close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Эски фатволарда қотиб қолишлик

  • Душанба, Фев 18 2019
  • Муаллиф  ИсламОнлайн.Уз

Фатво беришда тойиладиган жойлардан бири: бир неча асрлар муқаддам фиқҳ ёки фатво китобларида ёзилганларга қотиб қолиб замон ва макон шароитларини, урф ҳамда вазиятни эътиборга олмаган ҳолда ҳар бир савол эгасига ўшалар билан фатво беришдир. Ваҳоланки буларнинг барчаси ўзгариб тараққий топиб борадиган нарсалардир. Улар абадул абад ўзгармасдан қотиб қолмайди.

Фатво беришда тойиладиган жойлардан бири: бир неча асрлар муқаддам фиқҳ ёки фатво китобларида ёзилганларга қотиб қолиб замон ва макон шароитларини, урф ҳамда вазиятни эътиборга олмаган ҳолда ҳар бир савол эгасига ўшалар билан фатво беришдир. Ваҳоланки буларнинг барчаси ўзгариб тараққий топиб борадиган нарсалардир. Улар абадул абад ўзгармасдан қотиб қолмайди. Ана шулар жумласига айрим фатво эгаларининг китобларда ёзиб қолдирилган ушбу фатвосини киритиш мумкин: “Соқолини устара билан олганнинг шаҳодати мақбул эмасдир”. Соқолни қириш ва қирган одамнинг гуноҳкор бўлиши –бу тўғрида ҳозирги замон олимлари ихтилофдалар,- ҳақидаги тушунчамиз қандай бўлмасин бизлар соқолини қирган одамнинг шаҳодатини рад қила олмаймиз. Чунки бундай иш оммалашиб кетган ва маълумки бир ишнинг оммалашуви енгиллик ва рухсатлар бериладиган сабаблардандир.
    Биз агар китобларда ёзиб кетилган фикрларга амал қиладиган бўлсак одамлар орасида ҳукм чиқариш, адолат қилиш ва даъвогарлар ўртасида ажрим қилиш бобида маҳкамаларнинг ўз вазифаларини адо этишларини тўхтатиб қўйишга яқин қоламиз. Яна бир фатво “Йўлда овқатланишлик олийжанобликни, унга қўшиб шаҳодатни кетказади”, деган фатводир. Маълумки бизлар “тезлик замони” деб аталган даврда яшаяпмиз ва бу ҳар томонлама ҳаттоки ейиш бобидаги тезликдир. Шунинг учун уни “сендвич” асри дейдилар. Шунинг учун кўпгина одамларни кўчаларда, дўконлар атрофида ва шу каби жойларда таомланиб юрганларини кўрамиз. Бундай ҳаёт тарзи кўплаб одамлар наздида олдинги даврлардаги каби олийжанобликка зид деб ҳисобланмайди.
Ана шундай фатволардан яна бири эргашиладиган турли хил мазҳаблардаги кўпчилик фақиҳларнинг аёлларни айниқса ёш қизларни намоз ўқиш учун масжидга боришларини манъ қилиш ҳақидаги фатволаридир. Бу ишни сабабнинг олдини олиш ва фитнадан яъни бизлар аёллар билан ёки улар бизлар билан фитналаниб қолишларидан қўрқиб қилинган. Ўтмиш  замонларда  бунга ўхшаш фатволарни оқлайдиган ишлар бўлган бўлса ҳам бугунги кунимизда уни оқлайдиган ишлар йўқ. Зеро, аёллар мактабга, университетга, ишга, бозорга ва бошқа жойларга чиқдилар. Шундай экан фақатгина масжидларнинг ўзи аёлларнинг боришлари тақиқланган жой бўлиб қолиши мумкин эмас. Шу билан бирга Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадис “Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан қайтармангиз”, деб турибди.  Хусусан аёллар масжидга чиқсалар нафақат намоз ўқийдилар балки унга қўшиб маърузалар ва диний сабоқлардан ҳам баҳраманд бўладилар, бошқа солиҳа аёллар билан танишадилар, демакки яхши ишлар устида бир бирлари билан танишиб яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларига мададкор бўладилар.
    Аслида муслима аёллардан бошқа шарқу ғарбнинг турли хил дин ва эътиқоддаги аёл-қизлари ўзларининг ибодатхоналарига борадилар. Хотин –қизларнинг таровиҳ, жума ва шу каби намозлар учун масжидга чиқишлари унинг шахсиятига, дунёқарашига таъсир қилишини, уни кўпгина яхшиликларга ундашини ўз тажрибамда кўрдим.

    Фатво ва ҳар хил шароитлар

    Шу ўринда зикр қилиб ўтиш керакки айрим фатво аҳллари бугунги кунимизга қадар янги ойни фақат кўз билан кўрсагина собит бўлиши ҳақидаги гапларга қаттиқ туриб олганларини кўрамиз. Бунда замонавий асбоб-ускуналар ва телескопларни ишлатишдан юз ўгирадилар, янги ойни аниқ бир кечада кўришнинг имкони йўқлигига ҳамфикр бўлган ишончли фалакшунос олимларнинг қатъий гапларига эътиборсизлик қиладилар.  Ваҳоланки бизнинг замонамизда фалакиёт илми кишини ҳайрон қолдирадиган даражада тараққий топди. Ҳатто ойга ҳам чиқиб бўлинди.
    Саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан ана шу асосга риоя қилинганини кўрсатадиган гаплар ривоят қилинган. Ибн Абу Шайба исноди билан ривоят қиладики бир киши ибн Аббоснинг олдиларига келиб: “Мўминни ўлдирган одамнинг тавбаси қабул бўладими?”, деди. У киши: “Йўқ, у дўзахий бўлади”, дедилар. У кетгач ибн Аббос билан ўтирган одамлар: “Сен бизга бундай деб фатво бермаган эдинг-ку. Бугун нимага бундай фатво бердинг?”, дедилар. Шунда у киши: “Менинг билишимча у қайсидир мўминни ўлдириш ниятида ғазаб билан юрибди”, дедилар. Унинг орқасидан одам юборсалар ҳалиги одамни ибн Аббос айтгандек ҳолда топибдилар.
Бу умматнинг олими ибн Аббос р.а бу одамнинг кўзида қаҳру-ғазабни, одам ўлдирмоқчи эканлигини, жиноятини қилиб бўлганидан сўнг унга тавба эшигини очиб берадиган бир фатвони хоҳлаб турганлигини кўрдилар. Бас, ибн Аббос уни тинчлантириб   йўлидан қайтариб қўйдилар. Токи у ана шу ҳалок этгувчи гуноҳи кабирага қўл уриб қўймасин. Агар унинг кўзида қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлиб турган бир одамнинг сувратини кўрганларида эди албатта умид эшигини унга очиб берган бўлар эдилар. Саийд ибн Мансур Суфённинг қуйидаги гапини ривоят қилади: “Аҳли илмлардан қотил ҳақида сўрасалар “унинг тавбаси қабул бўлмайди”, дер эдилар. Агар бирор киши шу ишни қилиб (одам ўлдириб) қўйса унга: “Тавба қил!”, дер эдилар”.
    Яна шу маънода Абу Довуд Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб рўзадор одамнинг жуфти ҳалоли билан ўпишмоғи ҳақида сўраган эди унга рухсат бердилар. Бошқа бир одам келиб шу ҳақида сўраган эди уни қайтардилар. Қарасалар ўша рухсат берилган одам қария экан ва манъ қилганлари ёш йигит экан”.
Бундан машҳурроғи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битта саволга бир неча хил жавоб берганликларидир. Бунга сабаб савол эгаларининг аҳволи турлича бўлганидир. Демак, у зот ҳар кимга ўз ҳолатига яраша қилиб жавоб берганлар, унинг хато ва камчилигини муолажа қилганлар.
У зотдан кенг қамровлик насиҳат беришларини сўраган кишига: “Ғазаб қилмагин”, бошқа бировига: “Аллоҳга иймон келтирдим деб айт ва шунда мустақим бўлгин”, яна бошқасига: “Тилингни тийиб юргин”, деганларини кўрдик. Ана шу тарзда ҳар кимга ўзининг касали учун энг яхши шифо ва   энг фойдали бўлган дориларни берганлар. Бинобарин бу-ва бундан олдингилари-, савол бергувчиларнинг аҳволи ўзгаришига қараб фатво ҳам ўзгаришига асл жавоб бўлади.
Шунинг учун муфтий ўз фатволарида фатво сўрагувчининг шахсий –маънавий ва ижтимоъий шароитларини, замон ва муҳитдаги умумий ҳолатини  ҳисобга олмоғи керак бўлади. Зеро айрим фатволар бир давр учун яроқли бўлса бошқа бир давр учун яроқсиз бўлади. Бир жамият учун фойдали бўлса бошқа бири  учун фойдасиз бўлади. Бир киши учун фойдали бўлса ундан бошқаси учун фойдасиз бўлади. Бир вазиятда қайсдир шахс учун фойдали бўлган фатво худди ўша вазиятда бошқа бир инсон учун фойдасиз бўлиши мумкин. Мана  шулар кўпчилик одамлар бепарволик қилаётган энг муҳим мулоҳазалардир. Ваҳоланки муҳаққиқ уламоларимиз раҳимаҳумуллоҳ бунга танбеҳ берганлар ва унинг муҳимлигини таъкидлаганлар.
Бу мавзуда уламоларнинг энг ёрқинроғи муҳаққиқ имом ибнул Қоййим ал-Жавзийя бўлса ажаб эмас. У ўзининг “Иъломул-муваққаъийн ъан Роббил-оламийн” номлик дурдона асарида бунинг учун алоҳида бир ажоиб фасл ажратган. У “муваққаъийн” деганида аҳли фатволарни назарда тутган. Чунки улар бирор масалада шариатнинг ҳукмини баён қилмоқчи бўлсалар гўёки ўша масала ҳақида Аллоҳ таолонинг номидан имзо чекадилар. Худди амир ёки султоннинг номидан имзо чекадиган вакил сингари. Ибнул Қоййимнинг бу китобидаги ана шу фаслнинг бошида айтган гаплари амал қиладиганлар учун йўл кўрсатадиган чироққа айланиб қолганлигини ҳозирги замон уламолари, ислом фиқҳини янгилашга ўз ҳиссасини қўшиш ва шариати исломга амал қилишни қайта тиклашга уринаётган ҳар бир киши кўрсатиб ўтганлар.

Замон, макон ва вазиятларга қараб фатво ўзгаради!

Аллома ибнул Қоййим шундай ёзади: “Маконлар, замонлар, вазиятлар ва одатларнинг ўзгаришига қараб фатво ўзгариши ҳақидаги фасл”. Сўнг бундай деган: “Бу жуда ҳам фойдали  бир фаслдир. Уни билмаслик оқибатида шариатда улкан хатолар содир бўлди. Манфаатларнинг энг юқори мартабасида турган ажоиб шариат бундай ишларга буюрмаслигини билиб туриб ҳараж, машаққат ва иложи бўлмаган ишларни мажбурият қилиб қўйилди. Чунки шариат ҳукумат  ва одамларнинг дунё ва охиратдаги манфаатлари асосига барпо қилингандир. Унинг барчаси адолат, барчаси раҳмат, барчаси манфаат ва  барчаси ҳикматдир. Адолат жаврга, раҳматдан унинг аксига, манфаатдан зиён-заҳматга ва  ҳикматдан бекорчиликка дахл қилган ҳар қандай масала гарчи минг бир таъвил билан киргазилса ҳам шариатдан эмасдир. Зеро шариат Аллоҳнинг бандалари орасидаги адолатидир, уларнинг орасидаги раҳматидир, ер юзидаги соясидир,  Унинг ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростликларига тўла-тўкис ҳужжат бўладиган энг рост ҳикматидир”.

Моликийлардан имом Қарофий ўзининг “ал-Иҳком” номли китобида қуйидагиларни айтганлигини кўрамиз: “Ҳақиқатда урф-одатлар ортда қолдириб кетадиган ҳукмларнинг ўша одатлар ўзгарса ҳам ўзгармасдан бир хилда бардавом қолишлиги Ижмоъга хилоф ва динни билмасликдир. Аксинча шариатдаги барча ҳукмлар одатлар билан ёнма-ён юради, одат ўзгарганида янги одат тақозо қилган тарафга қараб ўзгаради. Бу муқаллидларнинг янги ижтиҳодлари эмаски уларда мужтаҳидликка лойиқ бўлишлик шарт этиб қўйилса. Аксинча булар уламолар ижтиҳод қилиб қўйган ва ўзлари ижмоъ қилиб кетган бир асосдир. Бас, бизлар ана шу масалаларда ижтиҳодни янгиламасдан туриб уларга тобеъ бўламиз”.
Шу жойда мулоҳаза қиламизки Қарофийнинг бу гапи манбаи ва таянчи одатлар ва анъаналар бўлган ҳукмлар тўғрисида айтилганлиги, манбаси муҳкам оятлар бўлган ана у ҳукмлар ҳақида айтилмаганлигини мулоҳаза қиламиз.
Қарофий ўзининг “ал-Фуруқ” асаридаги “йигирма саккизинчи фарқ”ида яна шу мавзуга қайтади ва аҳли фиқҳ ва аҳли фатволар ҳар доим риоя қилишлари керак бўлган қонун бу анъаналар ва одатларнинг замонлар ва ватанлар ўзгариши билан ўзгариб туришини ҳисобга олиш эканлигини таъкидлайди. “Урфдан нима янгиланса ўшани эътиборга ол, урфдан нима соқит бўлса сен ҳам соқит қил. Китобларда ёзилган фатволарга умринг бўйи қотиб қолмагин. Аксинча, агар сен яшаётган ўлкадан бошқа ердан бир одам сенинг ҳузуринга фатво сўраб келса ўз юртингнинг урфидаги фатвони бермагин. Ундан ўзи яшаётган юртнинг урфини сўраб шу асосида фатво бергин. Ўз юртингдаги урфга ва китобларингдаги гапларга қараб эмас. Зеро, аниқ ҳақиқат ана шудир. Доимо китобларда нақл қилинган фатволарда қотиб қолишлик динда адашишликдир, мусулмон уламолар ва ўтган салафларнинг мақсадларини англаб етмасликдир”. 
Аммо ҳанафийларга келадиган бўлсак  ўзларининг мутақаддиминлари чиқариб кетган ижтиҳодий ҳукмларнинг кўпларидан мутааххирийнлари воз кечганлар ва урфлар ўзгаргани боис уларнинг фатволарига хилоф бўлган фатволарни берганлар. Замон бузилгани ё жамият ўзгаргани ёки бундан бошқа сабаблар натижасида шундай бўлган ва бунинг хатолик жойи йўқдир. Чунки бу мазҳаб имомларининг ўзлари- Абу Ҳанийфа ва унинг шогирдлари-, шундай қилиб кетганлар.
Сарахсий зикр қилишича форслар янги исломга кириб араб тилида гапиришга қийналган даврда имом Абу Ҳанийфа улардан мубтадиъ бўлмаганларига намоз ўқишда Қуръондаги таъвийл қилиб бўлмайдиган оятларни форс тилида ўқишга рухсат берган экан. Қачонки бир томондан форсларнинг тиллари бир оз келишганидан  ва иккинчи тарафдан бидъат ва йўлдан адашишлик кенг тарқалганидан сўнг Абу Ҳанийфа бу гапидан қайтган.     
Яна зикр қилишича Абу Ҳанийфа табаъа тобеъийнлар даврида амаллари ноаниқ бўлган кишининг ташқи адолати билан кифояланиб ҳукм чиқаришда унинг гувоҳлигини эътиборга олишни жоиз деб билган. Икки шогирдлари-Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг даврида одамлар орасида ёлғон гапиришлик кенг тарқалгани туфайли улар бу ишни манъ қилганлар.
Ҳанафий уламолари имом Абу Ҳанифа билан унинг икки шогирдлари орасида бўлган бу сингари хилофларни ҳужжат ва далиллардаги ихтилоф деб эмас давр ва замондаги ихтилофдир, дейдилар. “Одатлар маҳкамадир” қоидаси Ҳанафийлар ва бошқаларнинг асосий фиқҳий қоидаларидан бири бўлиб қолган эди. Унга ибн Масъуднинг “Мусулмонлар нимани мақбул топсалар демак у Аллоҳнинг наздида ҳам мақбулдир”, деган сўзини ҳужжат қилдилар.
Бу тўғрида ҳанафийларнинг мутааххирийнларидан аллома ибн Обидин ўзининг “Нашрул-арфи фийма буния минал-аҳкоми алал-урф” (Урфга биноан чиқарилган ҳукмлар ҳақида муаттар ҳидлар тарқатиш) номли бебаҳо китобини ёзди. Унда фиқҳнинг ижтиҳод билан боғлиқ кўпгина масалаларини мужтаҳид ўз замонасининг таомилига қараб баён қиларди. Агар у янгича таомилнинг замонида бўлса эди аввал айтганларининг хилофи билан фатво берган бўлар эди, деб ёзади. Шунинг учун ҳам мужтаҳидликнинг шартлари ичига одамларнинг одатларини билишликни киритиб қўйдилар, дейди. Кўпгина ҳукмлар замон ўзгаргани, одамларнинг таомиллари ўзгаргани, зарурат юзага келгани ёки замона аҳли бузилиб кетгани боис ўзгаради. Чунки, ҳукм аввалги ҳолида қоладиган бўлса ундан одамлар машаққатга қоладилар ва зарар кўрадилар, дунё энг мукаммал ва энг чиройли низом билан боқий қолиши учун буюрилган енгил ва осон қилиб кўрсатиш, фасод ва зарарни дафъ этиш асосига барпо қилинган шариат қоидаларига хилоф иш бўлган бўлар эди.
Шунинг учун бу мазҳабнинг машойихларини кўп ўринларда мужтаҳид “яъни мазҳаб имоми” ўз замонасини ҳисобга олиб чиқарган фатволарига хилоф иш қилганларини кўрамиз. Чунки  улар агар ўша имом ҳозир бор бўлса эди ўз мазҳабининг асосидан келиб чиқиб булар чиқарган фатволарни чиқаришини билганлар.     
Албатта, одамларнинг эҳтиёжлари тараққий топади, замон ўтиб вазиятлар ўзгарганидан манфаатлар ўзгариб боради.
Воқеълик мўътадил фикрнинг тарафида бўлишни таъкидлайди.
Бу нарса кўпгина аҳли илмларни яқин йиллар олдин инкор қилиб юрган нарсаларни зарурат ҳукмининг хоҳишига қараб, воқеъликнинг чақириғига лаббай деб ва Аллоҳ таоло у билан бандаларига қийин бўлишини эмас енгил бўлишини истаган шариат руҳини ҳаётга татбиқ қилган ҳолда тасдиқлайдиган қилиб қўйди.
 Бир неча йиллар муқаддам ҳаж мавсуми вақтида тавофчиларга халақит бергани учун  мақоми Иброҳимни Масжидул Ҳаромдаги ўрнидан кўчириш ҳақида узоқ тортишувлар бўлди. Уни тавофчиларга халақит бермайдиган ва танглик туғдирмайдиган ерга кўчириш мумкинми? Ёки аввал қандай турган бўлса шундайлигича ўз ўрнида қолдириш бошқача фикрлаш мумкин бўлмаган ибодатлар сирасига кирадими?
Баҳслар ва мақолалар ёзилди, рисола ва китобчалар битилди бу ҳақда. Ким рози ким норози, кимдур жоиз деса кимдур мамнуъ дейди. Илмий  вазиятлар ва ҳаётий заруратлар “Робитатул-Оламил-Исломий”нинг таъсис мажлиси тарафидан эълон қилинган мўътадил фикрни қўллаб- қувватлагунига қадар уни ўз ўрнидан ўзгартириш ёки умуман қўл теккизишга қаршилик қилгувчиларнинг овозлари кучлироқ ва очиқроқ бўлиб турди....

Шайх Юсуф Қаразовий
Алоуддин Ҳофий таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase