close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Кашмир

Кашмир (кашмири: कॅशीर, کٔشِیر; догри: कश्मीर; ладакхи: ཀཤམིར; балти: کشمیر; годжри: کشمیر; пунчи/чибхали: کشمیر; Шина: کشمیر; уйғур тилида: كەشمىر ; деванагари: कश्मीर) – Ҳиндистон яриморолининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган баҳсли ҳудуд, Ҳимолайдаги собиқ князлик. Кашмирнинг бўлиниши чегаралар ҳақида расмий битимлар билан белгилаб қўйилмаган, минтақанинг ўзи эса уни эгаллаб турган мамлакатлар, биринчи навбатда, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кескинлик ўчоғи ҳисобланади.

Кашмир шимолда Афғонистон билан, шарқда Хитойнинг Шинжон-Уйғур ва Тибет автоном туманлари билан, жанубда Ҳиндистоннинг Химачал-Прадеш ва Панжоб штатлари билан ҳамда ғарбда Покистон билан чегарадош.

Бугунги кунда Кашмир қуйидаги қисмларга бўлинган: Ҳиндистоннинг умумий майдони 101 387 км² ва аҳолиси 10,1 миллион кишини ташкил қиладиган Жамму ва Кашмир штати (жумладан, Ладакх провинцияси); ўзини-ўзи эълон қилинган ва тан олинмаган, майдони 13 000 км² ва аҳолиси 3,6 миллион кишини ташкил қиладиган, Покистон томонидан назорат қилинадиган Озод Кашмир давлати; майдони 72 500 км² ва аҳолиси бир миллион кишини ташкил қиладиган, Покистон томонидан назорат қилинадиган Гилгит-Балтистон («шимолий ҳудудлар»); майдони 37 555 км² ва аҳолиси бир неча минг кишини ташкил қиладиган, Хитой Халқ Республикаси юрисдикцияси остида бўлган ҳудуд. Кашмирнинг умумий майдони - 222 236 км².

Этимологияси
«Ниламата Пурана»да айтилишича, Кашмир номи का kа «сув» ва शिमिरि śimiri «қуритиш» сўзларидан келиб чиқади ва «Қуритилган сув» маъносини англатади. Бошқа бир назарияга кўра, Кашмир Кашьяпа-мир (Кашьяпмир ёки Кашьяпмеру) сўзининг қисқартмаси бўлиб, «Кашьяпа денгизи» ва «Кашьяпа тоғи» маъносини англатади. Афсоналарга кўра, донишманд Кашьяпа ҳозирги Кашмир водийси ўрнидаги Сатисар кўлини қуритган. Водийнинг ўзи Уманинг тимсоли ҳисобланади. Ниламата Пурана маълум қилишича, Каашмира номи ҳозирги Кашмир номидан олдин фойдаланилган. Лекин шунга қарамай, кашмирликлар оғзаки нутқда Кёшир дейдилар, бу Каашмир сўзидан фонетик қисқартма бўлиб, Аурель Стейн Раджатарангини тарихий Кашмир Хроникаси нашрига кириш сўзида шундай ёзган.
Калхана томонидан XII асрда ёзилган «Раджатарангини» тарихий Кашмир Хроникасида айтилишича, Кашмир водийси ўрнида бир пайтлар кўл бўлган. У Брахманинг ўғли Миричи ўғли буюк донишманд (риши) Кашьяпа томонидан қуритилган. Риши Барамулла (Вараха-мула) тоғларида тоғ йўлини кесиб ўтган.
Инглиз тилида Cashmere деб ёзиш қабул қилинган – Каашмирдан калька (лекин Кашмир — Kashmir).

Тарихи
Кашмирнинг тарихи олд Ҳимолайнинг баланд тоғларида жойлашган Сринагар қадимий савдо шаҳрига бориб тақалади. Ўзининг узоқ ва ўзгаришларга бой тарихида шаҳар Узоқ Шарқ, Ўрта Осиё, Яқин Шарқ ва Жануий Осиё ўртасида карвон йўллари (жумладан, Буюк Ипак йўли) кесишадиган жой бўлган. Кашмирнинг шимолида асосан ислом тарафдорлари яшаган, жанубда - индуистлар, шарқда эса - буддистлар. Бироқ умуман олганда, диний мазҳаблар ўзаро муносабатларда муросага келиш ва умумий айнан ўхшашлик ишлаб чиқишга эришган деб ҳисобланади.
1846 ва 1947 йиллар оралиғида Кашмир Британия мустамлакачи маъмурияти расман ҳинду рожалари, этник дограларга сотиб юборган йирик ярим мустақил давлат бўлган. 1949 йил Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий низолар оқибатида Кашмир улар ўртасида тахминан тенг бўлиб олинган ва ҳозирги кунгача шундай бўлиб келмоқда. Штат атрофидаги низоли вазият 1965 йил Ҳиндистон-Покистон урушига ва 1999 йил Каргил низосига олиб келди.

Кашмирда буддизм ва индуизм
Император-буддист Маурья Ашок афсоналарга кўра, Кашмирнинг қадимий пойтахти Шринагарига асос солган, ҳозир бу замонавий Сринагар чеккасидаги вайроналардир. Кашмир Ҳиндистонда узоқ вақт буддизм таянчи бўлиб келган.
Буддистлар манбаларига кўра, Кашмирда Сарвастивада устунлик қилган. Шарқий ва Марказий Осиё буддист роҳиблари ўзларининг Кашмирга ташрифларини таърифлаганлар. 4-асрнинг охирларида кучанлик машҳур роҳиб Кумараджива, зодагон ҳинд оиласида туғилган шахс, Бандхадатта раҳбарлиги остида Кашмирда Диркхагма ва Мадхьягамани ўрганган. У буюк таржимон бўлган ва унинг асарлари туфайли буддизм Хитойда кенг тарқалди. Унинг онаси Джива, афтидан, Кашмирда ёлғиз ҳаёт кечирган. Буддист роҳиб-сарвастивадин Вималакша Кашмирдан Кучуга саёҳат қилган ва кейинчалик Кумараджива Винайяпитакага сабоқ берган.
Шанкара VIII аср охири ёки IX аср бошида Кашмирдаги Sarvajñapīṭha IAST (Шарада Питх) ибодатхонасига ташриф буюрди. Мадхавия Шанкаравиджаям қарори билан ушбу ибодатхона дунёнинг тўрт тарафидан олимлар учун очиқ бўлган. Жанубий эшик (жанубий Ҳиндистонга қаратилган эшик) ҳеч қачон очилмаган ва Жанубий Ҳиндистонлик биронта олим Сарваджна Питхага кирмаслиги ёзиб қўйилган. Ади Шанкара жанубий эшикни очди ва очиқ мунозараларда Миманса, Веданта ва ҳинд фалсафасининг бошқа тармоқлари мактабларининг барча файласуфлари устидан ғолиб чиқди; Шанкара учун ибодатхонада Фавқулодда Донишмандлик Тахтини ўрнатди.
Абхинавагупта (950-1020 йиллар) энг буюк ҳинд файласуф, сўфий ва эстетикларидан бири бўлган. У, шунингдек, мусиқачи, шоир, драматург, муқаддас матнлар шарҳчиси, илоҳиётшунос ва мантиқчи – ҳинд маданиятига улкан таъсир кўрсатган, ҳар томонлама ривожланган одам бўлган.
У Кашмирда олимлар ва сўфийлар оиласида туғилган ва ўша пайтлар мавжуд бўлган барча фалсафа ва санъат мактабларини 15 (ёки ундан ортиқ) устоз ва Гуру раҳбарлиги остида ўрганган. Узоқ ҳаётида давомида у 35 дан ортиқ асар ёзган, уларнинг орасида энг машҳури Тантралока, Трика ва Каула фалсафий ва амалий жиҳатлари ҳақида энциклопедик рисола ҳисобланади (ҳозир Кашмир шиваизми дейилади). Дунинг фалсафа ва эстетика бўйича бошқа бир асари қадимий донишманд Бхарат Муни қаламига мансуб Nāṭyaśāstra асарига шарҳ бўлган Абхинавабхарати (Abhinavabhāratī) деб аталган.

Хитой билан алоқалар
Эрамиздан аввалги II-I асрларда Кашмир ва унга туташ ерларга Хитой императори Хань У-ди ва унинг ворислари элчилари кириб келди. Хитойликлар ҳозирги Кашмир ҳудудига мос келадиган Цзибиньго (罽賓國) ерларига таъриф қолдирган. Юэчжи тор-мор бўлиши ва миграциясидан сўнг сай қабиласи (塞), саклар томонидан забт этилган. Босқинчилар тез орада бир нечта, баъзилари мустақил бўлган князликларга парчаланиб кетди. Ерлари текис, иқлими юмшоқ. Беда, бегона ўтлар, турли дарахтлар, сандал дарахти, тухумсимон катальпа, бамбук, лок дарахти ва бошқалар ўсади. Деҳқончилик ва боғдорчилик ривожланган, гўнг сочишдан кенг фойдаланилади. Тупроқнинг юқори қатламида намлик кўп, бу эса шоли етиштиришга имкон беради. Ҳатто қишда ҳам янги сабзавотлар истеъмол қилинади. Чорвадорлик: сигирлар, ҳинд буйволлари, филлар, катта итлар, «аждарҳо» зотли отлар (龍種馬), мартишка, товуслар боқилади. Марварид, маржон, қаҳрабо, яшма, мармар, олтин қазиб олинади, шиша ҳам бор. Ҳунармандчилик ривожланган: ёғоч ўймакорлиги, саройлар қурилиши, ипак ва жун матолар гуллаб-яшнаган, яхши таомлар тайёрланади. Тилла, кумуш, мис ва қалай идишлар бор. Бозорлар ишлаб турибди. Олтин ва кумуш тангалар бор: олд томонида – чавандоз, орқа томонида – шоҳнинг юзи.
Бостириб кириш бўйича дастлабки режаларни Хань масофа узоқлиги ва аҳолиси сони кўплиги сабабли рад қилади. Подшоҳ Утолао (烏頭勞) бир неча марта хитойлик элчиларни ўлдирган. Унинг вориси Дай (代) Императорга совғалар жўнатган. Хитойлик офицер жўнатилган, ван уни ҳалок этишга қарор қилган. Офицер шаҳзода Иньмофу (陰末赴) билан тил топишган ва шоҳни ўлдирган. Кейинчалик Чжао Дэ (趙德) жўнатилган, лекин Иньмофу уни занжирбанд қилган, элчихона аъзоларининг бир қисмини эса қатл қилдирган. Шундан кейин у императорга узр сўраб нома жўнатган. Муносабатлар узилган. Чэн-ди даврида алоқаларни тиклаш муҳокама қилинган, лекин Ван Фэн (王鳳) цзибинь ва узоқдаги ерлар билан алоқа қилиш истиқболсиз эканлиги исботланган маъруза тақдим этган.
Тан даврида (дипломатик алоқалар расман фақат 713 йил ўрнатилган) буддизм тарқалган. Ҳукумат тепасида Синне (馨孽) сулоласи бўлган. Пойтахт Минаси (彌那悉) дарёси бўйидаги Болоулобуло (撥邏勿邏布邏) шаҳрида жойлашган. Тан тарихчиларига бир пайтлар ҳозирги Кашмир ҳудудини эгаллаган кўлда яшаган аждарҳо ҳақида афсона маълум. 720 йил Тан Чженьтоло Мили (真陀羅秘利) исмли маҳаллий рожани тан олди. Ундан кейин тожа Тяньму (天木) ва унинг укаси Мудоби (木多筆) айтилган. Буларнинг кейингиси Тан саройига элчи Улидони (物理多) жўнатди ва Тан ҳукуматига Тибетга қарши биргаликда ҳаракат қилишни таклиф этди, Тан ҳукумати Балтистонга қўшин юборадиган бўлса, Кашмир 200 000 кишини озиқ-овқат билан таъминлаши мумкин эди. Кейинчалик, гарчи кичикроқ ҳажмда бўлса ҳам, экспедиция амалга оширилди.

Мусулмонлар ҳукмронлиги
Кашмир ҳиндулар ва мусулмонлар нисбатан уйғунликда яшаган; сўфий-исломий турмуш тарзи Кашмирда тарқалган пайтдан бошлаб у Кашмир пандитлари Риши анъаналари билан яқинлашган. Бу эса шунга олиб келганки, Кашмирда маданият синкретик (қоришиқ ҳолатда) бўлиб, мусулмонлар ва ҳиндулар кўпинча бир хил зиёратгоҳларга боради ва бир хил ибодатхоналарда ибодат қилишади. Машҳур авлиё сўфий Булбул Шоҳ Қашғар князи бўлган Ринчан Шоҳни исломга киритган. Сўфийлик тариқатидаги ислом карвон йўллари бўйлаб Кашмирдан Қорақурум тоғ тизмаси, Ладакх орқали Уйғуристонга тарқалган. Ринчан Шоҳ ҳумронлик қилган даврда Кашмир мусулмонлари, ҳиндулари ва буддистлари тинч яшаганлар. Лекин вақт ўтиши билан сўфийлар таъсри пасая бошлади ва мусулмон князлари Қуръонга амал қилган ҳолда бошқара бошладилар.
XIV аср бошларида Дулуча ваҳший мўғуллари Кашмирга шимол томондан, Зожил довони орқали бостириб кирди, уларнинг сони 60 минг кишидан кўп эди. Худди Темур Панжоб ва Деҳлидан ўтгани каби, Дулуча ҳам қўлида қилич ва олов билан шаҳарлар ва қишлоқларни вайрон қилди ва минглаб маҳаллий аҳолини қириб ташлади. У Кашмирдаги ҳиндулар бошқарувини йўқ қилди. Рожа Шахадев Кашмирни бошқара бошлади. Унинг бошқаруви даврида уч киши – Афғонистон билан чегарада Сват водийси қабилалари етакчиси Шах Мир, Ладакдан Ринчен ва дардлар Гилгитидан Ланкар Чак Кашмир сиёсатига кучли таъсир кўрсата бошлади. Улар Шахадевга нисбатан джагирлар ҳисобланарди. Шахадевдан кейин уч йил давомида Ринчен Кашмирни бошқарди.
Кейинчалик Шамсиддин Шахмир Свати Кашмирнинг биринчи мусулмон ҳукмдори ва Шах-Мири (Свати) сулоласининг асосчиси бўлди. Келиб чиқиши Сват водийсидан бўлган, Раджатарангинида Сахамера деб аталган Джонараджа Кашмир сиёсатида муҳим роль ўйнаган. Шахмир уч йил ҳукмронлик қилган ва 1339 йил Свати сулоласини эълон қилган.
Шахмир ўрнини эгаллаган Жамшид бир неча ойдан кейин укаси, Аловиддин номи остида ҳукмронлик қилишни бошлаган Али Шер томонидан ағдарилган.
Кашмирлик айрим ҳукмдорлар, масалан, шунчаки Баадшах («шоҳ») деб аталган Зайнобиддин (1423-1474) ва Акбар I Буюк турли дин ва эътиқодларга бағрикенглик билан муносабатда бўлган. Лекин барибир, айрим ҳукмдорлар, чунончи, Султон Сикандер Бут-Шикан кашмирлик (1389-1413) муросасизлик намойиш этган. Тарих-и-Фиришатада айтилишича, Сикандер кашмирлик ҳиндуларни таъқиб қилган ва мусулмон бўлмаган барчанинг Кашмирга киришини тақиқлаб қўйган. У «олтин ва кумуш бутларни» қайтадан эритишга буйруқ берган. «Кўплаб Брахманлар ўзга динни қабул қилгандан кўра ўзини заҳарлашни афзал кўрди; бошқалар туғилиб усган уйларини тарк этди, кўпчилик қочиб кетди. Улар кетганидан сўнг Сикандер Кашмир ибодатхоналарини бузишга буйруқ берди. ҳиндулар тасвирларини бузар экан, у «Бутларни вайрон қилувчи» номини олди».
Горас Вильсон томонидан чоп этилган Раджатарангини шоҳлар метрик хроникаси кенг маънода «Тарих» деб аталган. Бу хроника ҳақида 1588 йил айтиб ўтилган, Акбар қўшинлари Кашмирга бостириб кирганда хроника нусхаси императорга ҳадя этилган. Ҳукмдор уни санскритдан форс тилига таржима қилишни буюрган. Хроникани Абул Фазлом Айн-и-Акбарийда қисқача қайта ҳикоя қилган. Раджатарангини 12-аср ўрталарида Калхана деб ёзилган. Унинг 6 та китобдаги хроникаси ҳозирда йўқотилган манбаларга асосланган.
Раджатарангини Кашмирнинг тўртта хроникасидан биринчиси бўлган. Раджатарангини энг қадимги замонлардан тортиб Санграм Девгача (1003-1028) бўлган ҳукмдорларни таърифлайди. Иккинчи асар, Джонараджа, Калхана хроникасини такрорлайди ва Зайнобиддингача (1412й) ҳикоя қилади. П. Шривара хроникага Фах Шахни 1486 йил қўшган. Тўртинчи асар, Раджавалипатака, Праджня Бхатта, 1588 йил Кашмир император Акбарнинг Мўғуллар давлатига кириши билан якунлайди.

Сикхлар бошқаруви ва князлиги
XIX аср ўрталарига келиб, Дурронийлар империяси назоратидан чиқиб, тўрт аср давом этган мўғуллар ва афғонлар ҳукмронлиги тугагач, Кашмир сикхлар томонидан босиб олинди. Аввалроқ, 1780 йил, Жамму рожаси Ранджит Деонинг ўлимидан сўнг Жамму князлиги (Кашмир водийсидан жануброқда) сикхлар Ранджит Сингх Лахорий томонидан босиб олинди ва 1846 йилга келиб Кашмир сикхлар ҳокимияти олдида бош эгди. Ранджит Деонинг жияни Гулоб Сингх, кейинчалик Ранджит Сингхда хизмат қилган бўлиб, 1819 йил сикхлар бостириб киришида ўзини кўрсатган ва 1820 йил Жамму губернатори этиб тайинланган. Офицерларидан бири, Зоравал Сингх ёрдамида Гулоб Сингх Ладакх ва Балтистонни ўзига бўйсундирди.
1845 йил Биринчи инглиз-сикх уруши мувозанатни йўққа чиқарди ва Гулоб Сингх «Собраон жангигача четда қолди (1846), бундан кейин у сэр Генри Лоренснинг маслаҳатчиси ва ишончли вакили бўлди. Иккита шартнома имзоланиб, улардан бирига кўра Лаҳор давлати (яъни Ғарбий Панжоб) Британияга ўтди, иккинчи шартномага кўра Ҳинддан шарқдаги ва Равидан ғарбдаги барча паст-баланд ва тоғ минтақалари (яъни Кашмир) Гулоб Сингхга ўтди». Гулоб Сингх 1857 йил вафот этди ва унинг ўғли, Ранбир Сингх, Хунза, Гилгит ва Нагар князликларини қўшиб олди.
Жамму ва Кашмир князлиги (у пайтлар шундай деб аталарди) 1820 йил билан 1858 йил оралиғида ташкил топган ва «таркибда бироз сунъий ва ривожланмаган алоқаларга эга бўлган, бу қисман келиб чиқишнинг турлича эканлиги ва қисман империя даврида бошидан кечирган автократик бошқарув натижаси бўлган». У турли минтақалар, динлар ва халқларни бирлаштирарди: шарқда Ладакх – этник ва маданий тибет ва буддистлар яшаган; жанубда Жамму – ҳиндулар, мусулмонлар ва сикхлар аралашмаси; аҳоли зич яшайдиган Кашмир водийсида эса кўпчилик суннийлар бўлган, гарчи ҳиндулар озчилиги, яъни Кашмири брахманлар ёки пандитлар ҳам мавжуд бўлсада; шимоли-шарқда кам сонли Балтистон аҳолиси ладакхликларга қариндош бўлган, лекин шиа ҳисобланишган; шимолда аҳоли сони кам бўлган Гилгит, асосан шиалар яшаган; ғарбда эса мусулмон Пунчи, лекин этник жиҳатдан Кашмирдан фарқ қилган. Кашмир Британия тарафида бўлган ва Британия бошқарувига берилган 1857 йилги Сипоҳилар қўзғолонидан кейин Кашмир «Тож»га берилган.

1947-1948 йиллар
Рамбир Сингхнинг набираси Хари Сингх 1925 йил Кашмир тахтини мерос қилиб олди ва 1947 Британия Ҳиндистони бўлинишида мустақил монархга айланди. Князликлар ҳукмдорлари Ҳиндистон ёки Покистонга қўшилиш ёки мустақил бўлиб қолаверишни ўзлари танлаши белгилаб қўйилди. Кашмирда мусулмонлар 77%ни ташкил қиларди, лекин ички вилоятларда ҳам мусулмон бўлмаганлар кам эмасди, бунинг устига, Кашмир Ҳиндистон ва Покистон ўртасида жойлашган. Британияликлар кетганидан сўнг, 14/15 августда махараджа Покистонни танлаши кутилганди. Лекин у бундай қилишни рад этгач, пуштунлар Кашмирга кириб бордилар ва унинг ҳукмдорига босим кўрсатиш мақсадида партизанлар урушини бошладилар. Шунда махараджа Маунтбеттендан ёрдам сўраб мурожаат қилди ва генерал-губернатор Кашмирни Ҳиндистонга қўшиб олиш шарти билан розилик билдирди. Махараджа қўшилиш ҳақида Далолатномани имзолади, «Ҳинд аскарлари Кашмирга кирди ва кичик бир қисмни истисно қилганда, уни барча покистонлик ҳарбий гуруҳлардан тозалади. БМТ ўз воситачилигини таклиф қилди. БМТ қарори билан Ҳиндистонга Кашмирда референдум ўтказиш тавсия қилинди, лекин Кашмир Покистон партизанларидан тўлиқ тозаланмаганлиги баҳонасида Ҳиндистон буни рад қилди».
1948 йилнинг охирида БМТ томонлар ўртасида ўқ отишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди; лекин шунга қарамай плебисцит (умумхалқ овозига қўйиш) барибир ўтказилмади, Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари ёмонлашди, бу эса 1965 ва 1999 йилда яна иккита урушга олиб келди. Ҳиндистон собиқ князликнинг тахминан ярмини назорат қиларди; Покистон минтақанинг 1/3 қисмини, Гилгит-Балтистон ва Озод Кашмирни назорат қилади. «Британника» энциклопедиясига мувофиқ, «Гарчи Кашмирда 1947 йил мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилган ва географик ҳолати, маданияти ва иқтисодиёти бўйича Панжобга яқин эканлиги яққол кўриниб турган бўлсада, сиёсий ўзгаришлар Кашмирни бўлиб олишга олиб келди. Покистонга мусулмонлар яшайдиган бўлса-да, аҳолиси кам ва иқтисодий жиҳатдан ривожланмаган ҳудуд эди. Мусулмонларнинг катта гуруҳлари Ҳиндистон назорати остидаги ҳудудда қолиб кетди, бу ерда улар аҳолининг ярмига яқинини ташкил қилади, Ҳиндистон Желама водийсидаги йўлларни ёпиб қўйганидан бери улар Покистондан узилиб қолган».
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1948 йил 20 январда махсус тинчлик ўрнатиш комиссияси ташкил қилиш учун 39-сонли Резолюция қабул қилди. Комиссия иш якунлари бўйича 1948 йил 21 апрелда қабул қилинган 47-сонли Резолюция Покистон армияси Жамму ва Кашмирдан чекиниши ва минтақа тақдирини ҳал қиладиган плебисцит зарурлигини белгилаб берди. Бироқ то Покистон Озод Кашмир оккупациясидан воз кечмас экан, референдум бўлиши мумкин эмас, демак, резолюция ҳам ёрдам бермайди.

1948 йилдан кейин
1949 йилнинг 1 январига келиб, жанговар ҳаракатлар тўхтатилди, август ойида эса БМТ раҳбарлигида Кашмирни икки қисмга – мос равишда, Ҳиндистон ва Покистон назорати остида бўлган қисмларга ажратган ўқ отишни тўхтатиш Линияси ўтказилди. Покистон назоратига 77,5 тыс. км² - князликнинг қарийб ярми берилди.
Шу аснода Жамму ва Кашмирда сайловлар мусулмонлар етакчиси Шайх Абдуллоҳнинг сайланишига ва унинг Миллий конференция партияси ғолиб чиқишига олиб келди. Абдуллоҳ умуман олганда, Ҳиндистонни қўллаб-қувватларди. Таъсис мажлисига сайлов Сринагарда 1951 йил 31 октябрга белгиланди. Шунда Таъсис мажлиси 1954 йил 6 февралдаги Ҳиндистон иттифоқига қўшилиш ҳақида Битимни ратификация қилди ва Ҳиндистон Президенти давлат ҳудудини кенгайтиришга имкон берадиган Конституциянинг 370-моддасига мувофиқ Конституцияга қўшимча киритди (Жамму ва Кашмир ҳақида илова). Штат конституцияси 1957 йил 26 январдан кучга кирди, худди шу йили штатнинг Қонун чиқарувчи мажлисига сайловлар ўтказилди. Конституция шунингдек, штатнинг Ҳиндистонга қўшилишини тасдиқлади.
Покистон назорати остида бўлган Кашмир ҳудудидан ерларнинг катта қисми пойтахти Гилгит шаҳри бўлган алоҳида шимолий ҳудудлар Агентлиги ажратилди, Озод Кашмир таркибида эса Ўқ отишни тўхтатиш линияси бўйлаб атиги 2169 км² ингичка полоса қолдирилди. Музаффаробод шаҳарчаси Озод Кашмир ҳукумати қароргоҳи деб белгиланди. Озод Кашмир Покистон ҳудуди мақомига эга. Бу «давлат» тузилмаси расман ҳатто ўз қуролли кучларига ҳам эга.
Собиқ князликнинг шарқий қисми чегара келишмовчиликлари мавзусига айланди. XIX аср охири ва XX аср бошларида, гарчи Британия империяси, Афғонистон ва Россия ўртасида Кашмирнинг шимолий чегаралари бўйича маълум бир битимлар мавжуд бўлса-да, Хитой бу битимларга қўшилмади ва унинг бу борадаги позицияси ўзгармасдан келмоқда. 50-йиллар ўрталарига келиб, ХХР армияси Ладакнинг шимолий-шарқий ҳудудларини эгаллаб олди.
 «1956-1957 йилларда улар Шинжон ва ғарбий Тибетдан ҳарбий техника ва ҳарбийларни олиб ўтиш учун Аксай-Чин йўлини ўтказдилар. Ҳиндистон бу ҳақида жуда кеч хабар топди ва 1962 йилнинг октябрида Хитой-Ҳиндистон чегара уруши бошланди».
1962 йилги Хитой-Ҳиндистон урушидан кейин Покистон раҳбарияти ХХР билан Кашмир чегараларини демаркация қилиш ҳақида музокаралар бошлади. 1963 йил, Покистон-Хитой чегара битими имзолангнач, ҳиндистонликлар фикрига кўра, қонунан Ҳиндистонга тегишли бўлган ернинг бир қисми Хитойга ўтиб қолди (Хитой Аксай-Чинни босиб олганидан кейин, 1950-йиллар бошларида Кашмирнинг яна бир қисми).
Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остида бўлган қисмида қўзғолон кутаришга уринган Покистоннинг махфий операцияси туфайли 1965 йил бошланган иккинчи Хитой-Ҳиндистон уруши вақтида жанговар ҳаракатлар Кашмир ҳудудида ҳам, ундан ташқарида ҳам борди. Лекин ғолиб аниқланмади ва уруш БМТ аралашганидан кейин дуранг билан тугади.
1971 йил чинчи, энг йирик Хитой-Ҳиндистон уруши бўлиб ўтди. Бу уруш Покистон қўшинларининг Шарқий Покистонда таслим бўлиши, Покистоннинг бу ҳудуддан чекиниши ва бу ерда мустақил Бангладеш давлатининг эълон қилиниши билан тугалланди. Жанглар Кашмирда ҳам бўлиб ўтди, гарчи у ерда томонларнинг биронтаси ҳал қилувчи муваффақиятга эришмаган бўлса ҳам. 1972 йилнинг ёзида Ҳиндистоннинг Симла шаҳриа икки давлат раҳбари сулҳ битими имзоладилар, унга кўра томонлар барча баҳсли масалаларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш мажбуриятини олдилар. Битимга кўра, Кашмирда Назорат Линияси белгиланди, у 1949 йилги Ўқ отишни тўхтатиш Линияси билан деярли мос келди.
1980-йилар охирларида ижтимоий-иқтисодий таназзул шароитларида Жамму ва Кашмирдаги вазият кескин таранглашди. У ерда Исломий шиорлар остида "Ҳиндистон томонидан ишғол қилинган Кашмир эркинлиги"ни талаб қиладиган бир неча террористик ташкилотларнинг фаолияти кескин равишда кучайди. Ушбу интилишлар қурол-яроғ етказиб беришни бошлаган ва уларни ўз ҳудудида тайёрлаш учун лагер билан таъминлаган Покистон раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди. Террористик гуруҳларнинг ҳаракатларида афғонистонлик мужоҳидлар кенг кўламда иштирок этишди.
Покистондан жўнатилган жангариларнинг қўпорувчилик ҳаракатлари билан бир қаторда, Ҳиндистон ва Покистоннинг мунтазам қўшинлари ўртасида 1984-1987-йилларда Хитой ҳудуди яқинидаги Сячэн тоғ музликларида назорат Линиясида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Назорат Линияси бу музликдан ўтмайди (1949 йилги келишувга биноан, Ўқ отишни тўхтатиш линияси "музликларгача" ўрнатилиши керак эди), шунинг учун у аслида ноаниқ мақомга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.
1987 йилдан 2001 йилгача Кашмирда деярли бир кун йўқ эди-ки, томонларнинг бири, кўпинча артиллерия қўллаган ёки жангариларнинг қуролли ҳужумларидан фойдаланган ҳолда ўқ отишларсиз ўтган бўлса. 1990 йил Жамму ва Кашмирдаги жангарилар фаолиятининг кескин ўсиши муносабати билан тўғридан-тўғри президентлик бошқаруви жорий этилди ва штатга 20 та дивизиягача Ҳиндистон қўшинлари киритилди. 2001 йилга келиб, жангарилар ва террористик ҳаракатлар билан деярли узлуксиз жанглар натижасида Ҳиндистон 30 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларни ва тинч аҳолини йўқотди (Покистонда камида 70 мингта кашмирлик "ҳинд варварлари қўлидан" ҳалок бўлгани ва Ҳиндистон ҳарбий хизматчиларининг "минглаб" йўқотишлари ҳақида гапирилади). Жамму ва Кашмир Штатларида содир бўлган воқеаларга алоқадорлигини расман инкор этиб, Покистон фақат "Кашмир озодлиги курашчилари"ни маънавий қўллаб-қувватлаши ва бутун Ҳиндистон, хусусан Кашмирда "инсон ҳуқуқлари бузилиши" ва "мусулмонлар зулм кўриши" ҳақида баёнот беради.
1995 йил Ҳиндистон ҳукумати Жамму ва Кашмир штати иқтисодиётини ривожлантиришга катта эътибор қарата бошлади, 1996 йилнинг сентябр ойида биринчи марта штатнинг Қонун чиқарувчи мажлиси бўлиб ўтди. Жангариларнинг ижтимоий базаси заифлаша бошлади, агар илгари жангариларнинг аксариятини маҳаллий аҳоли ташкил қилган бўлса, 1990-йилларнинг охирига келиб, 70% жангарилар покистонликлар ва афғонлар эди.
1999 йилнинг май ойида Кашмирдаги кескинликнинг 1971 йилдан бери мисли кўрилмаган ўсиши бошланди. Покистондан келган минглаб жангарилар беш секторда Назорат линиясини кесиб ўтишди. Ҳиндистон чегара пунктларининг кичик гарнизонларини улоқтириб ташлаб, улар Ҳиндистон томонида бир қатор тактик жиҳатдан муҳим баландликларни назорат остига олиб, мустаҳкам ўрнашиб олдилар. Жангариларни Назорат линияси орқали ўт очган Покистон артиллерияси пана қилиб турди. Шу тариқа Каргил уруши бошланди. Бу можаро ҳиндларнинг ғалабаси билан тугади, чунки улар 1999 йил июл ойининг охирига келиб жангларнинг дастлабки кунларида жангарилар томонидан қўлга киритилган деярли барча ҳудудларни қайтариб олишга муваффақ бўлдилар.
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида жуда юқори кескинлик Каргил жангларидан кейин ҳам сақланиб қолди. 1999 йил 10 августда содир бўлган воқеа янги тўқнашувларга олиб келишига оз қолди. Ўшанда Ҳиндистоннинг иккита МиГ-21 самолёти чегара ҳудудида "Атлантик-2" Покистон патрул самолётини уриб туширган, унинг бутун экипажи - 17 киши ҳалок бўлган. Шундан кейин Ҳиндистоннинг бошқа бир МиГ самолётига Покистон ҳаво ҳужумига қарши ракеталар билан ҳужум қилинди. Ушбу ҳодисанинг барча тафсилотлари ҳозирча аниқланмаган ва томонларнинг ҳар бири уриб туширилган самолётнинг унга тегишли ҳаво майдонида бўлганини даъво қилмоқда.
Гарчи Ҳиндистон 2000 йил ноябридан 2001 йил май ойигача Кашмирдаги исломий жангариларга қарши ҳарбий операцияларда мораторий эълон қилган бўлса-да, 2000 йил февраль ойидан бошлаб, Назорат линиясида тўқнашувлар давом этмоқда. Покистон, шунингдек, Кашмирдаги асосий исломий қуролли гуруҳларидан бири - "Ҳизб-ул-Мужоҳидин" томонидан жанговар ҳаракатларга мораторий эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.
2001 йил май ойида Покистон раҳбари П. Мушарраф Ҳиндистонга ташриф буюриш таклифига жавобан бундай ташрифни амалга оширишга розилик берди. Олий даражадаги бу учрашув ҳеч қандай фойда бермади, чунки томонларнинг биронтаси Кашмир масаласида узоқ вақтдан бери маълум бўлган позициясидан узоқлашишни истамади. Лекин шунга қарамай, учрашув бўлиб ўтганлигининг ўзи олға қараб ташланган қадам бўлди, чунки томонлар бир-бири билан мулоқот қилиш имкониятини тан олди ва тўхтатилган музокаралар жараёнини давом эттириш истагини билдирди.
Бироқ, Назорат линиясида учрашувдан сўнг Каргил инқирози тугаганидан кейин бироз сустлашган икки мамлакатнинг мунтазам қисмлари ўртасида тўқнашувлар давом эттирилди. Октябр ойида Кашмирда бир нечта террористик ҳужумлар содир бўлди ва 13 декабрда Деҳлида Ҳиндистон парламентининг биносига жангарилар гуруҳи ҳужумидан сўнг Ҳиндистон Покистонни террорчиларга ёрдам беришда айблаб, чегарага ва Назорат линиясига қўшинларни шошилинч ташлашга киришди. 2001 йил декабри ва 2002 йил январи иккала давлат ҳам уруш таҳдиди билан дўқ-пўписа сиёсатини юргизди.
2002 йил май ойида Кашмирдаги вазият яна кескинлашди. Ҳиндистон ва Покистон Каргил низосидан кейин мисли кўрилмаган даражада уруш ҳолатига жуда яқин келди. Ҳиндистон қуруқликдаги қўшинларининг тўртдан уч қисми ва Покистон қуруқликдаги қўшинларининг деярли барчаси чегарага тортилди. Вазиятни кўп жиҳатдан жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда, Россия ва АҚШ нинг фаол позицияси туфайли юмшатишга эришилди.
2001 йил охирида Жамму ва Кашмирда тахминан 6-10 мингта қуролли жангарилар ҳаракат қиларди. Қоидага кўра, штатдаги вазиятнинг кескинлашуви баҳорнинг охирига тўғри келади, чунки бу пайтга келиб жангарилар Назорат линиясига кириб борадиган тоғ йўллари қордан тозаланиб қоларди. Улар одатда 3-4 кишилик гуруҳларда кириб келиб, кейин 20-30 кишидан иборат катта гуруҳларга қўшилишарди. Кўпинча йирик тўқнашувларга айланиб кетадиган ҳукумат идоралари, полиция маҳкамалари ва ҳарбий объектларга ҳужум қилиш ҳоллари тез-тез учрайди. Баъзи маълумотларга кўра, Жамму ва Кашмирда 300 мингга яқин Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари (Ҳиндистоннинг барча қуруқлик кучларининг деярли учдан бир қисми), йирик полиция кучлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар жойлаштирилган. Шимолий Кавказдаги вазиятга бағишланган АҚШ ҳарбийлари маърузасида (2012) у ерда содир бўлган воқеалар Кашмир воқеалари билан ўхшашлиги қайд этилган: "бир вақтлар миллатчи ва сепаратист исёнчилар фаолияти жиҳодчи ҳаракатга айланган".
Кашмир тўқнашуви замонавий халқаро муносабатлардаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда ва уни ҳал қилиш жуда мураккаб ва узоқ жараён ҳисобланади.

Ҳозирги ҳолат ва сиёсий бўлиниш
Кашмир ҳудудий келишмовчилиги туфайли уч мамлакат томонидан бўлинган: Покистон шимолий-ғарбий Кашмирни (Гилгит-Балтистон ва Озод Кашмир) назорат қилади, Ҳиндистон Марказ ва Жанубни назорат қилади (Жамму ва Кашмир, жумладан Жамму, Кашмир водийси ва Ладакх), Хитой Халқ Республикаси Шимолий-Шарқий Кашмирни (Аксайчин ва Транс-Қорақурум тракти) назорат қилади. Ҳиндистон Сиаченнинг катта қисмини, шу жумладан Солторо тоғ тизмасини назорат қилади, Покистон эса Солторонинг жануби-ғарбий қисмини назорат қилади. Ҳиндистон баҳсли ҳудудларда 101 338 км2 майдонни назорат қилади, Покистон - 85 846 км2 ва Хитой - 37 555 км2 майдонни.
Жамму ва Озод Кашмир Пир-Панджал тоғ тизмасининг орқасида ётади ва шунга мос равишда Ҳиндистон ва Покистон назорати остида ҳисобланади. Бу аҳоли зич жойлашган ҳудуд. Жаммунинг асосий шаҳарлари: Жамму ва Музаффарабад, Озод Кашмирнинг асосий шаҳарлари: Мирпур, Дадаал ва Равалакот.
Гилгит-Балтистон, аввалги Шимолий Ҳудудлар – Кашмирнинг энг шимолидаги ерлар бўлиб, Қорақурум, Ғарбий Ҳимолай, Помир ва Ҳиндикуш билан чегарадош. Маъмурий маркази Гилгит шаҳрида жойлашган. Гилгит-Балтистон майдони 72 971 км² (28 174 ми²) бўлиб, тахминан 1 000 000 киши яшайди. Вилоятнинг бошқа бир маркази - Скарду.
Кашмир водийси Ҳимолай ва Пир-Панджал тоғ тизмалари оралиғида жойлашган. Бош шаҳри - Сринагар.
Ладакх – шарқдаги минтақа, шимолда Қорақурум тоғ тизмаси ва жанубда Катта Ҳимолай билан чегарадош. Асосий шаҳарлари - Лех ва Каргил. Ладакх эса Ҳиндистон назорати остида бўлиб, Жамму ва Кашмир таркибига киритилган. Аҳолиси жуда кам, асосан тибетликлар ва ҳинд-арийлардан иборат.
Аксайчин шўрхок тупроқли баланд тоғ чўли бўлиб, 5000 метр баландликка етади. Географик жиҳатдан Тибет платосининг бир қисми бўлган Аксайчин сода текислиги деб аталади. Деярли одам яшамайди.
Ҳиндистон ва Покистон Кашмирнинг улар назорат остида бўлган барча ҳудудларига даъвогарлик қилади. Ҳиндистон, шунингдек, 1963 йил Покистон томонидан Хитойга топширилган жойларга, Покистон эса Аксайчин ва трактдан ташқари бутун минтақага даъво қилмоқда. Бир неча ҳудудий тўқнашувлар юз берган. Биринчи Ҳиндистон-Покистон уруши ҳозирги Назорат линиясини ўрнатди. Иккинчи Ҳиндистон-Покистон уруши БМТнинг можарони ҳал қилиш бўйича комиссиясининг ютуқларини йўққа чиқарди.

Аҳолиси
Британия империясининг Ҳиндистондаги қарам ерлари 1901 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Кашмир ва Жамму князлиги аҳолисининг 74,16%и мусулмон деб, 23,72%и ҳинду ва 1,21%и буддистлар деб ёзилган. Ҳиндулар асосан Жаммуда яшайди, бу ерда улар 70%ни ташкил қилади. Кашмир водийсида мусулмонлар 95,6% ва ҳиндулар 3,24 %. Ўтган 100 йил давомида кўрсаткичлар барқарор бўлиб қолаверди. Қирқ йил ўтгач, 1941 йил ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш Кашмир водийсида 93,6% мусулмон ва 4% ҳиндуларни кўрсатди. 2003 йил бу ерда мусулмонлар 95% ва ҳиндулар 4%ни ташкил қилди; худди шу йили Жаммуда бу кўрсаткич 60% ҳиндулар ва 30% мусулмонларни кўрсатди. 1991 йил аҳолини рўйхатга олиш бўйича Кашмир ва Жаммуда 2 905 578 киши яшаган. Шундан 2 154 695 киши мусулмонлар (74,16 %), 689 073 киши – ҳиндулар (23,72 %), 25 828 киши – сикхлар ва 35 047 киши – буддистлар.
Мусулмонлар келиб чиқиши турлича бўлган тўрт қатламга (каста) бўлинади: Шайх, Сайид, Мўғул ва Патан. Шайхлар, асосан, исломни қабул қилган олий каста ҳиндлардан келиб чиқади. Улар крам деб аталадиган клан исмларига эга бўлган…" Машҳур крамлар: «Тантр», «Шайх», «Бхат», «Манту», «Ганай», «Дар», «Дамар», «Лон» ва ҳ.к. Сайидлар дин билан профессионал тарзда шуғулланадиганлар ҳамда ҳунармандлар ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган шахсларга бўлиниши мумкин. Уларнинг крами - «Мир». Сайид исмига, агарда у хизмат қиладиган бўлса, «мир» префикс сифатида қушилади; агар ишлайдиган бўлса – аффикс сифатида. Мўғуллар «Мир» («Мирза»нинг бузиб айтилиши), «Бег», «Банди», «Бач» ва «Ашайе» крамига эга. Ва ниҳоят, маълумки, патан-пуштунлар «мўғуллардан кўра кўп сонли, … пуштунлар вақти-вақти билан кучиб келган водийнинг жануий-ғарбий қисмида яшайди. Тоза пуштуда сўзлашадиган ва қадимий урф-одатларни асраб келадиган Дрангхаихама яқинида яшайдиган Куки-кхел афридлар қизиқиш уйғотади». Кашмирлик мусулмонлар асосий қабилалари деб Буттлар, Дарлар, Лонлар, Джатлар, Гужжарлар, Ражпутлар, Судханлар ва Кхатри айтиб ўтилади. Кам сонли Бутлар, Дарлар ва Лонлар Кхаваджа унвонидан фойдаланади, Кхатри эса Шайх унвонидан, Жатлар Чаудхари унвонидан фойдаланади. Булар келгиндилар эмас, гарчи бу қабилаларнинг айрим оилалари ҳинду бўлиб қолаверган бўлсада, исломни қабул қилган кашмирликлардир.
Ҳиндулар асосан Жаммуда яшайди, бу ерда улар аҳолининг қарийб 60%ини ташкил қилади. Кашмир водисида ҳиндулар «аҳолининг ҳар 10 минг кишига 524 кишини ташкил қилади (яъни 5,24 %), Ладак ва Гилгит билан чегарада вазараттада эса ҳар 10 минг кишига 94 кишини (0,94 %)». 1901 йил аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари бўйича Кашмир водийсида 1157394 киши рўйхатга олинган, шундан мусулмонлар 1 083 766 киши ёки 93,6% ва ҳиндулар 60 641 киши. Жаммуда ҳиндулар 626 177 киши (ёки 90,87 %), энг тарқалган касталар: «Браминлар (186 000), Ражпутлар (167000), Кхаттри (48 000) ва Тхаккарлар (93 000)».
1911 йил аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари кўра Кашмир ва Жаммуда 3158126 киши яшаган. Шундан 2398320 киши (75,94%) мусулмонлар бўлган, 696830 киши (22,06%) ҳиндулар, 31 658 киши (1%) сикхлар ва 36512 киши (1,16%) буддистлар бўлган. 1941 йил аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари бўйича Жамму ва Кашмир аҳолиси 3945000 кишини ташкил қилган. Шундан мусулмонлар 2 997 000 киши (75,97 %), ҳиндулар 808 000 киши (20,48 %) ва сикхлар 55 000 киши (1,39 %).
Сиёсатшунос Александр Эванснинг баҳолашича, 700 минг нафар кашмирлик ҳиндулар ёки брахманлар, Кашмир пандитларидан 100 минг киши веда динига эътиқод қилувчи арий ҳиндулар каби каста тизимига эга бўлмаган (Кашмир кўплаб ҳинд арийлар қабилаларининг ватани деб аталган), улар Жамму ва Кашмирни тарк этган, 300 минг нафар мажбурий кўчирилган кишилар эса мусулмонлар томонидан зўравонликдан қўрқиб, Жамму ва Удхампурда жойлаштирилган. МРБ далиллар китобининг Ҳиндистонга бағишланган бобида 1947 йилдан бошлаб ярим миллионлик ҳинд армияси мавжудлигига қарамай, 300 мингга яқин ҳалок бўлган ва қочиш мажбур бўлган кашмирлик пандитлар ва 35 000 нафар ўғирлаб кетилган ва зўрланган аёллар ҳақида маълумот келтиради.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase