«Бастион мудофааси» доктринаси охир-оқибат Россия кемаларининг Севастополда яширинишига, уларнинг экипажи эса Украина томонидан чўктирилиб юборилган номдор кемалар тақдирининг такрорланишидан хавотирда қолишига олиб келди.
Украинада бир йилдан ошиқ шармандали йўқотишлардан сўнг, Россиянинг мақталган денгиз кучларининг муваффақияти жиддий гумон остида қолмоқда, Москва эса ўз денгиз доктринасига амал қила олмаётган кўринади.
Россиянинг Украинага ноқонуний ҳужумларидан бир неча ой ўтиб, Россия ҳарбий денгиз кучлари иккита номдор жанговор кемасидан маҳрум бўлди.
2022 йил 14 апрел куни Украина ракеталари Одессадан 110 км узоқликда Россиянинг Қора денгиз флоти байроқдори «Москва» ракета ташувчи кемасини йўқ қилган.
Бу воқеадан уч ҳафта аввал – 2022 йилнинг 24 март куни Украинанинг Бердянскида Украина ракеталари Аллигатор тоифасидаги «Саратов» танк ташувчисини сувга ғарқ қилган эди.
Бу йўқотишлар Россия ҳарбий денгиз кучларини «Бастион мудофаа доктринасини» амалга ошириш имкониятидан маҳрум қилди.
Атама ўта кучли мудофаа қилинган денгиз ҳудудларида дўстона денгиз кучларининг хавфсиз фаолият олиб боришини назарда тутади.
Совет даврларида Кремл ўзининг асосий ҳарбий активи бўлмиш ядровий сувости кемаларини ҳимоя қилиш учун «Бастион мудофаасидан» фойдаланган, деб таъкидлаган эди 2020 йилда ҳарбий олим Жеймс Лейси.
Лейсининг ушбу мудофаа режасига берган таърифига кўра, «у муҳим стратегик активларни ҳимоя қилиш учун A2-D2 [киришни чеклаш/ҳудудни блоклаш] имкониятлари тўпланган ва бирлаштирилган географик ҳудуддир».
Ўз вақтида Россия ёки советларнинг учта денгиз бастионлари амалда бўлган. Улар: Баренц денгизида ядровий сувости кемалари учун; Калининградда Болтиқбўйи давлатлари ёки Польшадаги ҳар қандай уруш жараёнлари учун ва бир кун келиб Москва «Россиянинг кўлига» айлантириш ниятида бўлган Қора денгизда.
Совет ядровий сувости кемалари ушбу ҳудудларда маневр қилар экан, «улар Совет денгиз флотидаги зарбдор сувости кемаларининг тахминан 75 фоизи, шимолий ва Тинч океан флотидаги ҳар бир сув ости кемаси ва юзлаб самолётлар томонидан ҳимоя қилинган», деб ёзган Лейси.
Бастион мудофаа доктринаси Совуқ уруш давридан бери Россиянинг ҳарбий яшовчанлиги учун таянч бўлиб хизмат қилган.
Мақтанишнинг фош этилиши
Ўшандан бери доктрина оператив ва стратегик ҳужум мақсадлари учун янада такомиллаштирилган.
Урушнинг биринчи ҳафталарида Россиянинг Қримдаги бастиони ўз кучларига Украина жанубида ҳудудий ютуқларга эришиш, жумладан Херсон шаҳри, Шимолий Қрим канали ва Илон оролини эгаллаб олиш имконини берди, деб хабар қилади Жеймстаун жамғармаси 2022 йил апрел ойида.
Бастионнинг эҳтимолий «A2-D2» имкониятларига қарамай, тез орада Қора денгиз флоти ракеталар ва дронларни ишга солган анча камроқ сондаги ва ёмонроқ қуролланган душман ҳужумига учради.
2022 йилда «Саратов» ва «Москва»нинг бир неча ҳафта оралиғида ҳалокатга учрагани Кремлнинг «дунёдаги иккинчи [энг яхши] армияга» эга экани ҳақидаги кўп бора такрорланувчи даъволарининг пучлигини фош этди.
Шунингдек, у Россиянинг Қора денгизда ҳукмронлик қилиш билан боғлиқ ҳар қандай амбицияларини йўққа чиқарди.
Россия сув усти кучлари учун қандай ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини тақдим этмасин, улар қақшатқич муваффақиятсизликка учради.
Аслида эса Москва экипажи ракетага қарши мудофаа радарларини эринчоқлик ёки лаёқатсизлик туфайли кема шикастланишидан аввал ўчириб қўйган эди, деб хабар берган USNI News ўтган йил май ойида.
Хўрланиш шу даражада кучли эдики, Россия ҳафталар давомида икки кеманинг тақдирини яширди, ҳатто дастлаб «Москва»чўкиб кетганини рад этди. Кема йўқотилганини тан олгач ҳам, Кремл унинг экипажи таркибидаги қурбонлар тўғрисида ишончли маълумотлар бермади.
У 2000 тонна ҳарбий юк билан ҳалокатга учраган Саратов десант кемаси йўқотилганини тан олишига тўлиқ бир йил керак бўлди. Кема бортидаги қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
«Москва»нинг бой берилганидан саросимага тушган Қора денгиз флоти тўсатдан Украина ракеталарининг қамров ҳудудидан чиқиб кетар экан, унинг асосий вазифаси ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўлиб қолган.
Ўтган йил октябр ойида Украина дронлари босиб олинган Қримдаги Севастопол флотига қўшимча зарба бергач, сунъий йўлдошдан олинган суратлар кемаларнинг очиқ сувда ҳаракат қилиш ўрнига портда яширинганини кўрсатган.
Энди Одессага бостириб кириш билан боғлиқ ҳар қандай хавф йўқолган, чунки флот аскар туширишни амалга ошириш ёки қўллаб-қувватлаш учун жуда узоқда жойлашган.
Бунинг ўрнига руслар кўп қаватли уйларни ракеталар билан ўққа тутишган.
Мотамсаро оилалар
Россия флотининг муваффақиятсизликлари денгизчиларнинг ўлимига сабаб бўлди.
Уларнинг ўлими 2022 йилда ҳалок бўлган россиялик денгизчиларнинг оилалари учун 2000 йил август ойида Кремл «Курск» атом сув ости кемасининг ҳалокатига нотўғри муносабат билдирганига оид хотираларни янгилайди.
Ушбу сувости кемаси Баренц денгизида катта эҳтимол билан бортдаги портлаш натижасида чўкиб кетган эди. Россия президенти Владимир Путин деярли бир ҳафта таътилда бўлиб, беш кун давомида халқаро ҳамжамиятнинг ёрдам таклифларини рад этган.
Кейинроқ қидирувчилар 23 нафар денгизчининг дастлабки портлашдан омон қолганини ва ёрдамга келмаган қутқарувчиларни кутиб бўғилиб ўлганини аниқлаган.
Қурбонларга нисбатан бундай раҳмсизларча муносабат Украина уруши давомида ҳам яққол намоён бўлди. 2022 йил апрел ойи ўрталарида қурбонларнинг гангиб қолган яқинлари «Москва» денгизчиларига нима бўлганини мустақил равишда тергов қилишга мажбур бўлишгани ҳақида London Guardian хабар берган эди.
Оналардан бири 18 апрел куни тўрт кунлик расмий сукутдан сўнг Мудофаа вазирлигининг телефон қўнғироғидан ўғли вафот этгани ҳақида хабар топган.
Ошпазнинг отаси ўғлининг ўлими ҳақидаги гувоҳномани ўтган август ойига келиб олган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.
Бу эркак ва унинг рафиқаси ўғлининг тақдиридан воқиф бўлишидан бир неча ой аввал Россия ва ишғол қилинган Қримдаги ҳарбий госпиталларни кезиб, уни қидирган. Кўплаб бошқа оилалар ҳам фарзандларини топиш умидида шундай қилишга мажбур бўлганлар.
Уларнинг жавобгарлик ҳақидаги дод-фарёдларини ҳеч ким эшитмаган.