Исроил армияси ер ости йўлларига бой Ғазода мағлубиятга учрашдан қўрқмоқда. Қуруқлик ҳаракати учун шошилмаяпти. Ёнига АҚШ билан Британияни ҳам олишни истамоқда.
Ғазо чегарасини танклар билан қуршаб олган Исроил ўтган ҳафта охирида қуруқлик ҳаракатини бошлаш режасини об-ҳаво шартлари сабабли кечиктирганлигини билдирди. Лекин асл сабабнинг бутунлай бошқа эканлиги маълум бўлди. Фаластин қаршилик ҳаракатининг ахборот коммуникация бўлимининг таниқли кишиларидан Иброҳим ал-Мадҳун воқеаларнинг парда ортини билдирди.
Нетаньяҳунинг урушни Сурия ва Ливанга кўчириш сабабининг бошқа ўлкаларни ҳам тенгламага қўшиш стратегияси деб баҳолаган ал-Мадҳун “Исроил Ғазода ўзини аламли мағлубият кутаётганини билиб турибди. Шу сабабли қуруқлик ҳаракатини ёлғиз бошлашдан қўрқмоқда. Эронни ҳам тенгламага қўшиб, камида АҚШ ва Британияни ўзига тарафдор қилиб олмоқчи” деди.
Иброҳим Мадҳун “Ақсо тўфони” операциясининг бошлаш сабабларини қуйидагича англатди: “Масжиди Ақсо зулми ва Исроил қатлиом бошламоқчилиги бўйича разведка хабарини олишимиз билан ҳаракатга тушдик. Режани Хамас тузди. Исроил 8 соат давомида фалаж ҳолда қолди. Моссад ва ички разведка хизмати Шабакда парокандалик бошланди. Ҳозир бутун масъуллар сўроқ қилинмоқда. Икки ташкилотнинг ҳам энг катта бошлиқлари четлатилди. Исроилнинг Ғазога йўналтирилган кенг қамровли режаси бор эди. Бу режалари бузилди. Исроил бу урушда мағлуб бўлди. Фаластин 50 йил қаршилик кўрсатиш тамойилидан кейин ҳужумга ўтди. Бу муҳим бурилиш нуқтасидир.”
Ғазодаги ер ости йўллари ва истеҳкомлардан яхши хабардор бўлган Мадҳун “Исроил армиясида Ғазога киришнинг ўз жонига суиқасд эканлигини гапираётган кўплаб ҳарбийлар бор. Улар ўзларини кутилмаган зарбалар остида қолишини билиб турибди. Шу сабабли ўзларига ҳамфикр изламоқда. Ёлғиз ўзлари киришга қўрқаяпти. Ғазода тишидан тирноғигача қуролланган 50 минг киши қуруқлик ҳаракати бошланишини кутяпти. Бу уруш учун 6 ой, бир йил қаршилик кўрсатадиган даражада тайёргарлик кўрдик. Қуруқлик уруши дунё ва минтақа учун бурилиш нуқтаси бўлади” деди.
Хамаснинг қўлида кўпчилиги исроиллик бўлган 150 га яқин асирлар борлиги айтилмоқда. Хамас Ғазога қарши уруш тўхтатилмагунча асирларни қайтармаслигини шарт қилиб қўйди ва ғарб ўлкалари билан диалогни узди. Ватандошларини қутқаришни истаган давлатлар ҳар икки тараф билан гаплаша оладиган Анқаранинг эшигини қоқишга мажбур бўлди. АҚШнинг “Wall Street Journal” газетаси Туркиядаги дипломатлар ва разведка бўлимларига асирларни озод қилиш учун илтимослар ёғилганлигини ёзди. Мисрлик бир юқори лавозимли киши “Хамас билан алоқаси бўлган ҳар ўлка ўзини синаб кўрди, лекин муваффақиятсизликка учради” деди. Турк разведкасининг бир вакили “Ўлкалар илтимосларини яширинча Хамасга етказишимизни сўрашмоқда. Лекин Исроилнинг ҳаво ҳужумлари Хамас билан учрашишимизни қийинлаштирмоқда” деди.