Рисолатнинг бошида Фиръавн Мусо билан сеҳргарлар ўртасида беллашув ўтказиб натижада ўзи мағлуб бўлади, шарманда бўлади: «Ўша ерда улар мағлуб бўлди ва хор бўлган ҳолларида қайтишди. Сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ташланиб: оламлар Раббисига иймон келтирдик, Мусо ва Ҳоруннинг Раббисига, дедилар».(Aъроф: 119-120.) Фиръавн сеҳргарлардан норози бўлди, балки уларни Мусо билан бирга тил бириктирганликда айиблаб; қаттиқ азоб бериб ўлдирди, номардларча аламини сеҳрдан қайтиб тавба қилганардан олди, ҳа очиқ номардлик қилди. Эрталаб Фиръавн билан куфр келтирган сеҳргарлар, кечка бориб Мусо билан иймон келтириб шаҳид бўлдилар, Аллоҳ буюкдир!
Мана шундан кейин Мусо уларга яна тўққизта илоҳий буюк мўъжизалар кўрсатди, Бани Исроил ҳам бунга шоҳид бўлди: «Дарҳақиқат, Мусога тўққизта очиқ оятлар бердик, албатта, Бани Исроилдан сўранг...».(Исрo: 101) Мусо алайҳиссалом дуо қилди: «Мусо айтди: эй Раббимиз! Сен Фиръавн ва унинг малайларига ҳаёти дунёда зийнат ва мол-мулклар бердинг, эй Раббимиз Ўз йўлингдан адаштириш учундир. Эй Раббимиз!
Уларнинг мол-мулкларига ҳалокат солгин, юракларини қаттиқ қилгин, то азобни кўргунларича иймон келтирмасинлар».(Юнус: 88) Орадан қирқ йил ўтди ва дуолари ижобат бўлди.(Табарий, «Жомеъул баён», 15/187) Аллоҳ таоло – Мусо алайҳиссалом Бани Исроилни Мисрдан қутқариб олиб чиқар экан, уларни қайтариш учун ортидан эргашган Фиръавн ва аскарларини денгизга( Яҳудийларнинг «Чиқиш» китобида келишича Бани Исроил Мисрдан «Бур Рамсес» шаҳаридан чиқиб «Сакут»га борганлар, улар асосан у минтақадан қочишни бошлаган, кейин «Ийтам» ерига келишган. - «Бур Рамсес» Фиръавнинг шаҳари эканини мисрлик олим Маҳмуд Ҳамза 1928 йил кашф қилган.
У шаҳарни қурдириб Мисрда ўзига пойтахт қилмоқчи бўлган экан. - Иврит тилида «Сакут»нинг маъноси «капа ёки соябон», деб келади. Бундан мурод, у ер йўловчи одамлар вақтинча истироҳат олиш учун тўхтайдиган жой бўлганига ишора қилади. Ҳозирда у ер Мисрдаги «Сонул Ҳажар билан Солиҳия» деган ерлар орасидаги минтақа. - «Ийтам» эса Барсумдир, уни Рамсес II бино қилган, уни эса 1883 йил франсуз олими Эдвард Навил топган. У минтақа Тимсоҳ денгизининг ғарбий тарафида Тел ар-Ротобиядадир.) ғарқ қилди: «Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик. Бас, уларга Фиръавн ва унинг қўшини зулм ва душманлик ила эргашди, токи унга (Фиръавнга сувга) ғарқ бўлиш етганида, (Фиръавн) айтди: Аниқ-ки, Бани Исроил иймон келтирган – Ундан бошқа (ҳақ) илоҳ бўлмаган Зотга мен ҳам иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман. (Аллоҳ айтди): Энди-ми?! Илгари осий бўлиб ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку! Бугун, ортингдаги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сени, ўз танангни – аниқ сақлаб қоламиз.
Одамлардан кўпчилиги оятларимиздан шубҳасиз ғофилдирлар, ал- батта».(Юнус: 90-92)
Яъни Фиръавн иймонга етишишдан кеч қолди ва кофир ҳолатда ҳалок бўлди. Бани Исроил мана шу ишларнинг барчасига шоҳид бўлган эди,
аммо: «Уларнинг аксари мўмин бўлмадилар».(Шуъарo: 67).
Улар токи денгизга келгунча таъқиб қилинади ва лекин улар денгизни илоҳий мўъжиза билан кечиб ўтадилар: «Ва сизлар учун денгизни ёриб натижада сизларни қутқардик ва сизлар кўриб турганингизда Фиръавн оиласини ғарқ қилдик». (Бақара: 50). Бани Исроил қайси денгизни кесиб ўтганлиги борасида уламолар ўртасида турли қарашлар бор: Қизил денгиздаги Даҳаб соҳилидан.
Нил дарёсидан.
Тимсоҳ денгизидан.
Бардавил денгизи соҳилларидан.
Ҳар бирининг ўзига яраша далиллари бор, ҳозирча буларга тўхталиб тадқиқ қилиш ниятимиз йўқ, лекин биз учун муҳими Аллоҳ таоло уларни Фиръавн ва унинг лашкаридан қутқариб қайсидир денгиздан олиб ўтган, деб аниқ ишониш лозим. Аммо, воқеъликда тадқиқотлар натижасида кучли исботланган икки сўз бор: Тимсоҳ ва Бардавил денгизидан ўтишган, деган қавл. 1883 йилда Франциялик Эдвард Навил исмли миср изланувчиси – Бани Исроил кесиб ўтган ерни топганлигини даъво қилади, у ер «Тимсоҳ» денгизининг ғарбий тарафидаги «Тел ар-Ротобия» жойидир. Ўрта ер денгизи – яъни Оқ денгизидан келадиган Сувайис оқими-канали ўша денгизнинг шарқий соҳилидан кесиб ўтади, у Сувайис оқимининг бош қисмида келадиган кичик денгизлардан бири ёки уни катта кўл, деб ҳам айтишади.
Мисрлик тарихшунос ва асаршунос д.р. А.Райҳоннинг тадқиқоти эса кучлироқ чиқди, дейди ҳозирги олимлар, у киши айтади: Бани Исроил кесиб ўтган ва Фиръавнлар ғарқ бўлган денгиз – Бардавил денгизида бўлган. Филалогия олимлари Қуръондаги: «ям», (Аъроф: 136. Қасос: 40. Зариёт: 40) калимасига берган маъно буни жуда ҳам қувватлайди, Тавротда ҳам «ям сауф» маъносида сўз зикр қилинган. Ҳозирда у Ўрта ер денгизининг соҳилидаги: Бури Саъйид ва Ариш орасида. «Ям»: арабчада денгиз соҳилидаги тубига инсон ўзи сузиб етолмайдиган даражада чуқур бўлган соҳилни англатади. Мусонинг онасига ҳам Аллоҳ таоло илҳом қилганида шундай сувга чақалоқни тобут- сандиқ ичига солиб оқизмоқни илҳом қилган: «Уни сандиққа солиб «ям-чуқур сувга» ташлагин, бас «ям-чуқур сувлик» уни (Менинг амрим билан) соҳилга чиқарсин». (То-Ҳа: 39). «Ям» маъноси борасида уламолар ихтилоф қилган, кесиб ўтишдаги рожиҳ қавл денгиз маъносига тўғри келади.
Соҳиллари чуқур-чуқур бўлган бундай денгиз Бардавил денгизининг соҳилида бор.
Шунингдек, д.р. А.Райҳон айтади: Бу ҳодиса Синонинг жанубида эмас, шимол тарафида бўлгани кучлироқ.
Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам; Аллоҳ таоло уларни Қуръонда бир «денгиз»дан олиб ўтганини айтган: «Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик, ...». (Аъроф: 138. Юнус: 90). Аллоҳ билгувчироқ.
Умар Шоҳирнинг, хафизаҳуллоҳ
"ФAЛAСТИН ўтмиш ва келажак" китобидан