close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Россияда яна 500 минг киши армияга чақирилиши маълум бўлди

Россия ҳукумати 2022 йил октабрда сафарбарликка жалб этилган 300 минг ҳарбийга қўшимча равишда яна 500 минг кишини армияга жалб этиш ниятида. Бу ҳақда Украина ҳарбий разведкасига таяниб, The Guardian хабар берди.

Украина Мудофаа вазирлиги Ҳарбий разведка бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Вадим Скибицкийнинг сўзларига кўра, Россияда сафарбарликнинг янги тўлқини 15 январдан кейин эълон қилинади.
Разведка маълумотларида келтирилишича, Россияга ҳарбий тузилмаларни тайёрлаш учун икки ой керак бўлади, Москванинг жанг майдонидаги ҳар қандай муваффақияти эса ҳарбий хизматчилари қанчалик яхши таъминланишига боғлиқ. Шунингдек, Скибицкийнинг айтишича, Украинага Ғарбдан ўқ дорилар ва қуролланишларнинг етказиб берилишига боғлиқ бўлиб қолади.
«Агарда Россия бу босқичда ютқазса, Путин муваффақиятсизликка учрайди. Биз улар Донецк ва Харьков вилоятларига, бундан ташқари, Запорожьега ҳужум қилишини кутяпмиз, Херсон ва Қрим эса мудофааланади. Бундай вазифани уддалаш учун уларга айнан шунча ҳарбий талаб этилади», — дейди Скибицкий.

Кузги сафарбарлик

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган.
Октябрь ўрталарида Россияда сафарбарликнинг «иккинчи тўлқини» бошланиши ҳақидаги гаплар тарқаганидан сўнг Дмитрий Медведов буни рад этганди. Путин эса октябрь ойининг ўрталарида сафарбарлик, тахминан, 2 ҳафтада тугашини эълон қилган.
Кремлнинг ҳисоб-китоблари билан таниш бўлган манбанинг қайд этишича, сафарбарлик бошланганидан бери деярли бир миллион одам Россияни тарк этган. Қозоғистонга 21 сентябрдан 4 октабргача 200 минг россиялик келган. Грузияга эса  21—29 сентябрь кунлари деярли 69 минг киши, кейинги кунларда эса кунига олти мингга яқин киши келган. Финляндияга 21 сентябрдан 3 октябргача деярли 66 минг россиялик кирган. Мўғулистонга 22—28 сентябрь кунлари 6268 нафар рус келган. Қирғизистонда 21 сентябрдан 28 сентябргача 3526 нафар россиялик мамлакатда рўйхатдан ўтган.
Шунингдек, Россиянинг айрим аҳолиси сафарбарлик бошланганидан кейин Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларига борган, бироқ русларнинг бу мамлакатларга кириши ҳақида очиқ маълумотлар йўқ.
Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 318 156 нафар Россия фуқароси Ўзбекистонга келган. Ҳозирга қадар 18 нафар Россия Федерацияси фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Бошқарма мутасаддисининг айтишича, Ўзбекистонга кириб келаётган Россия фуқароларининг аксарияти доимий яшаш ёки Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш учун эмас, вақтинчалик яшаш мақсадида келмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров россиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонга кириб келишидан қайси соҳалар ютаётгани тўғрисида маълумот берган эди. Унинг сўзларига кўра, урушдан аввал ўртадан юқори бўлган сегментдаги профессионал мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш Қозоғистонга жалб қилишдан кўра 2-2,5 баробар қимматроқ бўлган. Яъни улар Ўзбекистонга келиш учун ҳамма вақт Қозоғистонга боришдан кўра кўпроқ нарх сўраб келган.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг июнида Ўзбекистон фуқароси Украинадаги урушга ёлланма аскар сифатида боргани айтилганди. Шунингдек, Россияда ўзбек диаспораси раҳбари ватандошларини Украинадаги урушга жалб қилаётгани хабар қилинганди. Ўз навбатида Бош прокуратура ҳам ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Манба

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase