close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муҳаммад Умар

Муҳаммад Умар, шунингдек, Мулла Умар номи остида ҳам маълум (пуштун тилида ملا محمد عمر‎; 1962 ёки 1959 йил туғилган – 2013 йил 23 апрелда ҳалок бўлган) – «Толибон» ҳаракати асосчиси, Афғонистон Ислом Амирлиги амири (раҳбари).

Таржимаи ҳоли

Аниқ туғилган санаси маълум эмас. Миллати пуштун, Гилзай қабилалар гуруҳининг Хотаки уруғига мансуб. Тахминларга кўра, Урузғон вилоятининг Сингесар қишлоғида (ёки Қандаҳор яқинидаги Нодех қишлоғида) камбағал деҳқонлар оиласида туғилган. Маҳаллий мадрасада бошланғич диний таълим олган, холос, отасининг ўлимидан кейин қишлоқ мулласи бўлиб хизмат қилишга қолган.
1970-йилларнинг ўрталарида Муҳаммад Умар икки ҳафталик ташриф билан Покистонга келиб, бу ерда Пешовар яқинидаги Ҳаққония мадрасасида ислом илоҳиятшунослигини ўрганди (бошқа манбаларга кўра – Кветта шаҳри диний мактабида). 1979 йилдан бошлаб совет қўшинлари ва Кобул режимига қарши бошланган урушда фаол қатнашган: мужоҳидлар гуруҳларига қўшилиб олган. У ҳақида мустақил дала қўмондони сифатида маълумотлар йўқ. Айрим маълумотларга кўра, Наби Муҳаммадийнинг Ҳаракати-инқилоби исломия партиясининг жанговар гуруҳлари қўмондонининг ўринбосари бўлган, бошқа маълумотларга кўра – дала қўмондони Юнус Халеснинг гуруҳида жанг килган; Бурхониддин Раббонийнинг қуролли гуруҳлари тарафдорлари қаторида бўлган, деган маълумот ҳам бор. Тўрт марта яралангани маълум, жангларда бир кўзидан айрилган. Тахминлардан бирига кўра, бу жароҳатдан кейин Мулла Умар ўз қўллари билан пичоқ ёрдамида кўзининг қолдиқларини олиб ташлаган ва қовоғини тикиб олган. Лекин унинг кўзини Пешовар касалхоналаридан бирида олиб ташлашгани эҳтимоли ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак.
1989 йилда Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилгач, Мулла Умар Қандаҳорнинг Майванд тумани ғарбидаги Сангсар қишлоғида ўзи асос солган масжид имоми бўлди.
1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистон (Ислом Амирлиги даврида) раҳбари. Бу давр мобайнида Муҳаммад Умар Афғонистоннинг норасмий пойтахтига айланган Қандаҳордаги қароргоҳини деярли тарк этмайди; Кобулга у фақат тўрт марта келади.
11 сентябрь воқеаларидан кейин «Толибон» ҳукумати НАТОнинг Афғонистонга ҳарбий босқини натижасида ағдарилади, Мула Умар эса яширинади. Уч ой давомида ҳарбий экспертлар, сиёсатчилар ва ОАВ Афғонистон раҳбари қаерга ва қандай қилиб ғойиб бўлгани ҳақида турли тахминлар билдиради. 2002 йил январида эса Покистонда «Newsweek» нашри мухбирлари Мулла Умарнинг собиқ ҳайдовчиси Қори Соҳибдан интервью олишнинг уддасидан чиқишади ва у «Толибон» раҳбари қандай қилиб қочиб кетгани ҳақида гапириб беради. Соҳибнинг сўзларига кўра, Мулла Умар охирги кунгача Қандаҳорни тарк этишни истамайди ва фақат АҚШ қўшинлари шаҳарга киритилиши арафасида хавфсизроқ жойга кўчиб ўтишга рози бўлади. Собиқ ҳайдовчининг сўзларига кўра, Мулла Умар қароргоҳидан рикшада чиқиб кетади, сўнгра оддий юк машинасига ўтириб, номаълум йўналишда ғойиб бўлади. Шундан кейин, афтидан, бир неча кун давомида яшириниб, турли шаҳарларда турли уйларнинг ертўлаларида жон сақлайди ва ниҳоят ўзига содиқ одамлар ёрдамида чет элг чиқиб кетади.
Америка разведкасининг маълумотларига кўра, у Кветта шахрида яширинади. Уни ушлашга ёрдам бериши мумкин бўлган ахборот учун америкаликлар 10 млн доллар ваъда қилишади.
Уйқу ва туш Мулла Умар ҳаётида муҳим ўрин эгалларди ва мулланинг атрофидагилар ишонганидек, ваҳийга бағишланганди; улар туш кўрганидан сўнг Мулла жангларда ғолиб чиқарди деб таъкидлайди.
Мулла Умар тушида шу ишни қилганидан кейин Мозори-Шарифни қўлга киритишини кўргач, Кобулдаги «Накшбанди Суфи» биродарлиги раҳбари шайх Фоиз Умар Мужадидий қабрини таъмирлатган. Таъмирлаш ишлари якунлангач, 1998 йил 8 августда Мозори-Шариф «Толибон» қўлига ўтди. «Толибон»нинг бошка кўплаб вакиллари каби, ҳақикий пуштун деҳқони Мулла Умар бутун Афғонистон унга чўмган сўфийлар таълимотига берилади.

Ташқи кўриниши

Афғонистон раҳбари сифатида юқори мақомга эга бўлгани ва қидирилаётган террорчилар рўйхатиги ўзига хос ўрнига қарамай, у ҳақида ишончли маълумотлар жуда кам. Ташқи кўриниши ҳақида маълумотлар (ўнг кўзи йўқлигидан ташқари) бир-бирига қарама-қарши: уни шахс сифатида таниб олишга имкон берадиган биронта расмий портрети ёки фотосурати йўқ (фақат битта жуда хира сурати бор). У ҳеч қачон журналистлар билан шахсан учрашмаган ва тўғридан-тўғри интервью бермаган. Мулланинг камдан-кам ҳолларда қилган аудиормурожаатлари интернетда пайдо бўларди, ёки халқаро янгиликлар агентликларига факс орқали жўнатиларди. Мулла Умарни ўз кўзлари билан кўриш шарафига муяссар бўлган кам сонли шоҳидларнинг айтишича, «Толибон» етакчиси жиддий таассурот қолдирарди: бўйи ўртачадан бироз баланд, қадди-қомати келишган, юзи хунук, қалин ва ущун қора соқолли; бошига қора салла ўраб юрарди. Пуштунларнинг анъанавий либосида юришни афзал кўрарди.

Оиласи

Мулла Умарнинг тўрт хотини ва тўрт фарзанди: икки ўғли ва икки қизи бор эди. 1999 йил, «Толибон» раҳбарининг ўзига яна бир суиқасд чоғида террорчилар унинг уйларидан бири яқинида портлаш уюштирганда қизлардан бири бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Бошқа бир версияга кўра, унинг бешта ўғли бор эди. «Толибон» режими қулашигача Усама бен Ладен ва Мулла Умар қариндошлар деб ҳисоблашган: айтишларича, мулланинг тўрт хотинидан бири бин Ладеннинг ягона қизи бўлган. Бироқ Муҳаммад Умарнинг собиқ ҳайдовчиси Қори Соҳиб 2002 йилда бу миш-мишларни қатъиян рад этиб, Умар тўртинчи марта айнан Усаманинг қизи билан никоҳдан қочиш ва шу билан оила ришталари билан ўзини боғламаслик мақсадида уйланганини айтган.

Ўлими ҳақида хабарлар

2011 йил 23 май куни бир қатор оммавий ахборот воситалари Мулла Умар Покистоннинг Кветта шаҳри яқинида ўлдирилгани ҳақида хабар берди (Покистоннинг Кветта шаҳридан Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон қабила минтақасигача бўлган йўлда).
Покистон махсус хизматлари вакилининг айтишича, Мулла Умар учувчисиз учиш аппарати ҳужуми натижасида ўлдирилган. Япониянинг «Киодо» ахборот агентлигининг хабар беришича, «Толибон» вакили Мулла Умарнинг ўлими ҳақидаги хабарни инкор этган. Май ойи бошида америкалик генерал Ричард Миллз Усама бен Ладен йўқ қилинганидан (2011 йил 2 май) сўнг Мулла Умар АҚШ махсус кучларининг навбатдаги нишонига айланиши мумкинлигини айтди; худди шу пайтда Италия ташқи ишлар вазири Франко Фратдинининг айтишича, бен Ладен йўқ қилинганидан кейин аксилтеррор курашининг навбатдаги объекти афғон «Толибон» ҳаракати етакчиси Мулла Умар ҳисобланади.
2015 йилнинг июль ойида Муҳаммад Умарнинг 2013 йилда ўлганлиги айтилгач, унинг ўлими илк бор Афғонистон махсус хизматлари томонидан тасдиқланди. «Толибон» ҳаракатининг исмини ошкор килмаган юқори мансабдаги аъзоси Покистон газетсига Муҳаммад Умар сил касалидан вафот этганини маълум қилди. 2015 йил 30 июлда «Толибон» ўз етакчисининг ўлимини расман тасдиқлади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Шахслар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Аҳмад Шоҳ Масъуд Ато Муҳаммад Нур »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase