close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўзбекистон билан чегара битими лойиҳаси қўллов топди

Қирғизистон парламентининг махсус қўмитаси битим лойиҳасини маъқуллади.

Қирғизистон парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси Ўзбекистон билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш ҳақидаги битим лойиҳасини қўллаб овоз берди.
Қўмита раиси Чингиз Айдарбековнинг айтишича, лойиҳани қўллаб олти депутат, унга қарши 4 парламент аъзоси овоз берган. Унинг ўзи ҳам битимга қарши овоз бериб, буни битимга алоқадор ҳужжатлар тўлалигича депутатларга тақдим қилинмагани билан тушунтирди.
“Депутатлар ҳужжатларни кўришгани йўқ. Мен ўша ҳужжатларни кўрмагунимча, маъқул бўлмаслигимни айтганман. Шу сабабли қарши овоз бердим”, – деди Айдарбеков.
Президент Садир Жапаровнинг Жўғўрқу Кенешдаги вакили Алмасбек Абитовнинг айтишича, қўмита аъзолари қўллаб овоз берган битим лойиҳасига кўра, Қирғизистон мунозарали деб ҳисобланиб келган ерларнинг деярли ҳаммасини, қарийб 19 минг 700 гектарини олса, Ўзбекистонга Кампирровот сув омбори остидаги 4 минг 485 гектар ер ўтказилиб берилади. Сув омбори бошқаруви эса икки давлат қарамоғида бўлади.
Чегара бўйича музокараларга раҳбарлик қилаётган Қирғизистон Давлат хавфсизлиги миллий қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев депутатларга ерларнинг икки давлат ўртасидаги қандай тақсимланиши ҳақида харитада кўрсатиб, айтиб берди.
Унга кўра, кўп йиллардан бери икки давлат ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлиб келган, Жалолобод вилоятининг Олабуқа тумани ҳудудидаги Ғовасой (12 849 гектар), Кўксерек (105 гектар), Баястан (212 гектар), Қарабелес (25 гектар) участкалари, шу вилоятнинг Ахси туманидаги Унғартоо (35 гектар), Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Ақташ (100 гектар) участкалари, умуман Қирғизистон жанубидаги уч вилоятнинг турли туманларидаги чегарада жойлашган ўнлаб участкалар Қирғизистонники деб тан олинди.
Шаҳрихон канали бошида эса томонлар бири-бири билан 19,5 гектардан ерларни ўзаро алмашдилар.
Қирғизистон жамиятида катта мунозараларга сабаб бўлаётган Кампиробод сув омбори (Ўзбекистонда Андижон сув омбори деб аталади) Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон вилоятларининг бири бири билан кесилишган жойида, Қирғизистон ҳудудида жойлашган.
У 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йиллар давомида қуриб, 1983 йилда ишга туширилган. Унинг “Кампирровот” деб аталишига сабаб, сув омбори қурилишидан олдин у ердаги икки қоя ўртасида худди ровот сингари ёриқ бўлган. У жойдаги қоянинг шакли эса бошида сават кўтариб турган кампирни эслатар эди.
Сув омбори учун берилган ер ўрнига 1973 йили Ўзбекистон Қирғизистонга 4 минг 100 гектар ерни ўтказиб берган. Сув омбори Қирғизистон ҳудудидаги Тар, Қарақулжа ва Қорадарё дарёлари ҳисобидан тўлдирилади. Унга 1,9 куб километр ҳажмда сув сақлаш мумкин. Сув омоборидан чиққан сувдан асосан Ўзбекистон фойдаланади. Ўзбекистондаги Фарғона канали ушбу сув омборидан бошланиб, Ўш вилоятининг Аравон тумани орқали қўшни давлатга оқиб ўтади.
Битим лойиҳасига Ўзган туманида туғилиб ўсган депутат Адахан Мадумаров айниқса қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда. Қўмитадаги қарши фикрларига жавобан Қамчибек Ташиев унга ўз лавозимида ишлаб кўришни таклиф қилди.
“Барча мунозарали ерлар бизга ўтди. Биз 1 метр ер бўлсаям бизда қолиши учун ҳаракат қиляпмиз. Агар бу битим имзоланмай қолса ҳам осмон узилиб ерга тушмайди”, – деди Ташиев йиғилишда. – Агар кимдир масалани яхшироқ ҳал қилса, майли, уриниб кўрсин. Мен ДХМҚ раҳбари ва чегарани аниқлаш бўйича комиссия раиси лавзимимни Адахан Мадумаровга бир ёки икки йилга бериб тураман”.
Энди масала икки давлат парламентларида ратификация қилингач, давлат раҳбарларига имзолаш учун юборилади. Икки давлат президентлари битимга қўл қўйишгач, 30 йилдан ортиқроқ вақт давомида мунозараларга сабаб бўлиб келган масалага нуқта қўйилади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase