close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саудия, Ливан, Туркия: нео-османизм (Yeni Osmanlıcılık) билан хайрлашув

Яқиндагина биз Саудия Арабистони таълим тизими Арабистондаги Усмонлилар ҳукмронлик қилган юз йилликни “Усмонлилар зулми” деб талқин қилиш ниятида эканлиги ҳақида ёзгандик. Мана энди Усмонлилар империяси вайроналарида вужудга келган бошқа бир давлат президентининг баёноти атрофида Усмонлилар тарихий меросини талқин қилиш билан боғлиқ халқаро жанжал авжига олди.

Ливан президенти Мишел Аун Ливан мустақиллигининг юз йиллигига бағишлаб нутқ қилди. Ўз нутқида у, хусусан, қуйидаги сўзларни айтди:
«1516 йилдан 1918 йилгача, тўрт юз икки йил давомида Тоғли Ливан усмонлилар босқини остида яшади. Унинг аҳолиси маълум даражада мустақиллик билан ажралиб турган бўлсада, одамлар қаттиқ азият чекарди».
«Усмонлилар томонидан ливанликларга қарши амалга оширилган давлат террори, айниқса, Биринчи жаҳон уруши вақтида, очарчилик, мажбурий ҳарбий хизмат ва мажбурий меҳнат оқибатида юз минглаб қурбонларга олиб келди, жумладан, дорга осиш ёрдамида исёнкорлик ва озодлик учун кураш руҳини йўқ қилишга уриндилар» - қўшимча қилди Аун.
Қайд этиб ўтамизки, албатта, насроний-маронит сифатида Мишел Аундан унинг ҳукмдори уммат халифаси саналган Усмонлилар империясига катта муҳаббат кутиш мумкин эмасди. Франция мандати остида бўлган Буюк Ливан ташкил қилинишининг ўзини эса ҳақиқий мустақиллик деб аташ қийин. Лекин Ливан каби давлатда президент фақат у борасида миллий муроса бўлган фикрни айтди, холос.
Афсуски, Аун сўзларига кескин жавоб қайтарган турк дипломатлари навбатдаги гал буни яққол тушунмасликни намойиш этдилар.
Туркия ташқи ишлар вазири Мишел Ауннинг Усмонлилар империясига қўйган айбловларини қоралайдиган баёнот маълум қилди.
«Ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлунинг Ливанга ташрифидан кейин атиги бир ҳафта ўтгач қилинган президент Ауннинг бу ўта мувафақиятсиз ва масъулиятсиз баёноти икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларга мос келмайди.
Туркия Республикаси Усмонлилар империясининг мероси эканлиги билан фахрланади. Усмонлилар империяси тарихида “давлат террори” деган тушунча йўқ. Айтилган фикрларга қарамасдан, Усмонлилар даври Яқин Шарқда узоқ муддатли барқарорлик даври билан қайд этилган. Бу даврда турли диний ва ҳар хил тилда сўзлашадиган жамоатлар тинч-тотув яшаган ва бағрикенглик устунлик қилган. Таъсир соҳаларига бўлинган, Биринчи жаҳон урушидан кейин Сайкс-Пикода асос солинган минтақа шундан буён тинчлик нималигини билмади. Ҳамон беқарорлик уйғотаётган муаммолар уруғлари ўша пайтлар сочилган».
Туркия ТИВнинг ушбу баёноти – бир пайтлар истиқболли саналган нео-османизм, яъни Усмонлилар умумий тарихи асосида бирлашув нима сабабдан муваффақиятсизликка учраган деган саволга оддий жавобдир. Анқара ҳанузгача шу ўтмишга бўлган муносабат турлича бўлиши мумкин эканлигини тан олишни истамаяпти, ҳар бир мамлакатдан Усмонлилар даврига  бир хил ҳаяжон билан муносабатда бўлишни талаб қилиш нотўғри ва самарасиздир (тўғрисини айтганда, ҳатто туркларнинг ўзи ҳам бунга турлича муносабатда бўлади).
Ливаннинг мустақилликкача бўлган тарихига кўз югуртириб чиқишнинг ўзи ҳам “узоқ муддат барқарорлик даври” ва турли гуруҳлар ўртасида “бағрикенглик” ҳақидаги фикрлар қанчалик ўринсиз эканлигини тушуниш учун кифоя. Ахир ҳатто Тоғли Ливан мутасаррифати ҳам 1860 йил друзлар томонидан насронийларнинг қирғин қилиниши ва фуқаролар урушининг қонли воқеаларидан кейин ташкил қилинган. Биринчи жаҳон уруши йилларида “ёш турклар” террорини инкор қилиш ҳам маъносиздир, чунки у Ливан ва Сурияда жуда чуқур из қолдирган.
Аслида, изчил ва ҳақиқатда самарали османизм бугунги кунда Ливанда Усмонлилар бошқарувининг яққол кўриниб турадиган муаммоларини инкор қилиш билан шуғулланмасди ва Ливаннинг ички миллий мулоҳазаларни оғриқли қабул қилмаган бўларди. Анқара миллатчилик ва мустамлакачилик даврида Яқин Шарқда бу умумий бало бўлганлигини қайд этиб, Ливан халқини (айниқса, мусулмонлар) Туркия ва собиқ Усмонлилар империяси ҳудудидаги бошқа мамлакатларни ҳақиқатда нималар бирлаштириб туришини қайд этган ҳолда бу муаммоларнинг барчасини тан олиши мумкин бўларди. Бу маънода нафақат дунёвий-миллатчи Туркия Республикаси, балки Ливаннинг ўзи ҳам, унинг ўзига хос диний тузилмаси билан, улкан усмоний меросга эгалигини эслатиш кучлироқ янграган бўларди.
Турк дипломатлари руҳидаги баёнотлар Усмонлилар империяси турк босқинчилари режими бўлган, деб айтадиган шахсларнинг тегирмонига сув қуяди. Туркия Яқин Шарқда, айниқса, собиқ Усмонлилар империяси ҳудудида етакчиликни қўлга киритиши мумкин бўлган кўплаб воситаларга эга. Шундай экан, қандайдир соф миллий мағрурлик учун бу салоҳиятни нари суришнинг нима кераги бор?
Охир-оқибатда, айнан умумий инглиз-саксония илдизлари – тил, ҳуқуқи анъаналар ва ҳ.к. – АҚШ, Британия, Австралия ва Янги Зеландиянинг бирлигига хизмат қилади. АҚШ Британия устидан америка қуролининг ғалаба қозонганлигини нишонлаши ёки Британия Ҳамдўстлиги мамлакатларидан бирида мустақиллик куни ўтган асрларда Британия ёвузликларини ёдга олишларига Лондоннинг оғриқли жавоб бериши учун эҳтиёж йўқ.
Буларнинг барчасини айтиб бўлгач, бу ерда ҳеч нарсани ўзгартириш имкони йўқлигини таъкидламоқчимиз. Турклар учун, Усмонлилар умумий макони ва стратегик чуқурлиги ҳақидаги барча гап-сўзлар билан бирга, Усмонлилар империяси бу миллий Туркиядир, фақат Отатуркгача. Бошқа халқлар учун ҳам. Миллий афсоналардан воз кечиш ёки ушбу афсоналарни умумий империя маконига ўйлаб чиққан ҳолда интеграцияга уларнинг ҳеч бири тайёр эмас. Ҳа, Болқон ва Яқин Шарқнинг алоҳида давлатлари ўртасида яхши муносабатлар бор. Худога шукур. Лекин бу мамлакатларнинг барчаси   уларнинг муносабатлари ўзаро фойдага боғлиқ бўлган ҳамда умумий тарихий илдизлар ва меросга деярли боғлиқ бўлмаган миллий давлатлар бўлиб қолаверади.
Узоқ йиллар давомида шунчалик кўп гапирилган нео-османизм ўлик туғилган бола бўлиб қолаверди. Бу концепцияни яратишга бошқалардан кўра кўпроқ ҳисса қўшган Давутоғлу ҳозирда бу тушунча у билан боғлиқ равишда тасаввур қилинадиган партия сафидан чиқарилиши сабабли бу фақат нео-османизм билан хайрлашиш чуқур рамзини таъкидлайди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase