close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ливан қандай пайдо бўлган

22 ноябр Ливанда энг муҳим миллий байрамлардан бири - мустақиллик куни сифатида нишонланади, бу мамлакатни Ливан ерлари устидан 23 йилдан ортиқ вақт мобайнида француз мандатидан озод қилиш шарафига бағишланган унутилмас сана ҳисобланади.

Замонавий Араб дунёсининг харитасига қарасангиз, баъзи бир чалкашликлар пайдо бўлади: мамлакатлар ўртасидаги сиёсий чегаралар тасодифий, маъносиз ва шунчаки ғалати кўринади. Қаердадир саҳро бўйлаб чизилган тўғри чизиқлар кўринади. Баъзан бу ғалати эгри чизиқлар бўлади. Бу чизиқлар қумда қаердан пайдо бўлган?
Ливан билан боғлиқ ҳолатда, уни қўшни мамлакатлардан ажратиб турадиган чегара нисбатан яқинда пайдо бўлган. 1860 йил минтақадаги икки диний гуруҳи ўртасида фуқаролик уруши Европанинг аралашувига олиб келди, бу эса чегараларни белгилаб, уни тарихий жиҳатдан яқин ҳудудлардан ажратиб қўйди.

Усмонийлар ҳукмронлиги даврида Ливан

1517 йилда Усмонийлар салтанати мамлуклар султонлигидан араб Ғарбий Осиёсининг катта қисмини қўлга киритди. Султон Салим замонавий Сурия, Ливан, Фаластин ва Иордания ҳудудларини битта вилоятга – Шом вилоятига бирлаштиришга қарор қилди (Усмонийлар тилида إيالة شام бу «Сурия вилояти» деган маънони англатади). Вилоят санжак деб аталадиган маъмурий бирликларга бўлинган.
XVII асрдан XIX асргача минтақада маъмурий-сиёсий бўлиниш бир неча марта ўзгарди, бунда замонавий Ливан ҳудудининг турли қисмлари турли вақтларда Дамашқ, Бейрут, Триполи, Қуддусдан бошқариладиган вилоятларга кирган.
Бироқ, Усмонийларнинг ҳукмронлиги одатда шаҳарлар билан чекланган. Ливаннинг тоғли ва қишлоқ хўжалиги ҳудудлари Усмонийлар томонидан маҳаллий друзлар ва насроний жамоаларига ярим мустақил бошқариш учун тақдим этилган, кўпинча бу Маан ёки Шиҳаб оилавий кланлари бўлган.
Усмонийлар даврида кўплаб қишлоқ хўжалиги ҳудудлари маҳаллий бошқарув остида қолган, бунда маҳаллий ҳокимият эса Усмонийлар султонлари учун солиқ йиғиш билан шуғулланган. Ливанда ҳам шундай эди. Гарчи номинал равишда олий ҳокимият Усмонийлар қўлида бўлса-да, маҳаллий оилалар Усмонийлар суверенитетини тан олиш шарти билан ерга деярли мутлақ ҳокимликдан фойдаланганлар.

Насроний-маронитлар ва друзлар

Ливан устидан Усмонийлар бошқарув тизими умуман олганда самарали эди, бироқ XIX асрга келиб, насроний-маронитлар ва друзлар ўртасида низолар кучая бошлади.
Маронитлар черкови Сурия ҳудудида ҳамли мусулмонлар VII асрда истило қилган даврдан олдин ҳам мавжуд бўлган, у Шарқий Католик черковларига мансуб бўлиб, Рим Папасига бўйсунарди. Маронитлар мусулмон ҳукмдорлари 1400 йил давомида амал қилган Исломий бағрикенглик ҳақида яққол далолат беради. Улар ҳар доим диний эркинликларга эга бўлиб, мусулмонлар ҳукумати томонидан таъқиб қилинмаган.
Друзлар – шиаларнинг исмоилийлар мазҳабининг бир тармоғи сифатида вужудга келган бўлиб, XI асрда ниҳоят ажралиб чиққан. Умуман олганда, друзлар таълимотининг кўплаб ғоялари анъанавий исломдан, насронийликдан ва яҳудийликдан ўзлаштирган, аммо друзлар ўзларини алоҳида дин деб ҳисоблашади.
XIX асрнинг 40-йилларида друзлар ва маронитлар ўртасидаги душманлик бу икки гуруҳ аҳолининг катта қисмини ташкил қиладиган Суриянинг денгиз қирғоқларидаги ҳудудида жиддий муаммога айланди. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида Усмонийлар ҳукумати 1842 йил минтақани иккита маъмурий округга ажратди. Шимолий қисм маронитларга тегди, жанубий қисмни эса друзлар бошқара бошлади.

Европа босқини

Бу даврда французлар ва инглизлар мусулмон дунёсида ўз таъсирини кучайтириб, бир-бири билан рақобатлашарди. Натижада, французлар маронитларни католиклик биродарлар сифатида, инглизлар эса друзларни қўллаб-қувватлашни бошладилар. Уларнинг ёрдами билан бу икки гуруҳ ўртасидаги душманлик кучайиб кетди. 1860 йилнинг ёзида Дамашқда друзлар уюштирган қирғин оқибатида 10 мингдан ортиқ насроний-маронитлар қурбон бўлди.
Одатда Сурия мусулмонлари бетарафликни сақлаб қоларди ва қирғиндан қочган насронийларга кўп ёрдам берарди. Маълумки, Дамашқ насронийларига  жазоирлик Абдулқодир - Дамашқда сургунда яшаган мусулмон олим кўп ёрдам кўрсатган. У ўз ёрдами билан насронийларни друзларнинг қуролланган гуруҳларидан қутқаргани туфайли Франция ва Америка ҳукуматлари томонидан тан олинишга лойиқ бўлган.
Нима бўлганда ҳам, Усмонийлар ҳукумати зўравонликни бир неча ой ичида урушаётган томонлар ўртасида ҳақиқий урушга айланмагунча тўхтатишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг, Усмонийлар зиддиятнинг кучайишига йўл қўймаслик учун ҳудудни тўғридан-тўғри назорат қилишни йўлга қўйишди. Усмонийлар зўравонликни тўхтатишга муваффақ бўлишига қарамасдан, Франция бундан аралашиш учун сабаб сифатида фойдаланди.
Гарчи хунрезликлар тўхтаган бўлса-да, ўша даврдаги Европанинг етакчи давлатлари (Австрия, Буюк Британия, Пруссия ва Россия) Францияга насроний-маронитларни ҳимоя қилиш учун қўшин жўнатишга мандат беришди.
1861 йил Франция Усмонийлар султони Абдулмажид I ни шартнома тузишга мажбур қилдилар, у шартнома Усмонийларни минтақага унинг номзоди Европа томонидан маъқулланиши лозим бўлган, келиб чиқиши ливанлик бўлмаган насроний ҳукмдор белгилашга мажбур қиларди.

Шартноманинг миллатчилик кучайишига таъсири

Франция Усмонийларни имзолашга мажбур қилган шартнома амалда мусулмон дунёсининг қоқ марказида Ливан номи остида француз мустамлакасини ташкил қилди. Гарчи расман Усмонийлар 1918 йилгача у ерда ҳукуматни ўз қўлида қолдирган бўлсада, французлар янги ташкил қилинган мамлакатга жиддий таъсир кўрсатарди.
Шартномада французлар замонавий Ливаннинг чегараларини белгилаб олишди, бу мусулмон дунёсининг ўртасида аҳолиси асосан насронийлардан иборат бўлган, французлар Сурияда ўз ҳокимиятини амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин мамлакатни яратган ҳолда фақат насроний ҳудудларини қамраб олиши керак эди
Шартнома VII асрда исломий ҳукмронлик ўрнатилгандан сўнг биринчи марта Ливанни Суриянинг қолган қисмидан сиёсий жиҳатдан ажратиб қўйди. Агар тарихий жиҳатдан замонавий Ливан «Буюк Сурия» га тегишли бўлса, энди у насроний миллатчилиги ва Европа ғояларига асосланган, миллий ўзига хослигига эга мустақил давлатга айланди. Этник, маданий ва диний жиҳатдан эса Сурия (жумладан, Ливан, Фаластин ва Иордания) доимо ягона минтақа ҳисобланиб келган.
Франция томонидан Ливан давлатининг ташкил қилиниши мусулмонлар ерларини алоҳида мустақил давлатларга парчалаш жараёнини бошлаб берди. Бунда бирлаштирувчи омил сифатида диний ёки маданий яқинлик эмас, балки миллатчилик асос қилиб олинди.
Натижада, Ливан халқи Суриянинг қолган халқларидан фарқли ўлароқ, ўзини аввалгидан бошқача деб ҳисоблай бошлади - бу менталитет бугунги кунда ҳам араб дунёсида ҳис этилмоқда. Миллатчиликни тарғиб қилиш, исломий ва араб бирлигини заифлаштириш сиёсати Европани кутилган натижаларга олиб келди.
Бугунги кунда мусулмон халқлари ҳали ҳам тарқоқ ҳолда турибди, Европа давлатлари томонидан қумда ўзбошимчалик билан чизиқлар халқларни ажратиб туради ва бу минтақага Европа ва Ғарб таъсирини кучайтирмоқда. Исломнинг дастлабки асрларида бўлган мусулмонларнинг бирлигисиз, мусулмон дунёси куч ва қудратини қайтаришнинг уддасидан чиқолмайди.

Манда: Lost Islamic History‎‏
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase