Таржимаи ҳоли
Бурҳониддин Раббоний 1940 йил Афғонистоннинг шимолий-шарқий қисмидаги Бадахшон вилояти, Файзобод шаҳрида, форс тилида сўзлашувчи тожик чорвадор оиласида туғилган. Абу-Ханифия диний мактабида, сўнгра Кобул университетининг илоҳиёт факультетида таҳсил олган, Мисрда ал-Азҳар университетида ислом фалсафасини ўрганган. 1963 йилдан Кобул университети профессори, у ерда ислом ҳуқуқидан дарс берган. Афғонистонга 1968 йил қайтган
1973 йил шаҳзода Дауд давлат тўнтаришидан кейин Покистоннинг Пешовар шаҳрига кўчиб кетган. 1978 йил апрелгача Раббоний энг йирик гилам экспортчиларидан бири бўлган, контрабанда билан шуғулланган. 1979-1989 йилги афғон урушида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Афғон мужоҳидларининг қўмондонларидан бири сифатида унинг аскарлари сони 20 минг кишидан ортган. 1985 йил Бадабер лагеридаги қўзғолонга шахсан бошчилик қилган.
1989 йил маълумотларига кўра, Покистонда парранда фабрикаси, гилам ва матолар ишлаб чиқариш бўйича корхоналарга эгалик қилган, йиллик даромади 20 млн рупий бўлган; бошка манбаларга кўра унинг даромадлар манбаси Эрон ва Покистонда гиёҳванд воситалар ва контрабанда товарлар савдоси бўлган — «Толибон» ҳокимият тепасига келгунча мусулмон мамлакатларига опиум ва героин етказиб берувчи асосий таъминотчилардан бўлган; шунингдек, унинг иштирокида Бадахшондан лазурий ва Панжшердан зумрад тошлар контрабанда йўли билан олиб чиқилган.
1992 йил май ойининг бошларида Кобулга қайтган ва 28 июнда, Пешовар битимига мувофиқ, Афғонистон Ислом давлати муваққат президенти лавозимини эгаллаган. 1992 йил 30 декабрда асосан Раббоний тарафдорларидан иборат бўлган Шўро кенгаши уни келгуси 2 йилга ҳам президент этиб сайлади. 1994 йил Раббонийнинг президентлик ваколатлари Олий суд томонидан узайтирилди.
1996 йилдан Шимолий Иттифоқ етакчиларидан бири бўлган. 2001 йил 22 декабрда Раббоний президентликдан расман истеъфо берди. Замонавий Афғонистонда «Афғонистон Ислом жамияти» партиясининг етакчиси бўлиб қолаверган.
2011 йил 20 сентябрда «Толибон» ҳаракатининг икки вакили билан учрашув вақти, Вазир Акбархон туманидаги ўз уйида, худкуш-террорчининг салласига яширилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган.
Унинг ўғли Салоҳиддин — Афғонистон ташқи ишлар вазири бўлган, отасининг ўлимидан сўнг партияни бошқарган.