Атеистик мазмунда ёзилган ушбу китоб яқин йиллар ичидаги энг яхши сотиладиган китоблар рўйхатидан жой ол(дирил)ди. Ушбу китобни бутун дунёга тез фурсатларда тарқатилиши учун катта маблағ ва куч жалб этилди. Янги аср авлодининг китобга қизиқиши сусайганлиги боис, китобнинг аудио ва видео қўлланмалари турли тилларда тарқатилди.
Асл мақсад – гомосексуализмнинг ҳимояси ҳамда тарғиботи учун янги давр одамларининг онгига тез таъсир қиладиган, уларнинг диний қадриятларидан воз кечишга мажбур қиладиган янгича восита сифатида ушбу асар танланди. Чунки ушбу асардаги ғоялар кенг қулоч ёйса, одамлар “Худо йўқ”, “динлар бари уйдирма” деган ғояларга ишонтирилса, ўз-ўзидан бир жинслилар ўртасидаги жинсий муносабатлар ҳеч бир жойда таҳдид остида қолмаслиги аниқ эди. Китоб муаллифининг айни ҳозирги кунларда гомосексуалистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида турли жойларда тадбирларда фаол иштирок этиб келаётганлиги ҳам ушбу фикрнинг яққол исботидир. (Исроил, Ерусалим 2019)
Китоб муаллифи Ювал Нуҳ Ҳарари исроиллик ёзувчи. Унинг ўзи ҳам баччавоз (гей) бўлиб, турмуш ўртоғи жаноб Ицик Яхов билан 2002 йилда танишади. Унинг жуфти шунингдек унинг шахсий менежери ҳамдир. Ҳозирги кунда Ҳарари Ерусалимдаги Яҳудий Университетида маърузачи сифатида фаолият юритади. Балки шунчаки тасодифдир, лекин муаллифнинг исми барча самовий динларда Пайғамбар сифатида тилга олинадиган Нуҳ пайғамбарнинг исми билан бир хил. (Массонлар вакили туркиялик Аднан Ўктар ҳам пайғамбарларнинг номидан олиб ўзини “Ҳорун Яҳё” деб номлаган эди.)
Ушбу китоб ўзининг тақризидан-оқ катта нарсага даъво қилиши кўпчиликни диққатини тортади. Яъни китоб сарлавҳасида Жаред Масон Даймонднинг ушбу китоб ҳақидаги “Сапиенс ўтмиш ҳамда замонамизнинг барча саволларига жавоб беради” деган жумласи келтириб ўтилган. Бу эса катта даъво. Янги давр одамларини бундан ортиқ жарангли ва жимжимадор жумла билан ўзига жалб қилишнинг иложи ҳам йўқлигини муаллиф(лар) тушунган эди.
Бу китобнинг муаллифи сифатида бир кишинигина айтиб ўтиш нотўғри. Чунки ушбу китоб катта бир ишчи гуруҳнинг мақсадли режаси асосида ишлаб чиқилганлиги сир эмас (гарчи китобда муаллиф сифатида бир кишининггина номи айтиб ўтилган бўлса-да).
Ҳарари ўз асарида ўқувчиларни гомосексуализмга аста-секинлик билан тайёрлаб бориб, асар якунида асл мақсадини ошкор қилади. Қолаверса, асар давомида ёш болакайларнинг ҳам бир-бирига жинсий мойиллигини нормал ҳолат деб сингдиришга уринади.
Ҳарари ўз асарининг “Одам ва Ҳавво ҳаётидаги бир кун” бобида, бундан 30 минг йиллар олдин ҳам гомосексуализм баъзи жамиятларда нормал ҳолат деб қабул қилинган бўлса, баъзи жамиятларда гуноҳ деб ҳисобланганлигини айтиб ўтади.
Шунингдек Ҳарари ўз асарининг “Эркак ва аёл” (“He and She”) бобида қуйидаги фикрларни айтади: “... Кўплаб замонавий грекларнинг фикрича, эркак ва эркак, аёл ва аёл ўртасидаги жинсий муносабатлар бу маданий жиҳатдан эмас, балки табиий жиҳатдан номақбул нарса. Бироқ Онамиз Табиат эркакларнинг бир-бирларига жинсий муносабатда бўлишларига эътироз билдирмайди. Фақат маълум бир маданиятлардагина баъзи Оналар ўз ўғилларининг қўшни болакай билан жинсий муносабатларини билиб қолса жанжал чиқарган. У оналарнинг норозилиги биологик тақозо эмас. Ниҳоятда кўп сонли маданиятлар гомосексуализмни нафақат қонуний деб, балки бунёдкор куч сифатида кўришган. Греция – бунинг яққол мисоли. Масалан Илиада достонида Тетис ўз ўғли Акиллеснинг Патроклус билан муносабатларига бирор бир эътироз билдирганлиги тилга олинмаган. Қолаверса, қадимги дунёнинг энг кучли ва қудратли аёлларидан бўлмиш Македониялик Қиролича Олимпиа ўз эри Қирол Филиппни ўлдиртирган бўлса-да, бироқ ўғли Буюк Александр ўз севгилиси Ҳефастианни тушлик учун уйига олиб келганда ўғлига эътироз билдирмаган”.
Ҳарари ўз асарида инсониятни чуқур таназзулга юз тутишга сабаб бўлиши мумкин бўлган назарияларни ҳам илгари суради. Унинг фикрича, ниманики қилишни иложи бўлса, демак у табиий ҳолат. Масалан, одам ўлдириш, ўз оила аъзолари билан қўшилиш, одам гўштини ейиш, педофиллик, зоофиллик, барча барча воқеаларни қилиш мумкинми, демак у табиий ҳолат деган назарияни илгари суради.
Жумладан “Эркак ва аёл” бобида шундай фикрларни айтади: “Хўш, унда биологик жиҳатдан нормал ҳолат деб ҳисобланадиган ҳолатларни қандай қилиб инсонлар фақатгина биологик афсоналар орқалигина оқлашга уринадиган нарсалардан фарқлай олишимиз мумкин? Буни билишнинг ягона йўли шундай: “Маданиятлар тақиқлайди, биология эса рухсат беради!” … Биология эркакларга бир-биридан лаззат олишга имкон беради. Маданиятлар эса уларга буни тақиқлайди. Маданиятлар “биз фақат нотабиий нарсаларни тақиқлаймиз" деб даъво қилишади. Ҳолбуки, биологик нуқтаи назардан ҳеч нарса нотабиий эмас. Ниманики қилишни иложи бўлса, демак у табиий. … Масалан, эркакларни фотосинтез жараёнига мажбурлаш, аёлларни ёруғлик тезлигида ҳаракатланишга мажбурлаш, манфий электронларни бир-бирига тортилишга ундаш – бу нотабиий”.
Ушбу асар тарихий ёки илмий асар бўлишдан кўра, кўпроқ сиёсий мақсадларни кўзлаганлиги бугунги кунда сир бўлмай қолди. Ушбу китоб гомосексуализмнинг йирик тарафдорлари, тарғиботчилари томонидан тавсия қилинди, дунё бўйлаб тарқатилди. Муаллифнинг турли давлат раҳбарлари (Франция, Германия, Аргентина, …) билан учрашганлиги, кўплаб машҳур инсонлар томонидан қўллаб-қувватланганлиги (Билл Гейтс, Обама, Сукерберг, …), ушбу китоб ҳақида турли филмлар ишланганлиги, ушбу китоб илмий эмас балки сиёсий мақсадларни кўзлаганлигининг айни исботидир.
Исроиллик ёзувчи Ҳарари ҳозирги кунда бутун дунёда бир жинслиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун дунё аҳлини бирлашишга фаол тарғиб қилиб келмоқда. Ҳарари бир вақтлар дунё яҳудийлари уларни таҳқирловчи қонунлардан озодликка эришганидек, гомосексуалистлар ҳам озодликка эришишлари керак деб ҳисоблайди. Бу борада Саудия Арабистони, Миср, Бруней ва Эрондаги гомосексуализмга қарши қонунларни танқид қилади. Россияни эса гейликни қўллаб-қувватламаганликда айблайди.
Хуллас, ушбу китобнинг қандай мақсад ва тамойилларни илгари суриши сир бўлмай қолди. Энди ушбу асарни ўзбек тилига ўгириб, уни кенг оммага тарғиб қилишдан кўзланган асл мақсад ҳам аён бўла бошлади.
Ҳозирги кунда назаримда ёшларни ўзига эргаштиришнинг антиқа услуби ўйлаб топилгандек: “Тентак бўл, лекин гапга чечан бўл, ҳамма сени олқишлайди. Одамлар нормал ҳолат деб қабул қилмаган нарсани тарғиб қил, сени ўзгача деб ҳисоблашади ва сенга эргашишади. Барча анъаналарни қолоқлик деб эълон қил, сени замонавий деб ҳисоблашади. Жимжимадор, тушунилиши қийин, асл тилидан таржима қилинмаган, илмий атамалардан фойдаланиб жумлалар туз, худди Ҳошимжоннинг “метод” деган сўзига алданиб, ҳосилидан маҳрум бўлган оми халқни алдаш осон бўлганидек, ҳаммани алдай оласан.
Ушбу асар таржимонлари ҳам шундай йўлни танлашган. Ўқувчини онгида ўта илмий ва ҳақиқатга яқин деган тасаввур уйғотиш учун жимжимадор жумлаларни саралаб ишлатишган. Ўқувчини зериктириб қўймаслик учун эса кинояли жумлалардан ҳам фойдаланишган.
Хўш, ушбу асарнинг ижодкорлари, унинг таржимонлари, тарғиботчилари кўзлаган асл мақсад – баччавозликни илмий назариялар воситасида Ўзбекистонда тарғиб қилиб, бора-бора уни қонунийлаштириш амалга ошармикан?
Аллоҳ асрасин!
Ёлқин Муқимов