close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Новосибирск мусулмонлари масжидини йўқотиш хавфи остида

Новосибирск полицияси Фрунзе кўчасидаги масжид имом-хатиби Рафаил Сулаймоновга нисбатан ноқонуний миграцияни ташкил этиш факти (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 1-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатди, деб хабар бермоқда "Новая Сибирь". Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг сўзларига кўра, тарихий масжид балки муҳожирлар учун бепул бўлмаган ётоқхонага айлантирилган.

Вилоят мулки бўлган масжид биноси 1993 йилда мусулмонларга бепул фойдаланиш учун берилган. 2007 йилда бу ерда Рафаил Сулаймонов бошчилигидаги Новосибирск шаҳри ва вилояти мусулмонлари диний идораси таркибига кирувчи "Ихлас" диний ташкилоти қарор топди.
2010-2011-йилларда вилоят ҳокимлиги томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан бино таъмирланди. Масжид тарихий обидага айланиши тахмин қилинган эди, чунки бино бой тарихга эга. У 1916 йилда Новониколаевск татар қишлоғида қурилган. 1937 йилда масжид ёпилган. Шаҳар ижроия қўмитаси минорани олиб ташлаб, иккинчи қаватни қўшиб қўйди. Унда ўт ўчирувчилар клуби, уруш йилларида эса касалхона жойлашган эди.
Масжидда ётоқхона борлиги ва йиғимлар ундирилгани ҳуқуқ-тартибот идоралари текширувлари билан тасдиқланган. Шу билан бирга, ёнғин хавфсизлиги ва мувофиқлаштирилмаган қўшимча қурилган иншоотлар билан боғлиқ бир қатор қонунбузарликлар аниқланди.
Феврал ойида Рафаил Сулаймонов маъмурий жавобгарликка тортилган эди. Ўшанда у огоҳлантириш билан қутулиб қолди. Шундан сўнг вилоят мулк ва ер муносабатлари бошқармаси томонидан текширув билан рейд ўтказилди. Натижада бепул фойдаланиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Март ойида Сулаймоновга масжид биносида бўлган барча қўшимча иншоотларни олиб ташлаб, уч ой ичида бинони бўшатиши кераклиги ҳақида билдиришнома юборилган.
Новосибирск масжиди нафақат ибодат жойи, балки минтақадаги мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётининг маркази ҳам эди. Бу ерда "Сибирда Ислом" мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтарди, унда нафақат дин арбоблари, балки расмийлар, олимлар ҳам иштирок этарди. Жорий йилда масжидда Бутун Сибир Қуръон тиловати мусобақаси бўлиб ўтди. Март ойида Донбассдан келган қочқинлар учун бу ерда хайр-эҳсонлар йиғилган. Маблағлар Россия Қизил Хочнинг Новосибирск бўлимига ўтказилди.
Аммо бу фаолият ҳуқуқ-тартибот ходимларини аниқ ишонтирмади ва 11 апрель куни Сулаймонов ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузгани учун 20 минг рубл жаримага тортилди.
Энди у ноқонуний миграцияни ташкил қилиш бўйича ишда айбланувчига айланди. Аммо, тергов натижаларидан қатъи назар, бино ташкилотдан олиб қўйилиши мумкин. Ҳокимият томонидан тегишли буйруқ аллақачон чиқарилган.
Аммо Новосибирск шаҳар ва вилояти мусулмонлар диний идораси минтақадаги ягона мусулмон ташкилоти эмас. Шунингдек, Новосибирск вилоятининг мусулмонлар диний идораси (шаҳарсиз) мавжуд. Уларнинг ихтиёрида Красин кўчасидаги собор масжиди мавжуд. Новосибирск вилоятининг мусулмонлар диний идораси Салим Накипович Шакирзянов раҳбарлик қилади. Отаси Накип Шакирзянович ўтмишда тарихий масжиднинг имом-хатиби бўлган. Айни пайтда расмийларнинг Новосибирск вилоятининг мусулмонлар диний идорасига ҳеч қандай даъвоси йўқ, шунинг учун тарихий масжид биноси ушбу ташкилотнинг юрисдикциясига ўтказилиши эҳтимоли бор.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase