close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Бўлинган Ислом»: мусулмон давлатларининг ҳозирги чегаралари қандай пайдо бўлган

Исломнинг кенг тарқалиши натижаcида 632 йил араб халифалиги вужудга келди. Кейинчалик мусулмонларнинг бошқа мамлакатларни фатҳ қилиш натижасида уларнинг ҳудуди Франциядан Хитойгача кенгайди. 1258 йил мўғул босқинчилари халифалик пойтахти Бағдод шаҳрини ҳужум билан олдилар, мусулмон дунёсининг энг йирик кутубхонасини яксон қилдилар.

Халифалик қулаганидан сўнг кўп ўтмасдан анатолиялик султон Усмон янги қудратли давлат – Усмонийлар салтанатига асос солди. Янги давлат нафақат туркларнинг давлати эди, балки биринчи навбатда, у мусулмонлар яшайдиган барча ерларни бирлаштириш ҳақида ғамхўрлик қиларди. XV асрнинг охирига келиб, Усмонийлар ҳозирги Украинанинг жанубида, шу жумладан Қримда назорат ўрнатди.
Усмонийлар империяси қудрати XVII асрнинг иккинчи ярмида, Шимолий Африканинг бутун ҳудуди (Марокашдан ташқари), бутун яқин Шарқ, Араб ярим оролининг катта қисми (жумладан, муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадина), замонавий Озарбайжон, Грузия ва Қора денгизнинг ғарбий қирғоғи унга тегишли бўлган пайтда энг чўққига кўтарилганди.
Бу даврда Усмонийлар ўз давлатларида мусулмонлар яшайдиган ерларнинг катта қисмини бирлаштирдилар. 1517 йилда, Мисрда мамлуклар давлати қулаганидан сўнг, Халифа мақоми Усмонийлар султонига ўтди. Шу билан бир пайтда, Мисрни босиб олган Султон Салим I ўзини «икки Муқаддас масжиднинг хизматкори» (Макка ва Мадинада) деб эълон қилди. Шундай қилиб, у дунёвий ҳокимиятдан ташқари, диний ҳокимиятни ҳам ўз қўлига олди. Бу диндор мусулмонлар нигоҳида подшоҳнинг обрўсини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
1683 йил Усмонийлар қўшини Вена яқинида мағлубиятга учради. Шу тариқа Истанбулнинг янги давлатларни босиб олишга интилиши барҳам топди. Султонлик айлана мудофаага ўтди. Бу вақтга келиб, унинг иқтисодий ва ҳарбий имкониятлар чекланиб қолганди.
XVIII рус-турк урушлари асри бўлиб, Усмонлилар салтанати кучининг бутунлай йўқотилишига олиб келди. Бу урушлар давомида усмонийлар нафақат Шимолий Қора денгиз бўйини қўлдан чиқарди, бу ҳудудларда чор ҳукумати мустамлакачилик сиёсати натижасида мусулмон аҳолиси кескин қисқарди.
1798 йил француз консули Наполеон Бонапарт ўша пайтда Усмонийлар салатанатининг вассали бўлган Мисрга ўттиз минг кишилик қўшин билан бостириб кирди. Салибчилар даври тугаганидан бери илк маротаба европаликлар Ислом дунёсининг марказига бостириб кирди. Яхши қуролланган ва интизомли француз армияси Мисрни осонлик билан босиб олди ва Фаластин ва Сурияга ўтишни бошлади. Аммо у ерда маҳаллий аҳоли европаликларга душманларча муносабатда бўлганлиги сабабли муваффақиятсизликка учради.
Мисрда мустамлакачиларга қарши қўзғолон бошланди, Франция армияси ҳар томондан душманлар билан ўралган эди. Уруш тобора кўпроқ насронийлар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддиятга айланди. 1801 йилда Наполеон армиясининг қолдиқлари Францияга қараб қочди. Лекин уларнинг ўрнига Британия қўшинлари келди. Миср, расмий равишда Истанбул билан вассал муносабатларда қолсада, аслида инглиз мустамлакасига айланди. Буюк Британия армияси Мисрни фақат 1956 йилда узил-кесил тарк этди.
1830 йил Франция Усмонийлар империясининг бир қисми бўлган Жазоирга бостириб кирди. Ҳарбий ҳаракатлар ўта шафқатсиз амалга оширилди. Французлар маҳаллий мусулмон аҳолига қарши ҳақиқий террор уюштирдилар. Бунга жавобан диний уруш шаклида миллий-озодлик уруши бошланди. Қўзғолончиларга амир Абдулқодир бошчилик қилди. Жазоирни босиб олиш учун французларга 17 йил керак бўлди.
1881 йил французлар Тунисни босиб олдилар, 1912 йил Франция ва Испания мустақил Марокаш давлатини бўлишиб олдилар. 1911 йил Италия Ливиядаги турк қўшинларига ҳужум қилди. Бир йил давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг, бу мамлакат Италия мустамлакачи империясининг бир қисмига айланди (илгари Италия мустамлакалари асосан Эритрея ва Сомалининг мусулмон давлатлари бўлган).
Биринчи жаҳон уруши Яқин Шарқ харитасини бутунлай ўзгартирди. Уруш ҳаракатлари қизиган 1915 йилда Франция ва Россия махфий битим имзоладилар, унга кўра Босфор ва Дарданел бўғозлари атрофидаги ҳудудлар, шу жумладан, Истанбул Россия империяси тасарруфига ўтиши лозим эди. Бир йил ўтгач, Антанта давлатлари (Буюк Британия, Франция, Россия, Италия) Усмонийлар салтанатини бўлиб олиш ҳақида янги махфий битим имзоладилар.
Ушбу битимга кўра Анатолия ҳудудида кичиккина турк давлати ташкил қилинади. Сурия Франция протекторатига айланиши, Ироқ Буюк Британия протекциясига ўтиши, шарқий Анатолия (Эрзерум, Трабзон) Россияга берилиши лозим эди. Иордания ва Фаластиннинг катта қисми Британия империяси мандати остидаги ҳудудга айланиши кўзда тутилган. ушбу шартнома Сайкс-Пико битими номини олган (уни тузишда иштирок этган француз ва британ дипломатлари шарафига шундай аталган).
Биринчи жаҳон уруши даврида Буюк Британия Араб ярим оролида араб сепаратистларини фаол қўллаб-қувватлади. Ушбу минтақага Лоуренс Аравийский номи билан машҳур бўлган инглиз офицери Томас Эдвард Лоуренс жўнатилган. У Араб қабилаларининг турк қўшинларига қарши ҳужумини уюштирди. Инглиз ҳукумати номидан арабларга нафақат Арабистонда, балки Сурияда ҳам мустақил давлат яратишга ваъда берилди. Лекин ушбу ваъдаларнинг аксарияти бажарилмади.
Усмонийлар салтанатининг капитуляциясидан сўнг (1918 йил), Грецияга Анатолия турк ҳудудининг бир қисмини (Измир)  топширишни назарда тутган Севр тинчлик шартномаси тузилди. 1917 йил Британия Белфур декларатсиясини эълон қилди, унга кўра Фаластинда яҳудийлар давлати тузилиши керак эди. Бу яҳудий аҳолисининг Фаластинга назоратсиз миграция йўлини очиб берди ва шу билан ҳозирги кунда Яқин Шарқ можароси учун асос яратди.
Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, Жазоир, Марокаш, Тунис, Ливия, Сурия, Ироқ, Иордания ва Ливан мустақил давлатларга айланди. Бироқ қачонлардир мусулмон халқларни бир-биридан ажратган мустамлакачилар чизиб берган чегаралар ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Худди шунингдек, XX аср бошларида юзага келган низолар белгиланган вақтда портлайдиган миналар каби XXI асрда ҳам портлашда давом этмоқда.

Абу Муслим
Интернетдаги маълумотлар асосида

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase