Туркия Президенти Ражаб Таййип Эрдўған Ғазо секторидаги шифохонага уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимои саҳифасида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг фармонига кўра, мотам жорий йилнинг 19-21 октябр кунлари давом этади.
“Биз Туркияда фаластинлик биродарларимиз бошдан кечирган оғир оғриқни қалбимиздан ҳис қиламиз. Мамлакатимизда аксарияти болалар ва бегуноҳ фуқаролар бўлган минглаб шаҳидларга ҳурматимиз белгиси сифатида уч кунлик миллий мотам эълон қилинди”, деб ёзган Эрдўған ижтимойи саҳифасида.
Фармон матнида келтирилишича, уч кунлик мотам даврида Туркия бўйлаб барча ҳукумат биноларида давлат байроқлари яримга туширилади.
17 октябр куни тунда Ғазо секторидаги "Ал-Аҳли Баптистлар" шифохонасига авиазарба берилди. Оқибатда 471 одам ҳалок бўлди. 7 октябр куни бошланган Исроил ҳужумларида 3 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 12 минг 500 дан ортиқ фаластинлик тан жароҳати олди.