close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Фаластин халқи билан бирдаммиз» — Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият бўйича муносабат билдирди

Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун БМТ Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратилди.

Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун БМТ Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Кун тартибига ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари ҳозирги кунда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган масалага тўхталиб ўтди.
«Маълумки, Исроил армияси ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда.
Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.
Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз.
Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим.
Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», - деди президент.
Зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келиши таъкидланди.
«Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз.
Маълумки, биз яшаётган Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши бўйича ноёб тажрибага эга.
Бу заминда асрлар давомида мусулмон, христиан ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяптилар.
Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга, аввало, ёшларимизга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақираман.
Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур», - деди давлат раҳбари.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase