Мамлакатлар ўртасидаги кескинликнинг янги кучайишига Греция ва Туркия қирғоқларини ювиб турган Эгей денгизидаги ороллар сабаб бўлди. Анқара Афинани Туркия чегараси яқинидаги 12 та оролни қурол билан таъминлаганликда айблади. Греция томонига кўра, қурол фақат ўзини ҳимоя қилиш учун керак. Анқара бунга таажжубдаги ифода билан жавоб берди – агар иккала давлат ҳам бир ҳарбий иттифоқ аъзоси бўлса, кимдан ҳимояланиш учун... Бундан ташқари, Туркиянинг Ўрта ер денгизи шарқида табиий газ қидириш ишлари бўйича баҳслар давом этмоқда.
Яқинда Греция Бош вазири Кириакос Мицотакиснинг АҚШ Конгресси аъзолари олдидаги нутқида Туркияни Кипрдаги вазиятни беқарорлаштиришда айблагани тарангликнинг кучайишига ҳисса қўшди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған "AFS 2022" ҳарбий машғулотларидаги иштироки чоғида кескин жавоб қайтарди ва Греция ўз чегараларини тан олиши ва унга риоя қилиши керак, акс ҳолда жавоб олиши ҳақида огоҳлантирди.
Ҳарбий тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги бу баёнотлардан сўнг, улар ҳақида ҳар икки томоннинг оммавий ахборот воситаларида гапира бошладилар.
Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг навбатдаги кескинлашуви муносабати билан истеъфодаги турк генерали Э.Карагош Туркия ва Греция ўртасидаги уруш муқаррар эканини айтиб, Туркия ҳаво кучларини кучайтиришга чақирди.
Карагош турк хусусий каналларидан бирига берган интервьюсида Туркиянинг қуруқлик ва денгиз кучлари билан ҳеч қандай муаммоси йўқлигини, аммо ҳаво кучларининг қудратини кучайтириши кераклигини айтди.
Ўз навбатида туркиялик ҳарбий ва хавфсизлик бўйича эксперт Мехта Ярар икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув бошланишини истисно қилиб, Афина ўз ҳаракатларида Ғарбнинг ёрдамига таянаётгани ва икки томон ўртасидаги кучлар номутаносиблиги туфайли Туркияга қарши улар ҳарбий амалиёт ўтказа олмаслигини таъкидлади.
Ярарнинг қайд этишича, Анқара Грециядан 1923 йилги Лозанна келишувлари ва 1947 йилги Париж келишувларига риоя қилишни талаб қилади, бу эса қуролсизлантирилган 12 оролнинг сақланишини назарда тутади.
Бошқа томондан, юнон сиёсатшуноси Така Барбаракиснинг фикрича, ҳозирда Эгей денгизи оролларини қуроллантиришда Греция ҳукуматини кўплаб халқ қўллаб-қувватламоқда ва Грециядаги жамоатчилик фикри оролларни қуроллантириш Афинанинг суверен ҳуқуқи, деб ҳисоблайди.
Грециялик таҳлилчига кўра, Афина Эгей оролларини қуроллантиришда БМТ Низомининг "ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи"ни назарда тутувчи 51-моддасига асосланади, чунки Греция ҳукумати бу қадамни Туркиядан ҳар қандай эҳтимолий таҳдидга қарши туриш учун қилганини бир неча бор айтган.
Ушбу оғир вазият фонида грек генерали Яннис Эголфопулос оловга мой сепиб, Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулга зарба бериш билан таҳдид қилди ва Турк Миллатчи Ҳаракат партияси раҳбари Девлет Бахчели юнонларга Эгей денгизи тубида дафн этилган аждодлари тақдирини эслатди.
Грециялик генерал Истанбулга ракета ҳужумини ваъда қилмоқда
НАТО аъзоси бўлган Туркия ва Греция ўртасидаги нотинч муносабатлар узоқ йиллардан бери давом этиб келмоқда. Мамлакатларни тарихий душманлик ва ҳал қилинмаган ҳудудий баҳслар боғлаб туради. Вақти-вақти билан Греция-Туркия муносабатлари жуда кескинлашади. Ва энди, янги кескинлик ҳатто истеъфодаги грек генерали Яннис Эголфопулос Истанбулнинг Европа ва Осиёни боғлайдиган стратегик кўприкларини бомбалаш билан таҳдид қилишига олиб келди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|