни ўз фарзандларингиз билан, ўз гуноҳларингиз билан имтиҳон қилади. Сиз ўз танишлариннгизни ғийбат қилиб, уларнинг нотинч оилалари, ношукр фарзандлари ва гуноҳлари хақида шундай роҳат билан гапирасизки, Аллоҳ вақт ўтиши билан сизни айнан мана шу гуноҳлар билан имтиҳон қилади!

Сиз фарзандингизни деярли барча нарса учун кечиришга тайёрсиз: тўйгача номусини йўқотиш (шунақаси хам бўлади!), ҳомиладорлик ва абортлар (ўзингиз етаклаб оборасиз), ўғлингизнинг машинасидаги гиёҳванд “кўкат” (қутқарганмиз – биламиз), қотиллик ва зўрлаш (ҳамма ҳам хато қилади, ва умуман олганда, ўша қиз ўзи унга суйкалган!), ўғирлик, ёлғон, пора, институтдан ҳайдалиш, саҳаргача чўзилган ўтиришлар, хоҳлаган нарсага беҳуда пул сарфлашлар (кўпроқ гиёҳванд модда учун) ва ҳатто, сизга қўл кўтаришини ҳамда бақиришини (ўтиш ёши…) ҳам кечирасиз. Сиз буларнинг барига кўз юмишга тайёрсиз, лекин ўғлингизни соқол қўйишига, ёки қизингизни хижоб кийишига, қизингизнинг қора либос кийишига тоқатингиз йўқ! Сизнинг уйингизда-я? Ҳеч қачон! Ҳеч қачон қабул қилмайсиз!

Яъни, яхши томонга ўзгармоқчи бўлган, сизга бошқа ёлғон гапирмасликка, сизни ҳурмат қилишга ва сизни аввал қодир бўлмаган муҳаббат билан севишга аҳд қилган қизингизни кечира олмайсиз... Ваҳоланки у қўлида ҳижоб билан хона ўртасида туриб, сиздан умуман бошқа муносабат кутяпти, сиздан бундай зарбани ҳеч ҳам кутаётгани йўқ…

У нимани ҳам биларди? Кимдир уни бошини айлантирмоқда, ҳойнаҳой, қандайдир оқимга қўшилган бўлса керак (ўзи бундай қарорга келиши ҳеч ҳам мумкин эмас, ахир!). Бу шунчаки вақтинча нарса, бу шунчаки қўрқинчли туш, холос! Менинг қизим – ва бирдан шу аҳвол. Йўўўқ! Бу қандай гап: мен бутунлай гуноҳкорман-у, менинг қизим бирдан тақводор бўлмоқчими? Яъни, бизга энди болаларимиз ақл ўргатадими? Бундан чиқди, биз қирқ йилдан ортиқ залолатда яшабмиз-у, бизнинг ота-оналаримиз, ҳаттоки Қуръонни билган, пиёда ҳажга борган буви ва боболаримиз адашган-у, мана бу менинг турмуш тарзимни ўзгартирмоқчи бўлаётган, ҳамма нарсани остин-устин қилмоқчи бўлаётган, аллақандай тушунарсиз китоблардаги маслаҳатлари билан жонга тегаётган тирранча ҳамма нарсани билармиш-ми?!

Улардан қўрқманг

Сиз ўзингиздан қўрқасиз, жамиятдан қўрқасиз... Аллоҳдан бошқа ҳаммадан қўрқасиз. Ва сизгача бўлганларнинг ҳаммаси ҳам шу нарсалардан қўрққан. Бизнинг давримизда Қуръон оятлари тамаддихоналар ва мусиқа залларида осилиб турибди, ҳар иккитадан биттамизнинг уйимизда Қуръон гўзаллик учун, уйда “барака бўлиши учун” осилиб туради, баъзилар ҳатто Қуръонни янги йил, туғилган кунларга совға қилишгача боришмоқда ва бу борада “ким ўзарга” ҳам мусобақалашмоқда… Одамлар Аллоҳ номи ёзилган тумор ва кулонларни тақиб юришади, бироқ нимани тақиб юрганини билмайдилар, ҳожатхоналарга ҳам бемалол кириб кетаверадилар… Мана шу нарса ҳақиқий риёдир! Бу ҳаммаси риёкорликдан бошқа нарса эмас. Кўпчилик намозини рекорд даражасида тез ўқийди. Ёки, кўпинча, бир намозни вақтида ўқиб, бошқаларини кейинга суришади… ишхонада шароит йўқ (ёки вақт йўқ)… Субҳаналлоҳ! Бу баҳоналар қанчалик ачинарли ва аянчли… Наҳотки сиз, Пайғамбаримиз салаллаху алайҳи васаллам намоз ўқишдан аввал ванна қабул қилиб, қаҳва ичган, деб ўйласангиз? Ёки, совуқ сувда таҳорат қилиш малол келганлиги учун у Зот салаллоҳу алайҳи васаллам иссиқ сув чиқишини кутиб ўтирганми? Наҳотки сиз таҳорат учун бироз сув ва бир қулоч ер топа олмайсиз? Кимдан қўрқасиз? Кимдан ваҳимага тушасиз? Тушлик учун, хўжайин билан бирор қадаҳ сипқориш учун, икки соатлик беъмани лақмалик учун, телефон, компьютерда ўйнаш учун вақтингиз етарли… ҳамма нарсага вақтингиз етади, фақат Аллохдан бошқасига...

Сиз, албатта, Уни эслайсиз, фақат оёғингиз остида ер торайиб, қийинчилик пайдо бўлганда эслайсиз ва “нима учун?!” деб қичқирасиз. Ўйлаб кўринг, наҳотки нима учунлигини тушуниш қийин бўлса?! Сиз Ундан мадад сўрамоқдасиз – ва У сизга ўз мададини ҳақ йўлни англаган, фақат яхшиликка ва Аллоҳ йўлига даъват қилувчи фарзандларингиз кўринишида юбормоқда. У сизга айнан интиқ кутганингиз, соат тун ярмидан ўтган пайтда, фарзандларингиз уйга келмасдан қалбингиз ҳавотир бўлиб турган дақиқаларда сўраганингиз – мададини юбормоқда. У мададини сизга юбормоқда, лекин сизга уни тушуниш ва қабул қилиш жуда қийин келмоқда. Сиз ўзингиз шунчалик узоқ вақт сўраган ва кутган нарсангизни рад этмоқдасиз: сизга аҳвол фақат ёмонлашгандек туюляпти, бироқ, ишонаверинг, бу нарса шундай туюляпти холос, аслида бундай эмас… Қандайдир вақт ўтиши билан сиз яна буни тушунасиз ва ёрдам сўрайсиз, лекин ёрдам кутишиниз энди беҳуда, чунки сиз ёрдамни одамлардан сўрайсиз, биз эса Аллоҳдан сўраймиз. Бизнинг ёрдамчимиз ҳамиша яқиндир. У доимо бизнинг ўтинч ва дуоларимизга жавоб беради, биз ўзимиз ва сизлар учун мағфират сўраймиз, сиз эса биз ва бизни бу йўлга бошлаганларга лаънат сўрайсиз… Бизни бу йўлга Аллоҳ бошлади, шундай экан, ким учун лаънат сўрамоқдасиз?!

Биз сизларни севамиз

Биз сизлардан қўрқмаймиз, бизда сизга нисбатан қўрқувдан кўра буюкроқ ҳис бор… Бизда сизларга бўлган муҳаббат, Аллоҳ йўлидаги муҳаббат, демакки, айнан буюк ва ҳақиқий, бизга ваъда қилинган ўша ҳаёт сингари абадий муҳаббат бор. Биз нимаки қилаётган бўлсак, Аллоҳ йўлидаги сизга бўлган муҳаббатимиз туфайли, ўзимиз учун яқин ва энг қадрдон инсонларни қутқариш ниятимиз туфайли қилмоқдамиз... Қиёмат куни чегаранинг у томонида бўлиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлган инсонларга ёрдам бериш учун қилмоқдамиз; ўшанда сизга ҳеч ким, эшитяпсизми, ҳеч ким сизга ёрдам бера олмайди. Унда биз ёрдам қўлини чўза олмаймиз – фақат Аллоҳ ёрдам бера олади. Биз эса, қўлимизни шу ерда, шу дунёда, умид, муҳаббат, эҳтиром ила чўзмоқдамиз. Биз сиз учун ушбу тугаши муқаррар бўлган ҳамда бу тугаш сиз учун қандай ва қаерда эканлиги номаълум бўлган ҳаёт эвазига абадийликни ҳоҳлаймиз. Биз сизга қўлларимизни, ҳудди болалигимизда қўлчаларимизни сизни қўлларингиз тафтини хис қилиш умидида чўзганимизда ушлаганингиздек, қўлингизга оларсиз, деган умидда узатмоқдамиз, бироқ сизлар бизга ҳатто қараб ҳам қўймаяпсиз; атрофга, исталган томонга қараяпсиз, фақат бизга эмас... Сиз бизни ҳимоямизга отланмаяпсиз, сиз сукут сақлаяпсиз, кўз ва қулоқларингизни ёпиб оляпсиз, сизни одатий ҳаёт тарзингизни ўзгартириши мумкин бўлган нарсадан атайин ўзингизни четга оляпсиз, чунки ўзингизни энг аввалдан шунга ишонтириб келгансиз...

Яқинларини Аллоҳ йўлида йўқотганлар, ўз фарзандларини энг аввалдан лаънатлаб, улардан фақат муаммолар кутганлар. Аллоҳ таоло ҳеч кимга мухтож эмас, фарзандлар – сизларнинг мулкингиз эмас, улар Аллоҳникидир ва У сизлар учун қачонлардир сизлардан сизларга қадрли бўлганларни олиб қўяди, бирор ёмон нарсани кўрганда сизларни энди тўхтата олмайдиганларни, ва сизларга тўғри ва ҳақ маслаҳат бера олмай қолганларни сизлардан олиб қўяди... Фақат Аллоҳ ҳузуридагина улар бу дунё ҳаётида сизлардан шунчалик кутганлари – муҳаббат, тушуниш ва қувватлашни топа оладилар. Нима, улар кўп нарса хоҳлашган эдими? Энди-чи, энди нима бўлди? Сиз шунчаки қайғу билан, ва қалбингиз тубида, ҳамма муаммолар тугагаганлигидан енгил тортиш билан хўрсиниб қўясиз. “Энди уйда кераксиз мавзудаги суҳбатлар бўлмайди, энди ҳеч ким менинг одатий ҳаёт тарзимни ўзгартирмайди”… Ва уйингизда ғайритабиий сукунат ҳукмрон бўлиб қолганлигини энди ҳеч ҳам аҳамияти йўқ.

Ким сизни яна шундай Аллоҳ йўлидаги самимий ва ҳақиқий муҳаббат билан сева олади? Сиз шунчалик кучли севганингиз – бу дунё ҳаёти билан ёлғиз қолдингиз; энди ҳеч ким бир-бирингиздан лаззатланишингизга тўсқинлик қила олмайди… Фақат бу лаззатлар тез ўтиб кетгувчидир ва сиз албатта ўзингиз эшитишни истамаган инсон билан сизга оят-белгилар юборган (бироқ сиз уларга кўрларча аҳамият бермаган) Зотнинг ҳузурида учрашасиз...

Биз нигоҳимизни осмонга тикиб, аччиқ-аччиқ йиғлаймиз, Парвардигордан сизни халос этишини, қалбингиздан муҳрни олиб ташлашини ва хали шу ерда эканлигингизда сизга хақни насиб этишини сўраймиз… ҳали кеч бўлмай туриб... Бу энг аччиқ кўз ёшларидир. Энг яқин ва қадрдон инсонларнинг бегонага айланишни ҳохлаган, ва бизни ҳамкасблари, қўшнилари, қариндошлари, маҳалла милиционери, бетайин фолбин, янгиликлар суҳандони ва ҳатто, бундай “диний ишлар нима билан тугашини” биладиган танишининг жонкуяр таниши каби шахсларнинг фикрига алмаштирган инсонлар туфайли тўкилган кўз ёшларидир… Бирор марта ҳам ҳамма саволларнинг жавобини биладиган Зотдан сўрашга уриниб кўрмаган инсонлар туфайли… У Зотдан сўраб кўринглар...

Оят АБДУРАҲМОНОВА
Абу МУСЛИМ таржимаси (2014 йил)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase